Яхшиликнинг мукофоти.
Муаллиф:Саида АЗИЗ
Йўлда келаётган машина бирдан секинлашди. Бир-икки силкинди-ю, бирдан мотори ўчди. Ҳайдовчи ғазаб билан сўкинди.
- Падарингга лаънат, бензин тугади.
- Вой дадаси, бензинингиз йўқми? - Сўради ёнидаги ўриндиқда ўтирган хотини эрига қараб.
- Бир-икки литр бор. Биринчи АЁҚШга етиб олишга етади, - жавоб қилди эр жаҳл билан. Сўнг аёлига нигоҳ ташлади: - Ишқилиб пул қолганми?
Аёл дарҳол сумкасини титди. Иккитагина мингталик турарди. “ Вой шўрим, ҳаммасини ишлатиб қўйдимми? Қачон? Қандай қилиб? Ҳозир эрига айтса, жиғибийрон бўлиши аниқ. Жаҳл устида калтак емаса эди... Шу ерда қолиб кетишса-я. Тошкент олисда”, унинг ичига ваҳима илонлари ўрмалай бошлади. Ёмонларга учраб қолишса-чи? Қизининг сепига, деб харид қилган буюмларни бирортаси шилиб кетса нима қилади-а? Одамзотнинг кўнгли душмани дейишгани бежиз эмас. Бир сонияда не ўйлар хаёлидан ўтмади. Югурик хаёллар минг бир кўчага кириб чиқишди. Пул қолмаганини турмуш ўртоғи билса борми? Балки унинг ёнида беш-олти минг қолгандир... Машинага ёқилғи қуяётган эрига минг бир ҳадик ва хавотир билан тикилди. Ёқилғи қуйилгач машина ўт олди. Яна йўлга тушишди. Шу пайт аёл юрагини ҳовучлаб эрига гап қотди:
- Дадаси, ёнингизда пул борми?
- Йўқ, нимайди? - Сўради эр ҳайрат билан.
- Бензинга пул қолмабди-ку... – қўрқув ичида жавоб қилди рафиқаси.
- Нима?! - Бақириб юборди эркак. Аёлнинг назарида машина рули буралиб кетгандек туюлди. Жон ҳолатда:
- Дадаси, йўлга қаранг, - дея чинқираёзди. Нигоҳини йўлга қаратган эр ғазаб ва алам билан ўшқирди:
- Менга нима ўлиб кетмайсанми? Қанақа хотинсан ўзи? Нима бало охирги пулгача ишлатдингми? Шунчалик ҳам бўладими, аёл зоти. Ўзи сенга уйланганимдан буён бирим икки бўлмаган. Шу тўй ўтиб олсин, қараб тур, ҳали...
- Мен атай қилганим йўқ-ку, - йиғламсирашга тушди аёл. - Сизда пул йўқлигини қаердан билай?
Эркак машинани жаҳл билан бошқариб борарди. Бу гал унинг хаёллари турфа кўчаларни кеза бошлаганди: “Тавба, шу ҳам аёлми? Мендаги бор пулни қоқиб олгани етмагандек, яна ёқилғига аталганини ҳам ишлатиб юборибди-я... Шунчалик ҳам тўймас бўладими? Битта қиз чиқарган сенми? Одамлар борини сарфлаб қиз узатишаяпти. Ўзим аҳмоқман, бунинг гапига кирган. Арзонроқ олиб келамиз деса, лаққа тушибман-а... энди нима бўлади, ишқилиб йўлда қолиб кетмайликда. Ҳозир биров бировга ёрдам берадиган замон эмас. Нима кўп, фирибгар кўп. Э, Худойим ишқилиб ўзинг қўлла... Аҳ, нодон хотин-а”.
Улар ярим кечаси йўлга тушишганди. Шу боис нима қилишни, қаердан нажот излашни билишмасди. Атроф зулмат. Бирор чироқ ҳам, қора тортган одам зоти ҳам кўринмасди. Эркак қизининг сепини бирга бориб сотиб олишга кўндирган хотинини лаънатлаб келарди. Аёл эса “Қорасувдан арзон олиб келасиз”, деб мақтаган қўшнисини қарғарди. Шуларни шаҳардаги бозордан олса ҳам бўларди-ку... барибир йўл пули билан шунча бўларкан... Яна ўйлаб қолди. Йўқ, Тошкентдаги бозорлардан анча арзон сотиб олди. 450 минлик паркўрпани бу ерда ярим баҳосига олди-ку, ахир. Қизини кўнгилдагидек узатиши керак. Биттагина қизи бўлса, ахир. Унинг сепини кам-кўстсиз қилиши лозим. Қолаверса, қудалар ёнида паст кетмаслиги шарт! Шунинг учун ҳам келганди бу ерга. Энди нима бўлади? Ҳали тонг отишига бор. Атрофда бўрилар бўлса-чи... Водийнинг довонини хавфли дейишганди. Бекор кеч йўлга тушишди-да. Сал эртароқ ёки эрталаб юришса бўларди-ку. Қайсар эри кўнмади.
Эр-хотин бир-биридан аразлагандек жим кетишарди. Аммо сукунат аёлни эзиб ташлади. Нимадир деб жуфтига тасалли бермоқчи бўлди.
- Майли, дадаси, хавотир олманг. Бир иложини қилармиз.
- Нима қиласан! Дард қиласанми? Пулинг йўқ бўлса, қайси ҳотамтой сенга текинга бензин қуйиб беради? - Эрнинг ваҳимаси ва хавотири аёлга ҳам кўчди. Ичида худога илтижо қилиб: “Мушкулимизни осон қил”, деб ўтинди.
- Бирорта машинадан олармиз, - деди яна умидини йўқотмай.
- Ҳа, биров сенга бензин бераман, деб йўл бўйида кутиб турибди, - яна ўшқириб берди эр. - Жим кет, ўзи асабимни буздинг....
Аёл тил тишлади. Ёзнинг куни бўлгани учун тонг эрта отарди. Ғира-шира қоронғулик тарқаб, кун ёриша бошлади. Улар биринчи АЁҚШга етиб келишолмади. Сал нарида машинанинг мотори ўчди. У ёғига яна анча йўл босиш керак эди. Эркак яна сўкинди. “Энди нима қилсам экан? Бориб бирортасига илтимос қилиб кўрсинми? Худди тиланчидек тиланадими? Пулинг бўлмаса нима қиласан йўлга чиқиб демайдими? Эҳ, ақли қисқа хотин. Товуқмия, деганича борда буларни...” деб ўйлади. Аммо қўл қовуштириб ўтиришнинг ҳам иложи йўқ. “Худо, Ўзингга таваккал”, деб машинадан тушди.
- Дадаси, мен ҳам... – деб гап бошлаган аёлнинг гапи оғзида қолди.
- Сен машинада ўтир. Шунча нарсани биров илиб кетмасин. Ўзим бориб гаплашиб келаман, - деб жеркиб берди.
Чорасизлик инсонни нималарга мажбур қилмайди. Зўр-базўр қадам ташлаб ёқилғи қуйиш шахобчасига томон юра бошлади. Оёқларига худди оғир тош боғлаб олгандек қадам ташларди. Тавба, бировдан нарса сўраш бунчалар қийин бўлмаса... Ишқилиб, инсофли одамлар бўлсинда. Тушунадиган кишилар бўлса нур устига нур бўларди... Ўз хаёллари билан АЁҚШ ёнига етиб келган эркак атрофга олазарак боқди. Машиналар қатнови кам. Ёқилғи қуядиган мосламалар ёнида ҳеч ким йўқ. “Касса” деб ёзиб қўйилган томонга юрди. Кичикроқ ойнаванд тешикдан ичкарига мўралади.
- Ассалому алайкум, келинг ака, - деди ичкаридан бир йигит жилмайиб.
- Ваалайкум ассалом, ҳалиги... - ўнғайсизланиб гапиришга чоғланди. – бошлиғинглар йўқми? Ишим бор эди.
- Мен ўзим бошлиқман, тинчликми? – сўради йигит ажабланиб.
- Бир дақиқага бу ёқққа чиқа оласизми? – ўша оҳангда айтилди гап. Йигит чиқунга қадар эркакни тер босди. Ўзини ҳудди нарса тиланаётган гадой ҳолида кўрди. Ярим аср яшаб, ҳеч бундай ноқулай аҳволга тушмаганди.
- Нима гапингиз бор, ака? – деб сўради йигит.
- Узр, ука, сизни безовта қилдим. Сиздан бир ўтинчим бор эди. Ёнимизда икки минг сўм пул қолибди, холос. Афсуски, бензин тугаб машинам ҳув анави ерда ўчиб қолди. Йўқ демасангиз, қарзга ёқилғи қуйиб бероласизми, деб сўрамоқчийдим... – шу гапни айтгунча эркак қаро терга ботиб кетди.
- Ака, пулини бермасангиз ҳам майли. Ана, сизга ўн литр бензин қуйиб бераман, деди йигит самимий жилмайиб.
- Менга керакмас, пулини албатта, бугун кечгача етказаман, - шошиб гапирди эркак. АЁҚШ бошлиғининг унга ачиниб қарашидан кўнгли оғриди.
- Ака, биласизми, кеча укам боласини Тошкентга олиб кетаётган экан. Боласи оғир аҳволда эди. Йўлда машинасининг бензини тугаб қолибди. Вазиятни тушунтириш учун қўл кўтариб тўхтатган машина ҳайдовчиларининг бирортаси бензин бермабди. Шу пайт нариги йўлда келаётган бир яхши одам тўхтаб, унга бензин қуйиб берибди. Шу сабаб билан жиянимнинг жони омон қолибди. Укам: “Агар ўша киши ёрдам бермаганида, боламдан айрилиб қолардим”, деди. Шу боис бугун ким биринчи келса ўн литр бензинни текинга бераман, деб ният қилгандим. Бахтимга сиз йўлиқдингиз, - деганча йигит қўлини ҳамсуҳбатининг елкасига қўйди. – Мен мингдан минг розиман, олаверинг.
- Укангизнинг машинаси кўк рангли “Нексия”миди? - сўради эркак.
- Ҳа.
- Э биродар, Яратганнинг марҳаматини қаранг. “Сен бирни берсанг, сенга ўнни бераман”, дегани рост экан. Укангизга мен бензин қуйиб бергандим, - деганча у қувончдан ёшланган кўзларини артиб қўйди.
Тамом.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев