("Кундошим” – сирдошим...)
Уйқуга илинган кўзларимни "Беруний” метро бекатига етганда истамайгина очдим. Ён-атрофимдагилар шошиб вагонлардан чиқа бошлади. Вагондан тушаётганимда унда мендан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. Назоратчи:"Синглим, китобингиз...” – деб чақирди. Орқамга ўгирилиб қарадим. "Китоб меники эмас” демоқчи бўлдим-у, бежиримгина кўринган блокнотга беихтиёр қўл узатдим. Йўлда унинг у ёқ-бу ёғини варақлаб, кундалик эканлигини англадим. Бировнинг кундалигини ўқиш яхши эмас, шу важдан анча пайтгача уни китоб жавонимда асрадим. Лекин эгаси чиқмагандан кейин ичини ўқий бошладим...
Қаттиқ жиринглаган телефон овозидан сесканиб ўзимга келиб телефон гўшагини кўтардим:
-Алло!
-...
-Лаббай эшитаман!
-...
Мен учун "унсиз қўнғироқлар” оддий ҳолатга айланиб қолган. Аёл киши эримга қўнғироқ қилаётганини ҳам, ҳатто ким эканини ҳам сезаман, аниқ биламан. Лекин худди қўнғироқ соҳибаси каби мен ҳам унсизман. Бу ҳақда 18 ёшимда турмушга берган онамга ҳам, ўғлини севганига эмас, менга уйлаб қўйиб, муносабатларимизга эса умуман қизиқмайдиган қайнонамга ҳам, уйланиб ҳам кўнглидагисидан кечолмаган эримга ҳам айтолмас эдим. Чунки онам мени бой хонадонга узатганидан қўшни аёлларга фахрланиб мақтанишни канда қилмайди. Келинлик уйимдан бўладиган моддий ёрдамдан хурсанд эди. Қайнонам эса ўғлидан 13 ёш кичкина қизни келин қилганини тўй-у ҳашамларда кўз-кўз қилиб олиб юришдан чарчамасди. Эримга ҳам, менга ҳам ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ эди. Бизга ҳеч ким индамаса бўлди. Ҳайхотдай бу ҳовли мени ютиб юбораман дейди-я! Овсинларимнинг катта фарзандлари мендан катта бўлгани учун улар билан ҳам суҳбатлашиш ноқулай. Жонсиз қўғирчоққа ўхшайман. Тунов куни эрим Муҳаббат опа билан бозорга тушиб кийим-кечак харид қилибди. Қўлимда даста-даста пул бўлса ҳам эрим билан бозорга тушиш у ёқда турсин, ҳатто, ўзимга бориб бозордан битта рўмолча сотиб ололмайман. Онамга пул олиб бериб керак нарсани айтаман, онам менга уни "совға” қилади. Мен онамникига ташийман, онам меникига. Бир қизнинг бахтсизлиги эвазига қурилган бахт тезда нурашини билмаган эканман. Муҳаббат опа билан эримнинг неча йилдан буён севишиб юришини билардим-ку! Нимамга ишондим? Ундан чиройлиман, эримни ўзимники қилиб оламан деб ўйлаган эдим-а! Ҳаммани ўзига ром этолган чиройим, эримни заррача қизиқтирмаслигини тан олиш қанчалик оғир...
Тўйим учун елиб-югуриб ўтказган икки ҳафтани тушда кўргандек бўлдим. Янги келин пайтимда қайнонам меҳмонга отланиб қолди.
-Садоқат, Кумуш опоқингникига кетяпман. Келгунимча кирларни ювиб қўй. Кирсаватга кирларни йиғиб қўйганман.
-Хўп бўлади, ойижон! Яхши бориб келинг!
