Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан Ўзбекистонда якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган фуқароларнинг жами 8 миллиард сўмдан зиёд қарзларидан воз кечилади.
28 июль куни президент имзолаган фармон "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланади.
Ушбу қадам Ўзбекистонда эълон қилинган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" дастурида ўрин олган чоралардан бири экани хабар қилинмоқда.
Президент фармонига кўра, ушбу ҳужжат кучга киргунича шаклланган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорлик, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади.
2018 йилнинг 1 апрелигача якка тадбиркор мақомини йўқотган фуқароларнинг, 1 апрелдан кейин молия-хўжалик фаолиятини юритмаётган якка тадбиркорларнинг қарзларидан воз кечилади.
Шунингдек, молиявий санкциялар ва суд харажатлари бўйича юзага келган қарзлар ҳам ҳисобдан чиқарилади.
Фақат давлат якка тадбиркорларга 2019 йилнинг 1 январигача ўзининг тадбиркорлик фаолиятини қайта йўлга қўйиш талабини қўймоқда.
Ўзбекистон Бош Прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази хабар қилишича, Президент Мирзиёев фармон имзолаган кунгача якка тадбиркорларнинг юзага келган жами қарздорлиги 848 миллиард сўмни ташкил этган.
Бу 108 миллион АҚШ долларидан зиёд деганидир.
Ўзбекистон телеканаллари намойиш этган Бош Прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг видео шарҳида мамлакатдаги юридик шахслар бўйнидаги қарздорликлардан ҳам кечиб юбориш масаласи кўриб чиқилаётгани хабар қилинди.