Соғиндим,
Соғиниб кетдим,
Кўзлари,юзлари,нафасларини,
Ҳар куни ҳар лаҳза тараннум этдим,
Кўнглимнинг энг нафис ҳавасларини.
Изоҳ йўқ,дийдорнинг севинчларига,
Энг сара сўзларим қулфланиб қолган,
Таяндим кўнгилнинг илинжларига,
Бардошим дуодан матонат олган.
Ҳар кун ёзганимни ўқиганларим,
Ранжиманг эскириб кетган дардимдан,
Шифо излаяпман оғриқларимга,
Ашким дарёсига чўккан сатримдан.
Кулишни унитдим,табассумимни,
Олгандим онамнинг дийдаларидан,
Ҳайратлар дилимга сўз солди сўраб,
Баҳорнинг гуллаган жийдаларидан.
Осмонни йиғлатган чақмоқ айбини,
Ювмоқчун айланди камалакларга,
Кошкийди Худойим яна қалбимни,
Чаманзор этсайди капалакларга.
Бу азоб,қумданмас,емрилиб кетмас,
Бағримда гуллайди қайта шеър бўлиб,
Бир нуқта топилмас,сўнгига етмас,
Қоғозлар йиғлади дардимдан тўлиб.
Яна тонг йўқлади қароқларимни,
Истаса оқшом ҳам насибамда бор,
Қувончга алишиб қийноқларимни,
Демакки бир куни ёр бўлар дийдор.
Хаёллар пинжида тебраниб қалам,
Юпатар безабон дил ҳисларимни,
Бир тилак дардимга давои малҳам,
Яратган асрасин азизларимни!
Соғиндим,соғиндим,соғиниб кетдим...
НИЛУФАР ТОҲИРОВА
https://t.me/Nilufar_Tohir_ijodi
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Комментарии 25