3-қисм.
Муаллиф_Нур
— Аввал менга ўзинг ҳақингда гапириб бер. Бу аҳволга тушишингга нима сабабчи бўлди?
— Ҳозир сизга барчасини айтганим билан менга ачинишдан бошқа яна нима қила оласиз?
— Сенга ёрдам бера олишимга ишонмайсанми? Билиб турибман иккиланяпсан. Лекин менга ишонсанг тўғри қарор қабул қилган бўласан.
— Исмим Нигора. Нигора Жалилова. Ота-онам бор, 16 ёшман.
Кеча ҳар доимгидек мактабдан қайтаётганимда йўлимни тўсиб, 2 та барзанги машинага мажбурлаб солиб олиб кетишди... Қаршилик қилишга на кучим ета оларди, на ёрдам сўрай олардим... Мени мажбурлаб олиб келишган хонадонда бошимдан олинган қопдан сўнг илк кўрганим, каттагина ётоқ ва унинг устида ўлжасини кутиб турган ваҳший бўридек ўтирган чамаси 28-30 ёшлардаги эркак қучоғига осонгина отилганим бўлди. Нима бўлганини тушуниб улгурмасимдан бутун бошли ҳаётим остун-устун бўлди... Мени шифохонага олиб келмаслигингиз керак эди. Биласизми мен энг ёмон кўрадиган туйғу бу – ачиниш. Менга ачинишларига чидай олмайман... Ҳатто энди яшашдан умид ҳам қилмай қўйдим.
— Бундай дема Нигора, - унинг қўлларидан тутиб далда бермоқчи бўлдим. Қўллари музлаб кетибди. Лекин сониялар ичида қўлини мендан тортиб олди.
— Кетинг.
— Тушунмадим?
— Нимасини тушунмайсиз? Менга ачинишларини ёмон кўраман дедим! Мен ҳақимда билиб олдингиз энди кетинг. Ёрдамингизга зор эмасман.
— Ҳали кўрасан мен сени оқлайман. Сени номусингда топтаган ўша аблаҳни қамоққа тиқаман.
— Қўйинг бундай гапларни...
— Мен адвокатман. Сени ўзим ҳимоя қиламан. Шаънингни оқлаб бераман.
— Қайтиб тикланмас даражада булғанган шаънимни қандай оқлаб бермоқчисиз? Уни қамоққа тиқдингиз ҳам дейлик кейин нима бўлади? Сизнинг кунлаб, ҳафталаб балки ойлаб қийналиб топган далилларингизни йўққа чиқариб “отасини ўғли” 2 дақиқада гаров пули эвазига сиз тиққан қамоқдан осонгина чиқади!
— Отасини ўғли?! Уни танийсанми?
— Аниқ кимлигини билмайман... Лекин агар уни устидан ариза ёзгудек бўлсам мени тинч қўймаслигини айтиб қўрқитди...
— У ердан қандай қочдинг?
— У ювиниш хонасида эди, эшик қулф. Иккинчи қават бўлгани учун деразадан сакрамайди деб ўйлашган бўлса керак. Қўриқчилари ҳам йўқ эди.
— Иккинчи қаватдан сакраш юзаки қараладиган масала эмас, шикастланмадингми?
— Оёғимдан жароҳат олганимни ҳисобга олмаганда, менга ҳеч нарса бўлмаганди. Дарвозани ҳам қулфлаб қўйишган экан, қулфи ўзида эди. Қулф очилгандаги овоздан югуриб чиққан қўриқчиларга қарамай ортимга эътибор бермасдан қочдим. Бироз ўтиб катта йўлга чиқдим.
Улар менга яқинлашиб қолганди. Бир амаллаб уларни кўздан нари қилдим. Совуқ қотсамда, оёғимда мадор қолмаганча югурдим. Узоқдан сизни бир қиз билан хайрлашиб мен томон келаётганингизни кўриб, янада қадамимни тезлаштирдим. Бундан кейинини ўзингиз биласиз...
— Сенга зўравонлик қилган йигитни исмини биласанми?
— Мени қўрқитиб отасини номини тилга олди бир марта. Ўзини исмини айтгани йўқ.
— Отасини исми нима экан?
— Давлат Пўлатов. Адашмасам шундай эди.
— Яхши, Нигора ҳозир милиция киради. Сендан нима бўлганини сўрашади... Устидан ариза ёзасизми йўқми деб сўрашса ёзиб берасан хўпми?
— Ариза ёзмайман.
— Нима? Ахир сен билан келишиб олдик-ку?!
— Ёзолмайман, ҳаққим йўқ. Менга ҳаммасини айтиб бер дедингиз, айтиб бердим. Мени шифохонага келтириб, дориларимни олиб берганингиз қарзини шу билан тўлади деб ҳисобланг. Бўлмаса вақти келиб қарзимни узаман.
— Нигора...
— Ёлғиз қолмоқчиман...
— Майли... Лекин буни сенга бериб кетаман. Бу ерда телефон рақамим ёзилган. Фикринг ўзгарса, қачон бўлса ҳам мен сенга ёрдам беришга тайёрман.
— Сизга бундан сўнг ишим тушмаса керак. Рақамингиз менга керак эмас.
— Хулоса чиқаришда шошилма. Айтганимдек, қачон хоҳлаганингда биргина қўнғироқ қилсанг кифоя. Мен сенга қўлдан келганча ёрдам бераман.
Қизни олдидан чиқдим. Нафасим бўғилиб кетаётгандек бўляпти. 16 ёшли қизга бундай қисмат оғирлик қилмасмикин? Ўзини бирон кор-ҳол қилиб қўйсачи?
Телефоним жиринглаб уни қўлимга олганимда юзим бироз ёришгандек бўлди. Бугун кетганига етти кун бўлиши керак эди. Ниҳоят у келдими?
— Эшитаман.
— Бу вақтда ишда бўлар эдинг, қаердасан Афзун?
Қўнғироқ қилганидан сўнг Иброҳимга шифохонада эканлигимни айтдим, келиб мени нега бу ердалигимни сўради. Бироз шамоллабман деб қўя қолдим. У қиз ҳақида Иброҳимга ҳеч нарса аниқ бўлмасдан айта олмасдим. Машинага ўтирганимга кўп бўлмай ўпкам тўлиб кўз ёшларимни озодликка чиқардим. Уни соғинганим ва кўрганимда ўйлаганимдек юзини анча “безаб” қўйганлари ҳамда Нигорани аҳволи барчаси бир бўлиб мени эзиб қўйганди...
— Мана келдим, келибоқ биринчи бўлиб сени кўриш учун ишхонангга бордим. Бу ерда экансан, шамоллашинг жиддий эмас эканми, шифокор дори-дармон ёзиб бердими?
— Жиддий эмас, дорилар ёзиб берди. Лекин сизни аҳволингиз ҳам яхши эмасга ўхшайди... Борманг дегандим сизга...
— Мен соппа-соғман, қара соғ-саломат келдим юртимизга, олдингдаман бўлди йиғлама Афзун, - у ҳам менга мен унга қайғургандек қайғураётганини сезиб турибман, лекин жимман бир сўз дея олмайман. У ҳам буни сезиб мени оҳиста бағрига босди. Унинг кўксига юзимни яшириб янада қаттиқ йиғлай бошладим. Мен одатда йиғлоқи эмасман. Йиғини ёмон кўрардим. Негадир айни дамда ўзимни бошқара олмай қолдим.
— Бўлди дедим Афзуна. Ёки нимадир бўлдими? Мени хавотирга қўйяпсан?
— Ҳеч нарса бўлгани йўқ, сизни ўйлаб хавотирда эдим.
— Энди тез-тез чемпионатларга қатнашиб тураман. Доим мени ўйлаб юрасан.
— Қатнашмасангиз ҳам доим сизни ўйлаб юраман ўзи!
Тил суяксиз, бир зумда одамни ҳар аҳволга солиб қўяди. Айтган гапимдан сўнг Иброҳим ўзиям бир қоп семириб кетди-ёв. Менга қараб кулиб турибди.
— Бугун ишга бормай қўяқол, сени айланишга олиб бормоқчиман. Ўзи энди ишга бормасанг ҳам бўлади.
Бироз ҳижолат бўлганимни сезиб мавзуни ўзгартирди.
— Аввал келганингизни уйингиздагиларга айтмайсизми?
— Дадам ишда ойим холамникида экан, уйга кечроқ бораман, ҳозир сен билан бир жойга борамиз...
— Қаерга борамиз?
— Борганда кўрасан.
Йўл бўйи деярли иккимиз ҳам жим кетдик. Иброҳим машинани тўхтатган жойда машина ойнасидан ташқарига боқарканман, кўзим “17- сонли Меҳрибонлик уйи” деб номланган пештахтага тушди. Иброҳим машинадан тушиб кетганини сезмай ҳам қолибман, мен ҳам тезда тушдим. У қандайдир бошқа машина олдига бордида мени имлади.
— Буларни бирга олиб кирамиз.
Машина ичи ўйинчоқлар-у ҳар хил болаларга керак бўлган турли анжомлардан тўлиб кетганди.
— Хўп, - бағримга сиққанича ўйинчоқларни олиб Иброҳимни ортидан эргашдим. Ичкарига кирганимиз билан болалар бизни бошқача кайфиятда кутиб олишди.
Уларни хурсандчилигини кўриб бир лаҳза бу дунёда ҳеч қачон туймаган завқни айни дамда туяётгандек ҳис қилдим ўзимни. Беғубор норасидаларни юзидаги қувончни кўриш мен учун унутилмас онлардан бири бўлди. Машинада қолган бошқа совғаларни қоровул амакини ўзи олиб кирди. Иброҳим йигитларни ўзини олдига чақирди. Мен қизлар билан қолдим. Чамаси 2-3 ёшлардаги қиз Иброҳимни олдига бормоқчи бўлганимда қўлимдан оҳиста
тутиб мени тўхтатди.
— О.йи...
Қизчанинг биргина она деган сўзини эшитиб ҳушимдан кетай дедим. Оналик бахти шубҳасиз, аёлларга бериладиган энг олий неъматдир. Бу неъмат менга берилмасданоқ вужудимни енгил титроқ босди. Берилганда нима қилар эканман?
— Исминг нима?
— Йисолат, - деди қизча ўзгача меҳрли нигоҳлар билан.
— Рисолат мени ойингга ўхшатдингми?
— Ҳа жуда ўхшайкансиз, -
қўлимни қўйиб юбориб энди бошқа қизчалар олдига бормоқчи бўлганда уни бағримга тортиб лўппи юзчаларидан ўпиб-ўпиб олдим. Кулгичлари бор экан, кўз тегмасин малакдек қиз. Бу ерга ташлаб кетишга онасини кўзи қандай қийди экан?
— Афзуна тур, кетамиз.
Ҳаёл билан бўлиб, қизча олдимдан кетгани ва болалар аллақачон бошқа хонага ўтганини сезмай қолибман. Иброҳимнинг гапидан сўнг, сергак тортдим.
— Бу ерга тез-тез келиб турайлик Иброҳим.
— Ҳоҳласанг ҳар ҳафтада ёки ойда бир келиб турамиз, - деди хотиржам машинани ҳайдаб кетар экан. Маъқул дегандек бош силкиб қўйдим.
— Энди қаерга кетяпмиз?
— Тушлик қилишга битта ажойиб жойни биламан. Шу ерга борамиз.
— Катта раҳмат.
— Нима учун?
— Бари учун. Болаларни хурсандчилигини кўриб мен уларданда кўпроқ қувондим.
— Болаларни яхши кўришимни биласан-ку, энди бундан кейин уларни кўргани тез-тез бориб турамиз.
— Албатта.
★ ★
.... Мени соғинмадингми қизим?
.... Соғиндим буви... Ҳозир ҳаммадан кўра менга сиз кўпроқ кераксиз... Бугун тўйим буви... Кошки олдимда бўлсангиз эди... Сизни меҳрингизни жуда-жуда қўмсаябман...
.... Соғинч азобига барҳам берамизми?... Юр мен билан...
Бувим қўлини чўзганда, тутмоқчи бўлиб қўлимни узатдим. Лекин ҳеч қўлим етмади унга... Бувим мендан узоқлаша бошлади. Қўлларидан тутиб қолишга қанча урунсам, улар мендан шунча узоқлашиб кетаверди...
— Афзуна дедим!
Кўзларимни уйқудан очиб, ўрнимдан сапчиб турдим.
— Туш экан...
— Нима?
Хонам эшиги олдида турган ойимни энди пайқадим.
— Ойи кечиринг ухлаб қолибман.
— Ҳеч бўлмаса шу бугун мени уялтириб қўйма қизим. Тезроқ пастга туш. Тўй либосинг келди ҳали уни кўриш керак, иш кўп Афзуна, икки дақиқада пастга туш.
— Хўп бўлади...
Ойим чиқиб кетгач, бир пас кўрган тушимни таҳлил қила бошладим. Бувим ҳеч тушимга кирмас эди...
Ойим кетганидан ўн дақиқа ўтиб пастга тушдим. Уйимизда сўнгги бор қачон бунчалик кўп одам йиғилгани эсимда ҳам йўқ. Ҳамма жамул жам, битта мен кам эканман ўзи ҳам. Ошхонани тўзғитиб юборишибди.
— Вой сен қиз бу ерда нима қилябсан?
— Ассалому алайкум хола. Нега ваҳима қиласиз нонушта қилиб олишим керак-ку ахир.
— Ва алайкум ассалом, тезроқ тайёргарлигингни кўр Афзуна ҳали замон куёв келади. Хонангга чиқ, тайёр бўлиб туришинг керак. Ҳалиги қиз бор эди сен билан ишлайдиган ким эдия... Ҳа Асила келган, ойингни олдига юборгандим ёрдамга, ўша қизга айтаман нонуштангни хонангга чиқариб беради.
— Асила келдими? Қачон келди?
— Боя келганди, бор қизим айтганимни қил, бу ерда турма.
Қўлимдаги суви бўшаган графинни олиб тўлдириб, қўяр экан, менга тезроқ кет дегандек назар ташлаб қўйиб яна ишида давом этди холам. Ноилож хонамга бормоқчи бўлиб ошхонадан чиқдим. Ойим хонангдан чиқ деган бўлса холам нега чиқдинг хонангдан дейди. Иккиси турли олам. Беихтиёр юзимга табассум югурди. Нигоҳларим билан хоналардан Асилани қидириб тополмадим, хонамга яқинлашай деганимда дадамни мени исмимни айтиб чақиришидан бир муддат жойимда тўхтаб қолдим.
— Дада...
— Мен билан ортимдан юр.
Унинг уйимизга ташрифидан ҳайрон қолган бўлсам ҳам, сўзсиз ортидан бордим. Қачонлардир онам иккисининг хонаси бўлган хонага кирдик.
— Биламан бу ердалигимдан хурсанд эмассан...
— Ундай эмас дада...
— Мени жим туриб эшит қизим. Сен туғилганингда бувинг раҳматли бу тилла зиракларни сен учун атайлаб ясаттирган.
— Қулоғимга кичрайиб қолганда росса йиғлаганим эсимда...
Дадам қўлимга тутқазиб қўйган митти зиракларимни кўриб кўз олдимга беғубор ёшлигимдаги қайтиб келмас ўша олтин даврлар кела бошлади.
— Ойинг қизимизни тўйида ўзингиз берасиз деб менга берган эди буни, - дадам кўзидаги ёшни менга билдирмасликка уриниб бироз жилмайди. Уларни кўзидаги ёшни иккинчи бор кўришим. Биринчиси, ёшлигимда қаттиқ касал бўлиб шифохонада бир ой ётганимда мени бағрига босиб, кўзлари қизариб Худодан мени дардим ўзига ўтишини ўтиниб сўраганди.
Ўшанда ҳам кўзидаги ёшни билдирмаслик учун мени ойим билан қолдириб ўзи ташқарига чиқиб кетганди...
— Вақти келиб набирамни қулоғига бу зиракларни тақиб қўйсанг, раҳматли бувингни руҳлари шод бўлади.
— Раҳмат дада, сизни яхши кўраман, - дадам мени пешонамдан ўпиб қўйиб бағрига босди.
— Бахтли бўл она қизим. Онанг иккимизни кўзимизнинг оқу қораси ўзингсан. Сени бахтинг бизни бахтимиз бўлади.
— Дада... Сиздан бир нарсани илтимос қилсам бўладими?
— Сўрайвер.
— Мен бу уйдан кетсам ойим ёлғизланиб қолади... Балки уйга қайтар...
— Афзуна бундай фикрни ҳаёлингдан чиқариб ташла.
— Дада...
— Келин кўйлагингни ҳали ҳам киймабсан, тезроқ бориб тайёрлан. Куёв навкарлар ҳали замон келишади. Шошиб қолма, бор тезроқ.
— Ўзгарибсиз деб ўйлаган эдим... Афсус адашибман. Мени отам ўзидан бошқа ҳеч кимни ўйламаслигини унутиб қўйибман...
Хонамга келиб қўлимдаги зиракларни кўзгу олдига қўйдим. Дадамни олдидан аламда чиққаним сабаб келин кўйлакни кийганимда ҳам, сочимни турмаклаб чиройли енгил пардоз қилиб қўйишганда ҳам умуман юзим ёришмади. Иброҳим келгач ота уйимдан сўнгги бор ота-онамни дуоларини олиб чиқар чоғимда, ойимни маҳкам қучоқлаб олдим.
— Йиғлама қизим, бу ҳар бир қизнинг бошида бор. Қаддингни тик тут, энди бундан кейин сенга йиғлаш ярашмайди. Куёвим билан бахтли бўлинглар...
Ойим қулоғимга пичирлаганда , уларни диққат билан тинглаган бўлсам ҳам кўз ёшларимни барибир тўхтата олмадим.
Мени аранг ойимдан ажратиб олишгач, машинада тўйхонага йўл олдик. Иброҳим олдимда бўлса ҳар қандай дилхираликларни бир зумда унутаман... Уйдан йиғлаб чиққан бўлсам-да, Иброҳимнинг шарофати билан иккимизнинг бахт қасримизга юзимда табассум билан кирдим. Кайфиятим жуда яхши эди токи тўй ўртасида тўйхонага дадамнинг “хотини” ташриф буюрмагунча. Дадам ҳам уни хуш кайфиятда қучоқ очиб кутиб олди. Ойимни уларни бирга кўргандаги аҳволини кўриб эсдан оғай дедим.
— Тинчлан ҳаммаси яхши бўлади, - мени аҳволимни тушуниб қўлимдан маҳкам тутди. Иброҳимни далдасидан сўнг ўзимни қўлга олиб меҳмонларга таъзим қилишда давом этдим. Тўй тугаб ҳамма уй-уйига тарқагач, Иброҳим билан бугундан “чин уй”имга айланган хонадонга келдик. Мени хонага олиб кирган келинойим келин кўйлагимни алмаштириб олишимда ёрдам бериб бўлгач, куйиб-пишиб нимадирларни уқтира бошлади.
— Келинойи ундай деманг, қўрқиб кетябман.
— Қўрқманг Афзунахон. Ҳаммаси яхши бўлади. Мен кетдим. Айтганларим ёдингизда турсин хўпми?
— Хўп...
Келинойим кетгач, дақиқа ўтмай хонага Иброҳим кирди. У билан деярли ҳар кун кўришиб, гаплашиб юрган бўлсак ҳам айни дамда гўёки тилимни ютиб юборгандек жим эдим.
Юзимдан ёпинчиғимни олгач, пешонамга теккан қайноқ тафтдан ҳушимни йўқотай дедим. Менга нима бўляпти? Ҳаяжондан унга ҳеч бир сўз дея олмаябман...
— Валс тушганда оёғимни босиб олганингни оғриғи ҳали ҳам қолгани йўқ, - белимдан қўлларини ўтказиб қулоғим остида пичирлади.
— Атай қилмадим...
— Биламан.
— Билсангиз нега унда мени ҳижолат қиляпсиз?
— Ҳозир оёғимни босмаганингда мен ҳам у мавзуни кўтармасдим, - нимтабассум қилганча оёғига ишора қилди. Боядан бери гилам бунча юмшоқ деб ўтирсам яна Иброҳимни оёғини босиб ўтирган эканман. Беихтиёр иккимизнинг ҳам юзимизга табассум югурди. Лекин бироз ўтиб Иброҳимни юзи бужмайиб қолди.
— Нима бўлди? Оёғингиз жароҳатланганга ўхшайди, бу ёққа ўтиринг нима бўлганини билишим керак.
— Бироз оғриди холос, ўтиб кетди.
— Барибир ҳам эътиборсиз қолдирмаслик керак, пошнамни учи қиррали эди Иброҳим...
— Ўтиб кетди дедим-ку, ҳаммаси жойида. Ундан кўра сен айт-чи, айтар сўзинг йўқми менга?
— Айтар сўзим... йўқ бўлса керак...
— Эслатиб юборсаммикин, - белимдан тутган қўллари мени янада ўзига тортиб, бўйнимда иссиқ тафтини қолдирди. Буни кутмаган мен бир сапчиб тушган бўлсам-да, белимдан тутган қўллар сабаб, турган жойимдан қимирлай олмадим.
— Керак эмас...
— Жуда керак-да.
— Иброҳим...
— Лаббай жоним.
— Мен ҳалиги...
— Биламан мени қаттиқ севасан.
— Йўқ...
— Нима? Севмайсанми?
— Йўқ севаман, мен...
Мени тушунмаганини айтмоқчи бўлиб шошилинчда нима деб қўйганимни бироз кеч англадим. Айни дамда сувга тушган мушукдек уни юзига қарай олмай пастга қараб олдим. Иягимдан тутиб мени ўзига қаратгач, навбати билан кўзларимга тикилиб менга нимадир дейиш учун оғиз жуфтлади.
— Мен ҳам сени севаман...
Аввал лабларимдан майингина бўса олгач, мени аста кўтариб олганча авайлаб ётоққа ётқизди. Келинларга мос кимхоб кўйлагимнинг тугмалари бирин-кетин бўшатила бошлаган он, кўзларимни аста юмиб унга ўзимга ишонгандек ишонишимни шу йўл орқали билдирмоқчи бўлдим...
Эрта тонгдан ойимни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Келин саломга холам билан бирга келишибди. Улар билан саломлашиб улгурмасимдан икки ёнимдан ўтиб ёр-ёрчи янгалар келин саломни бошлаб юборишди.
— Салом-салом, ёр-ёр,
Келинсалом, ёр-эй,
Қабул айланг қайнотаси
Сизга салом, ёр-ёр.
Қабул айланг қайнонаси-эй,
Сизга салом, ёр-ёр.
— Бахтли бўлинг. Ўғлим билан қўша қаринг болам.
Қайнотам совғамни бериб хонадан аста чиқиб кетгач, қайнонам қўлидаги узугини ечиб мен томон одимлай бошлади.
— Ўғлим билан бахтли бўлиб, ували-жували бўлинг қизим.
Икки юзимдан ўпиб қўйгач, қўлимга узукни тақиб сўнгра ойимни олдига борди қайнонам. Бир кунда ойимни соғиниб қолган мен, фатамнинг тагидан ойимни чеҳрасига қараб туриб ундан кўзларимни уза олмадим. Истамасамда, бир томчи кўз ёшим юзимдан сирғалиб тушди.
— Узун кўйлак кийганлар,
Югуриб хизмат қилганлар.
Салом салом ёр-ёр,
Келин салом, ёр-ёр.
Қабул айланг холажонлари
Сизга салом ёр-ёр.
Холам ва Иброҳимни холаси бирин-кетин менга бахт тилаб кетишгач, холажон яъни қайнонамни синглиси мени хушламагандай кўринди назаримда. Қандайдир кўзлари бежодек...
Ниҳоят келин салом тугаб, меҳмонлар бирин-кетин кета бошлагач, ойим ва холам ҳам кетамизга тушиб олишди. Дадам ҳам келди лекин тезда кетиб қолди. Бундан заррача афсусланганим йўқ. Аммо ойимни олдимда яна бироз қолишини хоҳлардим.
— Холажон ойимга айтинг яна бироз қолсин, менга қулоқ солмаяптилар.
— Қизим келин салом баҳона ойингни кўриб олдинг бўлди-да. Сен энди бу уйда ойингни қизи эмас, қайнонангни келинисан. Ойингни дийдорига тўядиган кунинг ҳам келар. Унгача сабр қил. Биз кеттик.
— Ойиии
— Холанг тўғри айтди қизим. Ўзим сенга қўнғироқ қилиб тураман.
Қанча айтганим билан барибир кетишди. Ёш боладек ойим кетгач, ортларидан йиғлаб қолдим. Тўғриси бегона уй, бегона муҳитга кўникиб кетармиканман ёки йўқ деган фикр мени ҳозирдан еб битирай деди. Иброҳим ҳам тонг саҳарлаб уйдан чиқиб кетган. Ойижон ошхонада турадиган нарсаларни қай бири қаерда туришини кўрсатиб кетгач тушлик тайёрлаб дастурхонга овқатни тортдим. Томоғимдан бир бурда нон ҳам ўтмади. Ойижон буни мени тортинчоқлигимга йўйди. Аслида Иброҳимнинг йўқлиги, ойимнинг дарров кетгани мени хафа қилганди. Ҳар куни шундай муҳит бўлишига мослаша олармиканман? Мослашаман. Янги оиламга албатта кўникиб кетаман.
Келинлик уйимдаги биринчи куним ҳам тезда ўтди. Иброҳимга қўнғироқ қилганимда дўстлари билан эканлиги ва кечроқ келишини айтган эди. Кўзгу олдида туриб сочларимни тараб бўлар эканман, ўрнимдан туриб боя иш столи устида қўйган телефонимни қўлимга олдим. Соат 20:56 бўлибди. Хонада графин бўлса ҳам, суви тугаб қолибди. Ошхонага тушдим. Сув ичиб бўлиб, графинни тўлдирар эканман, ортимдан қучилган бақувват қўллар сабаб, қўлимдаги шиша идиш йиқилиб кетишига оз қолди.
— Доим мени шундай қўрқитишга қасд қилганмисиз?
— Бу сафар қўрқмадинг.
— Тушириб юборай дедим, - қўлимдаги графинга ишора қилдим.
— Майли бундан кейин аввал юзингдан ўпиб, кейин қучоқлайман.
— Қўйиб юборинг кўриб қолишади...
Ошхонада эканлигимиз ёдимга тушиб, тезда ортимга ўгирилдим.
— Қолганини хонада гаплашамиз унда, - елкамдан қўлини ўтказиб олди. Қаршилик қила олмадим, қилишни хоҳламадим.
— Кўзларинг қизарибди? - хонамизга киргач, эрим ўзини тезда ётоққа ташлади-да, саволига жавоб кутиб, ўткир нигоҳларини қаратди. Бу пайт мен қўлимдаги сув идишини жойига қўйиб ётоққа келиб Иброҳимнинг олдига жойлашдим.
— Ойим келганига, бироз кўнглимни бўшатиб олдим.
— Шу кунларда жуда таъсирчан бўлиб қолдинг.Сездингми Афзун? - мени бағрига тортиб кўзларимга меҳрли нигоҳлари билан боқди Иброҳим.
— Менсиз ойим ёлғизланиб қолди. Шунга сиқиляпман...
— Барибир бир кунмас бир шундай бўлишини билардинг-ку. Энди бунга кўникишинг керак.
— Кўниколмаяпман.
— Мен ёрдам бераман. Вақт ўтиб барчасига кўникасан.
Иброҳим гапириш баробарида сочларимдан силаб, пешонамдан аста ўпиб қўйгач ўрнидан турди, – дадам берган ҳужжатлар устида ишлашим керак, яхши дам ол.
Иш столи устида чироқни ёқиб ҳужжатларни текширишга тушиб кетган эримни бир муддат кузатиб турганимдан сўнг киприкларим оғирлик қилиб кўзларимни уйқуга юмдим.
.... Мен билган ҳақиқат шуки: Сиз севувчи одам билан сизни севувчи одамнинг битта инсон бўлишига бу дунё ҳеч қачон йўл қўймайди...
.... Бизга йўл қўйдику..! Буни инкор этасанми?
.... Вақтинчалик берилган омонат бир кун келиб эгасига қайтади... Буни инкор эта олмайман...
Кўрган тушимдан
ҳаловатим йўқолиб тезда уйғондим. Тонг отибди. Тушимда Иброҳимга қандай омонат ҳақида гапирдим?
Бари жуда чалкаш. Секин у томонга қайрилдим. Унинг беозоргина бўлиб ухлаб ётишини кўриб кўнглим бироз бўлса-да таскин топди. Қачон ишини тугатди, қачон мени қучиб ётишга улгурди сезмабман ҳам. Белимдан ўтган қўлларидан аранг халос бўлгач, тезда ювиниб тайёрланиб чиқдим. Келинлик вазифасини бажариш учун ҳар тонг саҳарлаб уйғониш ҳам инсонда қандайдир ўзгача ҳиссиётлар уйғотар экан...
Давоми бор...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2