#бошқатдан #ўзбектош #uzbektosh #boshqatdan
Кечагидан кўра бугун бошқача,
Қуёшли файзи ҳам бутун бошқача,
Энди кунлар яхши пойдан бошгача,
Барини бошқатдан бошлайлик, кел ёр.
Муҳаббатимизга болалик гувоҳ,
Бизни айирганлар бандалар гумроҳ,
Асли биз билмаган ёшликда гуноҳ,
Бошқатдан бошласак бўларми, ҳей ёр.
Гулдай зулфинг тафти менга майхона,
Афсоналар излаб бўлдик девона,
Юрагим табиби ўзинг бийдона,
Бариси бошқатдан бошлансайди, ёр.
Осмонда ой нима, бўлолмас сендек,
Оқбилак ойтилла бўлолмас сендек,
Шунингдек, ўшалар бўлолмас мендек,
Бошқатдан бошласак бўларми, ёрим.
Ишқдан тушган учқун ёндирмай қўймас,
Ишқдан ёришмаган йўлларинг йўлмас,
Нурни йиғиб юрган шоирингман, бас,
Барини бошқатдан бошласайдик, ёр.
05.05.2024 йил
***
https://youtu.be/W1esLuY8F44?si=OsyXLauyCGpFtyT0
***
https://t.me/uzbektoshijodi
***
ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.
Режиссёр дўстимиз Асқар Холмўминов тилидан
Садоқатда тенгсиз вафодорларим,
Менсиз бир чуқум ҳам тотмайдиганлар.
Сизлар ҳам омонми, кўнгли торларим,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Тонгдан то тунгача кўнглим хуш этар,
Қўлимга сув қуйиб совғалар тутар,
Ахир қачонгача кўтар-у кўтар,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Ҳаёт йўлимдаги адашганларим,
Ҳамкасбим, ҳамкорим, қалашганларим,
Мендан недир кутган қариндошларим,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Мени йитмоқ истар мендан ўрганиб,
Мендан ўтмоқ истар мендан ўрганиб,
Мен дардим ичимда жимман ўртаниб,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Бировнинг боласи сиздан чаққонроқ,
Ёрдам бергим келар уларга кўпроқ,
Сиздан истеъдодли, кўнглиям оппоқ,
(Нега атрофимдан кетмайсиз бироқ,)
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Мард отин бўш қўйиб ухлар хотиржам,
Номардлар тушовлаб ухлолмай алам,
Раҳмон раҳмингиз еб, бўлманг асло кам,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Сўзларим совуқ ё куйдирган чўғми,
Ғамгин шеърларимнинг мағзиям тўқми,
Ўзбектош аканинг ўхшаши йўқми,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
Мен эмас худонинг уйига боринг,
Бандасига эмас унга ёлворинг,
Мен сеҳргар эмасман шуни билволинг,
Менсиз бирон иши битмайдиганлар.
06.05.2024 йил
***
https://youtu.be/W1esLuY8F44?si=OsyXLauyCGpFtyT0
***
https://t.me/uzbektoshijodi
***
ЎЗБЕКТОШ ТЎРАХОНЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, режиссёр.