1-қисм.
Муаллиф_Нур
— Ассалому алайкум ойи яхши ўтирибсизми?
— Ва алайкум ассалом, яхшиман қизим. Биринчи иш кунинг яхши ўтдими?
— Яхши ўтди ойи, ҳатто аъло даражада.
— Мартабанг бунданда улуғ бўлсин қизим, бор кийимингни алмаштириб чиқ, манти қилганман, дастурхонга тортаман совиб қолмасин.
— Хўп бўлади.
Бугунги кунни жуда кўп кутдим, жуда ҳам. Ёшлигимдан адвокатликка қизиққанман. Бу мақсадимга эришишим осон кечмади. Ўзимда бўлган иштиёқ куч-ирода ҳамда энг кераклиси онамнинг тиргаклиги билан бу касбнинг эгаси бўлдим. Мен адвокатман энди. Тилда айтиш осон-ку, лекин амалда бажаришнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Хонамга кириб ёйилиб турган сочларимни йиғмоқчи бўлиб кўзгу олдига борар эканман, телефоним жиринглаб қолди.
— Хайрли кун, шакарим.., - мендан олдин жарангли овози билан кимлигини билдириб синфдошим Гавҳар сўз очди.
— Гавҳар сенмисан? Рақаминг ўзгарибди...
— Биласан-ку, ҳар замонда ўзгартириб турмасам ошиқларим ҳол жонимга қўймайди.
— Ҳеч ўзгармайсан-а Гавҳар. Менда нима гапинг бор эди?
— Жуда дангалчисан-да, дугонажон. Синфдошлар ҳаммамиз бир бўлиб йиғилиш қиламиз деябмиз. Бир-биримизни кўрмаганимизга анча бўлди. Дийдорлашсак яхши бўлади деб, эртага йиғилиш қилаётгандик. Шунга келасанми йўқми деб сендан хабар олмоқчи эдим.
— Бора олмасам керак. Эртага иш, - бундай базмлар ёқмагани учун кескин рад этдим.
— Войвуу. Бир ишлаётган сенмисан Афзуна?! Сендан бошқа ҳамма келадиган, сен келмасанг уят бўлар. Ҳар кун йиғилишиб юрган жойимиз бўлмаса...
— Гавҳар ўйлаб кўриб жавобини айтаман кейинроқ. Ҳозир ишим бор эди. Қўнғироқлашамиз бўптими?
— Яхши, яхши. Жойни локация орқали жўнатиб қўяман. Келасан деган умиддаман.
— Майли хайр, таклиф учун раҳмат.
Телефонни ўчиришим билан енгил тортдим. Бундай базмлар, йиғилишлар мен учун эмас. Боришим ҳам шарт эмас. Менсиз ҳам йиғилишлари ўтаверади. Телефонни хонамга қўйиб аста пастга тушдим. Меҳрибоним овқатни тайёрлаб қўйибдилар.
— Бирон гап бўлдими?
— Йўқ, нега сўраяпсиз?
— Унақага ўхшамаяпти.
— Оббо онажоним-эй. Синфдошлар йиғилиши бўлар экан эртага. Мен эса бормайман дедим. Ахир бугунгина ишга чиқдим. Эртага жавоб олсам яхши бўлмайди-ку, ойи.
— Лекин Иброҳимжон билан бирга борсанг бўлар эди-да. У бундай нарсаларни ёқтиради.
— Ойи эрта индин турмуш қурадиган оила бўлсак, у ҳам қай бир ишни қилсин. Ишлари бошидан ошиб ётибди. Менимча улар ҳам бормасалар керак.
— Майли ихтиёрингиз қизим. Сени мажбурламайман.
Ярим тун... Эндигина кўраётган тушимни белига тепиб, телефоним жиринглади. Асабим бузилиб ким қилганига ҳам қарамай ўчириб қўйдим. Бир, икки, уч, тўрт... Қайта-қайта қилинган қўнғироқлардан безиб телефонимни шарт олдимда бегона рақамлиги сабаб янада жаҳлим чиқиб заҳримни уйқумни бузган одамга соча бошладим.
