Боққа бирга борар жондошларим бор,
Тоғма-тоғ юрувчи қондошларим бор,
Бирга йиғлашарлик битта ҳамдам йўқ,
Дардингни тинглашга дилдош одам йўқ.
Кулгани келгандим бу дунёсига,
Аямай йиғлатди айбимни айтмай,
Бир зум қулоқ солмай қалбим сўзига,
Тушда ҳам уришга қамчи турар шай.
Бозорга отлансам мўл-кўл улфатим,
Мозорга йўналсам йўқ ҳамсуҳбатим.
Бирга-бирга кулар йўлдош кўп аммо,
Бирга йиғлашга йўқ дўст-у хилватим!
Тўрда савлат тўккан сохтадан кўра,
Пойгакда ёш тўккан жондўстлар азиз.
Охири муваққат аввалдан кўра,
Кам бўлса-да, ҳалол жиндак зар азиз.
Ўзлигин билмасга ёмондирман лек,
Орзуларим учун яхши одамман,
Жаҳд-у журъатим бор кўнгилдагидек,
Яхшиларга асли меҳри ҳотамман.
Косага қуйилиб музлаган чойдан,
Чойнакда дам еган қайноқ чой яхши.
Ўзбектош айтгандек, тафти йўқ ойдан,
Ёнимизда оққан тиниқ сой яхши.
22.11.2023 йил
***
https://www.youtube.com/watch?v=W5uKNuH5_vg
***
https://t.me/uzbektoshijodi
***
ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.