Хизматкор
Аввал ўзимни таништирсам. Исмим — Чарос. Оилада учинчи қизман. Опаларим эрта турмушга чиққач, ота-онам қудалардан кечирим сўрайвериб, ялинавериб, юраги безиллаб қолди, чоғи келаётган совчиларга рад жавобини бера бошладилар. Эрта турмушга чиққан опаларимнинг уқувсизлиги туртки бўлдими, мени ўқитмоқ истадилар. Аввалига икки йил ўқишга киролмадим, учинчи уринишда талаба бўлдим. Очиғи, талабалигим ҳам осон бўлмади. Ота-онам у маошдан бу маошгача амал-тақал қилиб яшайдиган ишчилар бўлгани боис, контракт пулимни ўзим топишим керак эди. Бунинг устига опаларимнинг тўйи, сарполари, кейинчалик бешик тўйлар учун олинган қарз ва кредитлар оиламизни жар ёқасига олиб бориб қўйганди.
Отам бечора. Ўзи тенгдошларидан анча кеч уйланган, ёнида суянчиғи йўқ эди. Укам ҳали мактабда ўқийди.
Дарсдан сўнг иш қидирдим. Тошкентда иш кўп, ҳеч ким оч қолмайди, аммо менга маоши яхши иш керак эди. Овозим чиройли, бунинг устига ўқишга кираман деб рус, инглиз тилларини яхши ўрганганим учун ўзимга муносиб иш излай бошладим.
Яхшигина бир фирмага оператор бўлиб ишга жойлашдим. Маошим ота-онамникидан кўп эди. Ҳам ўқиш, ҳам иш, ҳам уй юмушлари орасида югуриб юравериб, тўрт йил ўтганини ҳам сезмай қолдим.
Бу йиллар давомида мартабам ҳам маошим ҳам ошди. Биргалашиб, қарзлардан ҳам қутулдик. Энди каминага келаётган совчиларнинг сони кўпайиб қолганди.
—Қайнонамга қул бўлмайман! Ўзимга қўйган биринчи талабим шу эди. Ойлик маошимни ўзим тасарруф этаман. Турмуш ўртоғим билан алоҳида яшайман.
Опаларим итоаткор келинлар бўлгани боис, доим ҳаётидан норизо, йиғлаб онамга дардини айтарди, мен энди бундай ҳаётга қарши исён қилаётгандим.
Яхшигина фирмада ишлаганим боис, ўзимга оро беришни ҳам ўрнига қўярдим.
Бир куни ишхонамизга бир йигит келди. Иш билан расмий мулоқотда бўлдим. Кейин яна келди. Учинчи сафар каминага ширинликлар олиб келди. Ҳаммаси шундан бошланди.
У уйланмоқчи эканлигини айтди.
—Сизни илк кўрганимдаёқ шу қиз меники бўлади деганман, — деди.
Бир-икки кун ўйлаб жавоб беришимни айтдим. Бир ҳафтадан кейин эса унга очиғини айтдим.
—Менга уйлансангиз, алоҳида яшаймиз. Мен хизматкор бўлмайман.
Йигит бир оз сукут қилиб, кейин менга эмас, мен суяниб турган бақатеракнинг яшнаб турган ям-яшил баргларига тикилиб сўз бошлади.
—Ёлғиз онамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Мени деб турмушга чиқмадилар. Энди уларни ёлғиз ташлаб кетиш ноинсофлик бўлади. Аммо сиздан ҳам кечолмайман. Сиз аввал онам билан битта гаплашинг, балки, келишиб яшаб кетарсизлар.
Индамадим.
Йигит, барибир, совчиларни жўнатди. Ота-онамга маъқул келгани учунми, ўзим ҳам розилик бердим.
Ўз-ўзимга сўз бергандим. Мен қул бўлмайман!
Тўйдан кейин бир-икки кун елиб-югуриб хизмат қилиш ўзимга ҳам қизиқ бўлди. Меҳмонлар олдига чой олиб кириш, салом қилиш, ёш болачаларга дастрўмол тутқазиш.
Ўша куни тонгда бошимга ҳарир парда ташлаб салом қилгани чиқдим. Олис-яқиндан келган меҳмонлар тарқаган. Қайнонам дастурхон тузаб, дераза олдида ўйчан ўтирган экан.
Эгилиб салом қилдим. Кейин юзимдаги тўрли ёпинчиқни олиб
—Ассалому алайкум,-дедим. Аёл тўлиша бошлаган, юзлари оппоқ, ҳали ёшлик тароватини йўқотмаган эди. Табассум билан алик олди.
—Келинг, болам, — деди бағрига босиб. Қучоғи иссиқ, ёқимли эди.
Чой қуйдим, чин юракдан. Таъзим билан узатдим, чин юракдан. Кейин ишдан қайтдим. Бирга кечки таом тайёрладик. Ёрдам бердим, чин юракдан. Бир ойда янги оиламни шунчалик яхши кўриб қолдимки...
Ойлик маошимни олган куним уни қайнонамга бердим. Чин юракдан. Олиб, дуо қилдилар, кейин ўзимга қайтариб бердилар.
—Ўзингиз истаган нарсангизни олинг. Бу—сизнинг пулингиз.
Мен аста-секин шу оилага муҳаббат қўйдим. Очиғи, ўз оиламдан қулай эди янги оилам. Кунда кун ора кўз ёшини оқизиб келадиган опаларим ва жиянларимдан ортган пулларни ўзимга ишлатардим, шу билан бирга уйдаги ҳамма юмуш менинг гарданимда эди.
Бу ерда қайнонам тенгма тенг ёрдам берарди. Опаларим айтган хизматкорлик йўқ эди.
Чой дамласам, ўзим ҳам ичаман, ҳовли-жойларни супурсам, шу жойда ўзим ҳам яшайман. Бирин-кетин фарзандларим дунёга келди.
Қайнонам ёнимда турдилар. Ҳали новвот чой ичирган, белимни силаган...
Биринчи фарандимни дунёга келтирган куним, чақалоқни илк бор қўлимга олар эканман, ҳамшира бир гап айтиб қолди.
—Онангиз эрталабгача дераза тагида юриб чиқди, —кейин ташқарига қараб овозини баландлатди:
—Вой, ана, ҳалиям кетмаптила!
Бу онам эмас, қайнонам эди!
Ўша куни хушхабарни эшитган қайнонам уйга бориб атала қилиб келдилар.
Кетма-кет туғилган фарзандларимни меҳр билан парвариш қилиб бердилар.
Болаларим катта бўлиб қолди. Ота-онамни кўргани борсам ҳам, ўз уйимга—ойижонимнинг олдига ошиқаман.
Кейинги пайтларда турмуш ўртоғим ўзгариб қолди. Юрагим ниманидир сезиб, қайнонамга ёрилдим.
Тонгда шошиб ишга кетаётган ўғлини тўхтатган қайнонам биринчи марта овозини баланд кўтариб деди
—Болам, ман бир нарсаларни сезиб юрибман. Агар келинимга ҳиёнат қилсанг, ёки яна битта оила қурмоқчи бўлиб ҳаракатда юрган бўлсанг, икки қулоғинг билан эшитиб ол, кечирмайман, сени оқ қиламан!
Қўрқиб кетдим. Турмуш ўртоғим ҳам қалтираб кетди. Кетаётган жойидан қайтиб, онасини қучиб олди.
—Ман тушундим, ойи, фақат гапиззи қайтариб олинг.
Ҳаммаси изига тушиб кетди.
Тўртта боламни қайнонамнинг ёрдами билан катта қилдим. Болаларим касал бўлса, қўшилиб югурдилар, ютуғидан мендан кўп қувондилар.
Мана, ўзим келин олиш арафасидаман. Энди ўйлаб кўрсам, мен эмас, аслида, қайнонам хизматкор бўлибди.
Бугунги тўкин, фаровон, тинч ҳаётим уларнинг соғлиги, ёшлиги, меҳнати эвазига бино бўлибди.
Яна ёзардиму, ойижоним чақиряптилар.
—Чаросхон, юринг болам, ўртоғимнинг неварасига совчиликка бориб келамиз! Худо ҳаммамизга инсоф берсин.
(тугади)
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5