Предыдущая публикация
Икки қайсар дил,
Икки афсус, икки пушаймон.
Тамом бўлиб борар иккиси,
Таслим бўлиш истамай ҳамон!
Икки қоя, икки улкан тоғ,
Баланд келар биридан бири.
Икки дилда икки ўчмас доғ,
Бир севгининг икки тақдири!
Излайдилар иккиси толмай,
Битта дардга икки ҳил чора.
Аммо сира тузала олмай,
Иккиси ҳам бирдек овора!
Икки йўлда борарлар елиб,
Бири ўнгу, бири сўл томон!
Қани менга етиб кўринг деб,
Ҳандон отиб кулади Осмон!
Икки ғурур, икки қайсар дил,
Сабр эса бўлди букилиб.
Узр деса, узилади тил.
Кечир деса, кетар тўкилиб!
Икки иссиқ уйда диргизлаб,
Совуқ қотар икки иссиқ жон.
Яна юз йил яшар бахт излаб,
Икки афсус, икки пушаймон!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев