( Ўқинг, сизга илиндим таъсирли ва йиғлатадиган ҳикоя)
Изғирин қиш оқшоми.
Совуқга чидаб бўлмайди. Қақшатгич изғирин изиллатаяпти. Онда-сонда йўлдан ўтаётган йўловчилар палто-пўстинларининг ёқасини кўтариб олиб, тез-тез юриб кетаяпти. Биров уйига шошиляпти, бирови бориши зарур бўлган жойга ошиқаяпти, йўловчиларнинг бари кўчада мажбуриятдан юрганлар эди.
Фақат совуқни писанд қилмаётган ўйинқароқ болалар ҳар томонга чопар, қорбўрон ўйнардилар. Совуқ тун завқини шу беғубор болалар туяётгандилар. Бир бирига юмалоқланган қор отиб кулар, шодон қийқирардилар.
Лекин шу атрофда яна бир бола бор эдики, унга ўтган-кетган эътибор бермас эди. Кичкинагина қизалоқ эди у. Бошяланг, кийимлари йиртиқ-ямоқ, йўқсилгина қизча. Эшик олдида мунғайиб, оёқларини қучиб, совуқдан қалтираб, дийдираб ўтирарди. Қизалоқ устида ўтирган тош муздай совуқ эди.
Мурғак қизалоқ гўёки бир муз парчасига айланган эди.
Олдига қўйилган қути қопқоғи устига терилган гугурт қутиларига термулиб ўтирган қизалоқнинг кўзларидан совуқданми ё йиғиданми ёшлар оқарди.
Қизалоқ гугурт сотарди. Ўша куни ҳатто бир қутигина ҳам гугурт сота олмаганди. Сотиб бирор чақа пул топса, уйига кирар, онаси билан бирга бир косагина ёвғон шўрва ичарди.
Кетолмасди. Чунки кун бўйи битта ҳам гугурт сотолмаганди.
Совуқдан, аламдан титраганча, ғамгин, ингичка овозда “Гугуртлар бо-о-ор” дея бақирарди. Аммо кўчадан ўтаётганларнинг ҳеч бири бошини кўтариб унга қарамасди. Ҳеч бўлмаганда оёқчаларида шиппак бўлса эди-я. Бироз аввал кўчама кўча кезаётиб, шиддат билан келаётган автомашина олдидан югуриб ўтган эди, шиппаклари оёғидан учиб кетди. Машина ўтиб кетгач, орқасига ўгирилиб шиппакларини олмоқчи бўлди, аммо бир безори бола уларни олиб қочаётгани кўрди.
Орқасидан чақирганди, бола қочиб кетди. Гугурт сотадиган қизалоқ бир уйнинг кираверишида, қунишибгина ўтирди. Бармоқлари совуқдан қотиб қолган эди. Совуқнинг иззиллатаётган оғриқларига дош беролмади қизча. Қутилардан бирини очиб, гугурт донасини олди. Бармоқлари увишиб, гугурт чўпини аранг тутиб турарди. Қўллари титраб гугуртни деворга сийпалади. Ўт олди, ёқимли, иссиқ оташ. Шўрлик қизалоқ гугурт чўпини бир қўлидан иккинчи қўлига олиб, бармоқларини иситди. Қўли исиганди гўё ичига ҳам тафт киргандай бўлди. Худди гур-гур ёнаётган ўчоқ қаршисида тургандек тани яйради. Гугурт оловига тикилганча рўёларга берилди; Шинам бир хонада, иссиқ ўчоқли печ олдида ўтирарди. Орқасига қалин, жунли рўмол ташлаган, оёқларида пахмоқ, иссиқ шиппак кийган эди...Исиди, ҳатто терлай бошлади. Гугурт чўпи сўнарди. Унинг сўниши қизалоқнинг ширин хаёлларини ҳам тўзғитди. Қизчанинг бармоқлари яна совуқдан қотиб, жизиллаб оғрий бошлади. Яна бир гугуртни ёқди. Шу орада совуқ шамол эсди.
Гугурт чўпи сўнишидан чўчиган қизалоқ деворга ўгирилди ва бир қўли билан чақнаётган ўтни пана қилишга уринди. Оловга тикилар экан гўё қаршисидаги девор олиниб, оралиқ очилди. Ичкари кўринди. Хона кенг эди. Қордек оппоқ дастурхон ёзилган хонтахта устида ҳар хил тансиқ ноз-неъматлар иштаҳани қитиқлаб, кумуш шамдонлардан таралаётган нур хонани ёритаётганди. Қизалоқнинг кўзлари дастурхон ўртасидаги қип-қизил қовурилган товуқ гўштига тушди. Оғзининг суви оқди. Қўлларини дастурхонга узатди.
Гугурт чўпи ёниб-битганди. Бармоқларини куйдирарди. Қизалоқ чўпни ерга отиб юборди. Чўп билан бирга дастурхон ҳам ўчди-кетди. Кўз олдида тош девор яна аввалги ҳолига келди. Учинчи гугурт чўпи яна бошқа тушларни пайдо қилди. Ёз оқшоми. Қизалоқ қирда, дарахт тагида ўтириб юлдузларни томоша қиларди. Тун бўлса-да ҳаво иссиқ. Остидаги тупроқ кундузи қуёшдан қовжираган, тандирдек ёнади. Қизча кўзларини юлдузлардан олмасди. Кўршапалаклар ҳар ёнга учар, қурбақалар қўшғини куйлаб тинмасди. Шу пайт бир юлдуз учди. Кўк юзида камон тортиб, узоқлашиб сўнди. Қизалоқ “Эҳ, яна кимдир ўлди” дея минғирлади. Момоси “Осмонда юлдуз учса, ерда кимдир ўлади” деганди. Момосини кўриш учун яна бир гугурт чўпини ёндирди. Совуқдан хотираси узилган, мияси идрок этмасди. Қизалоқ йўл ўртасида турганини билмас, рўёларга берилган эди. Гугурт чўпи оловининг оташлари ичида момосини кўргандек, овозини эшитгандек бўлди. Ана, момоси келяпти. Паға-паға ёғаётган қорлар орасидан оппоқ фаришта каби ерга қўнаяпти у. Келди... Келди...
Қўлларини очиб неварасини қучоқлади ва олди, осмонга кўтарди...
Эртаси куни эрталаб йўлдан ўтганлар бир уй остонасида қотиб қолган қизчанинг ўлигини топиб олдилар. Боши устида бир нечта гугурт доналаридан бўшаган қутилар ётарди. Шўрлик қизалоқ, исиниш учун гугурт доналарининг ҳаммасини ёқибди,- дейишди одамлар. Аммо бу чўплар оташида қизалоқ қандай ширин тушлар кўрганини билмасдилар...
Ҳилол Ажар
Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев