Ўлимни эслаб юриш кишига унинг ўзлигини англашга ёрдам беради, уни турли туғёнлардан, инсонийлигига ярашмаган ҳар хил тажовузли қилмишлардан сақлайди. Ўлимни кўп эслаган одам ўз гуноҳларига истиғфор айтиш билан, йиғлаш билан машғул бўлиб, биродарларининг айбини излашга унда вақт ҳам, тоқат ҳам қолмайди. Хуллас, ўлим ёди жуда кўп яхшиликларни қилишга, жуда кўп ёмонликлардан сақланишга гаровдир. Балки, барча яхшиликлар боши ўлимни эслашда, барча ёмонликлар дебочаси ўлимни ёддан чиқаришда, десак муболаға бўлмаса керак. Шу сабабли пайғамбаримиз алайҳиссаломдан "Лаззатларни кесувчи ўлимни тез-тез эслаб туринглар" деган ҳадиси шариф нақл этилган. Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган саҳоба ва тобеинлар эса доим бу ҳақиқатни ўзларининг ҳаёт тамойили қилиб ўтдилар. Қуйида улардан келган баъзи нақлларни келтириб ўтсам. Бу нақлларнинг айримлари ўлим ҳақида бўлса, яна бирлари ўша улуғ зотларнинг ўлим асносидаги ҳолатларини ҳикоя қилади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шундай дейди: "Мен орангизда Умарнинг охирги лаҳзаларини кўрган одамман: (у меҳробда пичоқланганидан сўнг) кирганимда боши ўғли Абдуллоҳ ибн Умар қучоғида эди. - Бошимни ерга қўй, - деди. - Ер билан соним бир эмасми (нима фарқи бор)? – деди ўғли. - Бошимни ерга қўй, деяпман, бола!- деб овозини кўтарди бир-икки бор. (Боши ерга қўйилганидан) кейин оёғини чўзиб: - Агар Аллоҳ гуноҳимдан ўтмайдиган бўлса, ҳолимга вой, онамнинг ҳолига вой!, дея жон берди". Абу Довуд, "Зуҳд" китоби, 64- саҳифа. Оиша розияллоҳу анҳо бундай ҳикоя қилади: "Отам ўлим тўшагида нафаси калта-калта бўла бошлаганда дедим: - Отажон, - бу энди шоир айтганидек... (яъни, жоҳилият шоирининг машҳур бир "қасамки, нафас калта бўлиб, юрак сиқиб келган кунда (ўлим талвасасида) на пул, на бойлик фойда беради" деган байтига ишора қилмоқчи бўлганлар), дедим. - Йўқ, балки бу Аллоҳ таоло айтган лаҳзадир: "Мана, ўлим мастлиги (талвасаси) ҳам ҳақ- рост етиб келди. Сенинг қочиб юрган нарсанг ҳам шу эди" (Қоф, 19- оят), деди отам". Абу Довуд, "Зуҳд" китоби, 61- саҳифа. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: "Ваъзу насиҳатга ўлимнинг ўзи кифоя қилади...". Абу Дардо розияллоҳу анҳу эса бундай дейдилар: "Ким ўлимни кўп эсласа, беҳуда хурсандчилиги камаяди, ҳасади озаяди". Ибн Муборак, "Зуҳд" китоби, 2/37. Тобеинлардан Саид ибн Жубайр айтади: "Агар ўлимни эслаш қалбимни тарк этадиган бўлса, қалбим бузилиб қоладими, деб қўрқаман". Имом Аҳмад, "Зуҳд" китоби, 371- саҳифа. Халифа Умар ибн Абдулазиз Анбаса ибн Саидга шундай насиҳат қилади: "Эй Анбаса! Ўлимни эсла. Чунки, агар ишинг юрмай, ҳаётингда танглик бўлиб турган бўлса, ўлимни ёдлаш орқали дилинг ёришади, ором оласан. Ҳаёт лаззатига масрур бўлиб, кенгликда турган бўлсанг, ўлимни эслаш орқали бу ҳолингга танг бўласан". Ибн Саъд, "Табақот" китоби, 5/372. Тобеинлардан Собит ал- Буноний айтади: "Жаноза ортидан юрар эканмиз, фақат юзини тўсиб йиғлаб кетаётган ё юзини тўсиб бир нуқтага тикилганча ўйга толган одамнигина кўрар эдик (яъни, одамлар шу икки ҳолатдан бошқача бўлмас эдилар)". Абу Нуайм, "Ҳилятул авлиё" китоби, 2/322. Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик тобеинлардан бири Абу Ҳозимдан сўради: - Нега биз ўлимни ёмон кўрамиз? - Чунки сизлар дунёни ободонлаштириб, охиратингизни харобазорга айлантирдингиз. Ким ҳам обод ердан хароба ерга ўтгиси келарди? Абу Бакр Динаварий, "Мужоласа" китоби, 2/138. Аллоҳ таоло биз ношуд бандаларини ҳам ўлимни тез- тез эслаб турувчи, гуноҳларига йиғловчи бандаларидан қилсин, қиёматда юзимизни ёруғ этсин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1