ҲАММА , ҲАТТО ТАҚВОДОР ҲАМ ЖАҲАННАМГА БИР БОР КИРИБ ЧИҚАДИМИ? _____ Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Бу саволнинг жавобини Марям сурасининг мазкур оятлари тафсиридан англаб олишимиз мумкин. Аллоҳ таоло ана шу оятларда шундай дейди: «Кейин, албатта, Биз у(жаҳаннам)га киришга лойиқроқ бўлган-ларни яхши билгувчимиз» (70-оят). Ким, қачон, қандай ҳолда киради – ҳаммасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билади. «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (71-оят). Ушбу ояти кариманинг маъноси хусусида уламоларимиз икки хил фикр билдирганлар. Бу хилма-хилликка оятдаги биз «яқинлашувчи» деб таржима қилган «ворид» сўзи сабаб бўлган. Бу сўзнинг маъноси жумладаги ўрни ва бошқа сўзларнинг жойлашишига қараб ўзгариши мумкин. Аслида «варада» феъли сув бор жойга яқинлашиб, сув олишга айтилади. Бошқа жойга нисбатан ишлатилса, «кирди» деган маънони англатиши ҳам мумкин. «Кирди» маъносига иқрор бўлган уламоларимиз ушбу оятга «Сиздан унга кирувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ» деган маънони берадилар. Яъни «Сиздан у жаҳаннамга кирмаган ҳеч ким қолмайди. Ҳаммангиз кирасиз». Шунга биноан, бу гуруҳдаги уламоларимиз: «Мўминдир, кофирдир – ҳар бир инсоннинг жаҳаннамга бир кириши бор», дейдилар. Мўмин кириб, зарар тортмай ўтиб кетади. Кофир кириб, азоб тортиб қолиб кетади. Иккинчи гуруҳ уламоларимиз эса айтадилар: «Варада»га ўзининг асл «яқинлашди» маъносини беришимиз керак, оят таркибида «ворида» бўлиб келгани билан, унга «кирувчи» маъносини беришга ҳеч бир далил йўқ», дейдилар. Шунингдек, Аллоҳ таоло Анбиё сурасида мўминлар ҳақида: «...ана ўшалар ундан (жаҳаннамдан) узоқлаштирилгандирлар. Улар унинг чисирлашини эшитмаслар...» деган (101-102-оятлр).  Шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак, аслига мувофиқ бўлади». Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва бошқа оятларда айтилганидек, гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар. Биз ҳам шу фикрни манзур тутдик. Ушбу маъно кейинги оятда собит бўлади:  «Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз» (72-оят). Машҳур тафсирчи олимларимиздан имом Байзовий: «Ушбу ояти каримада юқоридаги оятдаги «ворид» сўзининг «кирувчи» эмас, «яқинлашувчи» эканига далил бор», дейдилар. Яъни ҳамма инсонлар ва жинлар яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар. Сўнгра мўминлар нажот топиб, жаннат томон равона бўладилар. Кофирлар эса жаҳаннамга тушишларини кутиб, тиз чўккан ҳолларида ўтириб қоладилар. Валлоҳу аълам.
    0 комментариев
    0 классов
    Сахих хадислар тупламидан.. ▪ НАМОЗДА ХУШУЪ -- Фазл ибн Аббосдан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намоз икки ракъат - икки ракъатдандир. Ҳар икки ракъатда бир ташаҳҳуд бор. Ва (намозда) хушуъ бор, тазарруъ бор, мискинлик бор! Қўлларингни хорлик-бечоралик билан кўтаргайсан». Айтдиларки, «Панжаларингни тўғрига қаратган ҳолда, қўлларингни Парвардигорингга кўтаргайсан ва: «Ё Раббим!» дегайсан..» Кимки ана шундай қилмаса, шундайдир ва шундайдир!..» Ибнул-Муборакдан бошқаси бу ҳадисда: «Кимки ана шундай қилмаса, бу нуқсондир!» - дейди. ▪▪▪▪▪▪▪▪▪▪▪ Намозда бармоқларни бир-бирига чалиштирмоқ кароҳат эканлиги Каъб ибн Ужрадан ривоят қилинди: «Расу
    0 комментариев
    0 классов
    Мўминнинг_меърожи -- ИККИ РАКАТЛИ НАМОЗ ЎҚИШ ТАРТИБИ --------- — Икки ракатли намозда қайси амаллар бор? — Икки ракатли намозда икки қиём (тик туриш), икки рукуъ (букилиш), тўрт сажда ва бир қаъда (ўтириш) бордир. — Икки ракатли намоз қандай ўқилади? — Аввало, ният қилинади. Сўнг икки қўлнинг бош бармоғи қулоқ юмшоғига теккизилиб такбир айтилади. Кейин икки қўлни бир-бирига боғлаб киндик остига (аёллар ва қизларда кўкрак устига) қўйилади ва Сано ўқилади. Санодан сўнг «Аъузубиллаҳ» ва «Бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа сураси ўқилади. «Омин», дегач, яна бир сура ўқиладида, такбир айтиб, рукуъга борилади. Рукуъда уч марта рукуъ тасбеҳи айтилади. Рукуъдан «Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакал ҳамд», деб тик турилади ва яна такбир айтиб, икки марта саждага борилади. Ҳар иккала саждада ҳам уч мартадан сажда тасбеҳи айтилади. Такбир билан иккинчи ракатнинг қиёмига турилади. Иккинчи ракатнинг қиёмида қўллар боғланиб «Бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа ва қўшимча бирор сура ўқилади. Яна аввалги ракатдагига ўхшаш рукуъга ва икки марта саждага борилади. Иккинчи саждадан сўнг қаъдага ўтириб, шу ҳолда аввал «Ташаҳҳуд», сўнгра «Саловот», дуо оятини ўқилади. Шундан кейин аввал ўнг томонга, сўнг чап тарафга салом беради. Ушбу амаллар билан икки ракатли намоз тамом бўлади. Бомдоднинг икки ракат суннати ва икки ракат фарзи, пешиннинг икки ракат суннати, шомнинг икки ракат суннати ва хуфтоннинг икки ракат суннати мана шундай тарзда ўқилади. Фарқ фақат ният қилишда қолади. "Ибодати Исломия" китобидан. ▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬ Мўминнинг_меърожи Нафл намозлари — Қандай нафл намозлари машҳурдир? — Ушбу ўн уч турли намозлар машҳурдир: истисқо намози, кусуф намози, хусуф намози, хавф намози, истихора намози, ҳожат намози, шукр намози, истиғфор намози, ишроқ намози, зуҳр намози, аввобин намози, таҳажжуд намози, мустаҳаб намозлари. ▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬ Мўминнинг_меърожи ИСТИСҚО НАМОЗИ — Истисқо намози қандай намоз? — Кўп вақт ёмғир ёғмай қолиб, экинларга ва ҳайвонларга зарар келиши эҳтимоли бўлганда Аллоҳ таолодан ёмғир талаб қилиб ўқиладиган икки ракат нафл намозидир. — Истисқонинг маъноси нима? — Аллоҳ таолодан ёмғир тилаш, демакдир. — Истисқо намози қаерда ва қай тариқа ўқилади? — Бутун шаҳар ва бутун қишлоқ мусулмонлари жам бўлиб, саҳрога чиқадилар. Ёш болаларни ва ҳайвонларни олиб чиқадилар ва кимки ғоят ожиз бўлса, бечора ва ожизлик суратида чиқадилар ва фақирларга садақа берадилар. Золимлар мазлумларни рози қиладилар. Саҳрога чиққанда таҳоратли ҳолда ҳар қайси одам имомга қарши бўлиб туради. Шундан кейин имом халойиққа кўп ваъз-насиҳатлар қилади ва қавмларни гуноҳлардан тавба ва истиғфор қилишга таклиф этади. Ҳаммалари тавба, истиғфор қиладилар. Ундан кейин ҳар қайсилари ёлғиз-ёлғиз икки ракат намоз ўқийдилар. — У намозда нима деб ният қилинади? — «Икки ракат нафл намозни ўқишни ният қилдим. Холис Аллоҳ таоло учун», деб ният қилинади. — Қиёмда нима ўқилади? — Бошқа намозларга ўхшаб Фотиҳа сураси билан бирор сура ўқилади. — Намоздан сўнгра нима деб дуо ўқилади? — Ушбу дуо ўқилади: «Аллоҳумма асиқу ъибадика ва ирҳаму баҳоимука. Аллоҳумма амартана бидуъаик ва ваъадаттана ижабатака фақод даъавнака кама амартана ва ажабна кама ваъадаттана. Аллоҳумма ин лам тарҳам ли анфусина ликасроти зунубина фа арҳам сибйанана». Яъни: «Эй бор Худоё, бандаларингни сероб, ҳайвонларингга раҳм этгин. Эй бор Худоё, бизларни дуо этмоққа буюрдинг ва ҳам дуоларимизни ижобат этмоққа ваъда бердинг. Энди биз Сенга Ўз амринг билан дуо қилдик, бас, энди Сен ваъданг бўйича бизларнинг дуоларимизни қабул этгин. Ё Рабб, агар гуноҳларимизнинг кўплиги учун ўзларимизга раҳм қилмасанг, гуноҳсиз ёш болаларимизга ва ҳайвонларимизга раҳм қилгин». — Шу тариқа неча кун истисқога чиқадилар? — Ёмғир ёғмаса, уч кунгача чиқадилар. "Ибодати Исломия" китобидан. ▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬ Мўминнинг_меърожи КУСУФ НАМОЗИ — Кусуф намози нечук намоздир? — Офтоб тутилиб, нури кетганда имом-у жамоат билан масжидда ўқиладиган икки ракат намоздир. — Кусуф намозини имом қандай ўқийди? — Қироатни ичда қилади ва узун сураларни ўқийди. — Намоздан сўнгра нима қиладилар? — Офтобнинг нури очилиб равшан бўлгунча тавба ва истиғфор айтиб, дуо қилиб турадилар. "Ибодати Исломия" китобидан. ▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬▬ Мўминнинг_меърожи ХУСУФ НАМОЗИ — Хусуф намози нечук намоздир? — Ой тутилиб, нури кетган замонда ўқиладиган икки ракат намоздир. — Хусуф намози қаерда ва қандай ўқилади? — Ҳар ким ўз уйида ёлғиз-ёлғиз ўқийди. — Ушбу кусуф ва хусуф нима сабабдан бўлади? — Ҳар иккиси Аллоҳ таолонинг қудрати асаридир. Уларнинг сабабларини тафтиш қилиш бизларнинг вазифамиз эмасдир. — Кусуф ва хусуф бўлган вақтларда нима учун намоз ўқилади? — Шу қадар зўр махлуқларнинг нурлари кетишидан ибратланиб, уларнинг нурли бўлиши бандаларга ғоятда фойдали улуғ неъмат эканини хотирга тушириб, шукр қилиш учун намоз ўқилади. ▬▬▬▬▬
    0 комментариев
    0 классов
    Яхши қилиқ, гўзал муомала бир йўлдирки, у йўл билан юрмасдан туриб, иззат ва шараф манзилига етиб бўлмайди. У йўлга қадам босмасдан туриб, вужуд юкини ҳайвоният биёбонидан инсоният дорилмулкига элтиб бўлмайди. Ҳусайн Воиз Кошифий •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Эй инсон! Инсонларнинг кўплигига қараб алданма! Чунки сен ёлғизсан, ёлғиз ўласан, қабрга ҳам ёлғиз ўзинг кирасан, қабрдан якка ўзинг қайта тириласан ва ўзинг учун жавоб берасан. Ҳасан Басрий •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан савдо-сотиқ, ижара ва бошқа молиявий муомалаларни олиб бориши жоиз. Албатта, бу иш барча молиявий муомалаларда бўлгани каби, шариат ҳаром қилган нарсаларга қўл урмаслик шарти ила амалга оширилади. «Ижтимоий одоблар» китобидан •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Кишига билганингни ўргат-у, ақл ўргатма. Бошқаларга қулоқ тут, бироқ айтилган гапларнинг барини тўғри деб ўйлама. Сукут сақлаган кишини бевоқиф, кўп гапирган кишини ақлли, деб билма. Ҳаммани ўзингдай кўр. Ким бўлишидан қатъи назар, кишини паст деб топиш – аҳмоқлик, кўкка кўтариш – қўрқоқликдир. Онгли равишда содир этилган жасоратгина ҳақиқий жасорат, саводсизликдан келган жасорат – жаҳолатдир.  Мавлоно Жалолиддин Румий •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир. Илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади. Илм устида тафаккур қилиш кундузи рўза тутганга, уни музокара этиш кечани ибодат билан бедор ўтказганга тенгдир. Абу Ҳомид ал-Ғаззолий •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• СУННАТГА АМАЛ ҚИЛИНГ! Мусулмон бўлмаган ўлкалардан кириб келган урф-одат ва маданиятларни мода деб, қулоч очиб қарши олишса-ю, аммо ўзларининг пайғамбари келтирган суннатлардан бегонасираб, ундан юз ўгириб туришса, бундай мусулмонларнинг ҳоли қандаям аянчлидир! Аллоҳ таоло шундай дейди: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят). “Ҳикматлар чашмаси”дан •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Ҳар бир нарсанинг ҳикмати бор! Ҳаётимиздаги ёмон инсонлар ҳам биз учун неъмат эканини биласизми? Чунки улар бўлмаганида яхши инсонларнинг қадрини билмаган бўлар эдик. "Ҳикматлар чашмаси"дан •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Ҳасан Басрийдан: “Дунёдан кўнгил узишингизнинг сири нимада?” деб сўрашди. У: “Ризқимни ҳеч ким ололмаслигини билдим ва бундан қалбим хотиржам бўлди. Амалларимни мендан бошқа бажармас экан, шунинг учун улар билан ўзим шуғулландим, Аллоҳ таоло мени доим кўриб, кузатиб турганини билдим ва Унга гуноҳкор бўлиб юзланишдан уялдим. Ўлим мени кутиб турганини англаб, Аллоҳ таолога учрашишга тайёргарлик кўрдим”, деб жавоб берди. •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати», дедилар». Имом Молик ривоят қилган. «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Сабр шундай кучли бир нарсадирки, ғазабни шижоатга, шиддатни ҳалимликка, катталикни тавозеъга, ёмонликни яхшиликка айлантирмакликка қуввати етар. Абдулла Авлоний •••••┄┄┄┄༻❅༺┄┄┄┄••••• Баъзи орифлар айтишди. Аллоҳ таоло саҳарда уйқусидан уйғонувчиларни қалбларига нур тўлдириб қўяди. Уларнинг қалбларига фойдалар тушиб, нурга бурканади. Сўнгра фойдалар уларнинг қалбларидан таралиб, ғофиллар қалбига етиб боради. Абу Сулаймон Дороний: "Тунги таҳажжуд ўқувчилар ўйин кулги билан тунни ўтказувчилардан кўра кўпроқ лаззатга чўмганлардир", деб айтдилар.
    0 комментариев
    1 класс
    "ЖАННАТГА КИРОЛМАЙСИЗЛАР...", "ЖАННАТГА КИРАСИЗЛАР..." ▪ Навбатдаги рисоламизда «Жаннатга киролмайсизлар…» ва «Жаннатга кирасизлар» деган ибора билан келган ҳадиси шарифларнинг айримлари билан танишамиз. (1) Биринчи ҳадис: ИЙМОНИЙ МУҲАББАТДАН АЙРИЛИШ ХАТАРИ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «والذي نفسي بيده، لا تدخلون الجنة حتى تؤمنوا، ولا تؤمنوا حتى تحابوا، أوَلَا أدلكم على شيء إذا فعلتموه تحاببتم؟ أفشوا السلام بينكم». رواه مسلم «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннатга киролмайсизлар то мўмин бўлмагунингизча, мўмин бўлолмайсизлар то бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча. Шундай бир нарса борки, агар уни бажарсангизлар бир-бирингизга муҳаббатли бўласизлар, сизларни ана шу нарсага йўллаб қўяйми? Ораларингизда саломлашишни ёйинглар (тарқатинглар, яхши эшитиладиган овоз билан мукаммал салом беринглар…)». (Имом Муслим ривоятлари, Иймон китоби, «Жаннатга фақатгина мўминлар кирадилар» деб номланган боб) •┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈• (2) Иккинчи ҳадис: ҲАЖДАГИ НАБАВИЙ ХУТБАДАН ЛАВҲА. Абу Умома Ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида хутба қилаётган пайтлари шундай деганларини эшитдим: "اتقوا اللهَ ربكُم ، وصلّوا خمسكُم ، وصُومُوا شهركُم ، وأدّوا زكاةَ أموالكُم ، وأطيعُوا ذا أمركُم ، تدخُلوا جنةَ ربكُم" "Парвардигорингиз Аллоҳ(нинг азоби)дан қўрқинглар, беш вақт (фарз намозлар)ингизни ўқинглар, (Рамазон) ойи (рўзалар)ингизни тутинглар, мол-мулкларингиз закотини (ҳақдорларига) беринглар, иш бошингизга итоат қилинглар, (шундай қилсангизлар) Парвардигорингиз жаннатига кирасизлар!". (Имом Термизий ривоятлари) Яна бир ривоятда: إنه لا نَبِيَّ بعدي ولا أُمَّةَ بعدَكم، ألا فاعبدوا ربَّكم، وصَلُّوا خَمْسَكم، وصوموا شَهرَكم، وأَدُّوا زكاةَ أموالِكم، طَيِّبَةً بها أنفسُكم، وأطيعوا أُمَراءَكم تدخلوا جنةَ ربِّكم "Шубҳасиз, мендан кейин (ҳеч қандай) пайғамбар йўқ ва сизлардан кейин бошқа уммат ҳам бўлмайди (Қиёматгача Ислом уммати давом этади). Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингиз(нинг Ягона Ўзи)га ибодат қилинглар, беш вақт (фарз намозлар)ингизни ўқинглар, (Рамазон) ойи (рўзалар)ингизни тутинглар, мол-мулкларингиз закотини (ҳақдорларига) ич-ичингиздан рози бўлган ҳолингизда беринглар, (мусулмон) амирларингиз (раҳбарларингиз)га итоат қилинглар, (шундай қилсангизлар) Парвардигорингиз жаннатига кирасизлар!". •┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈• (3) Учинчи ҳадис: РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ИТОАТ ҚИЛМАГАНЛАР ЖАННАТГА КИРМАЙДИ Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "والَّذي نفسي بيدِه لَتدخُلُنَّ الجنَّةَ كلُّكم إلَّا مَن أبى وشرَد على اللهِ كشِرادِ البعيرِ" قالوا : يا رسولَ اللهِ ومَن يأبى أنْ يدخُلَ الجنَّةَ ؟ قال : "مَن أطاعني دخَل الجنَّةَ ومَن عصاني فقد أبى". «Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасам, барчаларингиз албатта жаннатга кирасизлар, фақатгина (жаннатдан) ўзи бош тортиб, худди туя ўз эгасидан қочгандек Аллоҳдан қочиб кетган кимсагина (жаннатга кирмайди)». (Шунда саҳобалар) айтишди: Эй Расулуллоҳ! Ким ҳам жаннатга киришдан бош тортарди? (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: «Ким менга итоат қилса албатта жаннатга киради, ким менга осий бўлса дарҳақиқат ана шу кимса (жаннатга киришдан) бош тортган бўлади». (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари) Имом Ҳайсамийнинг ривоятларида эса қуйидагича ворид бўлган: مَن أطاعَني دخَل الجَنَّةَ ومَن عصاني دخَل النَّارَ «Ким менга итоат қилса албатта жаннатга киради ва ким менга осий бўлса албатта дўзахга киради». •┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈• (4) Тўртинчи ҳадис: ЖАННАТ ГАРОВИ ФАҚАТ АЛЛОҲНИНГ ЯГОНА ЎЗИГА ИБОДАТДА БЎЛИШ ВА ОДАМЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИБ ЯШАШ Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: اعبدوا الرحمنَ ، وأطعموا الطعامَ ، وأفْشُوا السّلامَ تدخلوا الجنةَ بسلام «Раҳмон (таоло)га ибодат қилинглар, (одамларга) таом едиринглар ва (ораларингизда) саломлашишни ёйинглар (бир-бирларингизга яхши эшитиладиган овоз билан мукаммал саломлашишни тарқатинглар), шунда жаннатга салом – омонлик ила кирасизлар (жаннатга хотиржамлик ва осойишталик ила кирасизлар)«. (Термизий ва Мунзирий ривоятлари) •┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈• (5) Бешинчи ҳадис: МАДИНАДА УМУМ ХАЛҚҚА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ЭНГ БИРИНЧИ НИДО Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар: لَمَّا قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم المدينةَ انجَفَل الناسُ إليه وقيل قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم قَدِمَ رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم فجِئْتُ في الناسِ لِأَنْظُرَ إليه فلما استَثْبَتُّ وجهَ رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم عَرَفْتُ أن وجهَه ليس بوجهِ كذابٍ وكان أَوَّلُ شيءٍ تكلم به أن قال: أَيُّها الناسُ أَفْشُوا السلامَ، وأَطْعِمُوا الطعامَ، وصَلُّوا والناسُ نِيَامٌ، تَدْخُلوا الجنةَ بسَلَامٍ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага (ҳижрат қилиб) етиб келганларида одамлар (бошқа барча ишларини ташлаб) у кишининг олдиларига келиб ўраб олишди. (Чор атрофдан одамларнинг оғзида) «Аллоҳнинг элчиси келди, Аллоҳнинг элчиси келди, Аллоҳнинг элчиси келди…» деган гаплар янграрди. Мен ҳам ҳамма қатори у кишини бир кўриш учун келдим. Расулуллоҳнинг юзларини аниқ-тиниқ кўрар эканман, билдимки (тўла ишонч ҳосил қилдимки) бу инсоннинг юзи каззоб кимсанинг юзи эмас (бу одам ёлғончи бўлиши мумкин эмас). Ўшанда у кишининг энг биринчи айтган сўзи (ҳадиси) шу бўлдики: أَيُّها الناسُ أَفْشُوا السلامَ، وأَطْعِمُوا الطعامَ، وصَلُّوا والناسُ نِيَامٌ، تَدْخُلوا الجنةَ بسَلَامٍ «Эй одамлар, саломлашишни ёйинглар (бир-бирингизга очиқ-ойдин эшитиладиган овоз билан салом бериб, саломлашишни тарқатинглар), (қариндошларга, қўни-қўшниларга, камбағал-муҳтожларга, меҳмонларга ва барчага…) таом беринглар, одамлар ухлаб ётган пайтлари сизлар (кечалари таҳажжудга туриб кўп-кўп) намоз ўқинглар, ана шунда сизлар тинч-омонлик билан (хотиржамлик ва осойишталик ила) жаннатга кирасизлар». (Термизий ривоятлари) Ибн Можанинг «Сунан»ида, Бағавийнинг «Шарҳус-Сунна»сида, Мунзирийнинг «Тарғиб ва тарҳиб»ида, Нававийнинг «Азкор»ида ва Табризийнинг «Мишкотул-масобийҳ»ида ҳадиси шарифнинг қуйидаги зиёдаси ҳам собит бўлган: «وصِلوا الأرحامَ…». «Қариндошларингизга силаи раҳм қилинглар (яхшиликлар билан тез-тез хабар олиб туринглар)». * Абдуллоҳ ибн Салом ким эди? Мадинада яшаган яҳудий қабилаларнинг энг катта олимларидан бири бўлганлар. Исломни қабул қилишларидан олдин ўз қавмлари ичида катта обрў-эътибор билан кўтар-кўтар қилиб юрилган бу зот Исломга кириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишлари биланоқ қабиладошлари у кишидан бутунлай воз кечиб юборишади. Шунга қарамасдан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Ислом динида собитқадам давом этганлар.
    0 комментариев
    1 класс
    ИСЛОМДА ЭРИ ХОТИННИНГ БИР-БИРИГА НИСБАТАН ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ ____ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.. Динимиз Ислом таълимотида оилавий ҳаёт муқаддас нарса ҳисобланади. Чунки, оила жамият биносининг ғишти, бир бўлагидир. Агар бинонинг ғиштлари соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, акс ҳолда бундай бино емирилиш ва қулаш хавфи остида қолади.  Айнан шунинг учун динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун динимиз Ислом ўзига хос қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйган. Оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифаларни юклаган, бир-бирларига нисбатан ҳақ ва ҳуқуқларни белгилаб берган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай намунавий оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топадилар ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади. Бордию, оила бошлиқлари яъни эр ва хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини танимасалар, балки, уларни поймол қилсалар, табиийки, ундай оилада тинчлик ва хотиржамлик бўлмайди, ўзаро меҳр-муҳаббат завол топади ва оила пароканда бўлиш ва парчаланиш хавфи остида қолади.  Шу боис ҳам динимиз эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос ҳуқуқлар ато этиб, маълум мажбуриятларни ҳам юклаган. Мазкур ҳуқуқларнинг баъзилари эр ва хотин ўртасида муштарак бўлса, баъзилари эрга тегишли ва яна баъзилари хотиннинг ўзига тегишли бўлган ҳуқуқлар ҳисобланади.  Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа экан, мазкур алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак?  Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар: Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасидаги маҳр ва нафақа сингари молиявий ва шахсий ҳақлари бор. Улар қуйидагилар: 1. Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида: “وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ” яъни “аёллар билан яхшилик билан умргузаронлик қилинглар!”, дея амр этган. (Нисо сураси: 19-оят). Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади. Шунингдек, бу буйруқ аёлни тарбиялаш ҳамда унга дунёю охиратда фойдаси тегадиган нарсаларни ўргатиб, таълим беришни ҳам лозим тутади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларида: “мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Яъни, эр хотининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузиб юборишга шошилмаслик, шу туфайли хотинини ёмон кўриб қолмаслик лозимлиги, балки, унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши кераклиги келиб чиқади. Шунингдек, Эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт ўтказиши, унга озор етказмаслиги керак. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади. Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисга қулоқ тутамиз: وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ яъни: «Сизларнинг энг яхшиларингиз хотинларига нисбатан яхшиларингиздир». 2. Аёлнинг эри зиммасидаги иккинчи ҳаққи бу маҳр ҳаққидир. Бу аёлни икром қилиш, унга яхшилик қилиш бобидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً ” яъни “хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” (Нисо сураси: 4 -оят), дея амр этган. 3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Имом Муслим ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим». 4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим. Аммо ёмон ўй, ўта талабчанлик ва гумонда ҳаддан ошиш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ эрни оиласини хиёнатда гумон қилиб кечқурун келишдан қайтарганлар». 5. Эр хотиннинг ўзига алоҳида жой қилиб бериши, унда эрнинг яқинларидан ҳеч ким бўлмаслиги керак. 6. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Имом Бухорий ва Муслим "Саҳиҳ"ларида шундай келган: "Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: ("إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ" (متفق عليهяъни: "Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор». Шунингдек, бу масалада яъни нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун ўзини ўтга чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топишга киришмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِّن سَعَتِهِ وَمَن قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْساً إِلَّا مَا آتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْراً”  “Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни ўз бойлигига ярашадиган тарзда) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (ўз ҳолига яраша) нафақа берсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи унга ато этган нарсадан бошқа нарсани юкламас. Аллоҳ танглик-камбағалликдан сўнг енгиллик-бойликни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси: 7-оят). 7. Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир. 8. Эр хотинини яхши кўрса, жуда ҳурматлаши лозим, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин ё яхшиликча ажралсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пастлар хорлайди. Тегирмон ҳам навбати билан дегандек, эрнинг ҳам ўз хотини устидаги шаръий ҳақ-ҳуқуқларини билиб қўйишимиз лозимдир. Токи, аёлларимиз мазкур ҳуқуқларга оғишмай амал қилганларида оилавий бахт саодат ҳосил бўлсин. Зеро, оиланинг давомийлиги эр хотиннинг бир-биридан розилиги ва бир-бирининг ҳақларини адо этишига чамбарчас боғлиқдир. Хотин киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир: 1. Хотиннинг эрига нисбатан энг биринчи бурчи, ёхуд эрнинг ўз аёли устидаги энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир. Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Бусиз ҳаёт ҳаёт бўлмайди. Аёл киши оилада ўз ўрнини билмас экан, эрига итоатсиз, ўжар-қайсар бўлар экан, ундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёл киши эрига гап қайтарадиган, ҳурматсизлик қиладиган, одобсиз бўлса, Аллоҳ асрасин, бундай оила тагидан емирилган оила ҳисобланади ва эртами-кечми у қулаб тушади, парчаланиб кетади. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: إذا صلِّت المرأة خمسها، وصامت شهرها، وحفظت فرجها، وأطاعت زوجها، قيل لها: ادخلي الجنة من أيِّ بابٍ شئت" . яъни: “аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади” (Табароний ривояти). Эрнинг аёл устидаги мазкур ҳаққи, яъни аёл киши мубоҳ ишларда эрига итоат қилиши масаласига аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги, унинг рухсатисиз нафл ҳаж қилмаслиги, унга айтмасдан уйидан чиқиб кетмаслиги, унинг розилигисиз уйдаги нарсалардан бировларга садақа ва эҳсон қилмаслиги ҳам кириб кетади. Ислом шариатида эрга итоат қилиш аёл кишига вожиб бўлишининг ҳикматларидан бири шуки, эрнинг ўз аёли устидаги ҳақлари ва фазли оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан буюкдир. Эр туфайли аёл киши ҳурматга сазовор бўлади, эр туфайли унинг кам-кўсти бутланади. Эр туфайли аёл оиланинг ҳурматли бекасига айланади. Эр туфайли аёл киши ёмон кўзлардан, ёмонлардан муҳофаза қилинади, ҳимояланади. Эри йўқ аёлга - у аёл ҳарқанча яхши аёл бўлмасин - бегоналар, қалбида марази бор кимсалар кўз олайтиришлари, шаҳвоний жиҳатдан умидвор бўлишлари мумкин. Ўз ҳирс ва таъмалари туфайли унинг кетидан тушиб, тегажоқлик қилишлари мумкин. Аммо, эри бор аёлга нисбатан бундай ҳолатлар камдан-кам содир бўлади. Умуман аёл киши ҳаётда ҳар томонлама эридан қарздор. Ҳаётдаги барча ютуқлари эри туфайли ҳосил бўлишини аёл киши унутмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “لو كنت آمراً أحداً أن يسجد لأحد، لأمرت الزوجة أن تسجد لزوجها، لعظم حقِّه عليها” яъни: “агар бирор кимсани бирор кимсага сажда қилишга буюрганимда (шу иш мумкин бўлганда) албатта, хотин кишини ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлардим. Зеро, эрнинг хотин устидаги ҳаққи буюкдир”, дея марҳамат қилганлар. Бу ҳадисни Имом Ҳоким, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар ривоят қилишган. 2. Эрнинг аёли устидаги иккинчи ҳаққи шуки, аёл киши асосий вақтини уйда ўтказиб, фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши лозимлигидир. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Агар эр уй ичидаги юмушларга ҳам масъул қилинса, кўчадаги ишлар қолиб кетиб, зое бўлади, оиланинг сарф-харажатлари, турли туман тўловлар ким томонидан адо этилади?! Шундай экан, аёл киши кўпроқ вақтини уйда ўтказиши, фарзандларига ёрдамлашиши, уларнинг мактаб ёки боғчага вақтида боришлари учун вақтида уйғотиб, кийинтириб, бош-қош бўлиши, нонушта ва ҳоказоларини ўз вақтида тайёрлаб бериши, уй вазифаларига ёрдам бериши лозим. Бу нафақат Ислом шариатида балки, эътибор берсангиз бутун дунёда, ҳатто ғарб оламида ҳам шундай. Ўз фитрати ва табиатини йўқотмаган ўша оврўполик аёллар ҳам уйда фарзанд парвариши ва уй ишларини идора қилиш билан шуғулланади. Уй ишлари бир маромда кетиши учун аёл киши кўп вақтини уйда ўтказиши талаб этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан “وقرن في بيوتكن” яъни “уйларингизда қарор топинг!” деган (Аҳзоб сураси). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “حق الزوج على زوجته ألا تخرج من بيته إلا بإذنه، فإن فعلت لعنها الله حتى تتوب أو ترجع” яъни: “эрнинг ўз хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Байҳақий ва Таёлисий ривоятлари). Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, юримсак бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Ҳолбуки, эрига айтиб ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиш, ота-онасини кўриб келиш ва ҳоказолар албатта шариатимизда мумкин бўлган иш. Эр киши аёлини умуман уйга банди қилиб зулм қилмаслиги керак. Агар ўзаро розилик асосида бўлса аёл киши ҳатто ишга кириб, оилавий ҳолатга ўзининг ҳиссасини қўшиши ҳам мумкин. Аммо, динимиз Ислом аёлга енгиллик юзасидан оила нафақасини эрнинг зиммасига юклаб қўйган. Чунки, ҳам уй юмушлари, ҳам ташқарида пул топиш аёл кишига машаққат бўлади. Ҳозирги пайтда айримлар аёл умуман кўчага чиқмай, фақат уйда ўтириши керак, деб даъво қилса, бошқа бирлари эса аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда уларнинг ишини қилиб ўтиради. Ислом шариати бу икки йўлни ҳам бирдай қоралайди Жорий “Соғлом она ва бола йили”да ҳам аввало, аёл зотининг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг жамиятда қилаётган ишларини муносиб баҳолаш, ҳар қайси хонадонда уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга йўналтирилган кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. 3. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:  لاَ يَحلُّ لامْرَأَةٍ أَنْ تَصُومَ وَزَوْجُهَا شَاهِدٌ إِلا بِإِذْنِهِ وَلاَ تَأذَنَ فِي بَيْتِهِ إلاَّ بِإذْنِهِ  яъни: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий). 4. Хотин уйига эрининг рухсатисиз ҳеч кимни қўймаслиги, эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. 5. Шунингдек, эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири Хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб шундай дердилар: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз». Аёл киши ўз эрининг туйғуларини риоя қилишлиги, у ёқтирмайдиган ёки унга озор берадиган гап-сўз ва ишлардан йироқ бўлишлиги ҳамда эрининг молиявий шароитини ҳисобга олмоғи, эрининг уй ташқарисидаги масъулиятларини қадрлаб, уйга кеч келишидан безовта бўлмаслиги ёки шу борада эрига босим ўтказмаслиги лозим. Шунингдек, Эри тоқат қилолмайдиган даражада пул талаб қилмаслиги керак. Зеро, баъзи аёллар, эҳтимол кўплаб аёллар нуқул ўзга оилаларни, ўзга эрнинг ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилган ҳолда эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни ҳикматдандир. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “ أُنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ دُونُكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ ، فَإِنَّهُ أَجَدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ ”  Яъни: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Ибн Можа ривояти).  Бизчи, биз одатда ўзимиздан юқоридагиларга қараб тўн бичамиз, ўзимиздан кўра кўпроқ таъминланганларга қараб, оилада жанжал қиламиз. Мантиқан ўйлаб қарасак ҳам ўзидан тепадагиларга қараб иш тутган одам, ўзидан тепадагиларга қараб турмуш ўртоғини маломат қилган аёл, ўзидан пастдагиларга кўзи тушганда ўша турмуш ўртоғини мақтаб қўйиш мантиқан тўғри иш бўлган ва адолатдан бўларди. Аммо, не ажабки, биз фақат биртомонлама фикр юритадиган бўлиб қолганмиз. Ҳа, Аллоҳ ўз ҳикмати билан ҳамманинг шароитини ҳархил қилиб қўйган. Дунё кимгадир кенг кимгадир торроқ қилиб берилган. Кимки, шукр қилса, Аллоҳ унга неъматни зиёда қилади ва охиратда ажр ҳам олади. Аёл киши эрини қадрласа, унга миннатдорлик туйғуларини ўзининг муомаласи ва хатти-ҳаракатлари билан изҳор қилса, Аллоҳ ундай аёлдан рози бўлади. Зеро, инсонларга шукр қилмаган, инсонларнинг яхшиликларини билмаган одам Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, шундай деганлар: “لا يشكر اللهَ من لا يشكر الناس” яъни: “инсонларга шукр қилмаган киши Аллоҳга ҳам шукр қилмайди!” (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).  Уламолар ушбу ҳадисга шарҳ бериб қуйидаги сўзларни айтганлар: “яъни, бирор банда Аллоҳга Унинг эҳсони ва яхшиликлари учун шукр қиладиган бўлса, Аллоҳ унинг шукрини қабул қилмайди, модомики, ўша банда инсонларнинг яхшиликларига шукр қилмайдиган нонкўр бўлса”. Ҳадиснинг яна бир маъноси шундайки, “қайси инсоннинг одати одамларнинг яхшилигини билмаслик, қадрламаслик ва нонкўрлик бўлса, ундай инсон одатда Аллоҳга ҳам шукрни тарк қилувчи, ношукр бўлади. Чунки, берувчиси кўриниб турган, кичик яхшиликни қадрини билмаган ва кўра олмаган инсон катта яхшиликни ҳам кўра олмайди”. Яна бир ҳадисда эса: “إنَّ أَشْكَرَ الناسِ لله تعالى أشكرُهُمْ لِلناس ” яъни: “Аллоҳга энг кўп шукр қиладиган инсон одамларга энг кўп шукр қиладиган инсон бўлади”, дейилган.  Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: لا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ : لا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللَّهُ فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكِ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا яъни: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Аллоҳ ҳалок қилгур(!), унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келажак», дея хитоб қилади (Имом Термизий ривоят қилган). 6. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида унинг дўсти эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмасин. Зеро, киши дўстининг хотини билан танишар экан, бу ҳол рашк ва фитнага сабаб бўлади. 7. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим. 8. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурмат қилиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан тийилиши лозим. Чунки, бу нарса фарзанд тарбияси ва руҳиятига жуда салбий таъсир қилади. Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олиши керак. Шу билан бирга, Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.
