— Мен она бўлганимда болани қандай тарбиялаш кераклиги ҳақидаги турли хил тавсиялар билан бошимни қотиришди. Бироқ мен уларнинг ҳеч бирига қулоқ тутмадим. Ахир ҳамма ҳам фарзандини бахтли инсон қилиб вояга етказишни истайдику.
Ота-онанинг асосий бурчи барча нарсани айтганимиздек қиладиган бола эмас, балки бахтли фарзандни тарбиялашдир. Кўпчилик ота-она фарзанди ҳақида керагидан кўп қайғуради, ўзлари қилган хатоларини болалари қайта йўл қўймаслигига ҳаракат қилишади.
Менинг тарбия усулим мана бундай: “Фарзандимизни катта ҳаётга тайёрлар эканмиз, мана шу йўлдан мустақил кетиш имкониятидан уни айирмаслик”.
№ 10 хато: Фарзандингизни бошингизда кўтарасиз
Аксари ота-она идеал бўлишни истайди. Фарзандимизнинг ҳар бир инжиқлигини қондирамиз: янги ўйинчоқ истайсанми – марҳамат! Яна ширинликми – мана ол! Аммо муаммо шундаки бу ҳолатда кичкинтойга олам фақат унинг атрофида айланаётгандай туюлади. Ва янаги сафар ўзи хоҳлаган нарсасини ололмаса, жуда қаттиқ хафа бўлади. Шундай экан биз уларни кўп ҳам эркалатмаслигимиз лозим. Уларни яхши кўришимизнинг ўзи кифоя. Улар биз учун бутун борлиқнинг маркази, лекин улар ўзи учун шундай инсонга айланиб қолмаслиги керак. Акс ҳолда худбин бўлиб ўсишади. Майли бола ҳозир истаганини оломасин, аммо катта бўлгач унга яшаш осонроқ кечади.
№ 9 хато: Фарзандингизни идеал деб ҳисоблайсиз
Болалар билан ишловчи мутахассислар ҳозирги ота-оналарнинг фарзандлари тўғрисида салбий фикрларни эшитишни истамасликлари ҳақида тез-тез гапириб туришади. Болани танқид қилишингиз билан, иккинчи томон дарҳол сизга эътироз билдира кетади. Аммо бундай вазиятда ота-она вазиятга тезроқ аниқлик киритиб, боласи билан шуғулланиши лозим. Агар ўқитувчи сизга фарзандингиз ўзини беодоб тутаётгани ва синфдошларини хафа қилаётганини айтса, унда сиз ўқитувчига нисбатан эмас болангизга нисбатан чоралар кўринг!
№ 8 хато: Фарзандингиз – бутун ҳаётингиз
Фарзандимиз билан ғурурланамиз. Агар уларнинг ҳаётида бирор-бир муҳим воқеа содир бўлса, ўз ютуқларимиздан кўра ундан кўпроқ мамнун бўламиз. Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Сизда ўз шахсий ҳаётингиз ва ютуқларингиз бўлиши зарур. Кичкинтойга ўрганиши учун намуна керак. Сиз мана шу намунага айланинг! Агар фарзандингизнинг мукаммал ҳаёт кечиришини истасангиз, шу йўлни, аввало, сиз босиб ўтишингиз керак.
№ 7 хато: Болангиз ўрнига барча қарорларни сиз қабул қиласиз
Тўғри, ҳаммамиз ҳам фарзандимизнинг қандайдир кўнгилсизликка учрашини истамаймиз. Улар биздан ташвишсиз шахсий ҳаёт қуриб бераётганимиз учун миннатдор бўлишсин, деб ўйлаймиз. Муаммо шундаки, бундай бола мустақил фикрлай олмайди. У ёки ҳар қандай майда қарорни ҳам сизсиз қабул қилолмайдиган ёки бирор нарсани ўзи ҳал қила олиши ҳақидаги тушунчани унута боради – шу яхшими?! Болангиз қандай ёки ким бўлишини уларнинг ўрнига ҳал қилманг. Бу – фойдасидан зарари кўп бўлган меҳрдир.
№ 6 хато: Болани беллашувга тайёрлагандай тарбиялаш
Ҳар бир ота-она боласининг бошқалардан кўра зўр бўлишини хоҳлайди. У яхши ўқиса, энг яхши жисмоний натижаларни кўрсатса. Баъзида ота-она бунга шундай кўп эътибор қаратадики, болалар ҳаётни туганмас беллашувдан иборатдай тасаввур қила бошлайди. Аммо ҳаёт фақат кураш ва тер тўкишдан иборат эмас. Ҳаёт бу – мана шу ондан бахт олиб яшаш ҳамдир. Ундан кўра ота-она фарзандига ғалабанинг дунёдаги энг муҳим нарса эмаслиги ҳақидаги фикрни уқтириши лозим. Инсоннинг кимлигини унинг ғалабалари эмас, балки аҳлоқи белгилайди.
№ 5 хато: Фарзандингизни болалигидан айиряпсиз
Фарзандингизнинг болалиги қанчалик яхши кечса, у шунчалик бахтли инсон бўлиб етишади. Бу далиллар билан исботланган. Кичкинтойимизни болалик завқидан айирадиган нарсалар: унинг кун тартибини дарслар, мусиқа мактаби топшириқлари, чет тилини ўрганиш, спорт машғулотлари билан тўлдириб ташлаш. Бундан ташқари фарзандимизнинг уй ишларида бизга кўмаклашишини ҳам истаймиз. Азиз ота-оналар, фарзандимизнинг болалик ҳуқуқи борлигини ҳам унитмаслик керак.
№ 4 хато: Сиз “ҳақиқий” эмас, “тўғри” фарзандингиз бўлишини истайсиз
Биз фарзандимиз учун у ҳали вужудимизда бўлганидан бошлаб, режалар туза бошлаймиз. Улар катта бўлиб, биздан кўра кўпроқ ва яхшироқ нарсаларга эришиши ҳақида орзу қиламиз.
Аммо тақдир тақозоси билан у сиз истагандай эмас, “пешанасида қандай ёзилган” бўлса шундай инсон бўлиб етишади. Унда сизга ёқмайдиган нарсаларни ўзгартиришга уринманг. Ва болани орзуингиздагидек бўлиб ўсиши учун мажбурламанг. У ўзи истагандай шахс бўлиб етишсин!
№ 3 хато: Сиз сўз билан эмас, амалда кўрсатиш муҳимлигини унутиб қўяяпсиз
Ҳаммамиз ҳам боламизга идеал бўлиб кўринишни истаймиз. Ва барчамиз жажжимизнинг ақлли ва софдил бўлиб ўсиши учун, ўз шахсий намунамизни кўрсатишимиз кераклигини яхши биламиз. Демак, болага ақл ўргатишдан олдин, ўша ақл ўзимизда бўлиши керак экан. Шунинг учун кейинги сафар фарзандингизни тенгқурларига бўлган ҳурматсиз муносабати учун уришар экансиз, аввало, ўзингиздан “балки болам шу одатни мендан ўрганганмикин?”, деб сўранг!
№ 2 хато: Ота-онани унинг фарзандига қараб баҳолайсиз
Сиз қаердадир беодоб болани кўриб қолсангиз, унинг ота-онаси ҳам ўзига ўхшаган бетартиб одамлар бўлса керак, деб ўйлайсиз. Дунёда идеал ота-оналар ҳам болалар ҳам йўқ. Шунингдек, ота-она қандай бўлса, боласи ҳам шундай бўлади, деган фикр ҳам нотўғри. Биз бир ота-онанинг фарзанди ҳақида қанчалик қайғураётганини яхши билолмаймиз. Шунинг учун уларни муҳокама қилиш яхши эмас.
№ 1 хато: Фарзандингиз феъл-атворини паст баҳолаш
Ҳар бир болада ўз феъл-атвор ва ички сезгилар мавжуд. Бу нарсалар сизнинг болани идеал инсон қилиб етиштиришга уринишларингиздан устун туради. Болани китобда ёзилган қолипга туширишга уринманг. Ҳар кимнинг ўз йўли бор. Асосийси, унинг феъл-атвори билан шуғулланиш. Болани чиниққан қилиб ўстириш учун унга кўпроқ эркинлик бериш керак. Уни ҳақиқий дунёдан ўраб қўйманг. Меҳрингиз у учун қамоққа айланмасин!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1