📝БУЛУТЛАРГА ҚИЛИНГАН ИШОРА
Кунлардан бир куни бойлардан бирининг эшиги очилиб, ундан бир қул чиқди. Қўлида бир товоқ тўла қаймоқ бор эди. Каъба томонга тўғри йўл олди. Юзида акс этаётган ифодани тушуниш қийин эди. Юраги сиқилган, истаган нарсасига эришолмаган бир кишига ўхшар эди. Каъбагача келди. Бир тўда бутларнинг орасидан ўтди. Хўжайини исмини айтган бутнинг қошига борди, товоқни унинг олдига қўйди ва орқасига қайрилди.
Бу қаймоқ хўжайини томонидан, ёмғир ёғишига шафоатчи бўлар, деган умидда бу бутга берилган бир порадек гап эди. Эҳтимол, бу қаймоқнинг ҳурмати учун еру кўкнинг эгаси бўлган Улуғ Мавлога ёлворар, ёмғир ёғдириш изнини олар. Қул қуп-қуруқ жонсиз тошнинг олдида истар-истамас қолдирган қаймоқдан ҳеч кўзини узолмасди. Шу тариқа ўн беш қадамча орқага юрди, ўтирди: жуда ғамгин эди. Бу биринчи марта келиши эмасди. Шу кунгача қанча-қанча тансиқ ноз-неъматлардан олиб келган, бу жонсиз тошнинг олдига юраги ачиша-ачиша қолдириб кетган.
Умри бўйи жон дили билан хизмат қилган бу уйда ўша хошчалик қадри, ҳурмати йўқ эди унинг. Шу товоқда келтирган қаймокдан на бирон марта татиб кўрган ва на татиб кўриш учун таклиф этилган. Қаймоқ ўрнига еган калтакларининг эса, сон-саноғи йўқ. Елкасидан еган калтакларининг қатор-қатор излари бор. Доимо беминнат хизмат қилган, хизмати эвазига хўрланган, камситилган, уриб, дўппосланган. Ҳолбуки, бу жонсиз тошнинг у оилага берган ҳеч қандай фойдаси йўқ. Аммо дунёқараши тор бўлган хўжайини ҳар сафар фурсати келганда, энг тансик ноз-неъматларни унга жўнатишдан тийилмас эди.
Мабодо эшитиб қолсалар, қамчилар остида ўлдириб юбормасликларига ишончи йўқ, бўлмаса, ўтириб бу қаймоқни маза қилиб ейишга рози эди у. Аммо юрак-юрагигача сингиб кетган кўрқув ҳисси бунга йўл қўймади.
Ўтириб, ғам-андуҳ ва ҳасрат билан қаймоққа қарай бошлади. Кўп ўтмай, югуриб келган бир кучук қаймоқни тўйиб, зўр иштаҳа билан паққос туширди. Салдан кейин оёғини кўтарди ва бутнинг устини булғаб, яна югуриб кетди.
Қулнинг бутун вужуди титраб кетди, юрагига муздай сув сепилгандек бўлди. Ичи ёнди. Чунки оғзининг суви оқа-оқа, ҳидлаб-ҳидлаб келтирган, аммо бир луқма олиб ейишга ҳам журъат қилолмаган қаймоқ бир кучукнинг нафсига ем бўлган эди. Аммо шундан кейин итнинг тап тортмай, бутни ҳўллаб кетиши унга берилган жазо, ундан олинган ўчдай таъсир қилди. Турли бемаъни одатларга бой бу шаҳарда қанчадан-қанча озиқ-овқат, совға-саломлар бутларга ҳадя этилар, аммо ноз-неъматларнинг ҳузурини дайди мушуклару итлар кўрар эди.
Эрта тонгдан бошлаб куни бўйи, баъзан кечалари ҳам қошларига келиб, сажда қилиб, ёмғир сўраганлар етарли даражада ёлворганликларига, лозим бўлган даражада илтижо этганликларига ишонгач, у ердан кетишар, аммо келганларида қанчалик лоқайд ва сокин бўлсалар, кетганларидан кейин ҳам шунчалик ҳиссиз қолган бутларнинг устларини ҳўллаб кетадиган итларни қувиб юборишга ҳам ожиз бўлган тош парчалари эканликларига ё ақллари етмас, ё парво қилмас эдилар.
Берилган ҳадялар, қилинган назру ниёзлар, ҳамма-ҳаммаси бекор кетди. Кўкда ҳамон на бир парча булут, на ёмғирдан дарак бор эди. Ер яна сувга чанқоқлигича ҳасрат ичида қолди. Ҳайвонлар очликдан азобланиб, сувсизликдан қийналиб қолавердилар.
Қаерда бир суҳбат ёки йиғин бўлса, ягона муаммо қурғоқчилик эди. Қўлдан келган барча чоралар синаб кўрилгани, аммо ҳеч қандай натижага эришилмагани баҳс этилар, илоҳларнинг кўнгилларини ололмаганликларидан сўзлашар эди. Бу орада икки йилча олди Абдулмутталибнинг Абу Қубайсда ўқиган ёмғир дуосини эсладилар. Ҳозир орамизда бўлса эди, яна ёмғир дуосига чиқишни таклиф этардик, деганлар бўлди.
Ахийри Ҳошим ўғилларининг йўлбошчиси Абу Толибга илтимос қилишга қарор берилди. Нима бўлганда ҳам Абу Толиб
Абдумутталибнинг ўғли эди. Унинг қони жўш урарди юрагида. Абу Толиб уйига келган бир қанча қурайш қарияларини илтифот билан ичкарига таклиф этди. Саломлашдилар. Келганлардан бири:
– Сенинг ҳузурингга бош уриб келишимизнинг асл сабаби, эй Абу Толиб, ёмғир дуосига чиқишингни сўрашдир. Ўзинг ҳам кўриб турганингдек, сувсизликдан қирилаётирмиз. Ҳайвонларимиз ҳолдан тойди. Биз учун ёмғир дуосига чиқсанг, қандай бўларкана?!
Абу Толиб бу таклифни ўринли деб топди:
— Бажонидил розиман. Аммо бизнинг кучимиз дуодан бошқасига етмайди.
Салдан кейин уйидан чиқди. Ёнига суюкли жиянини олиб, йўлга тушди. Каъбага келди, Каъбанинг деворига суянди. Бошини кўтарди ва дуо қила бошлади. Халқ унга қўшилиб такрор-такрор «Омин» деб турди. Ҳар доимгидек, бу кун ҳам осмон булутсиз эди. Дуо қабул бўлган такдирда икки-уч кун ичида ёмғир ёғиши мумкин эди. Абу Толиб бутларга эмас, Жаноби Ҳаққа илтижо қиларди. Зотан, улар Жаноби Ҳақнинг борлигини тан олишар, бутларни эса, Оллоҳ таоло билан одамлар ўртасидаги воситачи, ҳомий деб билар эдилар.
Шу аснода Абу Толибнинг ёнидаги маъсум гўдакнинг ҳам кўлларини кўтариб, бармоқлари билан кўкка ишора қилгани маълум бўлди. Бу ишора билан кўкда кўринган бир нарсани кўрсатардими ёки Буюк Яратувчи томонидан кўтарилган эдими у қўлчалар? Бу ҳақда ҳеч ким билмайди. Аммо яхшилаб қараганларида, Муҳаммад бармоғи билан кўрсатган томонда бир булутнинг уфқдан ошиб ўтгани ва шамол тезлигида илгарилаб келаётгани кўринди. Орқасидан такрор ва такрор пайдо бўлган булутлар уни таъқиб эта бошладилар. Кўп ўтмай, Макка устини қора булутлар қоплади. Абу Толиб ҳали дуосини тамомлаб ҳам улгурмаган эди. Пастга тушган бир неча ёмғир томчиси шодлик қичқириқларига сабаб бўлди. Баланд овозда янграётган «Омин» сўзлари бу сафар севинчга тўла эди. Ёмғир дуоси учун тўпланганларни ёмғир тарқаб кетишга мажбур этди. Юзлардан оқаётган томчилар ёмғир суви эдими ёки шодиёна кўз ёшларими, буни фарқлаш қийин. Гарчи дуони Абу Толиб ўқиган бўлсада, Қодир Эгамиз ёмғирни кимнинг хурмати учун берди?!
Абу Толиб бу саволнинг жавобини жуда яхши биларди...
Ўша кеча кўпгина оилаларда Абу Толибнинг дуога чиққани тўғрисида баҳс юритилди.
Зотан, дуони бошидан охиригача ўз қулоқлари билан эшитганлар бор эди. Улар Абу Толибнинг қайта-қайта:
— Оллоҳим, ушбу маъсумнинг ҳурматига, Оллоҳим, бу етим ҳурмати... — дея ёнидаги нурли гўдакни шафоатчи қилганидан хабардор эдилар.
Улардан бири:
— Нима бўлса ҳам, у бола бармоқлари билан кўкка ишора қилгач, бўлди. Гўё кўкдан булутларни бу ёққа чорлагандек кўринди менга, — дерди.
Бошқаси:
— Бу болада бир гап бор. Икки йил олдин Абдулмутталибнинг дуосини эшитган эдим. У ҳам «Бу етим ҳурматига...» деб дуо қилган эди, — деди. Аёллардан бири:
— Хўш, бутларимизчи? Бутларимиз нима қилди? —деб сўради.
— Нима қилардилар, ҳеч нарса, — деди унинг эри. Бошқа бири янада очиқроқ қилиб айтди:
— Яъни, тош қотиб туравердилар.
Ташқарида ёмғир ҳамон селдек қуярди...
Аҳмад Лутфийнинг "Саодат асри қиссалари" китобидан.
Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев