− Кўпга келган тўй, чиданг, Шодмонқул, чиданг, − насиҳат қилди мулла Сафар бобо. – Уста бобонинг келини ҳам бандалик қилибди. Эртага чиқарамиз. Ой-куни яқин экан бечоранинг.
− Дўнгсойдаги Шермат темирчининг фотиҳали қизи ўтиб қолибди, Худонинг амри экан-да, нима қиламиз, Шодмонқул? − гапга аралашди Ислом бобо.
− Дарғомнинг сувидан чиққан эмиш, − деди Эшонқул оқсоқол.
– Дарғом бошга бало бўлди. − Бу унчалик тўғри эмас, − деди Соли духтур. – Тўғри, Дарғомнинг сувини ичмаслик керак, ифлосланиб кетди. Аммо бу касални Афғонга борган болалар олиб келди. Шунгача бунақа касал йўқ эди.
− Ўзи оти нима экан шу касалнинг? – сўради Холмат бобо.
− Тепадан яширишаяпти, − деди Соли духтур. – Сариқ касал деб қайд қилдиришаяпти, аммо бу сариқ эмас, бу тиф.
Аммо биздан тиф чиқди, дейилса, бутун дунёда ваҳима бўлиб кетади. Касал бўлган одам ўлаяпти. Бу аниқ тиф, эскичасига ичтерлатма.
− Ўв, биродарлар, менинг Шоҳистадан бошқа одамим йўқ эди-да! – кўкрагига муштлади Шодмонқул ака. – Энди кимим қолди?
Шодмонқул ака бир-икки йил тайсаллаб юрди, аммо ҳамма нарсага аралашадиган Жаласойнинг оқсоқоллари уни қийин-қистовга олиб, Муҳаммадининг бевасига уйлантириб қўйишди.Туғмаган хотиннинг, болага кўкрак тутмаган, кўксидан сут келмаган хотиннинг болага меҳри бўлмас экан.
Ўринбойга меҳри бўлмади, Муҳаммадининг бевасининг.
Ўринбойга оналик қилмади, Муҳаммадининг беваси.
Ўринбойни туркилади, Муҳаммадининг беваси.
Ўринбойга сўраганида нон бермади, гўшт бермади, Муҳаммадининг беваси.
Шодмонқул ака кўчанинг одами, бирини билса, бирини билмади.
Аммо Ўринбойнинг кўзи кўкарган куни жавоб берди, Муҳаммадининг бевасига.
− Уч талоқсан, Муҳаммадининг беваси, уч талоқсан!
Илоё, боланинг юзини кўрмагин!
Кейин-да кўп эрнинг юзини кўрган Муҳаммадининг беваси бола юзини кўрмади.
Қайтиб хотин юзини кўрмади, Шодмонқул ака, кўришни истамади.
Ўзи сигир соғиб, ўзи куви пишди, Шодмонқул ака.Ўзи хамир қориб, ўзи нон ёпди, Шодмонқул ака.Ўзи овқат қилиб, ўзи идиш-товоқ ювди, Шодмонқул ака.
Аммо қайтиб, Ўринбойни инсон боласига турткилатмади.
Ўринбойни шаҳарда ўқитди.
− Ичтерлатмани даволайдиган духтур бўласан, − деди Ўринбойига.
Духтур бўлди, Ўринбойи.
Кўнглини ёрди, Ўринбойи:
− Бирга ўқиган шаҳарлик қиз кўп яхши-да, ота.
− Унда уйимизни шаҳарлик кулмайдиган қилайлик, болам, − деди Шодмонқул ота.
– Бу уйлар кўп эскирди. Янги бир уй қилайлик, шароитлари шаҳарлик келинни уринтирмайдиган бўлсин.
Кейин келинни олиб келсанг, ярашади, ўғлим.
− Сиз нима десангиз шу, ота.
Жаласойнинг асл усталари уста Марсель бошчилигида икки йил ишлади.
Бир уй бўлди, шаҳарлик орзулайдиган.
Бир уй бўлди, қишлоқлик хаёллайдиган.
Бир уй бўлди, ошхонаси ичида, ҳаммоми ичида, ҳожати ичида.
Бир уй бўлди, эр-хотинга алоҳида хонаси.
Бир уй бўлди, туғилмаган ўғилларга алоҳида, қизларга алоҳида хонаси.
Бир уй бўлди, Шодмонқул отанинг ётоғи-ю, таҳоратхонаси алоҳида.
Ана шу уйга шаҳардан келин келди.
Бир келин келди, ойдан-да гўзал, кундан-да гўзал.
Бир келин келди, кўрган яна бир кўрсам, дейди.
Бир келин келди, Шодмонқул отага қовоқ очмайди.Бир келин келди, Шодмонқул отанинг гапига қулоқ осмайди.
Бир келин келди, уйда Шодмонқул ота борми, демайди.
Бир келин келди, Шодмонқул ота борида овқат емайди.
Аввал ўғил кўрди, Ўринбой.
Кейин қиз кўрди, Ўринбой.
Қизни Шодмонқул отанинг қўлига тутқизмайди, Нозик келин.
Ўғилни Шодмонқул отанинг бўлмасига йўлатмайди, Нозик келин.
Эрига қаттиқ-қаттиқ гапирганини эшитиб қолди, Шодмонқул ота.
− Отангиз биз билан бирга турмасин! – дер эди, Нозик келин.
− Болаларнинг тарбиясини бузмасин, – дер эди, Нозик келин.
− Кеча кўрмай қолибман, ўғлимизга эртак айтибди, эртагини қаранг, “Зумрад ва Қиммат” эмиш. Мени ёмон кўради, отангиз. Мени Қиммат деган-да.
− Шу уйда ё отангиз турсин ё мен турай, – дер эди, Нозик келин.
– Биз шаҳарга кетамиз.
− Уста Марсель, сизга бир юмуш чиқиб қолди, − деди Шодмонқул ота.
− Шодмонқул ота, буюринг, сиз учун ҳар не юмуш бўлса, бажараман, − бўлди жавоби уста Марселнинг.
− Шу, ҳовлининг этагидаги эски уйни сал эпақага келтириб, ичидаги битта хонасини таҳоратга мўлжаллаб, таъмирлаб берсангиз, дегандим.
− Ана, айтганим бўлдими, Шодмонқул ота? − деди уста Марсель.
– Сиз эса, янги уй битганида уни бузиб ташламоқчи эдингиз.
“Бир куни керак бўлиб қолади, бузманг”, дегандим-а?
− Яхшиям сизнинг гапингиз билан бузмаган эканман. Жуда тез керак бўлиб қолди, уста Марсель, жуда тез керак бўлиб қолди.
− Хафа бўлманг, Шодмонқул ота, хафа бўлманг, келин шаҳардан деганингизда билганман, бу уй керак бўлишини.
Уста Марсель болалари билан келиб, эски уйни Шодмонқул ота айтганидек қилиб беришди.
Шодмонқул ота бир бўғчани кўтариб, эски уйга кўчиб ўтди.
− Ундай қилманг, ота, − деди Ўринбой. – Мени шарманда қилманг!
− Қайғурма, Ўринбой, иш сен ўйлагандек эмас, − деди Шодмонқул ота. – Янги уйга кўчганимиздан бери энанг тушимга киради. “Мени ёлғизлатиб қўйдингиз”, дейди. Энангнинг руҳи чирқилламасин, болам. Шунга кўчдим.
− Эл нима дейди, ота?
− Элнинг гапига парво қилма, хотинингнинг гапига қулоқ сол, болам. Мен эски уйдаям яшайвераман, хотининг икки боласи билан кетиб қолса, ана шунда шарманда бўласан, болам. Сенинг тинч яшашингни кўришнинг ўзи менга бахт, ўғлим. Бор, хотинингдан балога қолма, болам!
Тамом.
Каримберди Тўрамурод
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5