—Опа, "Қизим ҳеч қанақа иш қилишни билмайди, овқат қилиб кўрмаган, фақат китоб ўқиган", дегани нимаси?! Ҳозир ҳамма қизлар курсларга боради, оилага тайёрланади, шундай қизни келин қилаверасизми? Синглисининг гапига кулиб қўя қолди
— Ўртоғимнинг ўзига ўхшаса бўлди, худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади.
—Ман келин олсам, ўн бармоғида ўнта ҳунари боридан оламан,—деди синглиси...
Эртага тўй. Дилрабо онаси сузган овқатни бир-икки кавлади-ю, беихтиёр йиғлай бошлади. Аввал ҳиқиллаб, кейин баралла йиғлаётган қизини кўриб онасининг ўти ёрилди
—Нима бўлди? Диля, гапира қол, нимага йиғлаяпсан?
Бу ёқди дадаси қўшилди
—Гапирсанг-чи? Одамни қон қилмай, нимадир бўлдими?
Дилрабо ота-онасининг сўроқларига парво қилмай йиғлайверди. Иккита укаси бир гапириб, ўн куладиган қувноқ опасини энди кўриб тургандек оғзи очилиб қолди. У бирдан йиғидан тўхтаб
—Ойи, ада, яхшиси, ман турмушга чиқмайман,—деди.
—Сабабини айт!—онасининг ҳам асаби бузилди, овозини кўтарди.
—Ахир мен овқат қилишни билмайман-ку! У яна йиғлай бошлади. Онаси қўлидаги сочиқ билан қизининг елкасига тушириб қолди.
—Қилиғинг қурсин, жинни! Овқат қилишни билмасанг, ўрганасан.
Барибир, бизнинг уйнинг овқати билан тушган жойингники ўхшамайди. Уқувинг, фаросатинг ҳам йўқми? Икки қулоғинг билан эшитиб ол; ҳаммасини битта табассум ҳал қилади. Меҳр ҳал қилади!
Дилрабо ўн саккиз ёшида катта уйнинг катта келини бўлди.
Ўзи ҳам, эри ҳам институтда ўқийди. Қайнона-қайнота ишлайди, учта қайнисинглиси мактабда боради.
Дилрабо тонг саҳардан туриб олди. Ҳеч нима пиширишни билмайди. Интернетдан топиб нонни тухумга ботириб нимадир тайёрлади. "Муза" нинг тайёр хамиридан қатлама, қоғоз қутидаги тайёр сутдан ширгуруч пиширди. Чой дамлаб, дастурхон устини безатиб бўлганида бирин-кетин оила аъзолари чиқиб кела бошлади.
Ҳамманинг ўз чой ичадиган идиши бор экан, "Бу кимники?"," Бу кимники? ",-деб сўраб, ҳаммага чой узатди. Унинг болалардникидек беғубор қилиқларига кулган қайнота-қайнотасига қўшилиб ўзи ҳам кулиб тураверди.
Қатлама жуда ёғли бўпти, ширгуручни шакарга топшириб қўя қолибди, тухумли нон қотиб қолибди. Ҳеч ким деярли тайинли нарса емади. У онасининг
" Табассум музларни эритади", —деганини эслади, сўнг
—Қўшнимизнинг сигири маза қиладиган бўлди—а? Мани роса дуо қилади энди! —деди. Ҳамма бирданига кулиб юборди, ўзи ҳам қўшилиб кулди. Муз тоғлар эриди...
—Ойи, дўлмани қандай пиширардингиз, айтиб туринг, ҳеч қайси овқатим ўхшамаяпти.
—Нимага мандан сўрайсан, бор қайнонангдан сўра!
—Вой, нима дейман!
—Ялинасан, ўргатинг дейсан. Бўлди, бошимни қотирма! Онаси телефонини ўчириб қўйди.
Дилрабо телевизор кўраётган қайнонасининг ёнига борди, кафтларини бир-бирига жуфтлаштириб секин гап бошлади
—Ойижон, илтимос, манга овқат қилишни ўргатинг, тез ўрганиб оламан, илтимос, илтимос...Унинг мўлтираб турган нигоҳлари бирам тоза эди-ки...
Қайнонасига гоҳ ялиниб, гоҳо эркаланиб юриб бир йилга қолмай барча овқатларни ўрганиб олган Дилрабо энди бинойидек пазанда бўлиб қолганди.
Танлаб-танлаб энг уқувли, энг чаққон, ҳамма нарсани биладиган келин топган синглиси пазанда келинининг қўлидан тайинли овқат ҳам **** кўрмади. Ҳали эри билан, ҳали қайнисинглиси билан жанжаллашиб, аразлаб уйига кетиб қолавергач, ўнта бармоғидаги ўн хунари эпсиз деб узатилган келиннинг битта табассумига тенг келолмаслиги маълум бўлиб қолди.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6