________
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга насиҳат қилинг», деди.
— Ғазаб қилма! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.
— Ғазаб қилма! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам».
Бухорий ривоятлари.
***
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мусулмоннинг хулқи
Мусулмон фарзанди гўзал ахлоқлар билан сифатланган, ҳилму ҳаё ила зийнатланган бўлади. Тавозе либосини кийган бу инсон ўзгаларга раҳмдиллик билан муомала қилади. У бировлар оғирини ўз елкасига олади, озор-азиятларга сабр қилади, жазолашга қодир бўла туриб дилозорни афв этади, ҳамиша ғазабини боса олади… Хуллас, улуғ сифатлар ва гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади.
Саҳобий дунёю охират яхшилигига етишиш умидида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир оғиз лўнда ибора билан унга насиҳат қилдилар: «Ғазаб қилма!»
Мазкур ибора ҳар бир хайр-яхшиликка дахлдор ва барча ёмонликка тўсиқ бўлган насиҳат эди.
2. Жаннатга бўлган муҳаббат ва унга олиб борадиган йўлларни излаш
Жаннат талабгори бўлмиш улуғ саҳобий ўзининг раҳнамоси, Фирдавси аълога етакловчи йўлбошчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаш ва англаш осон, аниқ ҳамда лўнда бир насиҳат сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг сўровига мос, ҳамма замонларга хос тарзда жавоб қилдилар: «Ғазаб қилма!» Яъни юксак, набавий, қуръоний, иймоний ахлоқлар соҳиби бўл! Агар ана шундай олий ахлоқларни эгаллай олсанг, ғазабга қул бўлиб қолмайсан ва Аллоҳ розилигию жаннатига бошловчи ҳақ йўлингдан тойилмайсан.
3. Ҳалимлик ва босиқлик дунёю охират саодатига бошлайди
Эй жаннатга дохил бўлишдан умидвор мусулмон биродар! Табиатингиз устун келиб, аччиғингиз чиққан кезда ўзингизни ғазаб ҳукмига топшириб қўйманг. Токи ёвузлик кучлари сизни ҳар кўйга солмасин. Ғазаб ҳукмрон бўлган пайтда банда ҳаром ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шу боис ғазабингиз аланга олишига йўл қўйманг. Тақводор, комил иймонли мусулмон қандай бўлиши лозимлигини эсланг.
«Парвардигорингиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, эни осмонлар ва ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз. (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларни афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли Имрон сураси, 133-134-оятлар).
Ғазабингизни жиловлашни ўрганинг, шунда Аллоҳ таолонинг ғазабидан омон қоласиз ва тақводор зотлар сафида сиз ҳам жаннат аҳлига айланасиз.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
— Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан мени нима узоқлаштиради?
— Ғазаб қилма! – деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Аҳмад ривоятлари).
Ҳасан Басрий айтадилар: «Кимда-ким қуйидаги тўрт хусусиятга эга бўлса, Аллоҳ таоло уни шайтондан асрайди ва дўзахга ҳаром қилади: рағбат, қўрқув, шаҳват ва ғазаб пайтида ўзини қўлга олиш».
Присоединяйтесь к ОК, чтобы посмотреть больше фото, видео и найти новых друзей.
Нет комментариев