    0 комментариев
    0 классов
    ----- АЛЛОХГА ТАВАККУЛ ҚИЛИШЛИК ----- Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту салрмлар бўлсин. Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал қилишдир. Аллоҳ таолога таваккал қилиш «Аллоҳ менинг ризқим ва ишимга Ўзи кафилдир» деб қаттиқ ишонишдин иборатдир ва Ундан бошқани бунга вакил қилмасликдир. Таваккулни Ибн Ражаб ўзининг «Жомеъул улум вал ҳикам» китобида қуйидагича таърифлайди: «Таваккул Аллоҳ азза ва жаллага дунё ва охират ишларида фойдани жалб ва зарарни даф қилиш бўйича сидқи дилдан суянишдир. Ишларнинг барчасини унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзга бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар етказа олмаслигига ва фойда бера олмаслигига иймонни рўёбга чиқаришдир» (409 – бет). Журжоний «Таърифот»да: «Таваккул Аллоҳнинг ҳузуридагига ишониш ва одамлар қўлидагидан ноумид бўлишдир», деган (74 – бет). Шу билан бирга Аллоҳ таоло бандаларига амр қилган ва одат бўлиб қолган сабабларни ишга солишдир. Бунга оч қолганда таом тановул қилиш, совқотганда кийим кийиш, чанқаганда сув ичиш, бола кўришни истаганда оила қуриш, ҳосил истаганда уруғ сепиб, экин экиш, дарахт ва мева истаганда кўчат экиш каби нарсалар мисол бўлади. Банда бу ишларни қилаётганда фақат Аллоҳ таолога суянган ҳолда қилади. Бошқа фикрга кетса Аллоҳ таолога таваккал қилмаган бўлади. Таваккул ҳақидаги оятлардан намуналар: Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159-оят). Ҳар бир ишни амалга оширишда Аллоҳ таолога таваккал қилиш керак. Бу қоидага Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Уҳуд ғазотида айнан риоя этдилар. Аввало, ўз фикрларига зид бўлса ҳам, шўродаги кўпчиликнинг маслаҳатига кўндилар. Кўниб, шунга азму қарор қилганларидан сўнг, ҳалиги кўпчилик ўз фикридан қайтсалар ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом қайтмадилар. Аллоҳга таваккал қилдилар. Ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги маълум эди, аммо шўронинг қарорига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги тўғрисида дарс бериш учун шундай қилдилар. «Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир». Аллоҳга таваккал қилишлик улуғ сифат. Аммо таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этадилар. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккал, деб тушунувчилар кўп. Бу мутлақо нотўғри тушунчадир. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд урушида қилган таваккалларини олиб кўрайлик. Мушриклар аскар тортиб Уҳудга етиб келганларини эшитишлари билан тезда мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар. Эътибор беринг-а! Аллоҳга таваккал қилувчиларнинг энг улуғи, биринчиси бўлган Муҳаммад алайҳиссолату вассалом урушга кетаётганлари эътиборидан бир эмас, икки совут кийиб чиқдилар! Одамларни жиҳодга қаттиқ тарғиб қилдилар. Манзилга тезроқ, осонроқ ва тинчроқ элтувчи йўлни биладиган одамни топиб, унга йўл бошлашни топширдилар. Етиб боргандан кейин ҳам, душманнинг ҳолини, куч-қувватини яхшилаб ҳисоб-китоб қилдилар. Сўнгра ўз жангчилари билан бирма-бир танишиб, ҳаммани жой-жойига қўйдилар. Ўнг қанот ва чап қанотларда кимлар бўлишини белгилаб, уларга амир тайинладилар. Орқанинг ҳимоясига Абдуллоҳ ибн Жубайр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги камончиларни қўйдилар. Хулласи калом, урушга зарур бўлган чора-тадбирларни керагидан ҳам ортиқроқ кўриб қўйдиларки, ҳатто ҳозирги замон ҳарбий мутахассислари ҳам бу ишлардан ҳайратда ёқа ушламоқдалар. Аммо Аллоҳга таваккал бу ишлардан айри эмас, балки барчасини боғлаб турган бир ипдир, барчасини ҳаракатга келтирган бир кучдир. Ҳар бир ишда, чора-тадбирда Аллоҳни вакил, деб эътиқод қилишдир. Агар қалбда вакиллик маъносида, нусрат кутиш маъносида сал бўлса-да Аллоҳдан бошқа томонга мойиллик сезилса, уни Аллоҳга таваккал, деб бўлмайди. Афсуски, кўпчилик таваккални дангасаликка, чора кўрмай кутиб ётса ҳам иш ўзи бўлаверади, деган тушунчаларга айлантириб олишган. Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51- оят). Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қийинчилик ва машаққатлар бизни насрга элтувчи воситалардир. Шу тарзда Аллоҳ бизни синаб кўради. «У бизнинг хожамиздир». У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди. «Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар». Ҳа, улар фақатгина Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳнинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккал қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас. Балки Аллоҳнинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳнинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккал қилмаган - (суянмаган) бўладилар. Аллоҳ таоло «Тағобун» сурасида: «Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, Бизнинг Расулимизга (вазифа) очиқ-ойдин етказиш, холос. Аллоҳ Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар», деган . (12 – 13 – оятлар). Яъни, тирилтирувчи, ризқ берувчи, фойда улашувчи ва ўлдирувчи-Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Инсон ушбу ҳақиқатни англаб етса, турли хурофотлардан ва ўзгаларга қул бўлишдан озод бўлади. Бу даражага етган инсон Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилади, суянади. Аллоҳга таваккал қилган кишининг эса хотири жам бўлади, ҳеч нарсадан қўрқмайди. Таваккул ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. «Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан; 1.«дам солишни талаб қилмайдиган» 2. «шумланмайдиган» 3. «тамға қиздириб босмайдиган» 4. «Роббиларига таваккал қиладиган» Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган. Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганинигизда оч кетиб тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақақий таваккал қилсалар-суянсалар уларга худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқни бергани каби уларга ҳам ризқ бериши турган гап эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган ҳар қандай қуш қорни очиб қорни ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам кўзга олиб қўйган ризқ манбаси ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади. Дунёдаги барча ҳайвонотларнинг ҳоли шу. Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар уларга ҳам ғайбдан ризқ бериши турган гап. Гап фақат қуш уясидан чиқиб ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоғи керак. Аллоҳ таоло ҳатто қушларга ва қурт қумурсқаларга ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар уларнинг ризқини ётган жойига олиб келиб бермайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши «Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?» деди. Бас, у зот «Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил» дедилар». Термизий ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, биз таваккал қилувчилармиз, дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиламчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда, яманликлар «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга бу иш ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб у тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда. Таваккулнинг фойдаларидан: 1. Таваккул иймоннинг камолидандир. 2. Таваккул исломнинг гўзаллигидир. 3. Таваккул шайтондан муҳофаза қилувчидир. 4. Таваккул ёмон одамлардан муҳофаза қилувчидир. 5. Таваккул шариат чегарасида туришдир. 6. Таваккул ҳаромга юрмасликдир. 7. Таваккул одамлар билан талашишни тарк қилишдир. 8. Таваккул одамлар қўлидаги нарсага тамаъ қилишдан сақлайди. 9. Таваккул хотиржамликдир. 10. Таваккул барқарорликдир. 11. Таваккул Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишни рўёбга чиқаради. 12. Таваккул Аллоҳ таолонинг ризосини юзага чиқаради. 13. Таваккул бандани қийинчиликлардан чиқишига ёрдам беради. 14. Таваккул ёмонликларга каффоротдир. 15. Таваккул ўз эгасини жаннатда набийлар билан бирга бўлишга тайёрлайди. 16. Таваккул ризқ кенгчилиги сабабаларидан биридир. Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар: Ҳаётнинг ҳар бир нарсасида Аллоҳ таолога таваккал қилиш матлубдир. Шу билан бирга Қуръони Каримда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида тваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоири зави тамййиз фии латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган: 1. Агар нусрат ва кушойиш истаснгиз, У зотга таваккал қилинг. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (160 – оят). 2. Қачон душманларингдан юз ўгирсанг, рафиқинг таваккул бўлсин. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81-оят). 3. Қачон халойиқ сендан юз ўгирса, таваккулга суян. Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Бас, юз ўгириб кетсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббисидир», дегин», деган (129 – оят). 4. Қачон сенга Қуръон тиловат қилинса ёки уни ўзинг тиловат қилсанг, таваккулга суян. Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир», деган (2 – оят). 5. Қачон бир қавм ўртасида сулҳ ва ислоҳни талаб қилсанг, унга таваккул ила васийла изла. Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деган (61 – оят). 6. Қазои қадар карвони етиб келса, уни таваккул билан кутиб ол. Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт», деган (51 – оят). 7. Қачон душманлар макр тузоғини қўйса, сен у ерга таваккул ила кир. Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар. Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди», деган (71-72-оятлар). 8. Қачон барчанинг қайтар жойи Аллоҳга эканини ва ҳамманинг тақдири Аллоҳда эканини билсанг, ўзинг учун таваккул тўшагидан жой ол. Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил», деган (123 – оят). 9. Аллоҳ таоло ҳақиқий Ягона эканини тушуниб етган бўлсанг, Ундан ўзгага суянма. Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт», деган (30 – оят). 10. Ҳидоят Аллоҳ таолонинг ўзидан бўлганидан кейин уни шукр ва таваккул ила кутиб ол. Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида: «Нима учун биз Аллоҳга таваккал қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Бизга берган озорларингизга, албатта, сабр қиламиз. Таваккал қилувчилар фақат Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деган (12 – оят). 11. Агар Аллоҳ таолонинг душманлари ва шайтоннинг ёмонлигидан қўрқсанг, таваккулга юзлан. Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ», деган (98 - 99 - оятлар). 12. Агар ҳар вақт Аллоҳ таоло сенинг вакилинг бўлишини истасанг, ҳар вақт таваккулни маҳкам тут. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (81 – оят). 13. Агар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасанг, таваккул мақомида бўл. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир», деган (159 – оят). ОЛИЙМАҚОМ ТАВАККАЛЧИ Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шаҳар кўчалари бўйлаб юриб кетмоқдалар. У киши кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бугун бетоб бўлиб қолганларини эшитиб ташвишга тушганлар. Кечагина одамларнинг қўйини боқиб кун кўрадиган нимжон, пакана ва бечораҳол чўпонча, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни бугун ҳолидан хабар олишлари лозимлигини яхши биладилар. Абу Добядан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розиялоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кўргани келдилар ва у кишига: «Нимадан шикоятинг бор», дедилар. Шунда Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Гуноҳларимдан», деб жавоб бердилар. «Нимани хоҳлайсан?» деб сўрадилар ҳазрати Усмон. «Роббимнинг раҳматини», деди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Сенга табиб юборайми?» дедилар ҳазрати Усмон. «Табиб (яъни Аллоҳ) Ўзи касал қилди», деб жавоб қилидилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. «Бўлмаса, моддий ёрдам беришни буюрайин», деди халифа. «Менинг унга ҳожатим йўқ!» деди бемор. «Сенга бўлмаса, кетингдан қолган қизларингга керак бўлар», деди халифа. «Менинг қизларимни камбағал бўлишларидан қўрқяпсанми?! Менинг бешта қизим бор. Барчаларига ҳар кечада «Воқеа» сурасини ўқишни буюрганман. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг, ким «Воқеа» сурасини ҳар кечада ўқиса, камбағаллик ва ҳожатмандлик кўрмайди, деганларини эшитган эдим,-дедилар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганларида ҳам таваккул-ҳар бир нарсада Аллоҳ таоло га суяниш қандоқ бўлиши борасида дарс ўтдилар. Ислом туфайли мўъжизага айланган зот охиригача ўша ҳолда қолдилар.
    0 комментариев
    0 классов
    ♻ ЗУҲО НАМОЗИ ҲАҚИДА. -------- -- "Зуҳо намози" - Севимлик Пайғамбаримиз Муҳаммад Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан жорий қилинган фазилати жуда катта бўлган нафл ибодатларидан ҳисобланади. Ушбу намознинг вақти, куннинг энг аввали: яний қуёш уфқ чизиғидан тўлиқ икки камон бўйи кўтарилиб олгандан бошланиб, қуёш то заволга тиккага келгунга ярим соатдан ошиқ вақт қолгунга қадар (яний: Пешин намозига ярим соатдан ошиқ вақт қолгунга қадар) адо этилади. Зуҳо намозининг энг кам ракати, икки ракат бўлиб, то саккииз ракатгача адо этилади. Зуҳо намози ҳадисларда турлик номлар билан номланга, масалан; "Солатан аввабин {тавба қилгувчилар намози}, чошгох, ва шулар кабилар. -- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга ҳалилим (Росулуллоҳ) саллоллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилдилар; ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, икки ракаат чошгоҳ– (зуҳо) намозини ўқимоғимни, ва уҳлашимдан аввал витр ўқимоғимни». Буҳорий 1987, Муслим 721 ва Ибн Ҳузайма ривояти. --- Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизлар, ҳар бир аъзоингизга садақа беришингиз вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (Субҳаналлоҳ дейишингиз) – садақа, ҳар бир Тамҳиддингиз (Алҳамдулиллаҳ дейишингиз) – садақа, ҳар бир Таҳлилингиз («Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз)–садақа, ҳар бир Такбирингиз (Аллоҳу Акбар дейишингиз) – садақа, яҳшиликка буюришингиз–садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларни ҳаммаси учун қуёш кўтарилгандан сўнг икки ракаат зуҳо намоз ўқишингиз кифоядир», - дедилар. Муслим 720 ривояти. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ Таоло айтди: "Эй Одам фарзанди! Менга куннинг аввалида тўрт ракат намоз ўқишдан эринчоқлик қилма, шоядки Мен сенга оқшомгача кифоя қилсам". Абу Яло ривоятида эса: "Агар Менга кунни аввалида тўрт ракат намоз ўқисанг оқшомгача Мен сени барча мусибатлардан сақлагайман" дейилган. Ҳадисни Аҳмад "Муснад" да, Абу Довуд 1289, Термизий 475 ва Абу Яло ривоят қилган. Имом Нававий, Шайҳ Аҳмад Шокир ва Шайҳ Албонийлар саҳиҳ деган. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Зуҳони, тавба қилгувчиларчалик ҳеч ким муттасил адо эта олмайди, албатта бу намоз тавба қилгувчиларнинг намозидир". Ибн Ҳузайма 2/228 ва Ҳоким 1/314 ривояти. Шайҳ Албоний саҳиҳ деган. -- Оиша розиёллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини тўрт ракат ўқидилар ва Аллоҳ ирода қилганча зиёда қилдилар". Муслим 719 ривояти. -- Албатта ушбу намоз, Аллоҳ Таолонинг Мўмин ва Мўмина бандаларига ином этган юксак марҳаматларидандир. Мўмин ва Мўминалар ушбу намозга яшириб қўйилган Аллоҳ Таолонинг ажиб нематлари, марҳаматларидан фойдаланиб қолишлари катта фазилатдир. Шунинг учун ҳам, ушбу намозга вада қилинган баҳту саодатларга эга бўлиш учун ҳам Салафи Солиҳинларимиз ушбу намознинг фазилати ва барокотини юксак даражада эканидан уни асло тарк этмасликга ҳаракат қилишган. Биз ҳам ушбу нафл ибодатларини доими равишда адо этиб юрсак шоядки Роббимиз ином этган ушбу нематларга Роббимизнинг фазли билан мушарраф бўлсак. -- Эй биродарим! Аллоҳ сени кўп яҳшиликлари билан сийласин: - Агар дойими тарзда гуноҳлардан покланиб туришни истасанг, унда эрта тонгда (2 ракат) Зуҳони ўқи. - Агар эрта тонгда 360 бўғининга ҳаммадан аввал садақа бериб қойишни истасанг, унда (2 ракат) Зуҳони ўқи. - Агар кунлик барча зикр ибодатларингни баракоти ва савоби тўлиқ равишда фойданга қолишини истасанг, унда эрта тонгда (2 ракат) Зуҳони ўқи. - Агар тонгдан то оқшомгача барча ёмонликлардан, кўнгилсиз воқеалардан, мусибат ва ташвишлардан Роббингни паноҳида бўлмоқни истасанг, унда эрта тонгда (4 ракат) Зуҳони ўқи. Ҳа шундай биродарим. Бу намознинг баракотлари шундай фазикатлик. Аллоҳ сени ушбу намознинг маҳаббати ва фазилатлик баракотлари билан сийласин.
    0 комментариев
    0 классов
    1738. ЖИМЖИМАДОР ВА ҚИЙИН СЎЗЛАРНИ АВОМГА ИШЛАТМАСЛИК ___ ___ ___ ___ ___ ___ وعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللَّه عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّه صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مِنْ أَحَبِّكُمْ إِليَّ، وَأقْرَبِكمْ مِنِّي مَجْلِسا يَوْمَ الْقِيامةِ، أَحَاسِنُكُمْ أَخْلاقا، وَإِنَّ أَبْغَضَكُمْ إِليَّ ، وَأَبْعَدَكُمْ مِنِّي يوْمَ الْقيَامَةِ، الثَّرْثَارُونَ، وَالْمُتَشَدِّقُونَ وَالْمُتَفَيْهِقُونَ». رواه الترمذي وقال: حديثٌ حسن، وقد سبق شرحُهُ في باب حُسْنِ الخُلقِ. Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга маҳбубларингиз ва Қиёмат кунида мажлис жиҳатидан яқинларингиз ахлоқи яхшиларингиздир. Менга ёмон кўрилганларингиз ва Қиёмат кунида мендан узоқларингиз сергап-эзмаларингиз, тантанавор гапирувчилар ва вайсақилардир». дедилар. Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар. «САҲИҲ ҲАДИС»лар тӯплами                            ◇◇◇_________________◇◇◇ 1742. БЕГОНА АЁЛНИ ТАЪРИФЛАМАСЛИК عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّه عنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لاَ تُبَاشِرِ الْمرْأَةُ الْمَرْأَةَ، فَتَصِفَهَا لِزَوْجِهَا كَأَنَّهُ يَنْظُرُ إِلَيْهَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл (бошқа) аёлга тегиниб, кейин эрига уни кўз олдига келтирадиган даражада таърифлаб бермасин», дедилар». Муттафақун алайҳ Фойда: Буни ман этилишидаги ҳикмат, фитнага йўлиқишнинг олдини олишдир. «САҲИҲ ҲАДИС»лар тӯплами                            ◇◇◇_________________◇◇◇ 1743. АЛЛОҲДАН ҚАТЪИЯТ БИЛАН СЎРАШ عنْ أَبي هُريْرَةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لا يَقُولَنَّ أَحَدُكُمْ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لي إِنْ شِئْتَ: اللَّهُمَّ ارْحَمْني إِنْ شِئْتَ، لِيعْزِمِ الْمَسْأَلَةَ، فإِنَّهُ لا مُكْرِهَ لَهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. وفي روايةٍ لِمُسْلِمٍ: «وَلكنْ، لِيَعْزِمْ وَلْيُعْظِّمِ الرَّغْبَةَ، فَإِنَّ اللَّه تَعَالى لا يتَعَاظَمُهُ شَـيْءٌ أَعْطَاهُ». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ҳаргиз: «Аллоҳим, хоҳласанг, мени мағфират қилгин, Аллоҳим, хоҳласанг, мени раҳматингга олгин», деб айтмасин. Қатъият билан сўрасин, чунки У Зотни мажбурловчи йўқ», дедилар. Муттафақун алайҳ Муслимнинг ривоятларида: «Лекин қасд қилиб, рағбатини кучайтирсин. Аллоҳ таолонинг берадиган нарсасида бирор нарса улкан бўлмайди», бўлиб келган. «САҲИҲ ҲАДИС»лар тӯплами                            ◇◇◇________________◇◇◇ 1744. АЛЛОҲДАН ҚАТЪИЯТ БИЛАН СЎРАШ وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذا دعا أَحَدُكُمْ، فَلْيَعْزِمِ الْمَسْأَلَةَ، وَلا يَقُولَنَّ: اللَّهُمَّ إِنْ شِئْتَ، فَأَعْطِني، فَإِنَّهُ لا مُسْتَكْرهَ لَهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизлардан бирингиз дуо қилса, қатъият ила сўрасин. Аллоҳим, агар хоҳласанг бергин, деб ҳаргиз айтмасин. Чунки У Зотни мажбурловчи йўқ», дедилар". Муттафақун алайҳ «САҲИҲ ҲАДИС»лар тӯплами                            ◇◇◇______________◇◇◇ 1745. АЛЛОҲ ВА ФАЛОН КИШИ ҲОҲЛАСА ДЕМАСЛИК عنْ حُذَيْفَةَ بْنِ اليَمَانِ رَضِيَ اللَّه عَنْه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قالَ: «لا تَقُولوا: ماشاءَ اللَّه وشاءَ فُلانٌ، ولكِنْ قُولوا: مَا شَاءَ اللَّه، ثُمَّ شَاءَ فُلانٌ». رواه أبو داود بإِسنادٍ صحيح. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа деб («Ва» сўзини қўшиб) айтманглар. Балки Аллоҳ хоҳласа сўнгра фалон киши хоҳласа деб («сўнгра» сўзини қўшиб) айтинглар», дедилар". Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар. Фойда: Чунки Аллоҳнинг хоҳиши билан инсоннинг хоҳиши орасида катта фарқ бор. Аллоҳнинг хоҳиши азалий ва қадимийдир. Инсоннинг хоҳиши эса янги пайдо бўлган нарсадир. «САҲИҲ ҲАДИС»лар тӯплами
    0 комментариев
    0 классов
    Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қиёмат Соати келмайди то фитналар юзага чиқмагунча, ёлғон тарқамагунча, бозорлар яқинлашмагунча, вақт тезламагунча, ва "ҳарж" авж олмагунча". Одамлар сўрашди: "Ҳарж нима?". Ул зот айтдилар: "Бу қотилликлардир". Аҳмад 2/519, ва Ибн Ҳиббон 6718 ривояти. Ҳофиз Ҳайсами айтади: "Ушбу ҳадиснинг ровийлари "Саҳиҳ" да келтирилган. Бундан мустасно фақат Саид Ибн Саъман. У хам ишончлик ровийлардан". Қаранг: "Мажмуа аз завоид" 7/327. Шайҳ Албоний саҳиҳ деган. Қаранг: "Силдила ас саҳиҳа" 2772. Ҳадисдаги "..бозорлар яқин келиши.." ҳақида Уламоларнинг қуйидаги сўзлар келган: Биринчи: Бугунги кунда бозорлар одамларга шу даражада яқин келдики, ҳатто дунёни нариги четидаги молнинг паст баланд нарҳини уйда ўтириб олиб ҳам билиб олиш мумкун бўлмоқда. Иккинчи: Сотувчи ва ҳаридолар ўрталаридаги масофадан қатьий назар бозорларга ўзланинг молларини тезда тақдим қилмоқдалар. Учинчи: Дунёниг қай бурчагида бўлмасин бозорлардаги нарҳлар бир биридан деярлик кескин фарқ қилмайди. Аввалда бундай малумотларни билишга имкон бўлмаган. Абдуллоҳ ибн Амир розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат Соати келмайди қачонки имонсизлик, одобсизлик, оилавий алоқалар ва қўшниларга ҳурмацизлик бўлмагунча"  Аҳмад 6514 ва Ҳоким 253 тивояти. Шуайб ал-Арнаут ҳадис санади ҳақида шундай дейдилар: «Ҳадис, бошқа ҳадисларнинг мавжудлиги туфайли саҳиҳдир". Ҳозир биз Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган барча нарсаларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Аксарият Мусулмонлар бир бирларига қўпол ва юракка оғир бўлиб бормоқдалар. Улар ўз қариндошларини ҳаққига роя қилишни унутмоқдалар, оилавий ва кариндошлик ришталарини узмоқдалар ва қўшнилари билан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Бир бирларини кечиришлари ва бир бирларидан ўтган ҳато камчиликларни унутмай ўзаро гина кудрат қилмоқдалар. Аммо Мусулмонлар, бошқа Дин ваккиларидан айнан шу фазилатлари, яний; ўзаро меҳр оқибат, ҳурмат, бир бирига мурувват ва яҳшилик қилишлик билан ажралиб турар эдилар, ва улар орасида тинчлик ва севги ҳукмронлик қилар эди. Аммо вақтлар ўтиши билан мусулмонлар дунё матоҳларига кўнгил қўийишлари ва бошқа ғайри динларнинг фитналарига алдана бошлагач, улар ичида бу жирканч одат авж олди. Муртадлик, Қўшни ва қариндошлик ришталарига роя қилмаслик кенг тарқади, меҳмондўстлик ва ўзаро ҳурмат эътибор камайиб кетди. Бу эса, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам томонларидан башорати берилган Қиёмат аломатларининг ҳақиқатларидандир. Жубайир ибн Муьтим розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки (қариндошлик муносабатни) бузса, Жаннатга кирмайди!» дедилар. Бухорий 5984, Муслим 2556. Абу Хурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳ ва Оҳират Кунига имон келтирган бўлса қўшнисига зарар бермасин. Ким Аллоҳ ва Оҳират Кунига имон келтирган бўлса меҳмонга ҳурмат кўрсатсин. Кимки Аллоҳ ва Оҳират Кинига имон келтирган бўлса яҳши гапларни айтсин ёки жим бўлсин". Бухорий 6018 ва Муслим 47 ривояти. Оиша розиёллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Жаброил менга қўшнига яҳшилик қилиш ҳақида шундай узоқ гапирдики ҳатто мен уни (қўшнини) устимизда меросхўр қилиб қўярмикин деб уйладим". Бухорий 6014.
    0 комментариев
    0 классов
Фильтр
Закреплено
  • Класс
569551209859
  • Класс
569551209859
  • Класс
569551209859
  • Класс
569551209859
  • Класс
569551209859
  • Класс
  • Класс
  • Класс
  • Класс
Показать ещё