Кўпинча қизларга қандай одамга турмушга чиқишни хоҳлайсиз деб савол бераман.
Улар айтадики:
"Чиройли бўлса, бўйлари баланд бўлса...",
"Бой бадавлат бўлса, уйлари, яшаш шароитлари зўр бўлса...",
"Спортсмен бўлса, эринг борми деса, бор дегудек бўлса...",
"Энг охирги маркалардаги машинаси бўлса...",
"Олий маълумотли, зиёли оиладан бўлса...",
"Ёлғиз мени деса, мени севса, ва ҳеч қачон хиёнат қилмаса, мендан кейин уйланмаса...",
"Янги кўрганлардан эмас, эски бойлардан бўлса, шаҳарлик бўлса, тўй саёҳатига чет элга олиб борса..." деган жавобларни эшитаман...
Аммо жуда жуда камчилик қиздан "иймонли бўлса, тақволи бўлса, намозлари тартибли бўлса, аҳли илм бўлса", деган сўзни эшитдим...
Булар дуру гавҳар мисоли жуда кам экан...
Мен истагим, фақат динимнинг ярмини барпо қиладиганим турмуш ўртоғини сўрайман Роббимдан...
Аëл беш вақт намозини ўқиса, номусини сақласа, эри билан яхши турмуш кечирса, ўзи истаган эшикдан Жаннатга киради.
Мен ҳам Жаннатга у билан биргаликда киришни истайман...
Мен оиламда ҳузур хоҳлайман. Ҳузур эса Исломда... Суннатда... Тақвода... Тиловатда ...
Менга намоз ўқиш учун кичкинагина хона, ичида мўъжаз кутубхонача ва ёруғлик, озгина меҳр бўлса кифоя... Уйининг хашамати, ичидаги мебелларининг мен учун аҳамияти йўқ.
Дабдали тўй, қизлар базми, яна қанчадан қанча кераксиз харажатлар – булар барчаси ўзини кўрсатиш, кўз-кўз қилиш учун. Ҳозирги кунда бўлаëтган тўйлар гуноҳ уяси бўлиб кетган.
Бу эса Ислом динимизга зид.
“Бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиëфат бер”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга буюрганлари каби суннат амални бажаришни истайман. Маҳримга эса имкони бўлса 40 та, имкони бўлмаса 4 донагина ҳадисни ёддан айтиб берса.
Динида собит бўлса, кўзлари кароҳиятдан сақланган бўлса, сахий бўлса, ночорларга ёрдам қилишга шошилувчи, хулқи гўзал бўлса, ёлғиз севгани Роббиси бўлса, амали Роббисининг ризоси учун бўлса, мард бўлса, сифатларида афъолларида одобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари уфуриб турса.
Балким мен бу сифатли инсонга лойиқ эмасдирман. Аммо энг кўп соғинганим Роббимиз ҳузурида турмуш ўртоғим имомим бўлса, орқасида мен ва болаларимиз бирга турсак. Кечалари Қуръон тиловати қилсак, Ислом тарихидан, саодат асридан баҳслар қилсак.
Фарзандларимизни дини учун хизмат қиладиган собитқадам, солиҳ ва солиҳа қилиб тарбияласак. Мен бошқа қизларга ўхшаб хиёнат қилмаса демайман. Зеро эр аёлнинг мулки эмаски, унга хожалик қилса. Унинг истаги ва хоҳишига кўра 2, 3, ва 4 тагача уйланишида унга монеълик қилмайман, ва буни Суннат деб ҳурсандчилик билан кутиб оламан. Иншаа Аллоҳ.
Албатта Оиша, Зайнаб, Марям, Руқаййа (ва бошқача исмлар бўлса ҳам майли...) синггари опа сингилларим бўлса, мен хурсандман. Ҳар бир инсон хато қилади, мен ҳам хато қиламан. Ўша хатоларимни тузатишимга ширин тили билан ëрдамчи бўлса.
Орамиздаги Аллоҳ учун севги ва ҳурмат камаймаса ва менга “Мен сендан розиман. Аллоҳ ҳам сендан рози бўлсин”, деса... Бундан ортиғи менга керак эмас. Мен шуни орзулайман.
РОББИМ...
Кўнглимдаги истакларимнинг хайрлиларини менга насиб эт, кўнглимни менга хайрли бўлганга рози қил.
Қалбларида мана шундай истаклари бор барча мўмин ва мўминаларга ўзлари хоҳлагандек жуфтни мукофот қилиб бер.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1