10-қисм.
БЎТҚАХЎРЛАР..
Шундай қилиб, пойтахтлик текширувчи янада жиддийлашди.
Унинг қўлида мавжуд ҳужжатлар ва "нуқсонномалар"га асосланадиган бўлинса, тумандаги умумий ижтимоийиқтисодий, молиявий-хўжалик ҳолати ойдек равшан эди. Ҳатто туман прокурори ҳам, ички ишлар бўлими бошлиғи ҳам Омонулла билан ҳайиқиб гаплашардилар ва ҳар қандай хизматга тайёр эканликларини изҳор қилардилар. Айниқса, банк бошқарувчилари чигити олинган момиқ пахтадай мулойим бўлиб қолишганди.
Ниҳоят "ошкоралик" ва "ўзини танқид" руҳида ўтган аттестация якунланай деб
қолди ва барча туман амалдорлари якуний хулосани сабрсизлик билан кута бошладилар. Хизмат текширувлари эса айрим олинган ташкилотлардагина амалга ошириладиган бўлинди.
– Олимиддин, кимлар аттестацияда қатнашмади ва кимлар "ҳалигиндай" папкасини олиб келишмади?
Шуларни менга зудлик билан аниқлаб беринг, – деди "комиссия раиси" жиддий. Сўнгра Асовиддин тортиқ қилган янги костюмининг ёқалари ва галстугини
тўғрилаб олди..– Туман нефть базасининг бошлиғи Кўпайсинов келмади. Иннакейин, маориф мудири Тиллаев, қишлоқ қурилиш трести бошлиғи Чўлиевлар папкаларини олиб келишмади, – дея худди аскардек баёнот берди Олимиддин.
– Яхши, бўлмаса текширишни ўша нефть базасидан бошлаймиз. Анави икковини бўлса, зудлик билан топтиринг.
– Хўп бўлади, устоз.
– Бўлмаса нефть базасига жўнадик!
Улар нефть базасига етиб келганларида бошлиқ хонасида йиғилиш борарди.
Қабулхона котибаси шашт билан кириб келган нотаниш кишиларнинг йўлини
"қаҳрамонона" тўсиб олди.
– Тўхтанг, бу ёққа мумкин эмас! – деди қиз қатъий.
– Нега энди? – деб сўради Омонулла ҳайрон.
– Пойтахтдан комиссия келармиш. Шу масала бўйича фавқулодда йиғилиш
ўтказяптилар. Бошлиқ менга хонага ҳеч кимни йўлатмасликни қаттиқ тайинлаганлар. Узр, безовта қилолмайман.
– Унда мажлис тугагандан сўнг айтиб қўйинг, эртадан бошлаб у кишига иш вақтида бунақа бемаъни йиғилишлар ўтказишига ҳожат қолмайди. Хўп, хайр, мен бошқа келмайман.
Кўпайсинов ҳам менга бошқа қорасини кўрсатмасин! – деди Омонулла қатъий
қабулхонадан чиқиб кетаркан.
– Вой, тўхтанг, кимсиз ўзи?
– Омонулла Жўраевич бўламан, хайр! – деб эшикни "қарс" этказиб ёпди.
– Бу мажлисбозлиги унга қимматга тушади ҳали. Пули кўпайиб одамларни менсимай қолибдида, – деди йўл-йўлакай норози ғудраниб
– Маорифга ҳайдай қолинг. Йўқ, тўхтанг, бу қайси қишлоқ?
– Шўрдара.
– Бўлмаса, Шўрдарадаги мактаблардан бирига ҳайданг. Қани кўрайлик-чи, бу ерда ҳам супуриб-сидирилиб, йўл четига тош терилиб, оқ рангга бўялганми ё йўқми?
Улар тўғри темир эшиги қийшайиб турган мактаб ҳовлисига дабдурустдан кириб
бордилар ва шашт билан бориб синф хоналарини бир-бир очиб дарс ўтаётган
ўқитувчиларни довдиратдилар. Мактабдаги аҳвол жуда ёмон бўлиб, девор бўёқлари кўчиб тушаётган, поллари чирий бошлаган, синфхоналари тор, зах ва қоронғу эди.
– Мана, кўрдингизми, Олимиддин. Бу мактаб тахминан 10 йилдан буён
таъмирланмаган, лекин маориф бўлимининг ҳисоботида "мактаблар ҳар йили 100 фоиз таъмирланмоқда", деб ёзилган, – деди деворнинг бир кесагини кўчириб олган Омонулла улар томон ҳовлиқиб келаётган мактаб директорига атайин эшиттириб.
– Ие-ие, келинглар, ассалому алайкум!..
– Хўш, сиз ким бўласиз?
– Шу мактаб директори Раҳмат Раҳимович.
– Яхши, Раҳмат Раҳимович, мен Омонулла Жўраевичман. Бизга берилган
маълумотда "мактаб тўлиқ таъмирланган" дейилган. Буни қандай тушунмоқ керак?!
– Кечирасиз, сизнинг келишингизни билмабмиз.
– Хўш, билганингизда таъмирлатиб қўйган бўлармидингиз?
– ...
– Тўғрисини эркакчасига гапираверинг. Мен тўғри сўзли одамни ёқтираман.
– Ҳа-ҳа, тўғрисини айтаверинг, – деди Олимиддин ҳам блокнотига алланималарни қорайтирар экан.
– Бизга маорифдан кўрсатма берилса, маблағ ажратишса, бажарардик, албатта.
– Ҳа, ўлманг! Лекин ўша маблағ ажратилган ва аслида жиғилдонга ҳазм қилиб ҳам бўлинган. Кетдик, Олимиддин! – деди текширувчи "Бизга бу ерда қиладиган иш йўқ" деган маънода шаҳд билан келган изига қайтаркан.
Улар шу тариқа йўл-йўлакай қўшни қишлоқдаги бир мактаб ва болалар боғчасига ҳам томдан тараша тушгандек ташриф буюрдилар. Йўл четларига ҳақиқатдан ҳам тошлар терилган, оққа бўялган, йўлаклар супуриб-сидирилган эди.
– Боғчанинг ошхонаси қаерда? – деб сўради Омонулла боғча қоровулидан.
Қоровул довдираб, аллақаёқни кўрсатди. Салобатли текширувчи шаҳдам қадамлар билан тўғри ошхонага кириб борди. Болалар тушлиги тайёр экан.
– Бу нима? – деб сўради Омонулла оқ кастрюлни кўрсатиб.
– К-каша... – деди базўр ошпаз опа.
– Сузинг!
Опа итоатгўйлик ва чаққонлик билан иккита ликопчага бўтқа сузиб қўйди.
Омонулла бўтқадан ялаб кўрди ва Олимиддинни ҳам ейишга даъват қилди.
– Сиз шу овқатни ҳали болаларга бермоқчимисиз? – деб сўради Омонулла лабларини чапиллатиб овқатнинг бемаза эканлигини изоҳлашга тиришаркан.
– Бунинг на мазаси бор, на матраси...
– Қозонда бори – чўмичга чиқади-да! – деди базўр кулиб ошпаз опа.
– Ўша қозонга шакар деган нарса умуман тушмабди-ку, мой ҳақида гапирмасаям
бўлади. Хўп, мудира опа қанилар?
– Икки соат бўлди, маорифга "пяти минутка"га кетувдилар.
– Яхши, опажон. Мана шу бўтқангиздан бир коса солиб берсангиз, илтимос.
– Йўқ, мудирадан берухсат беролмайман.
– Мана, мен Омонулла Жўраевич бўламан, – деди Омонулла гувоҳномасини чиқариб кўрсатиб, – туман бўйича текширувга келганман. Сиз қўрқманг, биз ҳамма боғчалардан шунақа намуна оляпмиз.
Ошпаз опа ноилож ярим коса овқат сузиб, титраб-қақшаб уни газетага ўраб берди.
– Менга гап тегмайдими, ишқилиб?
– Йўқ, сизга гап тегмайди, опажон. Яхши қолинг!
Омонулла туман маориф бўлимига етиб борганида "пятиминутка" тугаб, боғча
мудирлари терлаб-пишиб, белларини силаб ташқарига чиқиб келишаётганди.
– Ассалому алайкум, "пятиминутка" тугадими, опажонлар? – деб самимий сўради Омонулла ўзаро баҳслашиб келаётган икки аёлдан.
– Ваалайкум. Ҳа, хайрият, тугади. Бугун бирам чўзилдики.
– Тинчликмикан? Мен бу ерга янги ишга келганларданман, – деди Омонулла ҳайрон бўлиб турган аёлларга.
– Э шундоқми? Тоза вақтида келибсиз-да. Тошкандан катта комиссия келган, – деди биринчи аёл.
– Шунга чопа-чоп, тозала-тозала, дарахтларни оқла, тош тер...
– Майли, яхши боринглар, кўришиб қолармиз.
– Боринг бизнинг Шўрдара томонларгаям, – деди биринчи аёл кулиб.
– Раҳмат, бўтқа еганими? – деди Омонулла зинадан кўтариларкан.
Унинг ортидан коса кўтарган Олимиддин эргашди. Аёллар ҳайрон қараб қолишди ва елкаларини қисишди. Омонулла қабулхонага кириб келганида йиғилишни тугатган Тиллаев эндигина хонасига кириб келган экан. Унинг эшиги хиёл очиқ бўлиб, ким биландир баҳслашаётгани эшитилиб турар, котиба эса жойида йўқ эди.
– Омонулла Жўраевич сўраган нарсани олиб бориб берсак, яхши бўларди-да! – деди бир овоз. Чамаси бу ҳисобчи эди. Омонулла эса қулоғига чалиниб қолган бу гапни эшитиб таққа тўхтади ва Олимиддинга бармоғи билан "жим" ишорасини қилди.
– Бе, қизиқмисан, – дея жеркиб берди Тиллаев, – Бизнинг, худо хоҳласа, ҳеч қанақа нуқсонимиз йўқ. То текшириб, топгунича биз унинг томоғини мойлаб қўямиз. Мана кўрасан, Асовиддин акамнинг ўзлари тинчитадилар.
Омонулла оёқ учида юриб бир қоғоз олди-да унга: "Ўртоқ Тиллаев, Асовиддин
Оловиддинович билан бу бўтқани ҳам бирга баҳам кўринглар. Бунақа бўтқани зонадаям беришмайди", – деб ёзиб, "О.Ж." қилиб узунчоқ имзо чекди ва ҳамроҳига "Кетдик!" – дея ишора қилди.
– Тактикангизга қойил, устоз! – деди Олимиддин шашт билан зинадан тушиб
бораётган Омонулланинг изидан югургилаб бораркан.
– Ҳаммаёқни муттаҳам босиб кетибди. Ҳатто болаларнинг овқатини етарли
калорияда бермай, жиғилдонларига уришяпти бу ярамаслар! Ана камқонлик, витамин етишмаслиги қаердан келиб чиқяпти? Яна булар мажлисларда "Соғ танда — соғ ақл" деб баландпарвоз гаплар қилишни, "комиссия келади", дейилсагина атрофни супурибтозалашни билишади, холос. Аслида жамиятдан буларнинг ўзини супуриб ташлаш керак! – деди Омонулла куюниб.
Олимиддин мана шундай дангал, чапдаст ва теран фикрли устоз орттирганидан ичичидан қувониб, унинг сўзларини жон қулоғи билан эшитиб борарди.
Улар "Туман аттестация маркази"га қайтиб келганларида дарвоза олдида уни бир гуруҳ нефть базасининг "корчалон"лари тавозе билан кутиб турардилар.
– Ие, устоз, буларни нима қиламиз? – деб сўради Олимиддин ажабланиб.
– Қабул қилмаймиз! "Вақтимиз зиқ, республика прокуратурасидан ёрдамчи куч
кутяпмиз, ўшалар билан гаплашаверасизлар", – деб айтинг.
– Хўп бўлади.
Омонулла машинадан тез тушди-да, йўлига пешвоз чиқмоқчи бўлган Кўпайсиновга қўл узатмай совуқ салом бериб, ичкарига шашт билан кириб кетди. Олимиддин устоз гапларига яна бир баҳя ўзидан қуруқ сўзлар қўшиб, сир бой бермаган тарзда у ҳам дарвоза томон йўналди.
– Олимиддин!... – дея синиқ овозда чақириб қолди Кўпайсинов.
– Илтимос, бир дақиқага... "Корчалон"лар нима қиларини билмай бўзариб қотиб қолавердилар. Ичкарида Омонуллани Мафтуна очиқ чеҳра билан кутиб олди.
– Яхши бориб келдиларингизми? Мен сизларни тушликка келмайсизлар деб
ўйлабман. Ҳозир уннаб юбораман, чой ичиб туринглар, – дея Мафтуна қўл ювгани сув ҳозирлади.
Омонулла қўлини юваркан, аёлнинг нозик бармоқлари ва қадимий обдастага
тикилди. "Қандай ажойиб уйғунлик. Ҳар иккиси ҳам бебаҳо... Эҳ, қани энди ҳар иккиси ҳам меники бўлсайди..."
– Кетишди! – дея ҳовлиқиб кириб келди Олимиддин ҳам Омонулланинг ширин
хаёлларини тарс бўлиб.
– Мен ўзим кечки пайт уларнинг олдига ўтадиган бўлдим.
– Яхши қилибсиз, бўлмаса ўтакалари ёрилиб кетарди.
Улар ўз тактикаларидан ғурурланиб кулиб олишди.
– Олимиддин!
– Лаббай, устоз!
– Мафтунахон бизни келишмайди деб тушлик тайёрламаган эканлар. Ҳалиги кашани емай бекор ташлаб келибмиз-да. Олимиддин хохолаб кулиб юборди.
Шу пайт дарвоза тақиллади. Тиллаевнинг "Ассалому алайкум!" дея кал боши кўринди
– Йўқ, устоз! Ана келди, энди еймиз! – деди йигит кулгусини давом эттириб.
Ҳақиқатдан ҳам эшикдан Тиллаев Асовиддин Оловиддинович билан ўғри мушукдай шумшайиб кириб келишди. Тиллаевнинг қўлида газетага ўроғлиқ ўша коса бор эди.
– Ие, Асовиддин, бор экансиз-ку, мундоқ йўқлаб турсангиз ҳам бўларкан-ку! – деди
Омонулла косага ишора қилиб, самимий куларкан.
– Бир сизлар билан ҳазиллашиб қўяй дедим-да.
– Э, ҳазилингиз билан бор бўлинг, – деди Тиллаевнинг кўнгли жойига тушиб.
– Қани, келинглар, ўтиринглар-чи.
Улар стол атрофига ўтирдилар ва бўтқани қўйиб енгил фотиҳа қилдилар.
– Мафтунахон!
– Ҳув!..
– Чойингиздан олиб келинг-чи! Шакар ҳам бўлсин, шакар...
– Хўп бўлади, мана ҳозир.
– Энди тушлик тайёрламай қўяверинг. Ризқимиз ўзи орқамиздан кириб келди. Битта кулча олиб чиқсангиз, бас.
Мафтуна "биров овқат тайёрлаб келибди, шекилли" – деб тушуниб, тарелка, қошиқ, вилка билан чиқиб келди ва ташриф буюрган раис муовини ва маориф мудирлари билан илиқ саломлашди. У тарелкаларни чаққонлик билан меҳмонлар олдига қўйиб, газетани очди ва ярим коса бўтқани кўриб ҳайрон бўлди. Бу пайтда Омонулла Олимиддиннинг ўзи ошхонадан олиб чиққан кулча нонни майдалади сўнгра овқат устига шакар сепиб, уни яхшилаб аралаштирди.
– Қани меҳмонлар, олинглар-чи. Уялиш, тўхташ йўқ. Бисмиллоҳир раҳмонир
роҳийм, – дея Омонулла нишолдага ўхшатиб нон ботириб ея бошлади. Тиллаев ва Асовиддинлар бир-бирларига ўғринча ҳайратланиб қараб олдилар.
– Қани олмайсизларми, борига барака-да, – деди Олимиддин ҳам устоз изидан
жиддий эргашиб. Икки "нозик меҳмон" ҳам қўллари қалтираб овқатга қўл уришди, лекин томоқларидан ўтмай, овқатнинг ўртада сарсон бўлиб қолганини бўзарган юз-кўзлари шундоқ айтиб турарди.
– Вой ўлмасам, худди ёш болага ўхшайсизлар-а, – деди Мафтуна ва шарақлаб кула бошлади. Унинг кулгуси шундай беғубор жаранглар эдики...
– Нима бўпти? – деди Омонулла. Бу болаларнинг овқати, фақат шакари йўқ экан, холос. Нима дедингиз, ўртоқ Тиллаев?
Тиллаев ҳақиқатдан ҳам тиқилиб қолди, шекилли, оғзидан жавоб ўрнига бир мунгли ғўлдираш эшитилди.
– Жа опқочасиз-да, Омонулла Жўраевич! – деди Асовиддин бу оғир ҳолатдан ҳазил билан чиқиб кетишга йўл қидириб.
– Менинг кайфиятим бугун негадир яхши, – деди Омонулла бўтқани шапиллатиб тушираркан.
– Ҳаҳ, хайрият-ей, одамни чўчитиб юбордингиз-ку! – деди Тиллаев ниҳоят тилга
кириб. Шу тариқа тўртовлон болалар бўтқасини ялаб-юлқаб ташлашди.
– Олимиддин, – деди Омонулла кўтаринки руҳда.
– Қачонлардир тўртовимизнинг ярим коса овқатни бирга баҳам кўрганимизни келажак авлодларга айтиб берарсиз.
Ҳаммалари кулиб юборишди. Мафтуна ҳам эркакларнинг бу ўйинига фаҳми етмай, нимтабасум билан чой қуйиб узатди.
– Кашадан кейин чой жуда яхши кетади, дейишади, – деди жувон тавозе билан.
– Мана бу гап, ҳақиқий болалар мутахассисининг гапи бўлди, – деди Омонулла
жиддийлашиб, узатилган пиёлани қўлга оларкан.Шу пайт дарвоза тақиллаб, кимнингдир чақирган товуши эшитилди. Олимиддин ирғиб туриб, дарвоза томон ошиқди ва кўп ўтмай қайтиб келди.
– Қишлоқ қурилиш трестининг бошлиғи Чўлиев экан.
– Айтинг, келаверсин.
Олимиддин Чўлиевни бошлаб кирди. У даврадагилар билан илиқ қўл олишиб чиқди.
– Қани, шу хонадондан, шу қишлоқдан, шу тумандан файзу барака кетмасин, Аллоҳу акбар, – дея дуо қилди Омонулла.
– Айтганингиз келсин, – деди бошқалар.
– Мана бу сизнинг насибангиз, – деди Омонулла бир тишлам кулча нон бўлагини Чўлиевнинг олдига суриб қўяркан.
– Йўқ, раҳмат. Ҳозиргина тушлик қилгандим.
– Биз ҳам қилдик, – деди Олимиддин.
– Ярим коса кашани паққос туширдик, – дея Асовиддин қўшиб қўйди.
Ҳаммалари кулишаркан, Чўлиев ўртада ялаб қўйилган косани кўриб ҳайрон бўлди ва нон бўлакчасини олиб косанинг тагига суртиб тозалаб еди ва пиёладаги чойни ҳам қуйиб косани чайиб ичиб қўя қолди. Бу кутилмаган ҳолатдан Омонулланинг боши кўкка етди ва урнидан туриб Чўлиев билан қучоқлашиб кўришди.
– Яшанг, ҳақиқий мард йигит экансиз! Ана энди, Олимиддин, каша еганлар сафига бу кишини ҳам қўшиб қўйсангиз бўлаверади.
Самимий кулгу кўтарилди. Бу орада Мафтуна тез тайёрланган картошка қовурма ва шакаробни келтирди. Тўпланганлар уни кўтаринки кайфият ва иштаҳа билан едилар.
Икки шиша коньяк ҳам ичилди. Омонулланинг бу илк бор каттароқ даврада очилиб ўтириши эди.
– Омонулла ака, сиз бизга кашангиздан едириб, қарздор қилиб қўйдингиз. Энди
бугун биз сизга бир палов дамлаб берайлик, – деди Чўлиев.
– Ҳа, тўғри, – дея тасдиқлади Тиллаев.
– Йўқ, каша меникимас, Тиллаевники эди, – деди Омонулла ва чўнтагини кавлаб бир пачка пул чиқариб ташлади.
– Олимиддин, бугунги ош мендан. Мана бу пулни Аҳаджонга беринг, яхшилаб харажат қилиб келсин.
Дастурхон атрофидагилар норози оҳангда баравар ўринларидан туриб, кетишди ва "бозор" қила бошладилар.
– Стоп! Гапим-гап! – деди Омонулла ўзини кайфи бордай кўрсатиб.
– Хўп бўлади, устоз, – деди Олимиддин қолганларга "жим, тек ўтираверинглар"
деган маънода.
– Мен шунча кундан бери тузларингни еяпман, бирор марта ош қилиб берсам нима бўпти?! – деди Омонулла кўзлари сузилиб.
– Бўлмаса, мундоқ қиламиз – деди Асовиддин ташаббусни ўз қўлига олиб.
– Палов кечки пайт бўлади. Унгача ўз ишимизга бирров ўтиб келамиз, Омонулла акам дам олиб турадилар.
– 18-00 да ҳамманг шу ерда бўласанлар! – деди Омонулла бармоғи билан
дастурхонни кўрсатиб. – Фақат менинг бир илтимосимни бажариб келасанлар.
– Нима экан? Албатта бажарамиз, – деди Асовиддин.
– Нима учун Болтавой аканинг мана шу қишлоқда мактаб қуриб бериш тўғрисидаги арзи қондирилмаган? – деди кутилмаганда Омонулла Тиллаевнинг кўзларига тик боқиб.
– М-маблағ бўлмаганда, ўзингиз тушунасиз-ку.
– М-маблағ албатта б-бўлади. Мана, мен топиб бераман, ўша маблағни,
тушундийизми?
Асовиддин сергакланди:
– Омонулла Жўраевич, бу ҳақда ҳали кечки пайт гаплашайлик, илтимос..
– Бўпти, келишдик. Лекин кечки пайтгача мана бу йигит, – деди у Чўлиевни
кўрсатиб, – Манави окам билан бирга – дея Тиллаевнинг елкасига қўлини қўйиб, – облархитектурага бориб энг яхши мактаб лойиҳаларидан олиб, тахминий смета ҳужжатлари билан келишсин. Биргаликда уни кўриб чиқамиз, сўнг ижроқўм қарор чиқаради.
Қарорга асосан маориф ҳам ўз буйруғини чиқаради, фақат директорни мен
тайинлайман, келишдикми?
– Офарин! – деб юборди Асовиддин қарсак чалиб, қолганлар ҳам унга қўшилдилар. –
Сиздай ҳурфикр инсоннинг садағаси кетсанг арзийди. Мингдан-минг раҳмат сизга, акажон!
– Лекин бу ҳозирча орамизда сир бўлиши керак. Ҳатто Болтавой ака ҳам билмасин, т-сс..., – деди Омонулла бармоғини лабига қўйиб.
– Демак, "сюрприз" қилмоқчи экансиз-да-а? – сўради Олимиддин.
– Ҳа, худди Мирбадал Боқиевич Болтавой акадан менинг кимлигимни яширгандай. Орада "гурр" этиб кулгу кўтарилди ва яқин орада бўлган ишларни эслашиб ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий кулишдилар.
Болалар бўтқаси бўйича "ҳамтовоқлар" тегишли топшириқларни олишгач, оқшомги паловхўрликка яна йиғилиш шарти билан дастурхонга фотиҳа қилишди. Олимиддин ҳам ишхонасига бориб аттестациянинг бориши ҳақида туман фаолларининг йиғилишини ўтказиб келишга отланди.
Мафтуна ошхонада яна қандайдир овқатга уринмоқда эди.
Болтавой ака бўлса қайси бир қариндошиникига тўйга кетганди.
Омонулла ётоғига кирди-да йиғилган дипломатларни бир-бир олди ва ёш боладай гилам устига чўккалаб ўтириб, тушган пулларни ҳафсала билан тахлай бошлади. Конвертларни ва ўрам қоғозларни шошилмай очиб, уларни кимлар берганлигини бир-бир эслаб, мийиғида кулиб қўяр ва қамоқхона барагида хаёлига келган бизнес-режасининг ҳозирги пайтида амалга ошаётганидан беҳад хурсанд эди.
– Демак, менда истеъдод бор! – деди у ўзича ишларидан кўнгли тўлиб ва
ғурурланиб.
– Тўғри-да, кимдир истеъдодини қандайдир қоғозни қорайтириб шеърми ёки
бирор романми ёзишга, сурат чизишгами-ей, ёки бўлмасам саҳнада роль ўйнашга сарфлайди. Мен бўлсам, буни ҳар томонлама фойдали бизнес учун сарфлаяпман. Ҳамма хурсанд. Ҳатто ўз қўллари билан "Буни олиб қўйсинлар, ока"... "Ортиқ-камига рози бўлсинлар", "Яна қанақа хизмат бўлса қилаверамиз" деб мингдан-минг рози бўлиб беришяпти. Демак, бу пулларни мен ҳалол топаяпман. Баҳонада амалдорларда ҳам масъулият ҳисси ошаяпти, ўтирган "кресло"сининг қадрига яна бир бор етишаяпти.
Аттестацияларга тайёргарлик кўриш баҳонасида, эҳтимол, сиёсий ва бадиий адабиётларни қўлга олиб бир сидра кўз югуртириб чиқишга мажбур бўлишаётган бўлишса ҳам ажабмас.
Демак, сиёсий онглари, маънавий дунёқарашлари янада такомиллашиб, малакалари ошаяпти. Мана шу хизматларим учун эҳтимол, имкониятларига қараб менга "хизмат ҳақим"ни ҳам беришяпти. Бунинг нимаси ёмон? Бунинг устига, ўз ҳаётимни хавф остига қўйиб таваккал қилаяпман. Халқни зулукдек сўриб, фаровон ҳаёт кечиришига ҳалақит қилаётган Оқбердиевга ўхшаган овсар раҳбарларни ўз ишидан четлатиш билан мен халқ манфаати учун катта иш қиляпман, – деди Омонулла пулни санаркан, ўзига-ўзи далда берарди.
– Мен ҳали халққа, Худо хоҳласа, кўп хизмат қиламан. Мана, Болтавой акани
олайлик. Қандай ажойиб инсон? Ўзи учун эмас, бошқалар учун куйиб-пишиб яшаркан.
Қишлоғига мактаб қуриш унинг бирдан-бир орзуси... Мен шу чолни қандай қилиб
бўлмасин хурсанд қилмоғим, иложи бўлса ҳозирги "мавқеим" дан фойдаланиб, у кишининг орзусини рўёбга чиқармоғим керак. Агар шундай қила олсам, менинг қилган барча гуноҳларимни Яратганнинг ўзи кечиради. Мактаб қурилса, айниқса Мафтуна ҳам хурсанд бўлади. Уни шу мактабга директор этиб тайинлаб, маориф бўлимининг буйруғини ҳам чиқартириб олишим керак... Хўш... уч юз минг сўмга яқин маблағ бўпти.
Қизиқ, мактаб қурилиши учун қанча пул кетаркин? Бу ҳали лойиҳа-смета ҳужжатларини олиб келишса, маълум бўлади. Мабодо кам бўлса, захирада нефт базаси ҳам бор...
У фикран шундай теран ўйлар билан ташқарига чиқди. Ўзини илк бор бу хонадонда қушдай енгил ҳис қилди. Мазза қилиб керишди. Димоғига ёқимли таомнинг ҳиди урилди.
Шу маҳал Мафтуна чой кўтариб чиқди.
– Ие, вой, меҳмонлар қани?
– Кўрдингиз-ку, улар бўтқа ялаб тўйиб кетишди.
– Вой ўлмасам, – дея кулиб юборди қиз. – Нега ундоқ қилдингиз, мени уялтириб?
– Вой, нега энди сиз уялар экансиз, асалим? – деб юборди Омонулла беихтиёр.
Мафтуна "ялт" этиб қаради ва "Асалим" сўзини эшитмаганга, билмаганга олди.
– Ахир улар айтишмайдими "Болтавой аканикида меҳмонни шунақа кутиб
олишаркан" деб.
– Мени кўп уятга қолдирдингиз-ку, одам бўлмай кетинг... – дея нозланди
Мафтуна.
– Хавотир олманг, оқшом уларга ўзингиз палов дамлаб берасиз ҳали.
– Ие, улар яна келишадими?
– Ҳа, албатта, сизни хижолатга қўймаслик учун атайин палов егани келишади.
– Вой, майли, ундай бўлса, бош устига, – деди жувон самимий.
– Бу овқатингиз жуда бошқача шекилли-а?
– Ҳа, ўша сиз ёқтирган мошхўрда-да.
– Оҳ-оҳ, бирга овқатланамиз бўлмаса.
Мафтуна "Майлига" дея чаққонлик билан ўша обдастани келтирди.
– Келинг, қўлингизни ювиб ола қолинг, акажон.
Давоми бор....
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев