(ҳикоя)
Муалиф: Хонбиби Ҳиммат қизи...
Эсимни танибманки, отажонимнинг тиззасидан тушмасдан овқатланардим. Гоҳида онам мени койиб қўярди. Шунда отам
:— Анорой, мени онашимни урушма.
Бу ҳали шундай бир қиз бўлсинки, биз фахрланиб юрайлик, — дерди
.Афсуски отажонимизга камолимизни кўриш насиб этмади.
Тўрт ярим ёшимда меҳрибонимдан айрилиб қолдим.
Энди талпиниб қучадиган, мени кўтариб боғ кезадиган падарим йўқ. Гоҳида отажонимни соғинганимда онамга хархаша қилсам, Пирмамат акам мени даст кўтариб оларди.
Мен бўлса қочишга ҳаракат қилардим.
Пирмамат акам менинг кўнглимга қарайман деб, доим ишдан қайтаётганида ширинликлар, ўйинчоқлар кўтариб келарди.
Мен эса уларни улоқтирардим.
Эсимда, қиш яқинлашган пайт эди.
Акам ҳаммамизга пойафзал олиб келиш учун оёғимизни ип билан ўлчаётганди.
— Мен ҳам дўконга бораман, — деб туриб олдим.
— Ўзим кийиб оламан.
Отам шундай қиларди.
Акам онамга ялт этиб қаради.
Онам “олиб бор” дегандек имо-ишора қилди.
Шундай қилиб, акамга ўз “ҳукм”имни ўтказдим.
У фақатгина мени дўконга олиб борди.
Ўзим чиройли бир этикни танлаб, кийиб кўрдим.
Аммо унинг нархи қиммат экан.
Шунда акам менга бошқа бир этикни кўрсатиб, уни оёғимдан ечишимни талаб қилди. Мен бўлсам акамнинг ҳолатини тушунмасдан ҳар доимги хархашамни бошладим.
Хуллас, ноилож қолган акам мен учун ўша қиммат этикни харид қилди. Кейин эса бошқаларга ҳам сотиб олди.
Уйга янги этикда хурсанд бўлганимча кириб бордим.
Уйдагиларга уни роса мақтадим.
Бироқ мени деб ўша йили акамнинг ўзи этиксиз қолди.
Қишни туфлида ўтказди.
Шунда ҳам бир оғиз гина қилмади.
Пирмамат акам оилада тўнғич фарзанд бўлганлиги учун рўзғордаги барча ташвишларни онам билан бараварига ўз бўйнига олганди. Оиламизга керакли бўлган ҳамма нарсаларни онам билан маслаҳатлашиб сотиб оларди.
Биз улғайдик.
Энди қизларни узатиш ҳам акам ва онамнинг гарданида эди.
Акам бизларни ҳеч кимдан кам қилмай турмушга узатди.
Укаларини уйлантирди.
Бугун тўрт қиз ҳам оилали, фарзандлимиз.
Энди ўзимнинг болаликдаги тантиқликларимни фарзандларимда кўрсам, жаҳлим чиқади. Шунда пайтда кўз олдимга акам келади.
Уларнинг сабр-тоқатига қойил қолмасдан иложим йўқ.
Акамнинг ҳам тўртта фрзанди бор. Бири-биридан ақлли, босиқ, сабр-бардошли. Отасига ўхшаган.
Бир куни синглим Нозигулникига бордим. Тўнғич қизи Ситора аясининг бўянадиган пардоз қўтичасини маҳкам қучиб олибди.
— Қизим, сен ҳали кичкинасан. Катта бўлганингда ўзим сенга бунданам чиройлисини олиб бераман. Буни эса ҳозироқ жойига қўй, — деса ҳам қўлидагиларини бермасди.
Она-болани бироз кузатиб турдим.
— Қанақа тушунмайдиган бола бўлдинг!
Қўлингдагини қўй жойига!
Ҳей, қиз бўлмай кет!
Кимга ўхшагансан, билмадим, — деди-да, Нозигул қизининг қўлидагиларни мажбурлаб олиб қўйди.Ситора йиғлаганича аразлаб ҳовлига чиқиб кетди.Мен кулиб юбордим
.— Нозигул, сен болангдан хафа бўлма!
Ўзинг ҳам кичкиналигингда худди шундай эдинг, — дедим кулгидан ўзимни зўрға тўхтатиб.
— Эсингдами, Инобат опамнинг бўянадиган нарсаларини олволиб, “Бермайман. Бу энди меники!” деб туриб олгандинг. Опам иккаламиз зўрға қўлингдан тортиб олганмиз.
Қизинг ҳам худди болалигингни эслатди. Ўзинг бўлибди.
Шу куни опа-сингил гапдан-гап чиқиб, акамга бемаъни хархашалар қилиб, қанчалар озор берганимизни эсладик...
Ҳа, энди-энди акалар ҳам ота ўрнини босишини тушуниб етдик.
Тўйлар қилсак, албатта, акамизга биттадан тўн кийгизишни ният қилдик. Синглимникидан қайтдим. Уйга бориб, оиламиз учун тутган альбомимни варақладим. Мана, альбомдаги менинг қайсарлигимни эслатувчи ҳар хил суратлар. Яхшиямки, шу бор экан. Бўлмаса болалигимни яхшироқ эслай олмасмидим. Айниқса, акамга берган озорларимни.
Отажонимдан айрилиб қолганимдан сўнг онажонимнинг этагини тутиб юрардим. Онам қаерга борса, мени ҳам ўша ёққа судрарди. Чунки олиб бормаганларига қўймасдим. Онам бирор жойга боришини, уст-бошларини кўчалик кийим-бошга алмаштирганидан сезардим. Бир куни уйимизга қандайдир кишилар келишди.
Онамга нималардир дейишди.
Афсуски мен уларнинг гапларини эшитмай қолдим. Улар кетишгач, онам кийимларини ўзгартириб, бошларига катта оқ рўмолини ёпиниб олди.— Қаерга кетаяпсиз? Мен ҳам бораман, — дедим тумшайиб.— Айноқхўжага (қабристонимизнинг номи) бораяпман! Қоч йўлимдан! — деди онам.Кейин опамларга қиладиган ишларини тушунтириб, менга эътибор ҳам бермасдан кўчага чиқиб кетди.Мен ҳам ортидан эргашдим.— Уйга қайт, эси йўқ қиз! Мен таъзияга бораяпман! — деди онам худди мен тушунадигандек. Ўшанда “таъзия” деган гап нима эканлигини билмасдим. Шунинг учун “Менам бораман, ўша ерга” дея тўнғилладим. Онам йўловчи машинага ўтириб кетворди. Ортидан йиқилиб-суриниб югурдим, етолмадим. Кейин ўша машинани қора қилиб кетавердим. Анча йўлни босиб қўйдим. Машина ҳам кўринмай кетди. Бир пайт ортимдан ҳаллослаганича акам етиб келди. Мени алдаб-авраб зўрға йўлдан қайтарди...Акажон, бир умр сизга таъзим қиламан. Сизга етказган озорларимни жуда кеч англадим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев