4 ёшли қизини урган ота аллақачон ўз қилмиши бўйича судда жавоб берган ва оталик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Аслида унинг қизини ургани билан боғлиқ воқеа шу йилнинг апрель ойларида бўлиб ўтган. Тошкент шаҳар прокуратураси расмий вакили Бобир Деҳқонов матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилди.

“Фуқаро Г.С. Чилонзор туман прокуратурасига мурожаат қилган. У аризасида турмуш ўртоғи А.Х. фарзандларига нисбатан ўта шафқатсизларча муносабатда бўлгани, доимий қийнаб, таҳқирлаб келганлиги, қизларининг юз ва танасининг бошқа қисмларига уриб, тан жароҳати етказиб берганлиги бўйича ариза берган. Шу мурожаат юзасидан олиб борилган терговолди текширув ишлари натижасига кўра, жорий йилнинг 30 октябрида ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” ҳамда “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов жараёнида жиноят иши психологлар, бошқа мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган ва ҳолат тасдиқлангани сабабли, А.Х.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Бундан ташқари, у фойдаланиб келган уяли телефондаги маълумотлар бўйича экспертиза тайинланган.
Шунингдек, жиноят иши бўйича жабрланувчи Нуралиеванинг руҳий ва бошқа ҳолатларини комплекс ўрганиш мақсадида сайёр суд-тиббий, психологик экспертиза ўтказилган. Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2017 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан Нуралиев ва Нуралиева онаси қарамоғига олиб берилган.