7-қисм.
ҚИШЛОҚДАГИ МЎЪЖИЗА.
Эртаси Тошқўтонда одатдагидек хўрознинг қичқириғи ила яна заррин қуёш кўтарилиб, ажиб тонг отди. Мафтуна одатдагидек ҳовли ва кўчаларни супура бошлади.
Ҳури хола ҳовлида сигирини соғарди. Болтавой ака эса, елкасига сочиқни олиб, томоғини қира-қира таҳорат қилгани орқага ўтиб кетди. Шу маҳал кўчанинг у бошида бир тўда одамларнинг ғала-ғовури эшитилди. У томон – бу томондан
тракторлар ва шағал ортилган машиналар турнақатор бўлиб кела бошлашди.
Кимларнингдир кўрсатмаси билан кўчага тўп-тўп қилиб "шариллатиб" шағал
ағдарила бошланди. Мафтуна бу манзарани кўриб ҳайрон бўлди.
"Тавба, каллаи саҳарлаб нима зарил-а?", – деб қўйди у хаёлан ва шу дамда
уйларига яқин жойда раҳбарларнинг бир нечта енгил машиналари келиб
тўхтаганига кўзи тушди.
Дастлаб уларга эътибор қилмади. Лекин шляпали, хром этик кийган одамларнинг тўғри уларникига томон келишаётганини кўриб, таҳликага тушиб қолди.
– Ие, бизникига келишаяпти-ку. Вой ўлмасам!.. Ҳой, отажон-у! – дея ҳовлига
чопиб кирди.
– Ҳа, нима гап, тинчликми, қизим? – деди Ҳури хола сутли пақирини илгакка
илиб қўяркан.
– Қаранг, бизникига каттаконлар келишаяпти!
Ташқаридан келаётган ўзаро суҳбат овозлари, техникаларнинг тариллаб ишлаши буни тасдиқламоқда эди. Мирбадал Боқиевичнинг "Отахон уйдамиканлар,
ишқилиб", деган овози ҳам эшитилди.
– Ҳа, ҳозир чақираман, – деди Оқбердиев ва томоғини қириб олиб: "Ҳой,
Болтавой ака!" – дея қичқирди. Таҳорат қилаётган мўйсафид "Ҳов! Ҳозир!" деган овоз берди.
Унинг овозидан кўнгли тўлмаган Оқбердиев эшикни тиқиллатган бўлдию, ичкари
томон бош суқди ва кўзи Ҳури холага тушди:
– Бобой уйдамилар?
– Ҳа, ҳозир чиқаяптилар. Ҳой, дадаси-ю!
– Мана, кетаяпман! – деган овоз келди ҳовлидан ва бир оз ўтгач Болтавой ака
қадимий обдастасини кўтариб чиқиб келди. Эшикдан туманнинг раҳбар тўраси,
Олимиддин, райгаз бошлиғи Хуррамов ва Оқбердиевлар бирин-кетин кириб
келишди.
Мирбадал Боқиевич ҳовлига киргани замони атрофни аланглаб, ҳовлини
синчковлик билан кузатиб чиқди. Хуррамов бўлса, дарров ўзича бир нималарни мўлжаллай бошлади.
– Ие-ие, келинглар меҳмонлар! – деди Болтавой ака ва "Мен ҳозир", дея ичкари
кириб кетди.
– Нима, нозик меҳмонимиз ҳали шу ерга келаяптиларми? Ахир бу ғирт
шармандалик-ку! – деди Мирбадал Боқиевич Олимиддинни бир четга имлаб.
Бу пайтда Мафтуна югуриб-елиб сўрига меҳмонлар учун жой тайёрламоқда эди.
Унинг гапини эшитмаганга олди.
– Омонулла Жўраевич бу ерга ҳеч ҳам келмаган бўлсалар керак-да.
– Қизиқ, у бу чолни қаердан таниркан-а? – деди Оқбердиев гапга аралашиб.
– Олимиддин, сизга бу тўғрида нима деди?
– "Қадрдон кишим" дедилар.
– Ҳа, дуч келган одамни ҳеч ким бундай демайди. Демак, бу ерда бир гап бор...
Ичкаридан ўзини ўнглаб Болтавой ака хурсанд ҳолда чиқиб келди.
– Узр, меҳмонлар кутдириб қўйдим.
– Келинглар, хуш келибсизлар, – деди Ҳури хола ҳам янги сочиқни кўтариб
чиқаркан.
– Ассалому алайкум! Бардаммисиз, бақувватмисиз? – деди Мирбадал Боқиевич
мўйсафид билан эски қадрдонлардай қучоқлашиб кўришди.
– Мени таниб турган бўлсангиз керак-а? Мен Мирбадал укангиз бўламан,
ижроқўм раиси.
Болтавой ака бошқалар билан ҳам илиқ сўрашиб чиқди. Бу маҳалда Мафтуна
обдастага илиқ сув тўлатиб қўйиб кетганди.
– Қани меҳмонлар, аввало қўлларингни бир ювиб оласизларми, дегандай...
Меҳмонлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига маъноли қараб олишди.
– Бу менинг бобомнинг бобосидан қолган обдаста бўлади. Ундан хонадонимизга
ташриф буюрган сиздек мўътабар меҳмонларнинг қўлига сув тутиш эскидан
одат бўлиб келган.
– Оқбердиев! – деди раис буйруқона – Идишни олмайсизми?
Раис чолнинг қўлидан идишни олиш ва ўзи сув қуйишини айтиб ялтоқланди.
Лекин Болтавой ака қайсарлик қилиб асло кўнмади:
– Ўзим қуяман. Савобни ўзим олмоқчиман, – деди у.
– Қани, хўжайин, ўзларидан бўлсин бўлмаса.
Мирбадал Боқиевичнинг ранги гезарди, лекин ноилож қўлини сувга беихтиёр
тутди.
– Оббо, отахон-ей, – деди у ҳам лаганбардорлик оҳангида. – Яхши юрибсизми,
ишқилиб? Биз ҳам мана, тонг саҳарлаб уйингизга яхши хушхабар билан
келаяпмиз-да.
– Илоҳим, хушхабар олиб келган қадамларингиз қутлуғ бўлсин! Бу обдаста
шунақа хосиятли-да, ўзи. У фақат сизларга ўхшаган обрў-эътиборли, ҳалол-пок инсонларнигина ўзига чорлайди.
– Ҳа, яхши идиш экан. Лекин анча эскириб, унниқиб қопти. Ҳай майли, лекин биз
бошқа масалада келувдик, – деди раҳбарнинг энсаси қотиб.
– Қани марҳамат, ўтиринглар.
Улар иложсиз сўрига чиқиб ўтиришиб дуо қилишди. Сўнгра раис оҳиста муддао
ҳақида оғиз жуфтлади:
– Шу десангиз, хабарингиз борми-йўқми, отахон, биз – туман раҳбарлари ўзаро
кенгашиб, тумандаги бирор маҳаллани ва ўша ердаги бирор хонадонни ҳашар
йўли билан бекаму кўст ободонлаштириб, таъмирлаб беришга қарор қилгандик. Қарангки, чеки сизнинг хонадонингизга тушиб турибди-ку, – деди у хохолаб
сохта кулиб қўяркан.
– Э, шунақами, қарорларингиз қутлуғ бўлсин!
Бу пайтда Мафтуна "Хуш келибсизлар" дея чой олиб келиб қўйиб кетди.
Олимиддин уни тезда пиёлаларга қуя бошлади.
– Хуллас, отахон, – деди Мирбадал Боқиевич салмоқланиб чойдан бир хўплаб
оларкан. – Биз сизни жуда яхши биламиз. Сиз элни деб, юртни деб кўп қайғуриб
келаяпсиз. Мана, менинг олдимгаям боргансиз, Оқбердиевгаям куйиб-пишиб кўп
учрашган экансиз. Шунинг учун ўйлаб-ўйлаб сизнинг арзингизу талаб-истагингизни қондиришга жазм қилдик-да...
– Ие, шунақами, раҳмат-е, – деди Болтавой ака шоша-пиша қувониб.
– Жуда хурсанд қилдингиз-ку, ниҳоят мактаб қуриб берадиган бўпсизларда-а?
– Йўқ, аввало маҳаллангизни асфальт қиламиз, сув ўтказамиз, газларингиз ёнади.
Уйингизниям яхшилаб таъмирлаб берамиз.
– Йўқ, бўлмайди, – деди мўйсафид кутилмаганда қўл силтаб.
– Ие, нега энди? – деб сўради раис ажабланиб.
– Маҳаллани, майли, асфальтини қилинглар. Газ, сув бўлсаям қанийди, яхши
бўларди. Лекин менинг уйимни таъмирлашнинг ҳечам кераги йўқ.
Менга ўзи шундай гуваласи, лой сувоғи билан маъқул. Бунинг ўрнига мактабга
жой ажратиб, ҳеч бўлмаса, пойдеворини қуриб берсанглар, қолганини маҳалла-кўй ўртада пул йиғиб, ҳашар қилиб қуриб олармидик.
– Э отахон. Яна ўша эски гапми? Мактабни нима қиласиз, бошингизни қотириб? – деди Оқбердиев тажанглик билан.
– Сиз гапга аралашмай туринг! – дея ўшқириб берди катта раис. – Хўп, отахон.
Мен сизни тушундим. Биласиз, мактаб қурилиши ўз-ўзидан бўлмайди.
Уни аввало режалаштириш керак.
– Ие, ҳали режалаштирганларинг ҳам йўқми? – деб сўради чол ажабланиб.
– Худо хоҳласа, янаги йилга режалаштирсак, сўнгра юқоридан, яъни Москвадан
тасдиқланса, бюджетдан маблағ ажратилса... – деди туман раҳбари мужмал
қилиб.
– Бўлди, тушундим. Унда маҳаллада мактаб бўлмас экан, мен уйимни
таъмирлашларига ва умуман бемаъни пул сарфлашларингга қаршиман. Ана
анави рўпарамдаги қўшнимникини таъмирлай қолинглар.
Ўзи ногирон, бир жойда уч йилдан бери михланиб ётибди, савоб бўлади.
– Отахон, сиз биз учун табарруксиз, – деди Олимиддин ҳам гапга аралашиб.
– Биз сизнинг дуоингизни олмоқчимиз. Ўзингизни бир умр далага бахшида
қилган инсонсиз, ахир!..
– Ҳа-ҳа, "Хўп" деяверинг, – деди Оқбердиев бўзариб.
– Буям, отахон, лотореяга бир ютуқ чиққандек гап-да, – деди Мирбадал Боқиевич музокарага чек қўйишга жазм қилиб.
– Раҳмат сизларга. Майли, маҳалла ободончилигини бошлайверинглар. Уйимни
бўлса ўзим у ёқ-бу ёғини лой билан чаплаб чиқарман. Бирор пақир оҳак керак
бўлиб қолса, сўрарман.
"Тавба" деб қўйди ўзига ўзи Мирбадал Боқиевич тиззасини маъноли уриб
қўяркан. "Шунақаям содда одам бўладими?.."
– Қани омин, турдик бўлмаса, – деди у чолдан "маънилик иш" чиқмаслигига ақли
етиб.
– Ўтиринглар, нонушта қилинглар, – деди мўйсафид.
Хуррамов отахонни бир четга тортиб шивирлади:
– Буларнинг томоғидан энди ҳеч нима ўтмайди, отахон. Лекин бопладингиз.
– Эҳ, тоза бошни қотирдингизку-а, отахон, – деди Оқбердиев ҳам афсус чекиб.
– Бўлди, бошқа муҳокама қилманглар. Кейин маслаҳатлашармиз, – деди раҳбар ва чолнинг қўлини маҳкам қисиб қўйиб, сунъий илжайиб қўйди.
– Яшанг, отахон. Хўп, омон бўлинг, – деди Олимиддин ҳам самимий.
– Яхши боринглар, – деди Болтавой ака ва ортларидан кўчага чиқиб бўлаётган
ишларни кўриб танг қолди.
– Эҳ-ҳе, ҳақиқатдан ҳам қарорлари қатъийга ўхшайди-ку-а? – дея ажабланди ва
кўнглидан ўтказди: "Бу ишлар, ҳойнаҳой, баҳор пайти келган анави "ғилдираги тешилган" депутатнинг иши бўлса кераг-ов..."
Мирбадал Боқиевичнинг кайфияти бузилиб, ишлаётган техникалар сари шитоб
билан бораркан, тўсатдан тўхтади-да, Олимиддинни бир четга имлади:
– Бу ёғи қовун бўлди-ку, энди нима қиламиз?
– Ҳайронман – деди Олимиддин қовоқларини уюб.
– Менга қаранг, Омонулла Жўраевични Болтавой аканинг уйига олиб келиш, бу
просто уят! Ё унинг уйини зудлик билан таъмирлаб жиҳозлаш зарур, ёки
бўлмасам, меҳмонни бу ерга умуман келтирмаслик чорасини кўришимиз керак. Ҳалиям кечмас, ҳамма ишларни ҳозироқ тўхтатишимиз мумкин, сизда у кишининг телефон рақами бор-а?
– Ҳа, албатта бор.
– Бўлмаса, кетдик. Оқбердиевнинг идорасига борайлик-да, у кишига қўнғироқ
қиласиз.
– Нима дейман? – деб сўради Олимиддин машиналари сари шошиб боришаркан.
– "Болтавой ака ҳозир йўқ экан. Санаторияга кетган эканлар", деб айтасиз.
Ишқилиб нима десангиз денг, лекин бу оми қишлоққа келмасалар бўлгани.
– Ҳа-ҳа, яхши бўларди, – деди Олимиддин ҳам бошлиқнинг гапини чин дилдан
маъқуллаб.
Улар "Тошқўтон" колхоз идорасига шашт билан кириб келишди. Олимиддин
гўшакни олиб телефон рақамларини код билан оҳиста тера бошлади.
Оқбердиев сертакаллуфлик билан бир четда карахт бўлиб турарди.
– ...Алло, Омонулла Жўраевич?! Ассалому алайкум, устоз! Қандайсиз?
Соғлиқлар, уй ичлари?..
Узр, эрталабдан безовта қилганим учун. Бу мен шогирдингиз Олимиддинман.
Бошқўрғондан. Шукур, раҳмат... Ҳа-ҳа, ўша гап. Ҳеч кимга айтмадим. Бу ёғи
дим-дим...
Ҳўп бўлади... Ҳа, к-кутаман, ўша ерда. Болтавой аканикида-а?
– "Йўқ экан", денг, – жон-жаҳди билан шивирлади Мирбадал Боқиевич.
– Э-ҳа, ҳалиги, айтмоқчи, отахон санаторияга кетган эканлар. Шунинг учун
меҳмонхонага ўзим яхшилаб... Х-хўп, устоз. Келишдик. Хайр, омон бўлинг! Х-ххизматингиздаман...
– Хўш, нима деди?! – деб сўради ижроқўм раиси жон-жаҳди билан.
– "Санаторияда бўлсалар ҳам майлига, уйдагиларини бир йўқлаб қўяман.
Иложи бўлса, у кишини душанба кунига уйига опкелинглар, кейин яна қайтариб олиб бориб қўяверасизлар", дейишди. Уф-ф... энди чолни санаторияга боришга кўндириш керак бўлади-ку.
Ўзи бекор телефон қилдик-да. "Кадр"дагилар чўрткесар, бир гапда турадиган
одамлар бўлади, – деди Олимиддиннинг чиндан хуноби ошиб.
– Оббо. Ҳай майли, уриниб кўраман. Кетдик... – деди раҳбар хуноби ошиб.
"Энди ортга қайтиш йўқ" деган маънода.
***
Мирбадал Боқиевич маҳаллада бўлаётган ишларни ҳанг-манг бўлиб завқланиб
томоша қилиб турган Болтавой аканинг олдига баланд бошини паст қилиб ўта
мулозамат билан борди.
– Оббо отахон-ей! – деди у ўзини жиддий кўрсатиб. – Худо хоҳласа, уч кун
ичида кўчангизни таний олмай қоласиз. Ҳа, айтмоқчи, менинг сизга бир яхши
таклифим бор эди.
Майли, сиз хоҳламас экансиз, уйингиз таъмирланмаса таъмирланмапти-да.
Лекин сизга бир мурувватимиз бор, "йўқ" деманг, илтимос. Бўлмаса хафа
бўламиз.
– Илоҳим мартабангиз бундан ҳам улуғ бўлсин! Халқимиз учун хайрли ишларни
бошлабсиз, мурувват шу-да. Бундан ортиқ бўлармиди?
– Менинг давримда бир соғлиғингизниям тиклаб олинг демоқчийдим-да, отахон
– Мен, Худога шукур, отдайман. Бир умр кетмон қўлимдан тушмаган, тиниб
тинчимайман, белим бақувват ҳали. Сизга ўхшаган кам ҳаракатларгина
носоғлом бўлишади.
– Бир мазза қилиб дам олиб келинг-да, энди. У ерда ўз тенгқурларингизни топиб
оласиз, ҳаво алмаштирасиз, дегандай, – деди ижроқўм раиси сунъий равишда
хехелаб кулиб олди.
– Мана шундай қурилишни ташлаб-а? Ҳашардан қочиб-а? Э, йўқ!
Мен қишлоғимнинг ҳавосини ҳеч қаерникига алмашмайман, – деди мўйсафид
қўл силтаб.
Раҳбарнинг кўз олди қоронғилашиб, ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Буни
пайқаган, Олимиддин гапга энди зудлик билан аралашди:
– Отахон, энди бу қарорни ўзгартириб бўлмайди. Йўлланмага фамилиянгиз ёзиб қўйилган! У куйиб кетади!
– Шундай иш қизиб, ёниб турганида битта қоғозинг куйса куйибди-да, ўғлим, –
деди чол қайсарлик билан.
Мирбадал бир қаттиқ сесканди ва юрагини чангаллади. Олимиддин бу ҳолатни сезиб раҳбарни суяб қолди.
– Юраклари, мазалари қочиб қолди, шекилли. Дўхтир чақириш керак, – деди
Олимиддин хавотир оҳангда.
– Олимиддин..., ишни тўхтатманглар, – деди раҳбар ихраб, – ўринбосар
Асовиддинни чақиртиринг, тез келсин. Отахон, сиз илтимос, боринг ўша
санаторияга...
– Йўқ, ука. Менинг ўрнимга ўзингиз бора қолинг. Мазангиз йўққа ўхшайди. Ўзингиз соғлиғингни тиклаб келаверинг. Мен мингдан-минг розиман, – деди Болтавой
ака чин дилдан.
Туман раҳбарининг машинаси ўқдай учиб етиб келди ва ҳайдовчи хўжайинни
орқага суяб қўяркан, у Олимиддинга қаттиқ тайинлай бошлади:
– Бобойни кўндиринг, Олимиддин... Бўлмаса у ҳамма ишимизни расво қилади.
Асовиддин билан ҳамма ишни охирига етказинглар, хўпми?
– Ҳеч хавотир бўлманг, Мирбадал Боқиевич. Ҳаммаси яхши бўлади. Тезроқ
соғайиб кетинг.
Кўп ўтмай машина касалхона томон ғизиллаб кетди. Қатъий топшириқ олган
Олимиддин ишловчиларга томон қичқирди:
– Трубани шу ерга туширинглар! Қани архитектор?! ...Ҳамма ўз ишига борсин.
Бошланглар! Қани, отахон, бир дуо қилиб юборинг-чи!
– Илоҳи омин, бошлаган савоб ишларингизга Яратган Эгамнинг ўзи мададкор
бўлсин! Юртимиз обод бўлсин, ота-боболаримизнинг руҳлари шод бўлсин,
Аллоҳу акбар!
Ишлар қизғин бошланиб кетди. Олимиддин Болтавой ака билан бирга юриб,
бўлаётган ишларни кузатдилар. Лекин Олимиддиннинг кўнгли ҳижил эди.
Ниҳоят, у чолни бир тўнка устига ўтиришга таклиф қилди. Қўшни аёл бир
кўрпачани тагларига солиб берди-да, сўнгра чойнакда чой ҳам кўтариб чиқди.
– Сизга бир гапни айтиб қўймоқчийдим, отахон, – деди Олимиддин мўйсафидни
ўзига иложи борича яқин олишга ҳаракат қилиб.
– Хўш-хўш?..
– Омонулла Жўраевич сизга салом айтдилар.
– Э-ҳа, ануви, "ғилдираги тешилган" йигитми, депутат? Ҳай саломат бўлсин, –
деди мўйсафиднинг кўзлари чақнаб.
Олимиддин чолнинг нафақат қайсар, балки қўпол соддалардан эканидан ҳам
энсаси қотаёзди.
– Ўша киши мендан қаттиқ илтимос қилиб, сизни санаторияга дам олишга
юборишимни сўрадилар.
– Э шунақами?
– Бу ерда катта қурилишлар бўлишидан у кишининг хабарлари бор. Ҳамма ёқ
чанг, шовқин бўлади-да. Санаторияда дам олиб келсангиз, бутун маҳалла
обод бўлган бўлади.
Омонулла ака кейин сизникига меҳмон бўлиб келиб қўлингиздан палов
емоқчилар.
– Яхши, келаверсин. Унинг учун эшигим ҳамиша очиқ. Оббо ғилдирагинг
тешилмагур, хумпар-ей, барибир гапида турибди-да. Ҳақиқий депутат, мана
шундай бир сўзли, мард бўлиши керак.
– Демак келишдик-а, отажон. Бўпти, мен бориб ишларимни қилай. Эртага
эрталабга тайёр бўлиб туринг, сизни ўзим жойлаб келаман, – деди Олимиддин
ва нари кета бошлади.
– Раҳмат, ўғлим. Ўзим ҳам боравераман, – деди мўйсафид ва уйи томон
кетаркан ўзўзига ғўлдираб борарди:
– Хиҳ, аҳмоғинг йўқ. Шунча ишни ташлаб-а...
– Отахон, бўлмаса йўлланмани ҳали уйингизга ташлаб кетишади! – дея
қичқирди "бечора" Олимиддин
Мирбадал Боқиевичнинг тўсатдан мазаси қочиб қолиб, ҳамма масъулиятли
вазифани унга юклаб кетганини Олимиддиндан эшитган раис ўринбосари
Асовиддин Оловиддиновичнинг фиғони ошди:
– Оббо. Худди атайин қилишадими дейман-а. Касалхонага ётиб олиш ҳамманиям қўлидан келаверади, – деди у алам билан.
– У киши атайин қилмадилар.Чиндан ҳам қон босимлари кўтарилиб кетганини
ўз кўзим билан кўрдим. Ҳамма ишларни бошқариб қўйиб, кейин кетдилар.
Асовиддин ноўрин гапириб қўйганини ҳис қилди.
Ахир Олимиддин нима бўлсаям Омонулла Жўраевичнинг одами-ку. У билан
жиддий гаплашмоқ керак. "Лекин жуда омади чопган йигит экан-да. Аттанг,
илгари бир-икки йиғилишларда бу болани бекор танқид қилган эканман.
Ким билибди чархпалакнинг бунақасига айланиб кетишини.
Энди Омонулла акани мен кутиб оладиган бўлсам, демак, мен билан бамаслаҳат иш қилади, менинг йўриғимга юради. Баҳонада раисликка номзодим хамирдан қил суғургандек ўтиб кетиши ҳеч гапмас. Эҳтимол Мирбадал аканинг касал
бўлгани бир жиҳатдан мен учун яхши бўлгандир. Худо хоҳласа, ўзим раҳбар
бўлиб қолсам, Олимиддинни албатта ўзимга ўринбосар қилиб оламан", дея
хаёлан фикрлай бошлади Асовиддин ва энди Олимиддинга бўлган муомаласини тубдан ўзгартирди.
– Ҳай майли, Олимиддин. Нимаям қила олардик. Энди иккимиз бир тан-бир жон
бўлиб Мирбадал Боқиевичнинг йўқликларини билинтирмаслигимиз керак-да.
У кишининг мазалари анчадан буён ёмон ўзи. Юраклари ҳам бир марта хуруж
қилганди. Энди ўзларини эҳтиёт қилганлари маъқул.
– Ҳа, тўғри айтасиз.
– Дўхтирлар бу сафар у кишини нафақага тавсия қилиб юборишлари ҳам
мумкин.
– Ие, шунақами?
– Ҳа. Шунинг учун туманимизнинг тақдири икковимизнинг қўлимизда қолаяпти,
шекилли.
– Тўғри. Бу биз учун катта масъулият.
– Яшанг, Олимиддин. Хулласи калом, ука, биз сиз билан бир нимани ўзаро
келишиб олишимиз керакка ўхшайди.
– Албатта, бемалол.
– Хабарингиз бор, мен бу ерда сиз мактабга ўқишга кирганингиздан буён ишлаб
келаман. Раисга ўринбосар бўлганимга беш йил бўлибди. Яна беш йилдан сўнг нафақага чиқар эканман.
Лекин билсангиз, ҳар сафар раҳбарлар четдан тайинланаверишади.
Биз эса ўрнимизда қолаверамиз. Масалан, Мирбадал ака мен билган олтинчи
одам. Лекин сизга ҳавасим келаяпти. Сиз ўз истеъдодингиз, иқтидорингиз
билан, Худо хоҳласа, ўз келажагингизга яхшигина пойдевор қуриб олдингиз.
Буни омад дейдилар.
– Раҳмат, ака.
– Фикримни уққан бўлсангиз керак. Сизни ўз ўрнимга лозим кўрмоқчийдим.
Шунга нима дейсиз?..
– Тушунмадим, ўзингиз-чи?
Асовиддин ўз кўнглидагини шошиброқ тўкиб солганидан хижолат тортди. Лекин
темирни қизиғида босмоқ керак эди. Душанба кундан катта текширув бошланади. Мирбадал Боқиевич касал бўлмаган тақдирда ҳам барибир текширувда
туманнинг нуқсон камчиликлари аниқланади. Албатта у киши жавоб беради ва
унинг кетиши ҳам аниқ.
Унинг ўрнига "Мана мен" деб кўз тикиб турганлар қанча? Отни қамчилаб қолмоқ керак. Бунақа имконият бошқа бўлмайди" деган ўйга борди Асовиддин ва бўлим бошлиғи Олимиддинга дангал сўз қотди:
– Албатта сизни ўз муовиним бўлишингизни хоҳлардим ёки ўзлари "раҳбар"
бўлиб қўя қоладиларми-а? – деб сўради ўринбосар синовчан кулиб қўйди.
– Йўғ-е. Ҳали ёшлик қиламан-ку. Аввало Мирбадал ака соғайиб кетсинлар.
Мабодо...
– Текширувдан сўнг у кишининг ўз ўринларида қолишига ким кафолат беради?
Эҳтимол, текширув юқоридан атайин уюштирилгандир, бизга номаълум бирор
сигналлар бордир, а, лаббай?.. – деди Асовиддин шивирлаб.
– Тўғри. Бўлиши мумкин, – деди Олимиддин жиддий.
– Мени тушунгандирсиз?..
– Ҳа, тушунарли. Бўлмаса, бундай қиламиз. Сиз менга ўша раҳбарликка
номзодларни билиб берасиз. Мен уларнинг ишини мақсадли текширувга
тўғрилаб қўяман.
Бу сўзларни Асовиддин "Рақибларингизни айтсангиз, мен ковушини тўғрилаб
қўяман", дегандек ўзича тушунди ва беҳад қувониб кетди.
– Яшанг, укагинам! – деди у Олимиддинни маҳкам қучиб олди. – Мени тўғри
тушунганингиздан айланай. Демак, келишдикми?
– Келишдик...
"Янги чек" маҳалласида ишлар қизигандан-қизиб кетди. Энди бу ишларга
Асовиддин Оловиддинович шахсан ўзи раҳбарлик қила бошлади.
Улар Олимиддин иккиси худди ака-укалардек жуда қадрдон бўлиб кетишган ва ўз олдиларига қўйилган вазифани ҳамжиҳатлик билан қойилмақом қилиб
бажармоқда эдилар.
Транспортлар шовқин-сурони йўлга тараддудланиб ўтирган Болтавой аканинг
хонадонини ҳам ўз оғушига олганди. У негадир кетгиси келмас, обдастасини
қўлига олиб, унинг ҳошияларига тикилган ҳолда сўрида хомуш ўтирарди.
Шу маҳал кампири Ҳури хола кўчадан ҳовлиқиб кириб келди.
– Ие, вой, дадаси, ҳалиям шумшайиб ўтирибсизми? Бора қолмайсизми ўша дом
отдыхингизга? Буни қаранг-а, маҳалламизни шунақаям обод қилишаяптики,
барака топгурлар. Бири сув тортган, бири газ трубасини улаган, бошқалари
йўлга шағал тўкиб текислашаяпти. Эҳ-ҳа, ҳали дам олиб келгунингизча ҳаммаёқ ўзгариб кетади, шекилли.
– Ҳа. Шунинг учун ҳам кетгим келмаяпти-да, – деди чол хўрсиниб. – Уйимизда
газнинг ёнишини кўришни бир умр орзу қилгандим.
Бунақаси ҳатто болаларимизга ҳам насиб қилмайди, деб қўрқардим.
– Мана, ниҳоят ўтин-тезак ёқишдан ҳам қутуладиган бўлдик, – деди кампир
севиниб.– Бу ишларнинг ҳаммасини, менимча, анави "ғилдираги тешилган"
йигит қилдираяпти, шекилли.
– Ҳалиги, бирров келиб, угра ошимдан ичиб кетган дуркунгина йигитми?
– Ҳа-ҳа. Зўр йигит экан, лекин. Унинг ўзиям бир айланиб келиб қолиши мумкин
ҳали. Мен унга раҳмат айтиб қўйишим керак бўлади.
– Вой чол, эҳтимол у айтмагандир.
– Йўқ. Кўнглим сезиб турибди. Бу ўшанинг иши, иннайкейин манави мўътабар
идишимизнинг каромати бу. Эсингда бўлса, ўшанда яхши ният қилувдик.
– Ҳа, эсимда, дадаси. Фаришталар омин деса, ҳеч гап эмас эканда-а? Буни
қаранг-а...
– Шунинг учун у йигит келса-ю, мен уйда бўлмасам. Бу инсонгарчиликка тўғри
келмайди. Биз уни яхшилаб меҳмон қилишимиз керак.
– Оббо, уни меҳмон қиладиганлар сони мингта-ку.
– Уларнинг палови бошқа, сенинг угра ошинг бошқа. У, сезган бўлсанг бизга
бошқача меҳр билан қаради. Етим ўсганга ўхшайди, бечора. Шунинг учун хотин, калламга бир фикр келиб қолди-да.
– Вой, қанақа фикр экан, дадаси?
– Дом отдыхга менинг ўрнимга сен бора қолсанг. Сен ҳам ахир менинг давримда
дунёнинг кети кенглигини бир кўриб келгин.
– Вой, сиз бормасангиз мен нима қиламан?
– Боравер. Сенга ўхшаганлар у ерда сони мингта.
– Лекин сиз бормасангиз анави раҳбарлар хафа бўлишмайдими?
– Мен уларга кўринмай, кўчага чиқмай ўтираман. Бўлаётган ишларни девор
орқасидан кузатаман. Қизинг ҳам уларга мени "кетган" деб айтади.
– Ҳай, майли. Ҳеч қўймадингиз-қўймадингиз-да, дадаси. Борсам боравераманда.
Мўйсафид хурсанд бўлиб ўрнидан туриб кетди.
– Юр тезроқ, тайёргарлигингни кўр бўлмасам. Мафтунагаям ҳозирги гапларни
тайинлаб қўяйлик.
Бир оз ўтгач, тугун кўтарган кампир, қўлига ҳужжатларни олиб чоли ва қизи
билан хайр-хўшлашиб чиқиб кетди. Болтавой ака молга қарагани ҳовлига ўтиб
кетгач, Мафтуна уй юмушлари билан банд бўлди. Бир пайт кўча эшик тақиллаб Олимиддиннинг майин овози келди ва у ҳовлига бош суқди:
– Тинч ўтирибсизларми, синглим? – деди Олимиддин жилмайиб.
– Шукур, раҳмат.
– Отахон дам олгани кетдими-йўқми? Шуни бир сўрайин деб.
– Вой, кетдилар. Саҳар кетдилар.
– Йўғ-е, рости биланми? – деди раҳбарият ходими қувониб ва тўсатдан кўча
томон қичқирди:
– Ҳой уста акалар, кираверинглар!
Ҳовлига ҳар хил асбоб-анжомларини кўтариб олган бир тўда усталар кириб
келишди. Олимиддин устабошига таъмирлаш бўйича ишларни кўрсата бошлайди.
– Манави гувала девор сиртидан қора ойнали рамани монтаж қилиб, уни
кўринмайдиган қилинглар. Манави тандир ўчоқларни бузиб ташланглар.
– Вой ўлмасам! Нега унақа дейсиз? Отам уришадилар-а! – деди Мафтуна шошапиша.
– Оббо. Ҳай, майли, бўлмаса бир каттароқ шиорми, суратми ўрнатиб, бу ерниям
кўринмайдиган қиласизлар. Уйлар замонавий бўлсин. Анави ерга янги ҳаммом, ҳожатхона қуринглар. Тез бўлинглар!
– Канализация йўқ-ку.– Ҳовлига чуқур кавланглар. Ерга мармар плита
ётқизинглар, манави ерда фонтанчаям бўлсин.
– Сув йўқ-ку?! – деди устабоши Жўравой.
– Сув билан сизнинг ишингиз бўлмасин. Уни Сувсоз ташкилотидагилар насос
билан ҳайдашади. Манави ерга ошхона қуринглар. Кафелли, комфорт бўлсин. Ҳовлига доим яшнаб турадиган чим ўтқазиб, уларни сув пуркагич билан
суғориладиган қилинглар. Йўл четларига яшнаб, очилиб турган тайёр гулларни экинглар, туваклари кўринмасин. Манави тўрига бир ҳайкал ўрнатамизмикан-а...
– Ие, ҳайкалга бало борми? – деди уста ҳайрон бўлиб.
– Келаётган меҳмон, мен сизга айтсам, жуда нозик дидли, маданиятли инсон.
Ҳа айтмоқчи, кўча эшикни олиб ташланглар. Ўрнига нақшинкор дарвоза
буюртирилган, ўшани ўрнатасизлар.
Мафтуна сўрига кўрпачалар соларкан, Олимиддиннинг ғайриоддий
ҳаракатларини ҳайрон бўлиб кузатарди.
– Ҳа айтмоқчи, синглим. Ҳозир бу ерга харажат олиб келиб ташлашади. Сиз
усталарга уч маҳал иссиқ овқат ташкиллаб берасиз-да. Улар туну кун ишлашади, хўпми?
– Вой, мен ахир мактабимга, ишга боришим керак-ку!
– Ҳамма мактабларда иш тўхтатилган. Мен директорингизга қўнғироқ қилиб
айтиб қўяман.
– Нега тўхтайди?
– Туманимизга пойтахтдан катта комиссия келаяпти. Шунга ҳаммаёқ тозала-
тозала. Мактаб ўқувчилари катта йўл четларига тош теришмоқда. Худо хоҳласа, уч кун ичида уйларингиз ҳам кошонага айланади. Хўп, мен ҳозирча кетдим.
Ҳали хабар оламан. Бўпти, Жўравой, ўзларингиз яхшилаб-а, – деди Олимиддин шошиб кўчага чиқиб кетаркан теварак-атрофга бир бор хавотирли қараб олди..
Бир қанча фурсатдан сўнг ҳовлидан чиқиб келган мўйсафид уйида бўлаётган
ишларни кўриб ҳангу манг бўлиб қолди ва усталарга томон жаҳл билан бақирди:
– Ҳой! Нима бало қилаяпсанлар уйимни?!
– Бизга юқоридан шунақа топшириқ бўлди. Бажаришга мажбурмиз-да, отахон, –
деди Жўравой.
– Уйингизни, мана кўрасиз, қўғирчоқдек қилиб берамиз, – деди яна бир уста.
– Нимага?!
– Эшитишимизча, уйингизга юқоридан нозик меҳмон келармиш. Баҳонада
уйингиз бепул кошонага айланади. Қандингизни уринг, бобой!
– Ҳой ота, қўяверинг, ишингиз бўлмасин. Сиз ахир бу ерда йўқсиз-ку.
Санаторияда дам олаяпсиз. Бу ишларни қаердан биласиз? – деди Мафтуна
жеркиб.
– ... Ҳа-я. Ҳа энди, бир айтдим-қўйдим-да. Бўпти, бўлмаса мен бу ерда йўқман.
Сизлар мени кўрмадинглар.
– Ие, бу ёғи қизиқ-ку! – деди Жўравой.
– Менгаям юқоридан шунақа топшириқ бўлган-да, – деди мўйсафид ва қизини
бир четга имлади. – Демак, бу ўша йигитнинг иши. Унинг келиши аниқ экан.
– Кимни айтаяпсиз, ота?
– Ҳалиги "ғилдираги тешилган"-чи...
– Вой, Омонулла аками? – сўради Мафтуна хурсанд бўлиб.
– Ҳа. Ўша депутат. Лекин у сўзида турадиган мард йигит экан, яхшиям дом
отдыхга кетмаганим. Мана кўрасан, у айтганини қилади...
Мафтуна бир сония ҳайратланиб қолди. Унинг кўз олдида Омонулла гўё
эртаклардаги баҳодир шаҳзода каби намоён бўлди.
Шу тариқа орадан икки кун ўтди. Маҳалла асфальтланди, газ, сув ишлари
тугалланай деб қолди. Болтавой аканинг уйи ҳам тўртбурчаксимон қилиб, ойна билан қопланган антиқавор кошонага айлантирилди. Фонтанчада сув отилиб
чиқиб турибди.
Очилиб турган гуллар тувак-пуваги билан ерга экилиб тупроқ билан кўмилди.
Тандир ва ўчоқ атрофига "Партия қарорларига "лаббай" деб жавоб берайлик!"
деган улкан плакат осилган бўлса, оғилхона ёнига "Яшасин..." деб ёзилган
панно ёпиштирилди.
Қаер кўзга кўринарли бўлса, ўша ерлар сунъий – пластмасса гуллар билан
безатилди. Фонтан ёнида француз ҳайкалтароши Пол Гогеннинг қўлини иягига
тираб хаёл суриб ўтирган ичи ғовак асари ҳам қўйилди. Болтавой ака унинг
рўпарасига стул қўйиб олиб, гўё дардини ҳайкалга айтиб суҳбатлашаётгандек
узоқ ўтирадиган одат чиқарди.
Мафтуна мармар йўлак устига чойшаб ёзди-да, буғдойни шопириб тозалай
бошлади.
– Отажон, намунча хаёл сурмасангиз-а? – деди қиз кулиб. – Уйимизни чиройли
қилиб қўйишган бўлишса. Яна нимага норозисиз?
– Шу харажатларнинг ўрнига мактабнинг бир қисми битарди, эссиз... Лекин менга манави ҳайкал ёқиб қолди. У ўзини жуда ақлли тутаркан, лом-мим демас экан.
– Вой, ахир бу жаҳонга машҳур бир ҳайкалтарошнинг асари-ку – деди Мафтуна
шарақлаб кулиб.
– Ҳа, ҳозирги ёшлар дунё илмини ўрганишаяпти. Шунинг учун ҳам бизнинг
қишлоққа барибир мактаб керак.
– Шунчаси бўлган, мактаб ҳам бўлиб қолар. Ундан кўра сиз манави буғдойни
тегирмонда торттириб келиб беринг, отажон. Уйда унимиз қолмабди.
Харажатларни ташлаб кетишди-ю, ўзимизники бошқа-да...
– Ҳа, баракалла қизим. Тўғри айтасан, биз ўз ризқимиздан қолмайлик.
Шу маҳал ташқаридан таниш овозлар келди. Мафтуна югуриб бориб янги
дарвозанинг тирқишидан мўралади.
– Вой ўлмасам, отажон. Бизникига туманимиз катталари келишаяпти. Тез
яширининг!
– Нима, ўз уйимдаям яширинаманми?
– Ахир сиз санаториядасиз-ку!
– Ҳа-я. Бўпти тақсир, сиз бемалол-а... Кейин гаплашамиз, – деди мўйсафид
ҳайкалга мурожаат қилиб ва ўзини янги қурилган ҳаммом ортига олди.
Ҳовлига касалхона кийимидаги Мирбадал Боқиевич ва Олимиддин кириб
келдилар.
Мафтуна ҳам уй ичига чопиб кириб олди ва уларни зимдан кузата бошлади.
– Мана, Мирбадал Боқиевич, қўлдан келганича ҳаракат қилдик-да. Лекин сиз
ўрнингиздан қўзғалиб бекор қилибсиз.
– Ҳеч кўнглим тинчимади. Ахир бу ҳазил ишмас-да... – деди у қилинган ишларни
бир сидра эринмай кўздан кечираркан.
– Яхши, – деди у кўнгли тўлгандек бўлиб.
– Ҳалиги ҳаммом, ҳожатхона масалаларичи?
– Албатта тайёр, – деди Олимиддин ғурур билан. – У ерга энг зўр, импортний
унитаз қўйдик.
Мирбадал эшикни очиб кўрган бўлди ва эринмай сувини шарақлатиб туширди.
– Анави сассиқ чолга уқдириб қўйиш керак. Бу ерга тағин ҳар қанақа кесак-песак
ташлаб юрмасин.
Яшириниб турган Болтавой ака ҳушёр тортди. Сўнгра жаҳли чиқиб кўзлари
косасидан чиқаёзди. Аммо чидади.
– Хўп бўлади. Назоратга оламиз, хўжайин.– Ҳаммомнинг саунасиям бўлдими?
– Ҳа-ҳа, ваннасиям бор.
– Яхши, – деди бемор Мирбадал ва шиорларга эътиборини қаратди. – Лекин
манави ёзувлар менга ёқинқирамайроқ турибди-да. Ахир бу ер идорамас,
Болтавой аканинг уйику.
– Тўғри, эски ўчоқ билан тандирни бузишга қўйишмади-да. Уларни ёпиш чораси
холос бу.
– Ҳмм... Бўлмапти. Устига гилам осиб қўйинглар.
– Вақт оз қолди-ку, хўжайин, улгура олармиканмиз?
– Элакка қолганида-я, – деди Раис кесатиб ва ҳайкал олдига борди – Бу нима
бало?
– Бу "Хаёл сураётган донишманд" ҳайкали. Сабр-тоқат рамзи. Омонулла
Жўраевич жуда нозик дидли одамлар. Мен буни ўқиётган газетасидан кўриб
билганман.
– Ҳа яхши, гапирвормасмикан ишқилиб, – деди у ҳайкалнинг пешонасини силаб
қўяркан ва қоқилай деб оёғи остидаги обдастага кўзи тушди.
– Манави алмисоқдан қолган идишни умуман кўздан йўқотинглар! Янги иштонга
жулдур ямоқ бўп қопти.
Бу гапларни эшитган Болтавой аканинг жаҳли янада жунбушга келди. Туман
раҳбари энди кўча томон чиқиб, бажариладиган ишлар бўйича бошқа йўл-йўриқлар кўрсата бошлади.
– Асфальт кўчадан дарвозагача бўлган йўлакка ҳам плиталар ётқизинглар. Икки
четига гуллар ўтқазилсин. Ҳа айтмоқчи, нозик меҳмоннинг ҳурматини жойига
қўйиш учун у кишининг пойи қадамларига бир қора қўчқор сўйинглар. Қўчқорни Оқбердиев олиб келиб манави тутга боғлаб кетсин. Аҳаджон!
– Лаббай, Мирбадал Боқиевич! – деди ҳайдовчи ҳозиру нозир бўлиб.
– Машинангизда пичоқ доим тайёр турсин, хўпми? Машинангиздан тушасиз-да,
тўғри келиб қўчқорни окамизнинг оёқ остиларига қурбонлик қиласиз.
– Тўғри-ку, лекин мен умримда чумчуқ ҳам сўймаганман-да, хўжайин.
– Оббо! – дея жаҳли чиқди раиснинг. – Нима, энди шуниям мен сўйишим керакми?!
Қанақа масъулиятсиз ходимсанлар ўзи? Хуллас ўзингизми, бошқа сўядими,
ишқилиб Оқбердиев иккингиз мана шу ишга масъулсизлар. Эгнингизга фартук
тутиб юринг. Сизнинг ишингиз қон чиқариш, қолган ишни қассоблар қилаверади, тушунарлими?
– Тушунарли! – деди Аҳаджон.
– Сиз кўп уринаверманг. Бориб бемалол даволанишни давом эттираверинг.
Ўзимиз ҳаммасини айтганингиздек чиройли қиламиз, – деди Олимиддин
раҳбарнинг кўнглини кўтариб.
– Хўп, сизларга омад тилайман, – деди ижроқўм ота машинага ўтираркан.
– Ҳаммаси табиий бўлмоғи керак. Меҳмон гўё ўз оёғи билан кириб келиши
керак. Олимиддин, сиз ички ишлар бўлими бошлиғи Сарақуловга тайинланг. У
киши меҳмоннинг хавфсизлиги учун тўлиқ жавоб беради.
Унга айтинг, маҳаллада муқаддам судланганлар бўлса, уларни аниқлаб,
вақтинча бирор жойга жўнатиб юборсин. Бу атрофда ҳеч қандай бегона одам ёки транспорт воситаси юрмаслиги лозим. Ҳар бир кўчага соқчилар қўйилсин.
Улар ҳам фуқаро кийимида бўлишсин. Гўё ўз ишлари билан банддек юришсин. Ўша ходимлар "Комиссия кеб қопти, арзимни айтволай", деб юрган фуқароларни Омонулла Жўраевичга умуман яқинлаштиришмасин, тушунарлими?
– Тушунарли, – деди Олимиддин шоша-пиша блокнотига алланималарни тезда ёзиб оларкан.
– Кейин коммунал хўжалик бошлиғи Норбўтаевга айтинг, маҳаллага ҳар икки
соатда сув септириб турсин. Кўчаларда бир дона ҳам ахлат, гард бўлмасин.
Хуррамов газнинг бетўхтов ёнишини таъминласин.– Уни марказий трассага улаб улгуришолмайди-ку.
– Унда газ қаердан ёнаяпти?
– Маҳалланинг бошига суюлтирилган газли машина қўйилиб, вақтинча ҳайдаб,
синаб кўрилди.
Раҳбар бир ўқрайиб қўйди:
– Энди ўша машина бу маҳаллага доимий бириктириб қўйилсин, тушундингизми?
– Тушунарли, хўжайин.
– Бўпти, мен яна хабар оламан. Ҳайданг, Аҳаджон!
Машина яна касалхона томон йўл олди.
Ижроқўм раис ўринбосари Асовиддин Оловиддинович Болтавой аканинг ҳозирда санаторияда эканлигидан ҳам, Мирбадал Боқиевичнинг касалхонадан бирров келиб кетганидан ҳам бехабар эди.
У Олимиддин билан ўзаро келишиб олганларидан сўнг ўзини жуда виқорли тутар, қурилиш ишларига бевосита туну кун раҳбарлик қилмоқда эди.
У ҳам нозик дидли меҳмоннинг Болтавой ака хонадонига қиладиган ташрифига тайёргарлик ишларини ўз назоратидан четда қолдирмади. Балки янги-янги
ғоялари билан ўзининг ўта маънавий баркамол ва изланувчан раҳбар эканлигини кўрсатиб қўйгиси келарди. Шу туфайли у қурилган фонтан ўртасига қўшимча
равишда туман марказидаги музейдан чоптириб турган болакайнинг ҳайкалчаси-ни суғуртириб олиб келтириб ўрнаттирди. Бу фонтанча ҳовлига янада ўзгача
"муҳит" бахш этди.
Болтавой аканинг уйида экани уни ҳайрон қолдирди. Мирбадалнинг гапларини
эшитиб ҳали ҳануз ҳовуридан тушмаган мўйсафид Асовиддин кириб келганига
парво ҳам қилмади, жаҳл устида яширинишни хаёлига ҳам келтирмади.
Лекин меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб кутиб олди.
– Ёзган аризаларингизни инобатга олиб, шу ишларни қилмоқдамиз-да.
Токи бу ишлар барчага ибрат бўлсин. Ҳамжиҳатлик билан нима ишлар қилишга қодирлигимизни бир кўрсатиб қўйишимиз керак, – деди Асовиддин
Оловиддинович фотиҳадан сўнг.
– Ҳамжиҳатликда гап кўп, албатта... – деди Болтавой ака истар-истамас.
– Ҳа, яшанг. Энди сизнинг бу қўғирчоқдай хонадонингизу обод маҳаллангизни
кўргани турли нозик меҳмонлар ҳам ташриф буюришади,фикр алмашади, газета ва телевизорга суҳбатлар уюштирилади. Сиз ҳамма-ҳаммасига тайёр бўлинг,
хўпми! Эришган бундай ютуқларимизни кўз-кўз қилишингиз, ҳукумат ва туман
раҳбарларига бундай ибратли ишларни амалга ошираётганлари учун албатта ўз
миннатдорчиликларингизни билдиришингиз керак. Сиз туманимизнинг фахрисиз, энг яхши, фаол инсонлар сафидасиз. Сизнинг ҳаёт фаолиятингиз ёшларимизга албатта ўрнак бўлиши керак.
– Лекин бир нимани тушунмаяпман.
– Нимани?
– Уйнинг ўртасига нега энди яланғоч, чоптириб турган боланинг ҳайкалчасини
қўйишди. Ахир, хотин-халаж бор...
– Оббо Болтавой ака-ей, – деди муовин кулиб, – уйингиз ахир замонавий,
маданияти юксак равнақ топган Европа услубига мосланаяпти-ку!.. Илгари
бундай нарсаларни фақат шоҳлар саройигагина қўйиларди, энди эса, оддий
деҳқонларимиз ҳам юксак дидли ва маънавий баркамоллигини бу ерга ташриф буюрувчиларга кўрсатиб қўймоқчимиз, холос.
– Ундай бўлса, нега энди Навоийними, Умар Ҳайёмними, Берунийними ё бошқа
буюк инсонларнинг ҳайкалини эмас, балки чоптириб турган болакайни
қўйдинглар?..
– Сиз тушунинг, ахир бу ерга ҳатто хорижий меҳмонлар ҳам ташриф буюришлари мумкин. Уларни бизнинг мутафаккирларимиз эмас, балки бизнинг дидимиз,
маданиятимиз қизиқтиради.
– Э-ҳе, меҳмон кўп келадиган бўлса, менинг мўътабар идишимга роса иш
топилар эканда-а?
– Қанақа идиш?
– Бобомнинг бобосидан қолган – шажаравий мерос. Хонадонимизга келган
меҳмонларнинг қўлларига фақат шу обдастадан сув қуйиб кутиб олишни бизга
ўша катта бобомнинг бобоси васият қилиб кетган эканлар.
– Э, унақа эскилик сарқити бўлган темир-терсакларингизни қўйинг энди, отахон.
Сизга бу ярашмайди.
– Мана, сиз ҳам хонадоним учун азиз меҳмонсиз-ку! Юринг, обдастамдан
қўлингизга бир сув қуяй, – деди чол қайсарлик билан.
– Э, қўйинг. Мана ҳаммом, замонавий ювиниш хонаси қилиб бердик.
– Менга унақа нарсаларнинг, кейин мана бунақа дабдабали оврўпача уйнинг
кераги йўқ. Менга ўз гувала-сомонли уйим яхши эди.
– Қанақа содда одамсиз ўзи? Бунақа кошонани бошқа одамлар фақат орзу
қилишадику, ахир... – деди ўринбосар бош чайқаб.
Болтавой ака барибир ўз фикридан қайтмай, тез лапанглаб бориб қадимий
идишни қўлига олиб, елкасига сочиқ ташлаб келди:
– Қани, марҳамат қилсинлар!
– Ҳеч қўймадингиз-қўймадингиз-да, – дея базўр қўлини узатди меҳмон жилмайиб.
– Бисмиллоҳир-раҳмонир-роҳийм...– дея сувни қўйди мезбон.
– Яна сизга бир гапни айтиб қўяй, – деди Асовиддин – бу ердаги кўргазмага
қўйилган буюмларни эҳтиёт қилинг, хўпми? Ўзингизча ҳар хил бўлмағур
нарсаларни илиб қўйманг. Анави янги ҳожатхонага кесак-песак олиб кирманг,
бўптими?
– Э, ўлибманми, чиннини ифлос қилиб. У ерга ҳатто пашшаниям киритмайман.
– Сиз билан бу ерда яна ким туради?
– Қизим, икки набирам. Ўғилларим шаҳарда яшашади.
– Куёвингиз-чи?
– Улар ажрашишган. Худо хоҳласа, яхшироқ жойи чиқса... деган ниятимиз йўқ
эмас.
– Қаллиқ сероб. Ичкуёв қиламан десангиз, ҳатто кўрик-танлов билан танлаб
оласиз.
– Ҳа энди, насиб-тақдир қилгани-да.
– Уларга ҳам тайинлаб қўйинг. Меҳмонлар келса, яхши хизмат қилишсин. Хуллас, уйингиз бундан буён туман музейининг ҳисобида туради. Сизга яна бу ердаги
инвентарлар яхши сақланиши учун қоровул сифатида маош ҳам тайин қилдириб қўяман.
– Кечирасиз-у, лекин мана бу чоптираётган болакайга иштонча кийдириб қўйилса бўлармиди? – деди Болтавой ака яна соддалик билан фонтан ичидаги
ҳайкалчани кўрсатиб.
– Йўқ, унга ўрганиб кетасизлар ҳали. Иштонча кийдирсангиз унинг санъат асари
эканлиги қолмайди.
– Жуда хунук турибди-да...
– Ахир ўғил бола-ку, хотин киши эмас!
– Ҳа, шунисигаям шукур... – деди Болтавой ака оҳиста соқолини силаб қўяркан.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев