Улар чироқлари ўчирилган, зулматдан-да даҳшатлироқ, қўрқинчлироқ, совуқроқ хонада икки кишилик юмшоқ диван четида ўтирганча сукут сақлашарди. Ҳар бири ўз хаёли билан банд. Ҳеч ким биринчи бўлиб гап бошлашга шошилмасди…
Салтанат ёнида қунишибгина ўтирган эри Шавкатнинг юзини ўзгача меҳр билан силади. Шу аснода муҳаббатга тўла умидвор нигоҳи Шавкатга қадалганди.
«Майли, индамаса ҳам розиман, — дерди хаёлан Салтанат. — Бегим ёнимда ўтирибди-ку! Мана, ҳасми ҳалолим. Шўрлик, бу шафқатсиз, золим ҳаётнинг оғир юкларини орқалайвериб озиб кетди. Кўзлари киртайди. Мараз Ҳалима ёқаси тоза кўйлак ҳам кийдириб қўймабди. Шуям хотинми? Шундай Шавкатим, арслонимни ҳам кир кўйлакда кўчага чиқарадими? Эҳ, кундош, кундош! Ишқилиб, сенга Худойимнинг Ўзи инсоф берсин! Агар келаси сафар ҳам уни шу аҳволда кўрсам, билиб қўй, икки қўлим ёқангда бўлади…»
— Нега жимсиз, бегим? — ниҳоят, ортиқ сукут сақлашга бардоши етмай Салтанат Шавкатнинг икки елкасидан тутди. — Қандай ташвишки, сизни шунчалар индамасга айлантирди? У дилингизни сиёҳ қиляптими ё?..
— Жиннимисан? — Шавкат ижирғаниб Салтанатнинг қўлини юзидан олиб нари сурди-да, афтини бужмайтирди. — Ҳеч ким мени ранжитгани йўқ. Ҳалима жуда меҳрибон, дидли аёл.
— Нега унда ёқаси кир кўйлакда уйдан чиқарди? — сўради Салтанат қовоқ солиб. — Дидли хотин шунақа бўладими? Эрининг устидаги кийимларга қарамайдими? Ечинг, ҳозир ювиб, қуритиб, дазмоллаб бераман.
— Эсинг жойидами? — уни жеркиб берди Шавкат. — Менга яна ортиқча ташвиш туғдирмоқчимисан? Ҳозир бориб алмаштирволаман кўйлагимни. Ишинг бўлмасин!..
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, Шавкат аста ўрнидан қўзғалди. Салтанатнинг кўзлари жавдирарди. Шавкатнинг яна бироз ўтиришини жуда-жуда хоҳларди-ю, истагини тилига кўчиришдан аранг тийилиб турарди. Маҳрамини ранжитиб қўйишдан чўчирди. У ранжиса, юраги ғаш тортиб, юзи тундлашишини ўйлагани сайин ич-этини ерди.
— Шалола боғчадан келса, ўпиб қўярсан, — деди Шавкат бош қашиб. — Мен кетдим энди…
— Бўпти, — деди Салтанат йиғлагудек бўлиб. — Албатта, ўпиб қўяман. Даданг сени сўради, деб айтаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Вақтида нонушта қилинг. Биласиз-ку, нонушта қилмасангиз, бошингиз оғриб қолади.
— Бўпти, ҳадеб ғалчалик қилаверма, — дўқлаган оҳангда сўз қотиб эшик томон йўналди Шавкат. — Яхши ўтиринглар!
— Яхши боринг, бегим! Илойим, сизни Худонинг Ўзи асрасин!..
Шавкат кетди.
Аммо Салтанатнинг юрагини узиб, олиб кетгандек бўлди. Аёл энтика-энтика, ўпкаси тўла-тўла, кўзларидан аччиқ ёшлар оқа-оқа анча пайтгача қараб қолди. Шунчаки қараб қолмади. Бўғзига тиқилганча туриб қолган фарёд вужуд-вужудига сингиб, Салтанатни титрашга, чайқалишга, телбаларча сўзланишга ундайверди.
«Йўқ, мен бундай қилмаслигим керак дея, ниҳоят, ўзини сал қўлга олиб Салтанат. — Шавкат акамнинг чеҳраси очиқ. Кўзларида ҳаётдан миннатдорлик аломатларини кўрдим. Бундан хурсанд бўлишим керак-ку! Хўш, ўша хотинга уйланиб олган бўлса нима қипти? «Эркак киши — ит киши», деб бекорга айтишмаган. Лекин Шавкат акамни ҳеч қачон ит киши демайман. У шунчаки… Ҳаётда адашди, холос. Эртами-кечми, барибир, бир кун хатосини англаб етади ва уйга қайтади. Ҳой, шайтон, мени йўлдан ураман, деб ўйлама. Сендақаларни Шавкат акамнинг босиб кетган изларигаям олмайман».
Шу пайт узоқдан ўзига таниш аёл келаётганини кўрди-ю, Салтанат шоша-пиша кўз ёшларини енгига артиб, маъюс жилмайди.
«Вой, синглим Сабина-ку, — ўйлади жонланиб. — Хайрият-эй! Келаркан-ку!.. Ўргилиб кетай ўзимнинг сариқсоч синглимдан!..»
Орадан ҳеч қанча ўтмай, Сабина унга яқинлашиб келди-да, Салтанатни маҳкам бағрига босди.
— Ўзимнинг «лох» опамдан айланай, — деди Сабина киноя аралаш. — Тағин анави «шестёрка» эрчангиз келиб кетганга ўхшайди-а? Шунга кўчага чиқволиб телбадай турибсизми? Нега индамайсиз, опа?
— Ҳадеб ўрисча гапларингни гапираверма-да, — деди синглисининг икки юзига кафтларини босиб Салтанат. — Биласан-ку, мен унақа гапларни тушунмайман! Юр, уйга кирайлик! Ўзим ҳам зерикиб ўтиргандим. Яхши бўлди келганинг!..
Ичкарига киришгач, Сабина опасининг киртайган кўзларига, йиғлайвериб шишган қовоқларига ачиниш аралаш тикилиб турди-да, яна ўзи биринчи бўлиб сўз бошлади:
— Опа, қачонгача ўшани кутиб яшайсиз? Устингизга хотин олволди. «Нагло» олдингизга похол солиб кетди. Барибир, ўшани деяверасизми? Сизда ғурур борми ўзи? Хафа бўлманг-у, ўрнингизда бўлсам, Шавкатни аллақачон судга бериб адабини бердиртирардим. Қаранг, қизи Шалоланиям ташлаб кетди. Бир тийин бермаётганини кўрмасам ҳам биламан. Фақат тонманг!
— Бу нима деганинг? — Салтанат синглисининг қўлларини юзидан олиб ташлади-да, нари сурилди. — Поччанг-а, поччанг!
— Поччамас у, қаро ер! — дея қўл силтади Сабина. — Нега тушунмайсиз! Қайси дунёда туғилгансиз ўзи, опа? Наҳотки кўрмаяпсиз? Наҳотки қалбингиз азобланмаётган бўлса? Кўзингизни каттароқ очинг, опа!..
Бу гаплардан сўнг Салтанат дафъатан ўрнидан туриб кетди. Бирпас гезарганча Сабинага тикилиб турди-да, нарига ташланган сумкачани қўлига олиб синглисига тутқазди.
— Жон синглим, кетақол энди, — деди бошини сарак-сарак қилиб. — Агар мени яхши кўрсанг, кетақол! Уйингдагилар, эринг қидириб қолишади. Қайнонанг қариб қолган. Туртиниб-суртиниб ўзи овқат пиширадими сен бўлмасанг? Йўқ, кетмасанг бўлмайди. Мени… Мени қўявер!.. Мен-чи, яхшиман! Ана, боягина Шавкат акам келиб кетди. Шалоламни сўради. Сен… Поччангни ҳақорат қилмагин, сингилжон! У сени жуда яхши кўради. Нуқул «Сабинахон яхшими?» деб сўрагани-сўраган.
— Яхши кўрмай ҳар бало бўлсин ўша бузуқи, — дея аста ўрнидан турди Сабина. — Сизга ачинаман, холос. Шунинг учун гапирдим-да, опа! Мендан ранжиманг! Жигарингизман ахир! Шалолага ачинаман!
— Хавотирланма, — деди Салтанат унинг икки елкасига қўлларини қўйиб. — Биз жуда яхшимиз. Бирор кун қоладиган бўлиб келсанг, гаплашиб ўтирамиз!
— Майли, яхши қолинг! — дея кетишга чоғланди Сабина. — Ўзингизни эҳтиёт қилинг!.. Эҳ, ўзимнинг «лох» опам-эй!
Сабина сўзлана-сўзлана ташқарига чиқди. Салтанат эса жойидан жилмади.
Тиззаларигача дағ-дағ титраб, кўзлари қайтадан жиққа ёшга тўлганча хона деворига суяниб қолди.
У йиғлашни, ўкириб-ўкириб фарёд чекишни хоҳларди.
Орадан уч кун ўтди. Дам олиш куни бўлгани боис Шалола боғчага бормаганди.
Салтанат қизалоғини чўмилтириб, сочларини ҳавас билан турмаклади. Худди сезган каби ўзи олиб берган ҳарир кўйлагини кийдирди. Шундан кейин нари борса бир соатча вақт ўтди.
Кутилмаганда ташқари эшик тақиллади. Салтанат ҳовлиққанча йўлакка чопқиллади рўпарасида Шавкат кулимсираб турганига кўзи тушдииб, юз-кўзларига табассум югургилади.
Лекин Шавкат ёлғиз эмасди. Уйланиб олган аёли билан бирга келганди.
Салтанат лаб бурибгина турган бу аёлга кўзи тушгани ҳамоно ўзи сезмаган ҳолда чеҳраси тундлашди. Бироқ бу ҳолат узоққа чўзилмади. Мажбуран бўлса-да, Шавкатга қараб жилмайди.
— Таниш, Салтанат, — деди Шавкат орқароқда турган аёлга ишора қилиб. — Бу Ҳалима. Ҳалима, бу Салтанат!
Икки аёл бир-бири билан ёвқараш орқали сўзсиз салом-алик қилди. Гарчи Ҳалима ҳамон лаб буришдан тийила олмаётган бўлса-да, Салтанат эътибор бермасликка интиларди. Аёлнинг ўзига қур-қур масхараомуз назар ташлаб қўяётганини ҳам кўрганди. Кўр эмас-ку!..
Бироқ кўрмасликка оларди, холос. Шавкат акасининг хижолатда қолишига, мулзам тортишига сира йўл қўя олмасди. Шу сабабли ҳам ўзини босарди. Ясама жилмайишлардан тийилмасди.
Шу аҳволда бир зумда стол устига топган-тутганини қўйиб, Шавкат ёқтирган аччиқ кўк чойни ҳам дамлаб келди.
— Салтанат, сенга бир илтимосим бор, — деди Шавкат Ҳалима тарафга ўғринча қараб олиб. — Агар йўқ демасанг…
— Вой, бу нима деганингиз, дадаси? — Салтанат бирдан маъюсланиб, гоҳ Шавкатга, гоҳ Ҳалимага жавдираб боқди. — Илтимос қилманг! Буюринг! Ахир…
У ёғини айта олмади. Аслида, «Хотинингизман-ку!» демоқчи эди. Худо кўрсатмасин, шу сўзни тилига кўчирса, Ҳалима кейинчалик таъна қиладигандек, Шавкат акаси мулзам тортадигандек, икки ўт орасида куядигандек туюлиб, тилини тишлади. Бунинг ўрнига нимадир эсига тушган каби дарров гапни бошқа ёққа бурди:
— Вой, Шалолангиз ҳалиям чиқмаганини қаранг! Ҳозир опчиқай! Жудаям уятчан-да қизингиз!..
Салтанат югурганча залга ўтиб бир зумда Шалолани етаклаганча Шавкатнинг ёнига олиб чиқди.
— Ў-ў, асал қизим, катта бўп қопти-ку! — дея Шалолани кўтариб олди Шавкат.
Аммо қизалоқ дарҳол ўзини орқага олди. Қора кўзларидан бир нечта томчи ёш думалаб юзига тушди.
— Шалола, даданг-ку! — дея танбеҳ берган бўлди Салтанат. — Нега ётсирайсан? Кўриш даданг билан!..
— Йўқ, — дея янада орқароққа тисарилиб олди Шалола. — Бу одам менинг дадаммас! Менинг дадаммас!
Шундай деб қизалоқ қайсарларча залга кириб кетди ва эшикни ичкаридан тамбалаб олди.
Бу ҳолат Салтанатни адо қилаёзди. Айниқса, Шавкатнинг туси ўзгарганини кўргач, саросималаниб қолди.
— Х-хафа бўлманг, дадаси, — дея Шавкатнинг атрофида гирдикапалак бўлиб айлана бошлади Салтанат. — Билиб-билмай гапираверади-да! Бола-да ҳали!..
— Майли, хижолат чекма, — деди Шавкат аста Ҳалиманинг ёнидаги курсига чўкиб. — Сендан бир илтимосимиз бор. Майлими? — Биз бугун сеникида қолсак девдим. Шунга нима дейсан?
Салтанатнинг бу гапдан кейинги аҳволини тушунса бўларди. Ичида қайсидир томирчаси узилиб кетгандек, дили оғриганди. Фақат…
Яна ўша ёвқур ва қайсар муҳаббати тинчланишга, чидашга, мажбуран бўлса-да, жилмайишга ундайверди. Мабодо қовоғи уйилса, Шавкат акаси ранжишидан, кўнгли хира тортишидан чўчиди.
— М-майли, ўз уйингиз-ку, — дея олди зўрға. — Шалолаям хурсанд бўлади. Мен ҳозир ош дамлайман!
Бу гапларни айтмаса, Шавкатдан шундай таклифни эшитмаса бўларкан. Қалби баттар азобда қолди. Рашкми, аламми, ишқилиб, нимадир кўксини худди ёввойи мушукдек тирмалаб, азоб бера бошлади. Кўксининг туб-тубидан отилиб чиқаётган аламни базўр жиловлади. Ҳозир фарёд чекадигандек, билинар-билинмас титраб-қақшаб аста ошхонага ўтиб кетди. Ҳалима эса бу ҳолатга масхарали боқар, ҳадеганда Шавкатни туртар, кулиб юборишдан аранг ўзини тийиб турарди.
Эртаси куни тушга яқин Шавкат негадир кўнгли ғаш торта бошлаганини ҳис этди. Кўз ўнгида Салтанатнинг маъюсланганча кузатиб қолгани гавдаланиб, асабий лаб тишлади. Қилиб қўйган ишидан надоматлар чекиб, ўзини қўярга жой топа олмади. Энди-энди бу иши гуноҳи азим экани, бир бегуноҳ аёлнинг кўнглини оғритганидан, шафқатсизликка эрк бериб қўйганидан куйди…
Бора-бора бу куйиклар Шавкатни оёққа турғазди. Ҳалимага айтиб ҳам ўтирмай, кийинди-ю, машинасига ўтириб газни босди…
Ўз уйи, Салтанат ва қизи Шалолани ташлаб кетган кулбаси Ҳалиманикидан нари борса ўн беш дақиқалик йўл.
Кўз очиб юмгунча уйига етиб келди. Кўп қаватли уй атрофида сукунат ҳукмрон эди. Юраги баттар ғашланиб, ичкарига ўзини урди. Квартира эшиги негадир очиқ экан. Ҳовлиққанча залга ўтди. Ҳеч ким йўқ. Жимжит. Жонҳолатда ётоққа ўтди.
Не кўз билан кўрсинки, Салтанат каравотда чалқанча ётарди.
— Салтанат, кўзингни оч, — дея уни турткилаб уйғота бошлади Шавкат. Салтанат, кўзингни очсанг-чи! Одам ҳам шунчалик қаттиқ ухлайдими? Уйғона қолсанг-чи!.. Сенга нима бўлди?..
Шавкат Салтанатни кўтариб ўтқазишга тутинди. Афсуски, унинг боши пастга осилиб тушди.
Шундагина Салтанат оламдан ўтганини идрок этди. Ҳовлиққан кўйи Салтанатни қайтадан каравотга ётқизиб, атрофга аланглади.
Наридаги хонтахта устида оппоқ қоғоз ва Салтанатнинг юрак дориси ётарди. Афтидан, юраги безовта қилиб қолганида, Салтанат дорисига етиб келолмаган, шекилли. Шавкат шоша-пиша қоғозни қўлига олди. Қоғозга шундай сўзлар битилганди:
«Шавкат ака, мени кечиринг! Ўзбошимчалик қилиб қўйдим. Сизнинг икки ўт орасида азобланишингизга бардош қила олмадим. Ишонинг, юзингиз маъюс тортса, кўзингизда дард кўрсам, кўтара олмайман. Бу юкни ортмоқлаб юра олмайман. Сизнинг яйраб-яшнаб яшашингизни хоҳлайман! Илтимос, мени қарғаманг! Шалолани ҳам ташлаб қўйманг! Ҳеч қачон сиқилманг. Дард чекманг! Виждон азобида қийналманг! Шунда мен тинч бўламан! Сизни у дунёю бу дунё севиб қолувчи Салтанатингиз!..»
Шавкат бу жумлаларни ўқиб бўлгач, Салтанатнинг жасадига жавдираб қаради.
Кейин… Бор овозда қичқириб юборди:
Нима қилиб қўйдии-иинг, Салтанат? Нима қилиб қўйди-и-им???
Miss Shoira
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2