Биз ана шу томонларини кўпроқ ўйлашимиз керак. Масалан, оддий бўёқларнинг килосини чет элдан фалон пулга оламиз. Агар буни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак иқтисодимиз гуллаб-яшнайди. Яна бир таклифим: Ўзбекистонга импорт қилинаётган кимёвий моддалар рўйхати олимларимизга кўрсатилиши ва улар ана шу моддаларни ўзимизда ишлаб чиқариш устида бош қотириши керак. Ишлаб чиқаришда грантлар берилаётганда ҳам шу жиҳатларга эътибор қаратилса яхши бўларди. Ахир Ўзбекистонда бу соҳа олдиндан жуда яхши ривожланган ва жуда кучли кимёгарларимиз бўлган.
— Чет давлатларда таҳсил олиб, ўша юртларда қолиб кетаётган илмли ёшларимизни ватанга қайтариш борасидаги фикрингиз қандай?
—Вазирлар Маҳкамасида ваколати катта бўлган бошқарма очилса ва улар четда ўқиётган талабалар билан узвий боғланиб турса яхши бўларди. Ана шу талабаларимиз ватанимизга қайтиб келганидан кейин уларга катта эътибор бериш керак. Кўпчилик раҳбарлар ўзидан ақлли одамни ишга олгиси келмайди. Бу жуда ёмон ҳолат. Бошқарма ана шуни назоратга олиб, чет давлатда ўқиб келган талабани иш билан таъминлаб, маошларини яхшилаб берса мақсадга мувофиқ бўларди. Тан олиш керак, четда ўқиётган талабаларнинг илмий салоҳияти кучли бўлади. Чунки у ёқда таниш-билишчилик йўқ, ҳамма ўз кучи билан ўқийди, изланади ва ҳаракат қилади.
Ўзбекистон ер ости ва ер усти бойликлари ва меҳнаткаш халқи билан жуда фаровон яшашга лойиқ мамлакат. Биз ана шунга эришадиган бўлсак ҳеч ким ватандан чиқиб кетмайди.
— Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яна қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?
— Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун биринчи навбатда кадрлар масаласига жуда катта эътибор бериш даркор. Чунки ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади. Масалан, кимё саноатини олиб қарайдиган бўлсак, камдан-кам кадрлар илмий унвонга эга. Корхоналарни илмий унвонли одамлар билан тўлдириш давр талаби. Чунки олим одам узоқни ўйлаб иш қилади. Қандай янги маҳсулот олиш мумкинлиги ва унинг сифатини яхшилаш масаласида чуқур ўйлайди.
Иккинчидан янгилик яратган илм одамларини рағбатлантиришни йўлга қўйиш лозим. Кейин корхоналарга махсус ажратилган илмий фонд бўлиши зарур. Илмий фонд бўйича корхона учун энг зарур нарсаларга албатта олимларни жалб қилиб, улар билан бирга ишлаш керак. Ўзбекистон хомашёга бой мамлакат. Масалан, тилла конида бир тоннадан уч грамм олтин олинса, қолган моддалар ташлаб юборилади. Ахир бу тайёр майдаланган руда-ку. Унинг ичида ўнлаб кимёвий элементлар бор. Бу рудалар Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётибди. Ўша руданинг ичида индий деган элемент бор. Бу қуёш нурини электр энергия ва иссиқлик энергиясига айлантиришда жуда қўл келадиган модда. Ахир Ўзбекистон учун шу керак-ку! Чунки электр энергия масаласида узоқ ҳудудларимиз қанчалик қийналиши ҳеч кимга сир эмас. Газ масаласида ҳам худди шундай. Шунинг ўрнига уйининг тепасига қуёш батареялари ўрнатиб қўйилса, бу муаммо ҳал бўлади. Туркия, Германия, Дания бизга нисбатан анча совуқ мамлакатлар бўлса-да, улар бундан унумли фойдалананишади.
— Нега унда қуёш батареяларидан фойдаланиш бизда оммалашмаяпти?
— Чунки сал қимматга тушади. Бу масалада давлат дотация ажратса яхши бўларди. Туркияда қиш фаслида бу батареялар билан сувни 47 даражагача иситиш мумкин экан. Бизнинг қуёш нурига мўл қишларимизда эса бу натижа ундан-да юқори бўлади. Кўмирни ёқиб, энергия оламиз ва бу билан атроф-муҳитга қанчадан-қанча зарар етказамиз. Қуёш энергияси эса энг зарарсиздир.
— Чет эллар билан патентлар масаласида ҳам шартномалар тузилаяптими?
— Германия ва Россия билан доимий ҳамкорликда ишлаяпмиз. Яқинда Россияда докторлик диссертациясини ҳимоя қилишда оппонентликка чақиришди. Борганимда энг яхши илмий жиҳозлар рўйхатини олиб келдим. Қанийди шундай жиҳозлар бизда ҳам бўлса... Оппонент бўлганда бир нарсани сездимки, уларнинг 60-70 фоиз ишини жиҳозлар бажарар экан. Бизда эса тескариси. 30 фоизини жиҳозлар, қолган 70 фоизи қўлда бажарилади. Худо хоҳласа, Жанубий Корея билан ҳамкорликдан жуда яхши натижалар кутилаяпти. Ишонаман, Ўзбекистон кимёси ҳали дунёда яна ўз сўзини айтади.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев