Бундан беш-олти йиллар нарида зулм авжига чиққан даврлар эди. Мактаб у ёқда турсин, кўчада ҳижобда юриш муаммо бўлиб қолганди. "Поликлиника" ва бошқа шу каби давлат муассасаларига эълонлар ёпиштириб, "ҳижобда кириш таъқиқланади", деб рўмоллик аёлни расми устидан қизил чизиқ тортиларди.
Ўша даврларда бир акамиз қизларини машинага солиб, парда тортиб олиб юришарди. Мактабга борса - ҳижобини ечтиради. Рўмолда борса - очиқчасига ёзиб беради. Бормаса, уйига мелиса келади. Ўшандай даврларда ҳам иложини қилиб, мактабига пул бериб, уйига репетитор олиб келиб ўқитишган.
Ўша даврда икки ўртоқ шу борадаги муаммоларни гапириб, дардлашиб ўтиришганида, бирлари иккинчисига айтган экан: "мени қизларимни нархи қиммат туради".
Ҳақиқатда шундай. Ўғил бола катта бўлгани сари эркак бўлиб, жамиятга қўшилиб боради. Қиз бола катта бўлгани сари оталарда масъулият янада ортиб боради. Қиз бола омонат эканлигини ота яхши билади. Уни эгасига топширгунига қадар таҳликада юради.
Мактабдаги расво муҳит, коллежлардаги бузуқликлар ҳақида ота яхши билади. Гул каби ўстираётган қизига бу нарсаларни тушунтиришга, уни ўкситмасликка ҳаракат қилади. Авайлайди, асрайди. Нафақат эркаклар ичида юришидан, балки, эркаклар нигоҳидан асрайди. Бугунги кундаги муҳит оталар масъулиятини янада оширади.
Турли-туман кўнгил очар масканлар, телефон, ижтимоий тармоқлар... Барча барчасидан қизини иҳота қилишга, шу билан бирга замондан ортда қолмаслиги учун барчасини бирдай тушунтириб боришга интилади.
Кун келиб нархи қиммат бўлган қизларга икки пулга қиммат йигитлардан совчи кела бошлайди. Ота иккиланади... Танлайди. Тақдир қилганига турмушга беради.
Ўша куни оталар йиғлайди. Қизини қадрини эслаб бир йиғласа, гулини бировга тортиқ қилганига икки йиғлайди. Масъулиятдан қутулгани учун, юзи ёруғ бўлгани учун юз йиғлайди.
Қизини, бўлиб ҳам ҳеч ким ҳидламаган, биров ҳали кўрмаган қиммат нархдаги гулини арзон одамларга тортиқ қилган отани ҳолини тасаввур қила оласизми?
Бегона нигоҳлардан асраган қизини бир даъюс ҳаммага кўз-кўз қилади.
Пешонасидан ўпиб, қўлини фақатгина қизини юзларини эркалаш учун узатган отага, арзон эркакни шапалоғи тушгани хабари келади.
Эркак деб куёв қилгани ҳезалак бўлиб чиқади. Онасини гапини қилиб, аёлига зулм қиладиган, ўзини оиласини ҳимоя қила олмайдиган ЭРКАККА қизини ҳадя қилганини тушуниб етади.
Санасангиз минглаб бундай мисоллар бор. Бугунги жамият ва муҳитда солиҳа деган номга муносиб, аёл деган табаррук номга шараф билан эгалик қилаётган, қийинчилик даврларида ҳам ҳижобини ечмаган, динида қоим бўлган қиммат турадиган муслималарга қиммат турадиган жаннат бўлсин.
Бу жамиятда саломат қолиш жуда қийин бўлиб қолди. Муҳит барчани бирдай ўз домига тортиб кетяпти.
Шундай ҳолатларда ҳам аҳдига содиқ турганларга қиммат куёвлар насиб қилсин.
Омонатларни эгасига топширгунга қадар Аллоҳ синовлар билан синамасин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2