"Эҳ, ойижоним! Қизимга деб атаган кир ювиш машинангиз уйнинг бир қисмини эгаллаб туришдан бошқа иш ҳам қиладими!? Аксига олиб иссиқ сув ҳам ўчиб қолибди” —ҳожатхонага кириб шу гапни кўнглимдан ўтказдим-у, юқоридаги сув чўмракларини жаҳл билан у ёқ–бу ёққа бурадим. Ваннахонадан шариллаган сув овози эшитилди. Югуриб борсам иссиқ сув буғланиб, отилиб чиқаяпти. Тавба, бу нимаси!? Наҳот қайнонам оқиб турган сувни ҳам кўп кўрган бўлса. Ўша куни йиғлаб-йиғлаб кир ювдим. Ахир ўзимнинг эмас, қайнонамнинг, эримнинг, қолаверса, эрини чет элга ишлаш учун юбориб, бизникидан қадами узилмайдиган қайнопамнинг кийимларини юваяпман-да! Жуда алам қилди. Лекин жанжал чиқмаслиги учун ҳожатхонага кирдим-да, иссиқ сувни ўчириб қўйиб ҳеч нарса бўлмагандек юравердим. Турмушга чиқаётганимда тухум қовуришни ҳам билмас эдим. Ҳаёт мажбур қилса, сенга иш ўргатадиган "устоз”нинг кераги йўқ экан!Катта қайнопам билан бир пайтда ҳомиладор бўлдик. Қайнопамнинг эри хорижга ишлагани кетгани учун у деярли бизникида эди. Музлатгичда эримнинг пулига қайнопам учун келтирилган ҳомиладор аёллар ичадиган витамин дорилар туради. Бу уйда оғироёқ икки аёл бўлса ҳам, улар бир киши учун аталганлиги ҳеч кимни таажжублантирмайди. Катта рўзғорга шунчалик сингиб кетдимки, ҳатто фарзандли бўлганимда ҳам борлигим сезилмади. Оёғим билан бешик тебратиб, икки қўлимда хамир ёядиган эпли келин бўлиб кетганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Эримнинг калтаклари мени эпақага келтириб, эпли қилиб қўйган эди.
Ҳар сафар менга тўртта келадиган эримнинг калтакларига дош беролмай қайнонамнинг оёқлари остига ялиниб бораман: "Ойижон, мен ҳам бировнинг боласиман-ку! Илтимос, раҳмингиз келсин! Ҳамма жойим қақшаб кетди, бошқа урмасин, ўғлингизни қайтаринг!” Қайнонамнинг ишораси билан эрим калтаклашни тўхтатар эди. Лекин эрим ўз ётоғимизга кирганда қизимиз Иродани эркалата туриб: "Биз қизим билан тинч ухлаймиз-а, қизим! Ойимизни авайламасак, кейин бизга ким қарайди?!” — деб ўзи ухлатар, лат еган жойларимга малҳам суртиб қўярди. Унинг қаҳрини ҳам, меҳрини ҳам тушунмасдим.
Ҳаётим шу тарзда ўта бошлади. Бу орада коллежни ҳам тугатиб олдим. Ҳамма 3 йил ўқиб олган дипломни мен 5 йил ўқиб, дадажонимнинг ёрдами билан олдим. Кўчада ҳамманинг ҳаваси келадиган кўркли келин бўлсам ҳам, уйда ўзимдан ўтганини ўзим билар эдим. Ўз аҳволимга хўрлигим ҳам келмасди. Бувимнинг қўлида тарбия топганим учун эркак киши пир бўлади, деган нуқтаи назар билан улғайганман, шу сабабданми, эримни ёмон ҳам, яхши ҳам кўрмасдим. Нима деб ҳам ёмон кўраман, ахир!? Кўнгил ишига аралашиб бўлармиди.
Кунлардан бир куни қайнонам кўчадан бир гап топиб келди: "Эр-хотин – қўш хўкиз, дейдилар. Рўзғор – ғор, деган гап ҳам тўғри. Битта Жамолимнинг топгани нима ҳам бўлади, кўчанинг бошига чиқиб қурт-сақич сотсанг, ҳарна, рўзғорнинг бир чеккасини кўтаради.” Бошида эрим бунга рози бўлмади, лекин кейин "билганингни қил” дегандек қўл силтади. Қизимни ўйнатиб ўтириб кўчада майда-чуйда сотадиган бўлдим. Қайнонам рост айтган экан, шу кичкинагина "савдо”дан ҳам яхшигина даромад кела бошлади. Лекин маҳсулотимдан кўра ўзимнинг харидорим кўп эканлигини ўша пайтда мутлақо пайқамаган эканман. Буни қарангки, шунча йилдан бери эрини ром этолмаган жувоннинг чиройи бўй йигитларни "қизиқтириб” қўйган эмиш. Маҳаллада ҳамма пичир-пичир гапирадиган бўлди. Қайнопам мени "кўчадаги ҳамма бўй етган йигитлар атрофида парвона” деган айблов билан калтаклатди. Бу сафарги калтакларга дош беролмадим. Қайнонамнинг оёқларига тиз чўкишим ҳам иш бермади. Ёшига тўлмаган қизимнинг чинқириғи дод-фарёдимнинг ичида ҳеч кимга эшитилмасди. Биқинимни сийлаган сўнгги тепкидан кейин дарвоза тақиллаб қолди. Эрим калтаклашдан тўхтади, "дарвозани очмоқчи бўлиб” югурдим. Ҳеч ким йўқ экан. Бу овозни ҳаммамиз эшитган бўлсак-да, ҳақиқатдан ҳам ҳеч ким йўқ эди. Кўчага отилиб чиқиб, қизлик уйим томон югурдим. Онам ички фарёд билан кутиб олдилар: "Тақдиринг бунчалик шўр бўлмаса, қизим! Шунчалик ҳам калтаклайдими!!! Илоё, эрингнинг сени урган қўллари синсин! Илоё, ўша Муҳаббат билан бир балога йўлиқсин!” Ойим биринчи марта Муҳаббат опани қарғади. Бу калтак сабабини ундан кўрди, шекилли.
Шу воқеадан кейин эримнинг хонадонига қайтиб бормадим. Яқинларим шу пайтгача еган калтакларимдан хабарсиз эди. Ҳаммасидан хабар топишганидан кейин бувим қизимни олиб келди. Акам ўқишга ҳужжат тайёрлай бошлади. Бувимнинг таклифи билан мен ҳам ёшлигимдан қизиққан йўналишим – мусиқа факультетига ҳужжат топширдим. Имтиҳонлар тугаб, натижалар чиқишига бир кун қолганда эримнинг бутун қалбини эгаллаган Муҳаббат опани кўчада кўриб қолдим. Қорамағиздан келган бўлса ҳам, нимаси биландир кишини ўзига жалб этиб туради. Самимий табассумими, ўзига ярашиб турадиган кўзларидаги маъюсликми, билмадим, ҳар қалай, истаралигина қиз. У менга меҳрли табассум билан қараб қўйди. Унинг ҳатто киприкларидан ҳам меҳр ёғилар эди. Кийган кийимлари ярашиб турибди. Эримнинг диди чакки эмас: чиройли кўйлак танлабди. Эрим синфдошлари билан йиғинларга борса, уйининг бекасини эмас, қалбининг "бека”сини етаклаб борарди. Учовимиз ҳам битта маҳаллада катта бўлганмиз, бу нарсаларга қандай қилиб кўз юмиш мумкин. Негадир, Муҳаббат опанинг ўрнида бўлиб қолгим келди. Бу қизни – ойим ва қайнонамдан бошқа –бутун маҳалла яхши кўради (гарчи эрим билан ҳалиям алоқа қилишини билишса ҳам). Ўқувчилик кезларим Муҳаббат опа доим бизга бир воқеани айтиб берарди: "Яратган она табиат чиройидан баҳраманд бўлиш учун инсонни яратибди.Аллоҳ Ер юзини инсонларга тақсимлаётганда деҳқонга энг унумдор жойдан, савдогарга одам гавжум жойдан, балиқчига сув бўйидан,чўпонга ўтлоқлар устидан, хуллас, ҳамма ўз ҳолига яраша
ризқ териши мумкин бўлган жойдан ер тақсимлабди. Шоир шеър ёзаман деб тақсимлашга кеч қолиб кетибди, унга жой етмай қолибди. Шунда Аллоҳ узоқ ўйлаб унга: "Сенга ўзимга энг яқин жойдан – осмондан жой бераман”, — дебди. Шундан бери шоир халқи Аллоҳнинг яқинида – осмонда яшар экан. Кечиккан бўлса-да, ўз ўрнини топган шоирлар шунинг учун ҳам осмонларни макон қилиб учиб юрар эканлар”. Муҳаббат опанинг айтиб берган ҳикоясига хаёлим кетиб қолиб, ёнма-ён келиб қолганимизни сезмабман.
-Садоқат, қизинг катта бўлиб қолдими?
-Ассалому алайкум!
-Қаёққа йўл олдинглар ширинтой билан?
-Бувимни кўргани бораётган эдим.
-Вой, ростдан-а!? Йўлимиз бир экан! Яхши бўлди, суҳбатлаишиб кетарканмизда!!!
-...
Кўчада ҳамма бизга қараб қўяр, таниш-билишлар анграйганидан салом-алик қилишни ҳам унутиб ўтиб кетарди.
-Биласанми, сен менинг синглимсан! Сени, Иродани яхши кўраман... Жамол акамни ҳам...
Устимдан муздек сув тўкилгандек бўлди, шундай бўлса ҳам негадир Муҳаббат опанинг кўзига қаролмадим. Гўё бу гапни эшитмагандек Ироданинг юзидан ўпиб қўйдим.
-Биламан, ҳаммасини билсанг ҳам ичингга ютасан. Раҳмат сенга!
-Нима учун?
-Уйда жанжал кўтариб Жамол акамни қийнамаганинг, яхши хотин бўла олганинг, сабр-тоқат билан турмушнинг муштига чидаёлганинг учун!
-Мени яхши хотин деб ким айтди сизга (Наҳотки, эрим мен ҳақимда шундай фикрда бўлса!)?
-Кўзларинг... Анча пайтдан бери сен билан гаплашиб олмоқчи эдим.
-Энди менга Жамол акангиз қизиқ эмас! – Қайси журъат билан шу гапни айтганимни билмайман. Гапиришга гапириб қўйдим-у, хижолат тортдим, уялиб кетдим.
-Садоқат, биласанми, сени тўғри тушунаман...
-Мен сизни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан!!!
-Мен турмушга чиқаяпман!
-Табриклайман! Бахтли бўлинг!
Мен тез-тез юриб кетдим, Муҳаббат опа эса ортимда товушсиз қадамлар билан қолиб кетди. Бувимникига бориб ҳеч кимга кўрсатмай йиғлаб олдим. Эрим изларим ювилмай Муҳаббат опага уйланади деб ўйламаган эдим. Сўнгги калтаклар зарби, ортимдан бирор марта ҳам йўқлаб келмагани шунга экан-да! Ичимда уни қарғамоқчи бўлдим-у, ҳатто, хаёлларим ҳам Муҳаббат опани ёмон кўролмас эди. Бунақалар бахтини топиб кетади, менга ўхшаб бировнинг бахтига раҳна солганлар кўз ёшларига ғарқ бўлади. Эрталаб йиғидан шишиб кетган кўзларимни зўрға очдим. Бувимнинг ҳаллослаб югуриб келишидан эримнинг тўйи ҳақидаги хабарнинг ҳиди келарди: "Қизим, турдингми? Тезроқ туриб юз-қўлингни юв! Бўлақол, болам!” Бувимнинг қизиқ одати бор, ҳар қанча зарур бўлмасин, эрталаб юз ювмаган кишига гапирмайди. Юз-қўлимни ювиб-ювмай бувимнинг ёнларига шошилдим.
-Тонгнинг хайрли келгани чин бўлсин, болам, сени ўқишга олишибди!!! Бахтингдан айланай, Аллоҳимнинг сийлагани рост бўлсин!
-Вой, бувижон, ростдан-а!
-Ҳа, акангни ҳам олишибди! Ҳалиги пул тўламай ўқийдиган қилиб олишибди!
Бу қувонч ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Онадан қайта туғилгандек бўлдим. Қиз боланинг орзулари эртакларда ушалса керак деб ўйлар эдим. Акам икковимизнинг давлат гранди асосида ўқишга кирганимиз дилхираликларни тарқатиб юборди. Бувимнинг гапи билан ажрашиш учун судга ариза бердим. Эрим ажрашаётганимизда қизи ҳақида оғиз очмади. Ҳатто уни фамилясидан чиқариб ҳам берди. Ўқишга бошим билан шўнғиб кетганимдан бу орада эрим ҳақида ҳеч нарса эшитмадим. Мен ўқишни тамомлагунимча уйимиздан совчи аримади. Дадам "жойи чиққанда берайлик, бунақа яхши жой яна бўладими, йўқми” деб қистовга олсалар ҳам бувим унамади.
Дипломимни оладиган куни университет дарвозаси ёнида акам бир қиз билан гул кўтариб кутиб турган экан. Уларни кўришим билан ёнига ошиқдим. Етиб борганимда эса...
-Салом! Садоқат, жудаям очилиб кетибсан!
-Муҳаббат опа...
-Ҳа, кутмаган эдинг-а!?
-Сингилжоним, сени соғиндим. Кел, бир бағримга босай...
Беихтиёр ўзимни Муҳаббат опанинг қучоғига отдим. Негалигини билмайман-у, кўз ёшларимни тиёлмадим. Анча пайтгача бир-биримизни қўйиб юбормай кўз ёши қилдик. Сўнг акам билан кўришиб қўлидан гулни олдим. Муҳаббат опа жудаям очилиб кетибди. Кийган кийимлари ҳар доимгидек ўзига ярашиб турибди. Ёнидаги қизча қуйиб қўйгандек ўзига ўхшайди.
Эримни ўғилли бўлди деб эшитгандим, қиз экан-да! Бу "кундош”имни Аллоҳим бунча яхши кўрмаса! Ҳаётидан бахт аримайди, доим эъзозда.
-Садоқат, ҳозир бир иш қиламиз!
-.... Индамай акамга юзландим. "Хотиржам бўл” дегандек у бош ирғиб қўйди.
-Дипломингни уйга олиб бориб уйдагиларга кўрсат-да, катталарнинг дуосини ол! Эртага магистратурага ҳужжатларингни топшириб келамиз.
-Очиғи, бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Уйдагилар нима дейишар экан? Келаси йил қизим мактабга чиқади. Қийналиб қолмайманми!?
-Вой, битта қизга шунчами? Мен ҳам қизим билан ўқияпман. Турмушга чиққанимдан кейин қайнонамнинг таклифи билан институтга кирдим. Насибам қўшилган экан, ўқияпман. Келаси йил ўқишни тамомлайман.
Ўша куни уйга бориб Муҳаббат опа билан тонггача суҳбатлашдик. Негадир оила аъзоларим "кундош”имни ҳурмат билан кутиб олишди. Эрим адашмаган экан. Бу қиз нақ фариштанинг ўзгинаси. Унинг ақлига, фаросатига, уддабуронлигига яна бир бор амин бўлдим. Тонгга яқин эса Муҳаббат опа ўтмиш саҳифаларини варақлади. "Биласанми, Жамол акага турмушга чиқаётганингда ўлиб қолсам керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, ўлиш осон эмаслигини ўшанда англадим. Тўйинг куни уйларингга "томошабин” бўлиб бордим. У саҳна тўрида – сенинг ёнгинангда туриб ҳам мен билан телефонда гаплашди. Бу тўй онаси учунлигини, мени ҳеч қачон ташлаб кетмаслигини тинмай такрорларди.Тўйдан кейин учрашиб турардик. Бу ишим тўғри эмаслигини билсам ҳам, саккиз йиллик муҳаббатим зўр келиб, ўзимни қайтаролмадим. Қайсидир маънода ўзимни бахтли ҳис қилардим. Синфдошлари билан учрашувларига бирга борардик. Улар бизни тўғри кўнгилда қабул қилишарди. Орадан вақт ўтиб қизинг Ирода туғилганда қандайдир бир ички туйғу мени бу йўлдан қайтарди. Чимилдиқнинг уволидан қўрқмасам ҳам бешикнинг уволидан чўчидим. Фарзанд ҳаётнинг неъмати эканлигини Жамол акага тушунтириб, орани очиқ қилдим. Лекин кейин у сени дўппослайдиган одат чиқарганини эшитиб, яна унинг ҳаётига "мўралашга” мажбур бўлдим. Уни бу йўлдан қайтаришга уриндим. Ҳар сафар сени авайлашга ваъда берса-да, бунинг устидан чиқолмайдиган Жамол акага оғир эди. Уйида тинчи бўлмаган эркакка жуда қийин. Ажрашганингни эшитиб, сени бу йўлдан қайтармоқчи бўлдим. Қандай қилиб сен билан гаплашишни билмай юрганимда ўзинг йўлимдан чиқиб қолдинг. Лекин гапиришга оғиз жуфтламасимдан кетиб қолдинг. Доим бахтингни Худодан сўраб илтижо қилардим. Бувингнинг ёнига бориб, сени ўқитиш ҳақида маслаҳат солдим. Лекин сен тарк этган ҳовлини уволинг тутиб кетди. Бир жувон эрингнинг бошини айлантириб олиб, уларнинг бошига не-не кунларни солмади. Жамол ака ичкиликка берилиб кетди, опаси уйга қадам босишга қўрқади, онаси оғир бетоб бўлиб қаровсиз ётиб қолди. Қайнонангнинг кўрган куни қурсин! На қизи билан дардлашолади, на ўғли билан. Иқтисодий танглик кетидан оилавий можаролари кучайиб кетган. Унга раҳмим келади.Бу жанжалларга у фақатгина ўғлини яхши кўргани учун чидаб яшаб юрганмиш. Турмушга чиқаётганимда ўтмишимни эримга гапириб бергандим – мени тўғри тушунди. Ўқимишли инсонларга келин бўлдим. Оилам учун боримни бераман. Қизим сенга ўхшаган ақлли, иродали қиз бўлсин деб, исмини Садоқат қўйганман. Мана икковимизнинг ҳам ҳаётимиз изига тушиб кетди. Энди яхши бир инсонга турмушга чиқиб, бахтли бўлиб кетганингни кўрсам юрагимни тирнаётган виждон азобидан қутулар эдим”.
Ўша куни Муҳаббат опанинг гапларини эшитиб ҳайратдан қотиб қолдим. Наҳот, дунёнинг адолати шунчалар холис бўлса! Тақдир ўйинларига, Аллоҳнинг бичувчилигига тавбалар қилдим.
Ҳикматингдан айланай, Дунё!Тақдиримнинг ўтмиш саҳифалари кўз олдимдан бирма-бир ўтар экан, эримга ҳам осон бўлмаганлигини тушуниб етдим. Балки ўша кезларда нотўғри йўлни танлагандирман, лекин ҳозир росмана бахтлиман. Муҳаббат опанинг ёрдами билан магистратурада ўқияпман. Ўзимни Аллоҳнинг ер тақсимотига кечикса-да, насибасидан қуруқ қолмаган шоирга ўхшатаман.Талабалик бахти билан етаклашиб кириб келган бахтимнинг нури менга азоб бераётган булутларни ҳайдабгина қолмасдан, куйдириб юборганини билмаган эканман...
Шоҳсанам КОМИЛ қизи.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1