13-қисм.
ҲАЛОВАТ.
Бошқўрғонда ҳам, Тошқўтонда ҳам кутилмаган нохушликлар юз бера бошлади.
Болтавой ака бобосининг бобосидан мерос қолган ноёб идишини йўқотиб, тўғрироғи, ўғирлатиб қўйгани учун бутун дунё кўзига қоронғу бўлиб кўринаётган бўлса, Бошқўрғон ижроқўмидагиларга "Марказ"дан ҳеч қандай тафтишчи юборилмагани, қолаверса, Омонулла Жўраевич деган шахс у ерда умуман ишламаслиги маълум бўлиб қолиб, оёқлари куйган товуқдай типирчиламоқда эди. Уни ушлатиб қонунга мувофиқ жазога торттирайлик, дейишса, ўзларининг орқалари очилиб кетиши мумкин. Чунки кўпчилик ўз амал курсисида қолишини ёки каттароқ лавозимни эгаллашни мўлжаллаб маълум миқдордаги пора пуллари билан бир қаторда ўз нуқсонлари ҳақидаги ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам фирибгарга икки қўллаб тақдим қилишган эди.
"Ким билади, у эҳтимол, овозларимизни ҳам ёзиб олгандир. Ундай олғирнинг қўлидан ҳар нарсани кутиш мумкин", деган хаёлга борди Мирбадал Боқиевич бошини чангаллаб ўтираркан. Муовини Асовиддин Оловиддиновичнинг "Қачон менга раисликка буйруқ
чиқарасизлар?" дея вилоят қўмитасига бир неча бор мурожаат қилганини эшитиб, ундан хафа бўлди. Олимиддин унинг кўзига тўнғиздай кўрина бошлади. "Қанчалар аҳмоқ эканмиз. Шармандаи шармисор бўлдик", деб қўйди у чуқур хўрсиниб. Ниҳоят, у ички ишлар бўлими бошлиғи ва туман прокурорини ҳузурига маслаҳатга чақирди.
– Нима қилайлик? Ушлаб келиб қамайликми? – деб жиддий сўради милиция
подполковниги Суярқулов.
– Айтишга осон, – деди прокурор Норов. – У туманнинг ҳамма нуқсону
камчиликларидан хабардор. Мабодо биз унга қарши иш бошласак, у ҳужжатларни юқорига ҳақиқатдан ошкор қилиб юбориши мумкин, кейин чиндан ҳам текшириш келиши мумкин.
Ижроқўм раисининг эти жимирлаб кетди.
– Бўлмаса гап бундай. Ундай одам бизнинг туманга келмади, деб ҳисоблайлик. Ҳеч ким уни танимайди, билмайди ҳам. У билан учрашиб, шу тўғрида сулҳ тузишимиз керак.
– Лекин Болтавой ака-чи, у жим турармикин?
– Оббо... Йўқ. Тўхтанг. Ахир биз унинг ҳамма аризаларини қаноатлантирдик-ку!
Ҳатто мана, мактаб ҳам қуриляпти. Чолнинг олдидан ўзим бир ўтиб қўяман, – деди раис бир қарорга келиб.
– Омонуллани қандай топамиз? – деб сўради подполковник.
– Олимиддин уни топади. Топмаса, уни ишдан бўшатаман. Ҳамма ишни у расво
қилди. Энди ўзи тинчитсин!
– Ҳайдовчингиз Аҳаджон билан ҳам сен-менга бориб қолибсиз, деб эшитдик, – деб сўради Норов синовчан.
– Ҳа. Омонулла уни Оқбердиевнинг ўрнига раис этиб тайинлаб кетганмиш.
Мен бўлса уни тушунмай. ...Ҳозир яхши. У раислигини қилаяпти, – деди Раис мийиғида кулиб.
– Демак, уям "жиндай ҳалиги"дан узатгандир-да-а? – деди Норов ва кулиб юборди. Ўртадаги жиддийлик энди самимийликка айланди.
– Оббо қизталоғ-ей, бизни тоза боплаб кетдику-а, бу Омонулла дегани, – деди раис қотиб-қотиб кулиб. – Мени жиннихонагаям ётқизди-я, номард.
– Ўртоқ подполковник, тўғрисини айтаверинг. Сиз ҳам узатмоқчи бўлдингизми,
йўқми? – сўради Норов қисиқ кўзларини ўйнатиб.
– Э, йўғ-е, нималар деяпсиз?
– Ҳар ҳолда, у баттол бизниям довдиратди, тўғрими?
– Лекин мен узатмадим, ишонинглар, – деди раис кўзларини синовчан тикиб.
– Чунки сиз касаллик варақаси очтириб олгандингиз-да, – деди Норов куларкан.
– Ҳа, лекин менинг ўрнимга Асовиддин ишни қойил қилибди. Унинг айтишича, кўз олдида Омонулла шахсан вилоят ижроқўм раисига қўнғироқ қилиб, менинг ўрнимга тайинлаганмиш.
Улар энди учовлон шарақлаб кулишди.
– Мана энди кулгуга мавзу топилиб қолди. Лекин бу гапларни ҳеч ким билмаслиги керак. Эшитган қулоққа ёмон. Айниқса, оддий фуқаролар. Шунинг учун бугун барча тегишли мутасадди ходимларни тўплаб ёпиқ мажлис ўтказсак, нима дейсизлар?
– Маъқул, – деди прокурор.
– Фақат аттестация топширганларни чақириш керак, холос.
– Ҳа, уларнинг рўйхати Олимиддинда бор.
– Мирбадал Боқиевич, сиз аввало ҳаммаларини тафтиш яхши якунлангани билан табриклаб, ўз амал курсиларида қолганликларини маълум қилиб қўясиз. Ҳар ҳолда кўнгиллари таскин топади, – деди Норов яхши маслаҳат бериб.
– Ҳа, фақат бир киши – Оқбердиев ўз вазифасидан озод қилинганини билдириб,
ўрнига тайинланган янги раис билан ҳам таништирасиз, – деди подполковник ҳам жилмайиб қўшиб қўйди.
– Бўлди, келишдик, – деди ижроқўм раиси хурсанд бўлиб.
– Кейин Аҳаджонни қандай қилиб раис бўлиб олганини кичик доирада ўзидан
эшитар эканмиз-да, а? – деди Мирбадал Боқиевич.
– Бу воқеани эшитсангизлар, қотиб қоласизлар.
– Нима, жуда қизиқми?
– Омонулла қиёфасини менга ўхшатиб гримм ҳам қилиб олган экан.
– Йўғ-е! – деб юборди Суярқулов таажжубланиб. – Унинг шунақа ҳунари ҳам бор
эканми?
– Ҳа, унинг жудаям устаси фаранг, ҳақиқий истеъдодли артист эканига тан бериш керак. Айниқса, сиёсий адабиётларни сув қилиб ичиб юборганини айтмайсизми, – деди раис қойил қолганини тан олиб.
– Қизиқ, бу китобларни у қаерда ўқиган экан-а? Демак, у жамият учун жуда хавфли шахс. Чунки бу билим ва иқтидорини ўз манфаати йўлида сарфлайди, – деди Норов ўйчан.
– Истасаларинг, ўша фирибгар билан боғлиқ яна бир қизиқ воқеани айтиб бераман.
– Эшитайлик, Мирбадал ака.
– Кеча қабулимга нотариус опа кирувди. Ўзим нима ташвишдаман-у, нима дейди, денглар.
– Хўш-хўш?..
– "Мирбадал Боқиевич, ўша кунги воқеа учун мени кечиринг. Бошқа
такрорланмайди. Рухсат беринг, ишимизни давом эттирайлик. Одамлар қўшни туманга қатнаб қийналиб кетишди", дейди. Мен "Бемалол, ахир мен ҳеч қачон ҳеч нимани ман қилганим йўқ-ку! Нима учун кечирим сўраяпсиз, ҳайронман", дедим. Кейин бир пайт қарасам аёл йиғлаяпти.
"Сиз ўша куни менга ўшқириб берганингиздан бери ҳаловатим йўқ", деб қолди. Мен "Ҳой инсон, мен сизни биринчи марта кўриб турибман, боринг,
ишингизни қилинг!", деб уришиб бердим. Кейин билсак, Омонулла нотариусга "Мен Мирбадал Боқиевич бўламан", деб бориб, аллақандай ҳужжатларни тасдиқлатиб, қўл қўйиб чиқиб кетганмиш.
– Оббо муттаҳам-ей. Қанақа ҳужжатлар экан-а? Ахир бу ноқонуний-ку! – деди
прокурор жиддий.
– Ҳа. Сизлардан илтимос, ўша ҳужжатларни аниқлаб, экспертиза қилиб, натижасини менга маълум қилсангизлар. Қалбаки имзо қўйиб бирортамизни чув тушириб кетган бўлмасин, тағин.
– Хўп бўлади. Натижасини шу бугуноқ сизга маълум қиламиз, – деди Суярқулов.
Ўша куни ижроқўмда ёпиқ йиғилиш ҳам ўтказилди. Раис аввало барчага туман
бўйича зарбдор уч кунлик ҳашарини ҳамжиҳатлик ва кўтаринки руҳда ўтказилганлиги билан, қолаверса жойларда мутасадди ташкилотлар ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни оғишмай амалга оширганлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди:
– Демак, биз истасак, юрагимизда ватанпарварлик туйғуси жўш уриб турса,
нималарга қодир эканимизни намоён қила оларканмиз. Қанийди, туманимиздаги барча маҳаллаларни ҳам ўша Тошқўтондаги "Янги чек" маҳалласига ўхшата олсак.
Менимча, бу албатта, қўлимиздан келади ва бу ташаббусимизни яна давом эттирамиз, деган умиддаман. Энди тафтиш якунларига келадиган бўлсак, ҳаммаси яхши тугади.
Худо хоҳласа, бирортамизнинг ҳам кўзимизга чўп тушмади. Ҳалиги, нима дейди, "Шолининг ичида курмагиям бўлади" деганларидек, фақат ўз масъул вазифасини суиистеъмол қилган
Тошқўтон колхозининг собиқ раиси Оқбердиевгина ўз хизмат вазифасидан озод
қилингани сизларга маълум. Унинг ўрнига Аҳаджон Шоазимов тайинланди. Марҳамат, Аҳаджон, энди ғайрат билан ишланг, ишларингизга омад ёр бўлсин! Ўйлаймизки, бизнинг юзимизни ерга қаратиб қўймайсиз.
Ўтирганлар ўрнидан туриб, қуллуқ қилаётган ижроқўм раисининг собиқ шофёри
Аҳаджонни давомли гулдурос қарсак билан қутлашди.
– Мумкинми, ўртоқ раис? Менда бир савол бор эди, – деб қолди кимдир қўл кўтариб.
– Марҳамат, ўртоқ Кўпайсинов.
– Нима десам экан? Омонулла Жўраевич тўғрисида ҳар хил миш-миш гаплар
юрибди. Шу гаплар тўғрими? – деб сўради у гўё "Нима, берган пулларим энди ҳавога учиб кетаверадими?" деган маънода.
– Ғирт туҳмат! – деди раис чўрт кесиб, "Пулингизга куймайсиз" дегандек. – Ҳалиги нима дейди: "Ҳақиқий дўст яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам билинади", дейишади.
Мени кечирасизлар-у, орамизда шундай амалпараст, мартаба учун ҳар нарсадан, керак бўлса, пора узатишдан ҳам қайтмайдиганлар ҳам бор эканки, улар режалари амалга ошмагани учун энди алам қилиб, ҳар хил бемаъни гаплар тарқатиб юришибди. Мен уларнинг ким эканлигини албатта яхши биламан, лекин ошкор қилмоқчи эмасман, тушунарлими?..– деди нотиқ муовини Асовиддинни назарда тутиб.
– Умуман, амалпарастлик, бировнинг устидан ҳукмдорлик қилиш, кимгадир буйруқ берса, уни бажаришини кўриб ҳузурланиш, кишини киши томонидан эксплуатация қилиш каби ноинсоний хусусиятлар бу онгимиздаги феодалистик қолдиқлардир.
Демак, бундай инсонларнинг маънавий ва сиёсий онги ривожланмай қотиб қолган, содда қилиб айтганда, эси паст одамлар ҳисобланади.
Бундай одамларга орамизда, жамиятимизда жой йўқ, тушунарлими?
Хўш, яна кимда савол бор?
Асовиддин Оловиддинович қулоқларигача қизариб кетди. Ўқ нишонга теккан эди.
– Тафтиш якунлари бўйича бизга бирор қоғоз беришадими? – Сўради дон
маҳсулотлари комбинатининг директори.
– Нима қиласиз қоғозни? Тинчгина ишингизни қилаверинг. Биров сиздан қоғоз
сўрамаётган бўлса, тавба... – дея сохта йўталиб томоғини маъноли қириб олди раис.
– Хўп, – деб қўйди директор "хайрият" дегандек теварак-атрофига олазарак қараб олди.Шундай қилиб, йиғилиш якунланиб, барча аттестация топширганлар яна ўз амалларида қолганларидан мамнун бўлган ҳолда, хотиржам ўз хизматларига тарқалдилар.
– Хўш, Олимиддин, "окагинангиз"ни топдингизми? – дея жиддий сўраб қолди раис йиғилиш тарқаб бўлгач.
– Йўқ. Билишимча, унинг иши судда эмиш-ку.
– Нима?! Наҳотки?!..
– Йўқ-йўқ. Бошқа иш билан бўлса керак. У киши илгари ҳам ўтириб чиққан эканлар.
– Оббо баттол-ей... Ишқилиб, бу ердаги бўлган ишларни қўзғамасмикан-а?
– Ўз-ўзини очиб бермайди-ку!..
– Ҳа, тўғри. Лекин билиб бўлмайди-да. Қандай қилиб бўлсаям у билан боғланиб, аҳволини билиб қўйсак, ёмон бўлмасди.
– Бунинг бир йўли бор. Уям бўлса, Болтавой ака. Ахир улар эски қадрдон-ку!
Чол унинг уйиниям билса керак.
– Тўғри, бўлмаса ўша "бошоғриқ" чолнинг олдига бирга борамиз. Бир йўла мактаб қурилишининг аҳволини кўриб келамиз.
– Шартнома бўйича қурилиш ишлари жўяли кетаяпти. Лекин бизга тегишли бўлган баъзи шартлари бор-да.
– Қанақа шартлар экан?
– У ердаги матнда бўлғуси мактаб директори ва боғбони ҳақида гап боради. Бу
бандларни ўша пул тўлаган ҳомий киши қўштириб, нотариус орқали тасдиқлатиб олган экан.
– Хабарим бор. Бунинг ҳаммаси ноқонуний, албатта. Чунки билишимча, ўша
"ҳомий"нинг ўрнига Омонулланинг ўзи имзо қўйиб юборган. "Ҳомий"ни албатта топиб, бу ҳақида унга хабардор қилишингиз керак.
У нима деркин?
– Болтавой аканикига эртага эрталаб борамиз. Қурилиш ташкилоти раҳбари билан Аҳаджон ҳам ўша ерда бўлишсин.
– Бўпти, хўжайин, – деди Олимиддин чин итоатгўйлик билан.
Мирбадал Боқиевич бармоқларини иягига қўйиб "Ҳай-ҳай, чатоқ бўпти-ю" дегандек бошини тебратиб ўйланиб қолди-да, сокин оҳангда "иқтидорли" бўлим бошлиғига юзланди:
– Олимиддин... Хуллас, гап бундай. Биз ҳар эҳтимолга қарши ҳар нарсага тайёр
турмоғимиз керак. Омонулланинг изидан прокуратура тушиб, эҳтимол, "Янги чек"даги ободончилик ишларимиз устидан "встречный" текшириб қолиши мумкин.
Маҳалла-ку бир нави, унинг йўли топилади, лекин айнан Болтавой аканинг уйини таъмирлашда фойдаланилган баъзи нарсаларнинг иси чиқиб қолиши мумкин.
– Қайсиларини демоқчисиз, хўжайин?
– Масалан, рангли ойналар – янги билим юртиники, ҳайкал ва картиналар – туман музейиники, саунадаги ванна билан унитаз – касалхонаники, гиламлар, янги сервислар – универмагники.
– Сизнинг гиламларингиз ҳам бор.
– Ҳа-ҳа, албатта. Хуллас, уларни зудлик билан ўз эгаларига қайтармоқ керак.
Қолгани хавфли эмас.
Қўлини иягига тираб ўтирган "Хаёл сураётган донишманд" ҳайкалининг рўпарасига иягидаги соқолини баъзи-баъзида қашлаб-қашлаб Болтавой ака ҳам гўё унинг дардини тинглаётгандек ёхуд ўзиникини унга тўкиб солаётгандек тек қотиб ўтирарди.
Чолининг бундай эркалигими ёки ўзига хос қилиғиданми норози бўлган Ҳури холанинг ниҳоят тоқати тоқ бўлди:– Э, бўлди-да энди. Ўтираверасизми қоққан қозиқдай?!
Мўйсафиднинг кўзлари қисилиб, қошларидан бири хиёл кўтарилиб тушди. Бу билан "Ҳой, хотин, тек ўтир, гапни бўлмай" дегандай бўлди. Кампир вайсай-вайсай ҳовли боғ томон ўтиб кетди.
Ниҳоят, Болтавой акага жон киргандай, тилга ҳам кирди:
– ... Ана шунақа гаплар, тақсир. Кўҳна обдастамнинг йўқолгани ёмон бўлди-да.
Ҳойнаҳой, уни анави ғилдирагинг тешилгур муттаҳам Омонулла олиб кетган бўлса керагов...
Эҳ-ҳе, у туманимиздаги нечта амалдорни чув тушириб кетибди-ю. Айтишларича,
"амалингда қоласан" деб ҳаммасидан катта-катта пора олиб жилворганмиш. Эҳ, қанийди мен ўша раҳбарларнинг қўлига ўзим сув қуйиб турганимда эди, ўша муттаҳамнинг "текширувига" аввал таҳорат қилиб, кейин киришганида эди, эҳтимол, бу ишлар бунақасига айланиб кетмасмиди... Лекин Омонуллага нима жин тегди, билмадим. Наҳотки идишимни ўша ўғирлаб кетган бўлса...
Шу маҳал дарвоза тақиллаб Олимиддиннинг синиқ овози келди:
– Ҳов, отахон!! Уйда ким бор, хой?!
– Ҳов! – деди отахон ўрнидан оғир қўзғалиб. – Бўпти тақсир, узр-а. Мени биров
чақираяпти, шекилли. Ҳойнаҳой, обдастамни қайтариб олиб келишган бўлишса ажабмас...
Эҳ, манави хўжакўрсин кўргазмалар жа жонга тегишди-да. Лекин бу гапим сизга тегишли эмас, тақсир, – деди у ҳайкалга қараб қўл силтаб қўйди.
Янги дарвоза яна тақиллади. Мўйсафид томоғини оғир қириб қўйиб, бақирди:
– Мана кетаяпман!
У қўлларини белига тираб салмоқланиб бораркан, ўзича ғўлдираб қўйди:
– ... Ё Омонулла келдимикан-а? Ҳе, ғилдирагинг тешилмай орқасига айлангур,
апирис!..
Дастлаб Мирбадал Боқиевичнинг чучварасимон шляпаси ва тиржайган башараси кўринди. У ўзини ўта сертакаллуф тутарди.
– Ассалому алайкум, отахон! Бардаммисиз? Бақувватмисиз? Қалайсиз, зерикмай, чарчамай?..
– Раҳмат, келинглар. Ишламай, чарчамай юрибман. Зерикиш қаёқда. Анави ошнам билан ҳар куни гурунглашиб, дегандек...
– Манави ҳайкал билан-а? Оббо сиз-ей, қўймайсиз, отахон. Ҳайкал билан тил
топишибсизки, сизга гап йўқ. Улар сўрига ўтиришиб фотиҳа қилишди.
– Ҳой, Ҳури!
– Ҳувв!!
– Чиқ, яна меҳмонлар келишди!
– Ҳеч овора бўлманглар, отахон. Биз беш дақиқага йўл-йўлакай кириб ўтгандик.
– Эҳ, обдастамни йўқолгани чатоқ бўлди-да. Қўлларингизга сув қуймоқчийдим,
покланиб олармидинглар? – деди мўйсафид тиззасини норози шапиллатиб.
– Хуллас, отахон, бўлган ишлардан хабарингиз бор, – дея салмоқланиб гап бошлади Мирбадал Боқиевич.
– Ҳа. Сизларни ўша муттаҳам чув тушириб кетибди, кўргулик-да – деди чол бошини сарак-сарак қилиб.
– Йўқ-йўқ, отахон. У ҳақида эсламоқчиям эмасмиз. Биз бошқа масалада келувдик.
– Нима гап?
– Хуллас, отахон, бизни сизга айтадиган бири яхши, бири хунукроқ хабаримиз бор, – деди Олимиддин ҳам дадилланиб. – Қайси биридан бошлайлик?
– Ёмонидан бошлай қолинглар.
– Ҳар ҳолда мана баҳонаи сабаб, сиз билан қадрдон бўлиб қолдик, – деди ижроқўм раиси салмоқланиб.– Тўхтанг, сиз мабодо менинг обдастамда қўлингизни ювганмидингиз, ўзи?
– Яна ўша гапми, отахон! – деди Олимиддин энсаси қотиб.
– Ҳа, албатта ювганман, – деди раис қўлларини у ёқ-бу ёқ ағдариб кўрган бўлиб.
– Ҳаҳ, хайрият. Ҳар ҳолда покланган экансиз-ку. Демак, сизга ишонса бўлади.
– Мен ҳам ювганман, – дея гапга аралашди уста Жўравой.
– Ахир уйингизни уч кун таъмирладик, туз-намак бўлдик.
– Бўпти, гапни чўзмайлик. Муддаои индалло шуки, отахон, манави ўрнатилган
жиҳозлар янги билим юртиники эди. Ўзингиз тушунасиз, улар ҳисобда туради.
– Ҳа, менинг бўйнимда. Мен моддий жавобгар шахсман-да, – деди устабоши хехелаб кулиб.
– Хўш-хўш? – дея қизиқсиниб қолди мўйсафид.
– Шунга агар сизга малол келмаса, олиб кетсак дегандик, – деди Олимиддин базўр. Болтавой ака дабдурустдан ўрнидан туриб кетиб шодликдан қичқириб юборди:
– Воҳ! Бормисизлар?! Ахир бу хушхабар-ку! Олинглар, тез йўқотинглар-е, буларни! Менга ўз гувала деворимни очиб беринглар. Ватанимни, ўз ватанимни қайтиб беринглар! Уни отам қурган, ахир. Уни соғиндим. Шундай соғиндимки!...
Раис устабошига "тез бошланглар!" дегандек маъноли имо қилди.
Уста уни тушундими, сапчиб ўрнидан турди-да, кўча томон чопди. Кўчада юк машинасида бир гала қурувчилар гўё аскарлардек буйруқ кутиб ўтиришар, ҳужумга шай эдилар. Ишга киришиб кетдилар.
Каркасларга ўрнатилган рангли ойналар суғуриб олиниб, машинага авайлаб ортила бошланди. Кўз юмиб-очгунча деворлар яланғочланиб, яна асли гувала-пахса ҳолига қайтди. Мўйсафид деворни "воҳ-воҳ" дея энг мўътабар нарсасини топиб олгандек, қўли билан силаб пешонасига суртар, чолнинг тентакнамо бу ҳаракатларидан раҳбарларнинг энсаси қотмоқда эди.
– Ҳаммасини олинглар! Манави ҳеч ким ўқимайдиган ёзувларниям, ит ҳуркадиган суратларниям, мол юрса сирғанадиган мармарлару сўлиган сохта гулларниям, ҳаммаҳаммасини! – дея ҳаяжон билан ҳайқирарди мўйсафид.
Усталар монтаж қилинган дераза-эшик, йўлакка ётқизилган мармар-плита шиору картиналарни тез-тез бўшатиб, таший бошладилар.
Болтавой ака ўзида йўқ хурсанд бўлиб, аллақандай қўшиқни беихтиёр хиргойи қилар, яна эски қадрдон ҳовли-жойи ўз аслига қайтаётганидан жуда ҳам бахтиёр эди. Бу маҳалда раҳбарлар суҳбатни насия қилиб, "Ҳозир қайтамиз", дея мактаб қурилиши томон кетишди.
Айни шу пайтда эса ялтироқ идишни қўйнига қистириб олган Омонулла бир пайтлар Мирбадал Боқиевичнинг эсини чиқараёзган ҳовли томондан ўғринча кириб келган ва бўлаётган демонтаж ишларини кўриб танг қолди. Унинг мақсади бошига ҳақиқатдан ҳам кулфат келтирган бу "хосиятсиз идиш"ни бир илож қилиб мўйсафид хонадонининг бирор четига яшириб қўйиш, Мафтуна уйдами-йўқми, аниқ билиш, умуман "разведкачилик" эди.
... Деярли ҳамма нарса ташиб бўлиниб, фақат туман музейига қарашли буюмларгина қолди. Мўйсафид қурувчиларни кузатиб кўчага чиқди. Ҳури хола ичкарида эди.
Омонулланинг хумкалласидан "айни пайти" деган фикр ўтди. У ҳайкалларнинг ичи бўшлиқ бўлишини яхши биларди. Ҳойнаҳой, "Хаёл сурувчи донишманд"нинг ҳам ичи пўк, таги тешикдир, – деди Омонулла ўзича ва аввало ҳайкалнинг тагини текшириб кўрмоқчи бўлди. Мабодо тешик бўлмаса, ҳайкалнинг орқасига қўйиб кетаверишга қарор қилди. Худди кутганидек, таги баркашдек ўйиқ экан. У ерга обдаста тугул чилопчин ҳам сиғаркан. Қийин бўлмади. Ҳайкални оҳиста энкайтириб, деворга тиради-да идишни жойлаб, ура қочди.
Бир нима тақирлаганидан кампир уйдан чиқди ва ҳамон қотиб турган ҳайкалга қарата ғудраниб қўйди:
– А-а? Бирор нима дедингизми, айланай?.. – деди чўзиб хўрсиниб Ҳури хола.
– Дунёнинг ишлари шунақа экан-да... Қизимизга маъқул бўлган йигит энди чиқиб қолди, деб суюниб турсак, алдоқчи экан, қаранг. Тақдир насиб қилмаса, қийинакан-да, а?..
Ҳаммом ортига яширинган Омонулла бу гапларни эшитди, албатта. Эшитди-ю, чол кампирнинг уни куёв қилишга умид қилганликларини билиб ич-ичидан севинди. "Демак, ҳаммаси яхши бўлади. Муҳими, идишни олиб кетганимни ҳеч ким билмайди.
Шундай экан, очиқ юз билан кириб келсам бўлаверади. Ҳайкалнинг олиб кетишларини кутаман.
Уни кўтаришганида тагидан ялт этиб чиқиб қолади. Мўйсафид бундан албатта хурсанд бўлади. Шу маҳалда мен ҳам кириб бораман..." дея ширин хаёлларга берилди у.
...Ўтган вақт ичида Омонулланинг суди бўлди. Адвокатининг саъй-ҳаракати туфайли Саъдулла ҳожига етказилган зиённи виждонан қоплаш, қонунга мувофиқ давлатга жарима тўлаш эвазига у бутунлай озод қилинди. Машинасини сотишга тўғри келди.
Ҳамма ишларни обдон тинчитгач, у "зона"дош дўсти Собирникига – Тошқўтонга меҳмонга келди. Дўсти ҳам қутулиб келган, энди бирор ишнинг этагини тутиш пайида экан. Ундан тумандаги ва қишлоқдаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий аҳвол ҳақидаги маълумотга эга бўлди.
Яъни амалдорлар, раҳбарлар, текширувдан кейинги уларнинг руҳий аҳволи ва
мавқеи, ўзгаришлар, янги мактаб қурилиши ҳақида сўраб-суриштирди. Икки дўст
яримтани майдалаб тоза яйрашди. Ҳамма гап уларнинг "барак"да ўтириб тузган
режаларининг амалга ошгани ва яхши самара берганида эди. Лекин дўсти Омонулланинг ҳамма "ишлаб топган" пулини мактаб қурилишига топширгани ва машинасини ҳам сотиб қуруқ таёқдек уйсиз-жойсиз, ўзи сўққабош сўппайиб қолганини билиб, ҳам тан берди, ҳам ачинди:
– Оббо, фидокор-ей, ишинг расво-ку. Энди нима қилмоқчисан? – деб сўради Собир.
– "Бош омон бўлса, дўппи топилади", деган гап бор.
– Ҳой дўппибош, хумкалла. Ахир ёшинг бир жойга бориб қолди-ку! – деди Собир
чин дилдан куюниб. Сўнгра бир қарорга келгандек унинг елкасига қўлини қўйиб деди:
– Бўпти, битта уйимни бўшатиб бераман. Келиб яшайвер. Бирга иш қиламиз. Бирор бевага уйланиб ҳам оласан. Ҳечам ташвиш қилма. Бўлар иш бўпти. Қилган ишингдан ҳеч қачон пушаймон бўлма. Лекин бу ишинг билан нималарга қодир эканингни намойиш қила олдинг, қойил!
– Раҳмат, дўстим! Бу ерда мени яна озгина режалаштирган ишларим бор. Унгача сеникида яшаб тураман-да.
– Бемалол. Ўз уйингдек кўравер. Ишқилиб, режаларинг мукаммалми? Мен ҳам
билиб қўйсам ёмон бўлмасди.Шундан сўнг Омонулла сумкасидан ялтираб турган офтоба идишини олиб қўйди-да, у ҳақида гапириб берди.
– Эҳ-ҳе, ҳамма гап бу ёқда, де. Ҳақиқатдан ҳам бу идиш хосиятли, шекилли.
Болтавой тоға тўғри айтган экан-да. Буни зудлик билан эгасига қайтариб олиб боришинг керак. Бўлмаса, ишларинг яна орқага кетаверади. Хоҳласанг, мен элтиб бераман.
– Йўқ. Унда мен ўғирлаганим очилиб қолади. Ўзим бир илож қилиб уйига ташлаб
келмоқчиман.
– Тўғри қиласан, оғайни. Бўлмаса, шунча қилган хайрли ишларинг йўққа чиқиши
мумкин. Бир адашибсан, энди бу хатоликни бошқа такрорламаслигинг керак.
Шундай қилиб Омонулла Болтавой аканикига йўл олган эди, ўшанда.
Туман ижроқўм раиси бошчилигидаги гуруҳ янги мактаб қурилишининг бориши ва тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиб қайтишди. Бу пайтда янги раис Аҳаджон Шоазимов ҳам уларга қўшилган, Болтавой ака хонадонига вақтинча қўйилган нарсаларнинг қайси бирини олиш мумкин бўлса, ҳаммаси суғуриб олинган, ҳатто янги дарвозанинг ўрнига эски "ғийқиллаб" очиладиган тахта эшик ҳам ўрнатиб бўлинган эди.
Болтавой ака бу ишларни ҳайрат билан кузатар, уйининг аввалги ҳолатига қайтганидан беҳад хурсанд эди.
– Сиз ҳақиқатдан ҳам ҳалол экансиз! – деди мўйсафид Мирбадал Боқиевичнинг
қўлини сиқиб.
– Менга ўз уйимни қайтиб бердингиз. Раҳмат, ўғлим!
– Энди хушхабарниям эшитарсиз, – деди Олимиддин.
– Э, албатта-да.
– Сизнинг янги мактаб қуриб беришларини сўраб ёзган аризангиз ниҳоят ижобат
бўлди. Бир саховатпеша инсон бу ишга ўзининг катта маблағини ажратди. Ана қаранг, ишларни бошлаб юбордик.
– Эҳ-ҳе, рости биланми? Бу ўша "ғилдираги тешик" Омонулланинг иши бўлса
керакда-а?
– Йўқ. У муттаҳам ҳозир қўлга олинган, устидан суд жараёни бормоқда, – деди
Мирбадал Боқиевич. – У ғирт фирибгар экан.
– Нима, фирибгар?! Ахир у қўлини...
Олимиддин тезлик билан сумкасини очди-да ундан аллақандай қоғозларни чиқариб мўйсафидга кўрсатди:
– Отахон, сизни тушундим, – деди Олимиддин гапни қисқа қилмоқ ниятда.
– Сиз ҳамма нарсани ўша идишингизга боғлайвераркансиз. Омонулла аканинг мактаб қурилишига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Мана, ҳужжатларни кўринг, нотариусдан ўтган. Уч юз минг сўм пул маблағи Барноев О.Ж. исмли саховатпеша инсон номидан тушган. Лекин шартноманинг "Қўшимча шартлари" қисмида сизга тегишли бўлган учта банд киритилган экан. Шуни сизга етказиб қўйишни лозим топдик, холос.
– Қанақа шартлар экан?
– Биринчидан, мактабни туманнинг бошқа тузукроқ жойига эмас, айнан мана шу
манзилга қуриш кўрсатилган. Бу банд бажарилаяпти ва ёзган арзингизга ҳам мувофиқ келади. Иккинчидан, унга сизнинг қизингиз Мафтуна Болтабоевани директор, сизни бўлса, боғбон этиб тайинлаш талаб этилган.
– Э, бўлди. Бу ўшанинг иши, – деди Болтавой ака тўла ишонч билан.
– Кимни айтаяпсиз?
– Хосиятли идишимни-да.
– Уф-ф, яна ўша эски идишингизни тиқиштираяпсизми? – деди Мирбадал Боқиевич энсаси қотиб. – Илтимос, отахон, жиддий ишларга шу алмисоқдан қолган буюмингизни бошқа тиқиштирмайлик.
Мўйсафиднинг жаҳли чиқди. "Ҳой бола, оғзингга қараб гапир!" деб қўл кўтариб
юборишдан ўзини аранг тийди. Норози ғудраниб нари кетди.
Шу пайт бир юк машинаси келиб тўхтади ва ундан бир неча ишчилар тушиб
келишди.
– Бизни музейдан юборишди. Олиб кетадиган нарсалар бор эмиш. – деди улардан бири.
– Ҳа-ҳа, кела қолинглар, марҳамат – деди мўйсафид уларни уйига бошлаб.
Раҳбарлар ҳам унинг ортидан эргашишди. Девор орқасида бўлаётган гапларни
тинглаб, пойлаб ўтирган Омонулла кўча эшиги олдида пайдо бўлди. Унинг кўнгли хотиржам эди. Ишчилар "Хаёл сурувчи донишманд"ни даст кўтардилар. Унинг орқасидан ялтироқ офтоба даранглаб тушиб, қуёш нурида тобланиб порлаб кетди. Болтавой ака "Воҳ!" деб юборди-да, унинг қувончдан кўзлари чақнаб кетди. Чопиб бориб идишни қўлига олди. "Оҳ-оҳ!" дея ўпиб, пешонасига суртди.
– Эҳ, ҳайрият топилди! Уни Омонулла олиб кетмаган экан. Қаранглар! Буни манави индамас тақсир писмайиб, тагида яшириб ўтирган экан.
Ишчилар ҳайрон бўлиб тўхташди-да, яна ҳайкални ерга қўйишди.
– Тавба, – деди мўйсафид ҳайкалга қараб. – Худди тагини ҳўл қилиб қўйган капкатта болага ўхшайсиз-а! Туринг-е, боринг, менинг уйимдан жўнанг!
Ишчилар ҳайкални даст кўтариб олиб чиқиб кетишди. Шу пайт ҳамма гапларни
эшик тирқишидан кузатиб билиб турган Омонулла эшикдан жилмайиб кириб келди.
– Ассалому алайкум, биродари азизлар! Мана, мени қўйиб юборишди. Ҳамма
қарзларимни қайтардим. Энди ҳеч кимни алдамайман, ҳалол, пок яшайман!
Мирбадал Боқиевич аввалига бошқалар қатори ҳайратланиб қолди ва тезда ўзини қўлга олди:
– Ростдан ҳам озод бўлдингизми ёки қочиб юрибсизми? Буни қандай исботлайсиз?
Омонулла ён киссасидан бир қоғозни чиқарди. Бу суднинг қарори эди ва ундан
керакли жойини ўқиб эшиттирди:
– Суд қарор қилади:
Биринчи. Айбдор О.Ж.Барноевдан жабрланувчи фуқаро Соқиев Саъдулланинг
кўрган зиёни ундириб берилсин.
Иккинчи. О.Ж.Барноевга нисбатан "Амнистия" тўғрисидаги фармон бандлари
қўлланилиб, тегишли миқдордаги жарима ундириш билан чекланилсин.
– Нима, ҳали "Барноев О.Ж." деган сиз бўласизми? – деб сўради Олимиддиннинг оғзи очилиб.
– Ҳа-ҳа, буни билмасмидингиз? Мен ўша Барноев Омонулла Жўраевичман-да.
Мирбадал Боқиевичнинг ранг-рўйи оқариб, эси оғай деб сўрига ўтириб қолди.
Болтавой ака шошиб бориб пақирдан бир оз сув олиб офтобага қуйди-да, келиб раиснинг юзига пуркади. У бир оз ўзига келгандай бўлди.
– Оббо "ғилдираги тешилган" йигит-ей. Шундай қилиб қутулиб келдим, денг, – деди мўйсафид хурсанд, – Қани, гапингиз рост бўлса, мана шу муқаддас обдастамнинг сувидан бир қўлларини ювиб олсинлар-чи.
Омонулла бажонидил қўлини юва бошлайди. Ичкарида янги келган азиз меҳмонга кўзи тушиб қолган Ҳури хола: "Ҳаҳ, хайрият, оҳим Худога етди" деган очиқ чеҳра билан сочиқ кўтариб чиқди:
– Келинг, ўғлим, яхши келдингизми?
– Ҳа, раҳмат хола. Сизнинг угра ошингизни жудаям соғиндим-да.
– Бўпти. Ҳозир уннаб юбораман, – деди кампир йигитнинг елкасига қоқди ва ошхона томон шошиб кетди.
– Ҳалиги, туманимиз раҳбарларидан жиндай-миндай пора олганмишсиз, деб
эшитдим. Шу гаплар ростми, ўғлим? – дея томдан тараша тушгандек, Омонулладан соддадиллик билан сўраб қолди мўйсафид.
– Ҳа, рост. Лекин улар пора эмас, Бошқўрғон халқининг "пешона тери" эди. Мен ана шу ноқонуний ўзлаштирилган пулларни йиғиб, ўз эгасига қайтаришга ҳаракат қилдим, холос.
– Тўғри. Ҳеч ким даъво қилмагач, у пулларни мактаб қурилиши учун ўртада
йиғилган эҳсон деб атай қоламиз, – деди Олимиддин.
– Бу қилмишингиз учун ишингизни тегишли ташкилотга ошираман! – деди
Мирбадал Боқиевич аламидан гезариб.
– Бемалол. Менда туманингизнинг барча нуқсон ва камчиликларидан нусхалар
турибди. Диктофонга ёзилган ленталар ҳам бор.
Уларни ишончли жойга яшириб қўйганман. Ана энди ҳақиқий текшириш бўлади. Менинг далилий ашёларим, фактларим етарли, тушунарлими?
– Н-нима?! – деб юборди раҳбарлар бирданига.
Ижроқўм раисининг оқарган ранги-рўйи энди бирдан бўзара бошлади. Лаблари
титраб, қовоқлари асабий учди. У билан баҳслашиш бефойда эканини англаб ета бошладилар. Лекин қўй оғзидан чўп олмагандай туюладиган Олимиддин бирдан тутаб кетди. Унинг муштлари тугулди.
– Эй, сен ифлосни ҳали!..
– Айтиб қўяй, – деди Омонулла хотиржам жилмайиб. – Менга қарши мабодо фитна уюштириб, мактаб қурилишини пайсалга соладиган бўлсанглар, қилмишингларни фош этиб ташлаганим бўлсин!
Мирбадал Боқиевич Олимиддиннинг елкасига "Ўзингизни босинг" дегандай қўлини маъноли қўйди. Аҳаджон "Ие-ие" деб турар, устабоши бўлса тинимсиз "Э-э, узр, бир тушунмовчилик бўлди-да", дерди.
– Ахир бизлар шерик эдик, шекилли, Олимиддин, – деб қўйди Омонулла кесатиб.
Олимиддиннинг юзи "дувв" қизариб кетди. У ўзини босиб ололмаганига "аттанг"
қилаётгандек кўринарди.
– ... Узр, устоз... Сал қизишиброқ кетдим-да.
– Ҳечқиси йўқ. Мушт тушурганингизда ҳам хафа бўлмасдим. Чунки у менинг
насибам бўларди. Совуқ даврадагилар енгил кулиб олишди.
– Кечиринг, Омонулла Жўраевич, ўйлаб кўрсам, биз ҳам шерик эканмиз. – деди
ижроқўм раиси ҳам зўрама-зўраки кулиб.
– Э, ана! – деб юборди мўйсафид – Ҳаммаси равшан бўлди-қолди. Баҳслашишга энди ҳожат йўқ. Хоҳлайсизларми-йўқми энди баҳамжиҳат бўлиб ишлайверасизлар.
– Отахон тўғри айтаяптилар, – деди Аҳаджон.
– Ҳа-ҳа, келинг дўстим, бир қучоқлашиб кўришайлик, – деди раис ва Омонуллага "ихтиёрий-мажбурий" қучоғини кенг очди.
Иккалалари қучоқлашиб кўришдилар. Шу пайтда ишдан қайтган Мафтуна кириб
келди. У яна "эски тос-эски ҳаммом"га айланган ҳовлиларини, яна эски таниш
башараларнинг қучоқлашиб кўришаётгани-ю отасининг қўлидаги йўқолиб қолган
идишнинг қуёш нурида ярақлаётганини кўриб, ҳеч нарсани тушунмай бир дақиқа
анграйиб қолди.
– Кел, қизим. Қара, ноёб идишимиз топилди! Уни Омонулла аканг олиб кетмаган
экан. Шунга ҳаммамиз хурсандмиз. Ма, унга сув қуй! Меҳмонлар қўлларини яна бир ҳалоллаб олсинлар-чи, қани.
Меҳмонлар баралла кулиб юборишди. Бу орада Ҳури хола сўрига янги кўрпачалар солди.
– Қани марҳамат, қўлларингни ювиб ўтиринглар, ҳозир угра ошим ҳам тайёр бўлади, – деди кампир ошхона томон яна шошиб – Ҳой, Мафтуна, нима қилиб турибсан, чой-пой қўймайсанми?
Мафтуна нима гап эканлигини ҳали англаб улгурмаган бўлса-да, меҳмонлар яна
бежиз келишмаганини тушунган ҳолда улар билан сўрашиб, отасининг қўлидан идишни олди.
– Вой-бў, ялтираб янгидай бўлиб қолибдими? – деди қиз ҳаяжон билан унинг
бежирим ҳошияларидан кўзини узолмай.
– Ҳа, индамас тақсир тагига босиб тозалаб ўтирган эканлар-да, – деди чол кулиб Ҳаммалари шарақлаб кулиб юборишди. Ўрталаридаги нохушлик гўё осмонга учиб кетгандай, ўрнини самимийлик қоплади. Улар ҳазил-мутойиба ва иззат-икром билан яна давра қурдилар.
– Ҳа қочқоқ, яна текширувга келдингизми? – деб сўради дабдурустдан Мафтуна
шаҳло кўзларини ювишга қўлини узатаётган Омонуллага тикиб.
– Йўқ, бутунлай, – деди Омонулла нигоҳини қиздан ололмай. – Мактаб қурилишида ишламоқчиман, прораб сифатида.
– Шу ерда-я?
– Ҳа, – деди Омонулла қўлини яна узатиб
– Нима учун? – деб сўради Мафтуна қизиқсиниб яна сув қуяркан.
– Аввалги нопок ишларимдан тавба қилдим, худо хоҳласа, энди шу ерда бир умр ҳалол-пок яшамоқчиман.
Мафтуна бу гапдан қизариб ва эҳтимол, ич-ичидан қувониб кетди. Лекин ноқулай ҳолатдан чиқиб кетишга уриниб кўрди.
– Иштаҳангиз яхши-ку, барно йигит.
– Тўғри айтасиз, фамилиям Барноев.
– Вой! – деб юборди қиз ҳаяжон билан – Сиз ҳалиги, анави шартномадаги?.
.
– Ҳа. Бу ўша киши, – деди Олимиддин тасдиқлаб.
Оғзи очилган Мафтуна яна бўлиб-бўлиб ўйчан сув қуя бошлади.
– Ҳой, Омонулла ака, бўлди-да энди. Аслида, қўл уч марта чайилади дейилган,
холос, – деди Олимиддин кулиб.
– Мен учун бу қонун амал қилмайди.
Ўртада самимий кулги кўтарилди. Ниҳоят ҳадеб узатилаётган қўлга сув қуявериш Мафтунанинг ҳам жонига тегди:
– Бўлди-да энди!.. – деди у эркаланиб.
– Савоб қилсангиз охиригача қилинг-да, – деди Омонулла яна қўлини сувга узатиб.
– Мана бўлмаса, – деди Мафтуна ва меҳмоннинг бошидан сувни паққос ағдариб, ўзи қочиб кетди.
Омонулла ҳам қиз томон бир-икки қадам ташлаган бўлди. Лекин меҳмонларнинг
олдида ноқулай эканини ҳис қилиб ўзини аранг босди. "Қўлимга тушарсан ҳали" деди у хаёлан, сочиқ билан юз-кўзини артиб оларкан.
– Ана энди ҳақиқатдан ҳам покландингиз, ўғлим. Қўл ювиш тугул чўмилиб ҳам
олдингиз. Яна бир таҳорат бўлса ҳам ёмон бўлмасди, – деди отахон.
Меҳмонлар кулги, ҳазил-мутойиба билан гўштсиз, лекин ҳушхўр, серқатиқ ва
серқалампир угра ошини терлаб-пишиб, хўриллатиб ичдилар. Чунки тўйнинг ҳақиқий ошигача ҳали жиндай вақт бор эди...
ХОТИМА.
Меҳмонлар сўрида чақчақлашиб ўтиришган маҳали мева-сабзавотлардан териб
чиқиш ниятида отахон қўлига бир челак олиб боғ ҳовли томон йўрғалади.
Девор ёнидаги сўқмоқ йўлакдан бораркан, нигоҳи янтоқ, шўралар устини қоплаб бодринг палагига ҳам ўтиб кетган сап-сариқ чирмовуқларга тушди.
Қаҳри келди:
– Оббо, илонга ўхшаб чуваланмай ўлгурлар-ей! Қаердан пайдо бўлди экан-а, – деди чол ва ўзича ғудраниб қўйди. – Ўтган сафар битта қўймай териб ташлагандим, тавба. Ўзи илдизи йўғ-у, бошқа ўсимликларнинг тепасига ёпишиб, уларни сўриб кун кўришар экан-а, ярамаслар! Худди бизнинг муттаҳам фирибгарларимиз, порахўр амалдорларимизга ўхшаркан.
Мўйсафид шундай дея сўзлай-сўзлай сап-сариқ гижжасимон чирмовуқ таналарини тера бошлади. Уларнинг бири бодринг палагига шундай ёпишиб олгандики, тортганидапалак ҳам бирга юлиниб чиқди. Уларни яхшилаб тозалаб олишнинг иложи бўлмади.
Шу туфайли Болтавой ака мева-сабзавотларга тўла челаги ва бир ҳовуч чирмовуқларни олиб, сўкина-сўкина меҳмонлар олдига келди-да, чирмовуқни уларнинг олдига ташлади.
– Биласизларми, мана бу нима?
– Чирмовуқ, – деди Олимиддин.
Бошқалар "Нима гап?" дегандай ялт этиб қарашди.
– Ҳа, яшанг, чирмовуқ. Бу қаерда ўсади – ўсимликлар тепасида, тўғрими? Илдизи ҳам бўлмайди, бошқалар ҳисобига, уларнинг танасини сўриб кун кечиради.
– Демак, текинхўр ўсимлик денг, – дея гапга қўшилди Мирбадал.
Даврадагилар кулиб юборишди.
– Ҳа, бунақалар жамиятимизни тобора босиб бораяпти. Лекин улар асли ким? – дея атайин сўради раҳбар ва Омонулла томон кўз қирини атайин ташлаб қўйди.
– Сизу биз-да, – деди кутилмаганда Омонулла.
Яна кулиб юборишди. Лекин бу аччиқ кулгу эди.
– Баракалла, ўғлим! – деди Болтабой ака унинг елкасига қоқиб қўйди.
– Раҳмат сизга.
– Нима учун?
– Очиқ-ойдинлигингиз учун. Лекин жамиятимизда сиздақалардан кўра хавфлироқ одамлар тоифаси борки, улар... Э, қўяверинглар! – дея қўлини силтади Болтавой ака.
– Қизиқ, улар кимлар экан? – сўради ижроқўм тўра.
– Улар амал курсиларига маҳкам ёпишиб олган сохта раҳбарлар.
Мирбадал Боқиевичнинг юзи дувв қизариб кетди.
– Ҳа, тўғри, – деди Омонулла. – Баъзи онгсиз, эси паст одамлар амал курсисини
зиммага юкланган масъулият деб эмас, Худо берган, осмондан тушган бир неъмат деб билишаркан. Шунинг учун ҳам улар амал курсиларида қолиш учун ҳеч нарсаларини аямайдилар, ҳатто катта-катта пора узатишдан ҳам қайтмайдилар, тўғрими Олимиддин?
– Т-тўғри, – деди Олимиддин пешонасини тириштириб.
– Бу иллатларимизни йўқотмоғимиз керак. Агар йўқотмасак, бутун жамиятимизни қамраб ола бошлайди. Раҳбарлар амалини сақлаб қолиш учун, амалдорлар бирор юмушни битириб олиш учун, қонун ҳимоячилари қонун бузарлардан, институт домлалари талабалардан пора таъма қила бошлашади. Ҳатто болани боғчага жойлаш ҳам, мактаб битирувчиларини институтга киритиш ҳам порасиз бўлмай қолади.
Бу йигирма-ўттиз йиллардан кейин ўз оқибатини кўрсатиши мумкин. Айтайлик, бир бойваччанинг эрка боласи мактабни тугатгач, Тиббиёт институтининг жарроҳлик бўлимига пора билан жойлашиб олади. Кейинчалик ҳам отасининг пули билан бир илож қилиб диплом олди.
Бечора катта сарф-харажатга тушади. Айтинглар-чи, ундан ким чиқади? – сўради мўйсафид куюниб.
Даврадошлар жим бўлиб қолишди.
– Ким бўларди, жаллод бўлади-да! – деб юборди Омонулла даб- дурустдан.
.
– Ҳа, ўлманг! – деди мўйсафид ва сўридаги чирмовуқларни териб олди-да, "берсанг, ейман" деб турган қора тандирнинг оғзига тиқди, кейин қўлини қоқиб келиб обдастада ювиб оларкан, – Иллат белгиси бу. Келажагимизни бундай иллатлардан асраш бу бизнинг вазифамиздир, – деб қўйди.
– Жуда оширвордингиз-ку, отахон. Чирмовуқнинг фойдали томонлари ҳам бор, –
деди Омонулла кулиб.
– Қандай?
– Ибн Сино китобидан ўзим ўқиганман. Яъни, янтоқ устида ўсган...
– Янтоқни сўриб ўсган, денг, – луқма ташлади Олимиддин.
Кулги кўтарилди.
– Ҳа, янтоқнинг керакли витаминларини сўриб ривожланган чирмовуқни териб, уни офтобда обдон қуритиб, туйиб, сўнгра каппалаб ютиб юрилса, ақлни пешларкан, паришонхотирликни, телбаликни...
– Эси пастликниямми?
– Ҳа-ҳа, эси пастликни, яъни амалпарастликниям даволаркан.
– Ўх-хў, унда зўр экан-ку-а? Бўлмаса, анави тандирдагини ёқиб юборманг, отахон.
– Чирмовуқлар сероб, ҳаммаларингизга етади! Аввал манави хосиятли идишда
"Бисмиллоҳ..." деб, қўлни ювиб, сўнг "Банияти шифо, илоҳим нафсимга инсоф берсин" деб ўша ҳабдоридан каппалаб юраверсанглар, худо хоҳласа, яхши бўлиб кетасизлар.
Хуллас, ҳазил-мутойиба билан меҳмонлар қўзғалишди ва ҳозирча хайр-хўш қилиб кетишди. Болтавой ака уларни кўчага кузатиб чиқди. Мафтуна билан Омонулла ёлғиз қолишди.
– Мафтунахон, юринг, бирга чирмовуқ терамиз.
– Майли, – деди Мафтуна жилмайиб ва қўлига челакни олди.
Омонулла билан Мафтуна бир-бирига хурсанд эргашишди. Мафтуна бир
чирмовуқни узиб ҳамроҳига совға каби узатди. Омонулла уни тез олиб,
шоша-пиша чайнай бошлади. Қиз кулиб юборди. Омонулла гўё оқ сақич чайнагандай кавшана кавшана бир четга тупуриб ташлади-да, палак четида яшнаб турган оппоқ мойчечак гулларидан териб, Мафтунага узатди.
Бу мафтункор лаҳзаларга тасодифан ташқаридан кириб келган Болтабой аканинг кўзи тушиб қолди ва ўз-ўзига "Оббо, ғилдираги тешилмагур-ей" деб қўйди.
Сўнгра сўрини йиғиштираётган кампирига қараб "Анавиларни қара", дегандек имо қилди.
Онахон "Илоҳи омин, икки ёшнинг юлдузи юлдузига тўғри келгани рост бўлсин!"
дея пичирлаб юзига енгил фотиҳа тортди.
Ҳаво чароғон, Болтабой ака хонадонида муҳаббат шабодаси ғир-ғир эсарди.
ТАМОМ.
НАБИЖОН ҲОШИМОВ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2