— Фаросат бормиии? Ким бу ? Ярим тунда ҳам қўнғироқ қиладими?
— Фаросатни фаросациздан ўргааан дейишган экан машойихлар бу бир. Соат ҳали энди 22:20 бўлибди, ярим тун эмас, бу икки. Модом бегона рақам экан нега телефонни кўтарасан бу уч.
— Иброҳим??? Мен фаросациз эмасман! Кесатманг. Нега бегона рақамдан қилябсиз ўзи?
— Саломингни нонга қўшиб ютиб юбордингми сен қиз? Нафас ростламасдан туриб сўроқлай кетасан.
— Бугун кўришгандик-ку, шунда салом берганман. Бир кунда бир салом бўлса бўлди-да.
— Бунақа нарсаларда хотиранг жуда яхши ишлайди-я Афзун.
— Биласиз-ку.
— Камроқ кул устимдан. Тишинг тўкилиб кетади, - юзимга чойшабни тортиб кулганимни сезиб, аччиқланганини билдирди.
— Кулмадим, жилмайдим холос.
— Биламан сени қанақа жилмайишингни.
— Хўп қўйинг бу гапни. Нега рақам ўзгарди?
— Вой Худойим, “қиз”ларимга телефон қиладиган рақамимдан сенга чиқибман-ку, бироз кутиб тур ўзимни рақамимдан чиқаман.
Тўғри Иброҳим бироз ҳазилкаш, лекин овоз оҳангидан ҳазил қилганга ўхшамади.Ҳозиргина кўтарилган кайфиятим 1 сонияда йўқолиб қолди.
— Қайтиб қўнғироқ қилманг, барибир кўтармайман, - бир пасда гапларидан кўнглим совиб телефонимни бутунлайга ўчириб қўйдим.
Иброҳим билан бирга ўқиганмиз мактабда. Ёшлигимизда менга нисбатан жуда меҳрибон эди, шу билан бирга мен ҳам унга бефарқ эмас эдим. Аммо ҳисларимизни умуман очиқ-ойдин айтмаганмиз мактабни битиргунга қадар. Мактабни тугатиб у ўз йўлидан мен ўз йўлимдан кетиб, орадан 5 йил ўтгач уни ўзи мени топди. Шунда билганман, мактабдаги ҳисларим алдамчи ҳислар бўлмаган экан. Мен унга нисбатан ҳамон илиқлиқ туйган эканман...
Мен мактабга бир ёш олдин борганим сабаб ёшимиз 1 ёшга фарқ қилар эди. Бир йилча гаплашиб юрганимиздан сўнг мана бу йил тўй қилишга қарор қилдик. Албатта бу тўйни тезроқ бўлишини мендан ҳам кўпроқ у хоҳлаётган эди. Мен айрим қизлардек Иброҳимни “Иброҳим ака” деб чақиришга одатланмаганман. Чунки у вақти келиб мени, акам эмас турмуш ўртоғим бўлади. Менга севганимни “ака”лаб чақириш аввалдан ёқмаган. Кўча кўйда қизлар ёқтирганини шунақа чақиришса жаҳлим чиқарди. Бу менга ёқмасди. Ҳали ҳам ёқмайди. У эса ўзимга қулай тарзда чақиришимга эътироз билдирмаган. Уни ҳар бир хислатини ёқтираман... Жуда ҳам... Лекин ҳозир айтган гаплари... негадир ғалати бўлиб кетдим...
Уни ўйлаб, эндигина уйқу элта бошлаганда, кимдир сочимдан силаётганини ҳис этдим. Уйқуга юмилган кўзларим мошдек очилиб кетди.
— Ким..., - кимлигини билмоқчи бўлиб энди бақирмоқчи бўлганимда оғзимни қўли билан тўсиб олди. Қўлларидан билса бўлади-ки, бу эркак киши. Энди мен қўрқа бошлагандим.
— Аразчи қиз бақирма..., - унинг овози... Менга қадрли бўлган инсонимнинг овози...
Бу ерда нима қиляпти? Боз устига бу вақтда, – ҳозир қўлимни оламан, мени жим эшитасан хўпми?
Тасдиқ маъносида бош силкидим.
— Нега телефонни ўчириб қўйдинг, сенга нима бўлди экан деб хавотирдан ўлай дедим-ку!
— Сиззз бу ерга нега келдингиз? Ойим билса нима бўлади ? Қандай кирдингиз уйга?
— Аввал тинчланиб ол, - қўлларимдан тутаркан, телефонини фонарини ёқиб ётоқнинг нариги томонига қўйиб деди, – юзинг оқариб кетибди, ёмон қўрқдингми?
— Эртага ўлиб қолсам, нима бўлиб ўлди дейишса, қўрқувдан ўлиб қолди денг хўпми! - унга зарда қилиб юзимни буриб олдим.
— Ҳеч қачон, - юзимни кафтлари орасига олиб мени кескин ўзига қаратди, – асло ўлимни тилингга олма эшитдингми?! - менга еб қўйгудек қараганидан хато гапириб қўйганимни пайқадим.
— Кечиринг...
— Бундай нарсани ҳатто ҳаёлда ҳам ўйлама.., - мени бағрига босди. Бир пайтлар муҳаббат севгига ишонмайдиган мендек қиз, унинг биргина қучоғида эриб кетай дедим. Бироз шундай тургач, бағридан юлқуниб чиқдим.
— Кетинг.
— Нима?
— Кетинг! “Қизлар”ингиз кутиб тургандир.
— Тўғри айтасан, Озош қўнғироғимни кутиб турганди.
— Чиқинг тезззз, кўзим кўрмасин сизни.
— Шошма Нилуга хабар жўнатиб қўяй..., - эшик тагига борганимизда яна асабимга тегиш учун телефонини олиб хабар ёзмоқчидек хабарларга кирди.
— Аввал бу уйдан ойим билмасидан чиқиб кетинг, кейин хоҳлаганча машинангизда хабарлашиб ўтираверинг.
— Мен-ку, шундай қилдим ҳам дейлик, сен буни ҳазм қила оласанми..?
— Иброҳим.., - кўзларига қараб туриб гаплари чин эмаслигини пайқадим, – нега бундай қўпол ҳазиллар қиласиз-а?
— Ҳаддим сиғгани учун. Мен қалбимни фақат бир инсонга очганман. У ҳам бўлса сенсан. Мени ҳаётим мени борлиғим бари, барчаси сен билан боғлиқ. Жавоб қониқарлими? - бироз жилмайиб сўради. Унинг оддийгина жилмайиши ҳам мени кайфиятимни дарров ўзгартириб юборади. Сониялар ичида унинг юзидаги табассум менга ҳам ўтди, балки шудир муҳаббатга ошно қалбларнинг телбалиги...
— Қониқарли эмас. Сиз менга айтмадингиз уйга қандай кирганингизни ва рақам кимникилигини.
— Дарвозадан кирдим. Рақамни янги олдим, эскиси куйиб қолди.
— Нима? Дарвоза очиқ эканми?
— Албатта-да. Деразадан кира олмасдим, ҳаммаси темир панжаралар билан ҳимояланган.
— Ойим дарвозани қулфладим деганди-ку.
— Адашиб қулфладим дегандир. Бўлди қил дедективликни Афзун, сени олдингга бошқа гап билан келгандим.
— Қандай ?
— Синфдошлар йиғилишига нега бормайман дединг?
— Дарров айтдими Гавҳар.
— Ким айтгани муҳим эмас. Эртага мен айтадиган вақтда тайёрланиб тур. Бирга кетамиз.
— Йўқ мен бормайман, ахир бугундан ишга чиққан бўлсам, иккинчи кундан жавоб сўрашни хоҳламайман.
— Иш масаласида сен билан гаплашгандик-ку. Ўзи сени ишлашингни ўзи хато бўлябди. эътирозлар қабул қилинмайди. Эртага бирга борамиз.
— Иброҳим... мен қўрқяпман...
— Сабаб?
— Уларни ортиқча гап-сўзини кўтара олмайман...
— Мен бунга йўл қўяр эканманми?
Бир сўз дейишга тилим бормади.., – Мен сўзимни тугатдим. Кетишим керак.
— Лекин...
— Ортимдан юр, дарвозани қулфлаб оласан. Кечаси қулфда тургани яхши.
— Хўп.., - унинг феъл атворидан келиб чиқиб рози бўла қолдим. Бундан бошқа чорам йўқ. Уни кузатиб хонамга секин-аста кўтарилар эканман, эртанги кун қандай ўтишини ўзимнинг тасаввуримда таҳлил қила бошладим. Ҳар хил фикрлар оғушида хонамга кириб, бироздан сўнг кўзларимни уйқуга юмдим.
— Икки соатдан бери кутиб ўтирибман, энди уйга кирмоқчи бўлиб тургандим Афзууун.
— Алдаманг, бор йўғи қирқ саккиз дақиқа кутибсиз, мана ўзингиз қаранг, - уни келган пайтидаги вақт ва ҳозирги пайтни чамалаб айтдим.
— Йўўқаа саховат қилдингиз, ўн дақиқагина кутдим холос хоним, - сўзларни чўзиб-чўзиб гапирди атай.
— Хўп бўпти мен айбдорман барвақтроқ чиқишим керак эди, кўнглингиз жойига тушдими энди?
— Тушмади.
— Тушсин.
— Ўпиб қўйсанг тушиб қолар, - гапини айтиб дарров юзини тутиб турганига секин кулиб қўйдим.
— Тушмай қўя қолсин унда, машинани ҳайданг кеч қоламиз бўлмаса, - берган жавобимга у ҳам жавобан табассум қилиб қўйиб ўнг қўли билан чап қўлимни тутиб маҳкам бирлаштириб олди.
— Аввал мана бундай қиламиз, - деди қўлимни янада маҳкам тутиб, – Бугун бошқачасан...
— Қандай?
— Нафосатли.., - бироз муддат бир-биримизга термулиб тургач, ўртадаги сукутни бузиб тезроқ боришимизни айтдим. Йўл бўйи минг марта гаплашган бўлсак ҳам яна, тўйимизни қайси тўйхонада гаплашиб, декорацияларини қанақа қилдириш ҳақида суҳбатлашиб келдик. Чунки тўйга сал кам бир ой қолганди.
— Сен ичкарига киравер, мен машинани жойлаштириб кираман.
— Хўп.., - ресторанга кириб борар эканман, синфдошларимиз гаплашиб қўйган стол олдига официант бошлаб борди. Ортимга қараб Иброҳимни қидирдим. Ҳали машинани жойлаштириб ортимдан кирмаган кўринади. Бирга кирсак яхши бўлар эди...
— Афзун сени ҳам кўрадиган кун бор экан-ку...
— Адвокат хоним келдилар-ку, мажнун қани мажнун? - синфдошларимга яқинлашар эканман, уларнинг бирин-кетин бераётган саволларига кўмилиб кетай дедим.
Уларга бирма-бир жавоб қайтаришни истамай, оддийгина саломлашиб бўш стулларнинг бирига жойлашдим.
— Ҳаёт қандай бўляпти Афзун? Адвокат бўлиб ишлаш ёқяптими? - сап-сариқ тишларини кўрсатиб иржайганча сигаретасини тутатиб мени гапга тута бошлади Беҳруз. Шуни жуда ёмон кўраман, нуқул кераксиз гаплари билан асабимга тегарди ёшлигимизда. Ҳеч ҳам ўзгармабди аҳмоқ.
— Ҳаёт яхши бундан ташвишланма, ўзингда нима гап Беҳруз? - энди оғзимни гапириш учун жуфтлаганимда, елкамдан тутилган қўллар сабаб бирданига жимиб қолдим.
— Оооо боксиёр. Йўлларингда кўзимиз интизор бўлди. Ҳозиргина Лайлидан сени сўраб тургандик.
— Бунақа туришингдан ҳеч ҳам кўзларинг интизор бўлганга ўхшамайди.., - у катта қадамлар билан Беҳрузнинг олдига бора бошлади...
Иброҳимнинг важоҳатидан у ҳозир Беҳрузни урадигандек туйилиб кетди менга.Ўзимни ҳаёлимдан сесканиб кетдим. Нафас етишмаётгандек бўлиб у ёқ бу ёққа қараб қўяр эканман, улар иккиси қучоқлашиб кўришишди. Токи ҳамма овқатини тановул қилиб бўлгач навбат рақсга келгунгача барчаси ажойиб эди. Иброҳимга ювиниш хонасига боришимни айтиб секин даврадан чиқдим. Майда қадамлар билан ювиниш хонасига яқинлашар эканман, икки синфдошимнинг гаплари ногаҳон қулоғимга чалинди.
— Афзунани ким чақирди ўзи ?
— Гавҳар чақирдим дегандек бўлганди. Шуни аввал ёқтирмасдим. Отасини ишидан сўнг бутун оиласи билан кўзимга балодек кўриниб кетяпти шу кунларда.
— Ҳа отаси яхши иш қилмади. Қизи тенги қизни хотинидан, оиласидан устун қўйиб, ташлади кетди-я.
—Тунов куни бир ресторанда кўрдим уларни. Эсласам кўнглим айнияпти. Гавжум жой демай бир-бири билан оғиз-бурун...
— Етааар. Бўлди бас! Бировни ҳаёти, бировни оиласи билан нима ишинглар бор сенларнииии! - ортиқ жим тура олмадим. Ичимда худди вулқон бордек ва у отилишга шай бўлиб тургандек эди.
— Афзуна сен бизни нотўғри тушунма...
— Бўлди қил Ҳуснора. Индамасанг ўзидан кетади бу, тўғри гап туққанингга ёқмайди деганлари ростда ! Ёки отанг учига чиққан хотинбозлиги ёлғонми?
— Тилингни тий! Мени отам билан сени ишинг бўлмасин!
— Тиймасам-чи..? - ҳар гапирганимизда бир-биримизга яқинлашиб келганимиздан Ноила билан орамизда жуда қисқа масофа қолганди.
— Сен...
— Шу ерда экансан-да Афзун. Иброҳим сени сўраётганди, - Гавҳар келиб қолмаганда билмадим асабийлашиб, Ноилага нималар дердим.
— Ҳозир бораман, - дедим бироз ўзимни ўнглаб.
— Яхши, қизлар сизлар ҳам келинглар.
Гавҳар билан тинчгина кетсам бўлар эди аммо мен ҳам тилимни тия олмадим ўша пайт. Шундан чўчигандим, оиламни шаънини турли хил гап қилишларига чидай олмаслигимдан қўрққандим.
— Ҳа айтганча Ноила, эринг ташлаб кетганмиди? Ишхонамга келганди ўтган куни. Сен билан мени деб ажрашибдимиш. Менсиз яшай олмас эмиш. Эринг ҳам ўзингдек руҳий телба шекилли-а? - бир сонияда шунча ёлғон тўқидим-а? Ўзимга қойил, - майли ортимиздан келарсиз, - Гавҳар билан кулишиб ортимизда қизариб, бўзариб қолган Ноилага бир назар ташлаб энди кетмоқчи бўлиб турганимда, аввал исмимни чақириб ортидан ҳақоратлар қилинганини эшитдим. Сўнгра сочларимдан бегона ингичка қўллар маҳкам тутиб тортди. Демак нишонга урибман...
— Келдингми?
— Вой ойи ухламадингизми? Ўтакамни ёрай дедингиз, - меҳмонхонани чироғини ёққанимни биламан кўзим биринчи бўлиб, бошини боғлаб олган ойимга тушди.
— Ухламадим. Ухлай олмадим.
— Нимадир бўлдими? Тобингиз йўқми?
— Буларни кўр қизим. Отангни қилиб юрган ишини кўр.
Энди эътибор бердим. Стол устида конвертидан очиб олинган расмлар ёйиқлик турар эди. Расм тескари ўгириб қўйилгани учун қўлимга олиб унда нима акс этганини кўриш кўрмасликка бироз муддат бошим қотди. Ахийри олиб кўрдим... Ноила ҳақ экан. Бу расмлар... У айтган ресторанда олинган бўлса керак.
— Ойи шунга куйиб ўтирибсизми энди?
— Мен куймай ким куйсин қизим. Ким куйсин? Ярим йил давомида даданг туфайли ғам кўрмаган куним, эшитмаган гапим қолмади. Қизи тенги қизга уйланди кетди. Оиласини ўйламади.
— Ойи бўлар иш бўлган. Ғишт қолипдан кўчган. Энди йиғлаб сиқташни фойдаси йўқ. Бўлди энди ўтмишни ўйламанг ойижон, - уларни қаттиқ бағримга босдим. Тўлиб турган эканларми, йиғлаб юбордилар.
— Қандай ўйламай қизим, ўтмишнинг ўзи мени қўйиб юбормаётган бўлса.
Ярим соатча онамни бағримга босиб тасалли берган бўлдим-ку, лекин барибир озор чеккан қалбига малҳам бўла олмадим. Балки барига вақт даводир.Балки вақт ўтиб ҳаммаси унутилар. Дадам ҳам бир кун қилган ишларидан пушаймон бўлар. Мен отамни кечирганман. Аммо ойим-чи? Улар кечира олармиканлар..? Ойимни хоналарига киргизиб, устига чойшабни тортиб қўяр эканман, бироз олдида турдим. Сўнгра бутунлай ухлаб қолганларига амин бўлиб ўзим ҳам хонам томон йўл олдим.
— Эртага Й. Тоҳировани суд иши бўлади тайёрмисан. Бу аёлни айби йўқлигини исботлаш мушкул. Бирор бир ўйлаб қўйган режанг борми? Афзуна мени эшитяпсанми ўзи?
— Нима? Ҳа Тоҳировани суд иши бўйича керакли режаларни ўйлаб қўйганман. Хавотир олманг.
— Яхшимисан, ҳаёлларинг тарқоққа ўхшайди. Боядан бери дафтарга нимадирлар чизаётганга ўхшайсан.
— Ҳаммаси яхши Мухтор. Бироз чарчабман шекилли, шу билан ўзимни овутмоқчи эдим, - қўлимдаги ручка ва чизиб ташлаганимдан кераксиз аҳволга тушган дафтарим вароғига ишора қилдим.
— Чарчаган бўлсанг юр. Бирга тушлик қиламиз. Тушлик вақти ҳам бўлибди, - Мухтор билан ҳамкасбмиз. Иш фаолиятимизни асосан бир хонада юритамиз яъни мен Асила ва Мухтор. Иш бошлаганимга энди икки кун бўлган бўлса ҳам бу иккиси билан тил топишиб яқин бўлишга улгургандик. Асила шамоллагани боис бугун ишга келмабди.
— Сенда қандайдир ўзгаришлар бўлаётганга ўхшайди. Нимадандир сиқиляпсанми?
Буюрттирган қаҳваларимиз келгач яна мен нега бу аҳволдалигимни сабабини билмоқчи бўлди. Қандай айтаман, отам ҳақидаги тўрт томондан билдирилаётган фикрлар мени тамом қиляпти деб.
— Тоҳировани иши бўйича маълумотлар тўплаш қийин бўляпти. Биласиз бу мени биринчи ишим Мухтор. Бу вазифа учун менга бўлган ишончни оқлашим зарур.
— Сени тушунаман. Ўз ишингни устаси эканлигингни исботлаб берувчи бошланғич иш бу. Мен сенга қўлимдан келганча ёрдам бераман. Хавотирланма.
Стол устида турган қўлимни энди тутмоқчи бўлганда тезда ўзимни ортга олдим ва ўрнимдан турдим.
— Бу касбга эришишда ўз кучимга таяниб иш тутдимми, бундан кейинига ҳам шундай бўлади. Менга ҳеч кимнинг ёрдами ҳам кўмаги ҳам керак эмас. Ёқимли иштаҳа. Мени ишим бор эди.
Таниганимга энди икки кун бўлган одам билан тортишишни ўзимга тенг кўрмадим. Қўлимни ушламоқчи бўлгани ортиқча эди. Уни ўрнини кўрсатиб қўйиш вақти ҳам келар, лекин ҳозир мен ўзимга берилган вазифани ўйлашим керак. Эртагача ишни пухта бажаришим керак.
★ ★
— Келганинг яхши бўлди Зумрад, поччанг ҳам жиянинг ҳам ишга кетган. Бир ўзим зерикиб турган эдим.
— Зерикманг опа, Худо хоҳласа келинингизни тушириб олинг, қўлидан бир пиёла чой ичинг. Бу кунларни унутиб ҳам юборасиз.
Асосийси олдингизда хўп лаббай деб парвона бўлиб, хизматингизни қилиб юради.
— Айтганинг келсин сингилжон. Келиб кўзларимни қувнатдинг, гапириб дилимни яйратдинг. Жуда хурсанд бўлдим. Келиним ҳам ойдеккина қиз, бир қарашда рухсорига тўймайсан киши. Ўғлимни диди ўзимга кетган. Сен Анталиядалигингда қайним билан боргандик совчиликка. Хонага кириб келганда, кўзимни узолмай қолдим. Ўшанда шу қиз бўлса ҳам бўлмаса ҳам мени келиним бўлади деб ният қилгандим, - кўзлари қуёшдек порлаб Зуҳра хоним берилиб гапирарди-ки, синглисининг ўнғайсизланганини сезмади ҳам.
— Опа келиним дейишга ҳали эрта эмасмикин?
— Қизиқсан-да синглим. Ахир яқинда барибир келиним бўлади-ку.
— Шу оила менга ёқмаяпти опа. Биласиз сиз ҳам биз ҳам ўзига тўқ оилаларданмиз. Ўзингизга яраша эл ичида обрўйингиз бор. Иброҳимжон ҳам икки соҳанинг эгаси. Келин томонни оиласини шароити...
— Нима қилибди шароитига? Қудамни ҳар бир вилоятда қўша -қўша дўконлари бор. Келинимни ўзи адвокат бўлса. Улар ҳам ўзига тўқ оила. Сенга яна нима керак?
— Тўғрисини айтсам, у қизни отаси юриб кетганини эшитиб ғалати бўлиб қолдим опа. Қиладиган ишимни унуми йўқ. Турсам, ўтирсам сизни оилангизни шаъни нима бўлади деб хавотирдаман.
— Зумрад қўй бундай гапларингни синглим. Ҳозир хафалашиб қоламиз. Менга отаси нима қилган, нимага юриб кетди буни аҳамияти йўқ. Муҳими келиним менга ёқди. Онаси ҳам оқилагина аёл.
— Шундай дейсиз-ку, эртага одамларни гап қилиши бор. Полвондек ўғлига юриб кетган отани қизини олиб берибди дейишмайдими кейин?
Синглисининг гапларидан бироз иккиланиб қолди Зуҳра хоним. Бир гап билан айтганда синглиси айтган гаплар Зуҳра хонимни аросатда қолдирди.
— Унаштирув бўлиб бўлган. Тўйни тўхтатишни иложи йўқ. Қолаверса бу яхшиликка олиб келмайди Зумрад.
— Ўлимдан бошқа ҳар нарсанинг иложи бор опа. Сиз мени эшитинг.
— Бўлмайди синглим, бўлмайди. Мени қарорим қатъий. Афзуна мени келиним бўлади. Тамом вассалом.
Давоми бор
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 7