Сўнгра, Роббинг билмасдан ёмон амал қилганларга, ундан кейин эса, тавба қилиб яхши амалларни қилганларга, албатта, Роббинг шулардан сўнг мағфиратли ва раҳимлидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло кимларнинг тавбасини мағфират қилиб, унга раҳматини насиб этишини баён этмоқда. Ояти каримани диққат билан ўрганадиган бўлсак, инсоннинг тавбаси қабул бўлиши учун, аввало,
«...билмасдан ёмон амал қилган...»,
яъни гуноҳ ва ёмон амални билмасдан, хато ила қилган бўлиши керак.
Била туриб қилган бўлса, шартга тўғри келмайди ва тавбаси қабул бўлмайди. Баъзи кишиларнинг «Ҳозирча ўйнаб олайлик, фалон ёшга кирганимизда тавба қилиб, намоз ўқишни бошлаймиз», деган каби тушунча ва гапларининг нотўғри эканини ҳам шундан билиб оламиз.
Иккинчидан,
«...ундан кейин эса тавба қилиб...»
Инсон қилган гуноҳи учун тавба қилиши керак, чин дилдан афсусланиб, Аллоҳга истиғфор айтиб, ўша гуноҳ ишдан қайтиши, уни бутунлай тарк этиши лозим.
Учинчидан,
«...яхши амалларни қилганларга...»
Яъни тавбадан сўнг яхши амалларни қилиши шарт. Ўша иш унинг тавбаси ҳақиқий эканини кўрсатади.
«...албатта, Роббинг шулардан сўнг мағфиратли ва раҳмлидир».
Ана шу шартларни бажарганларга Аллоҳ таоло мағфиратини насиб этади. Гуноҳларини кечиради. Раҳм қилиб, охиратда мукофотларини беради. Юқорида ўзларининг Иброҳим алайҳиссаломга яқинликларини даъво қилаётган яҳудийлар учун ҳаром бўлган нарсалар эсга олинди. Маълумки, араб мушриклари ҳам, «Иброҳимнинг динидамиз» деб даъво қилар ва баъзи нарсаларни бутларга атаб, ўзларича, ҳаром санар эдилар. Келгуси оятда Аллоҳ таоло уларнинг даъволари ёлғон эканини фош этиш учун Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини эслатади:
@mehrob_uz
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев