(Хикоя)
Дилбар Адҳамбек билан иш юзасидан танишди, тўғрироғи жигардан ҳам яқин опахони Муниропа таништириб қўйди!
Бир қарашдаёқ Адҳамбекнинг аёлларга суяги йўқлиги сезилар, йигит қурғур яхши гапгами, эркалатишларгами зордек тутарди ўзини...
Хужжатларини олиб қолиб, бу боши очиқ аёлнинг ортидан сигарет чеккан киши бўлиб- кўчага чиққан Адҳамбекни қора кўзойнаклари оша кузатаркан, машинасини газ олдираётган Дилбар- унга қарата ишвали бир жилмайиб қўйди...
Кечга бориб, арзимас нарсани баҳона қилиб телефон қоққан Адҳамбекка аёл ноз аралаш жавоблар қилди. Иш битгунча қўлланган макр, ишва, ноз- ҳизмат учун тўланадиган пулни Адҳамбек "олмайман" деб қайтарган кундан кейин янада кўпайгандан кўпайди...
Адҳамбек шундоққина Дилбарнинг қармоғига ўзи ҳоҳлаб илинди, қолди!
Ҳар куни телефон, ҳали ширинликлар, ҳали қиммат атирлар, маликаларга қилингандек муомала Дилбарга хуш ёқиб борар, ҳар тонг уйғонганида Адҳамбекдан келган смс уни еттинчи осмонга элтгандек бўларди!
Оғзи қулоғида юрган кунлари холатини сезган Муниропаси "тинчликми? " деб луқма ташлади, Дилбар Адҳамбек ҳақида айтгач:
"Боплайсан! Бечорани озгина бошини айлантирсанг, никоҳига олиши ҳам ҳеч гапмас, керак бўлса- икки фарзандингни ҳам бошини силайди! Ўзи эшитувдим хотинини бир содда, кўча кўрмаган аёл диб, то эри уйланганини билгунча, сенам битта туғиб ҳам оласан! " деди.
Кунлар ўтаверди, аёл ва эркак бир-бирига тортилаверди.
Адҳамбек Дилбар ҳоҳлаган нарсани дарров муҳайё қилар, ҳоҳласа пул, ҳоҳласа ресторан ҳаммасини бажо келтирарди!
"Ишга киришим керак, ўқидим, лекин бирор бир покизароқ, номи улуғроқ ташкилотга ишга кирмасам бўлмайди" деди Дилбар Адҳамбекка.
-Ман билан ишлайверасизми? - деди Адҳамбек.
-Э йўқ, хужжат иши кўп-да сизда!
-Шунчаки ўтирасиз, сизи кўриб турсам бўлди!
Икковлон қиқирлаб кулишди.
-Бўлди боғчага жойлашяпман, фақат малака оширишга боришим керак экан, сизда шаҳарда квартира бор эди а? Меҳмон керакмасми?-деди бир ойдан кейин Дилбар.
-Сизга топамиз, неччи кун туришиз кере, бирор хафтами?
-Ўн кунча ўқисак керак...
Адҳамбек шаҳардаги квартиранинг калитини Дилбарга берган кундан уч кун ўтиб, ўзи ҳам орқадан етиб борди.
Дилбар азбаройи Адҳамбек "биринчи кундан дарров кўнди" демаслиги учун эркакнинг райини қайтарди.
Адҳамбек бироз ҳафа бўлгандай юрди-ю, барибир эртаси куни бўлса-да Дилбарни кўндирди..
Бўлиб ўтган ишдан сўнг тез-тез кўриша бошлашди: Дилбарнинг малака оширадиган ўқиши битгач, Адҳамбекни ўз уйига ҳам чақира бошлади.
-Ойим гапга кетган, болалар боғчада, келасизмиии?
Адҳамбек ҳам бу холатда ғиз этиб тезда етиб келар, Дилбар бора-бора Адҳамбекни ростдан ҳам ўзини севишига, аёлидан кўнгли чиқмаган бир эркак эканлигига ишониб борарди.
Лекин бир куни бозорда Адҳамбекни хотини билан айланиб юришганини кўриб қолди. Тасаввурлари бирдан чалкашди: чунки хотин деб билгани ёшгина қиз бўлиб, ҳомиладор, буни устига жудаям баҳтли аёлдек кўринди кўзига.
-Пана пастқамларда учрашиб юриш жонимга тегди, никоҳизга қачон оласиз?
- Ҳудо ҳоҳласа ниятим бор- дерди Адҳамбек.
-Фалончи уй қуриб сотаётганлар сизни танишиз-ку тўғрими, битта квартирага тўлов қилиб қўяйлик...
-Гаплашиб кўрай-чи...
Бошида сеҳргардек ҳамма нарсани тез ҳал қилиб бераётган Адҳамбек бора-бора мужмаллана бошлади, айниқса никоҳ ва уй масаласида. Лекин пулдан сираям қисмади, Дилбар у қилиб, бу қилиб анча мунча пулли бўлиб олди.
-Сиззи спаркингизни Каптива қилсак нима дийсиз?-деди бир куни Адҳамбек.
-Вой қанийди, жон дийман-деди Дилбар.
-Зўр мошина бор, оламизми, сизда ҳозир қанча бор?
Дилбар Адҳамбекни бу сўзидан иккиланиб қолди, чунки машинани тўлиғича Адҳамбек олиб беради деб ўйлаганди...
У бўлди бу бўлди Адҳамбек Дилбарнинг Спаркини устига аёлнинг ўзидан пул олди. Тўғри бу пулларнинг кўпини ўзи берган бўлса ҳам бу пул сўраши билан Дилбарнинг кўнглини бир парчасини узиб олгандек туюлди.
Оппоқ Каптива олинган кун тўғриси Дилбар роса ҳурсанд бўлди, икковлон кечки пайт Адҳамбекнинг ишхонасида кўришишди.
-Қачонгача бировнинг уйида, маникида, сизни ишхонангизда учрашиб юрамиз, уйни олайлик...
-Мана аста секин бўляпти-ку, машина олдик, энди навбат уйга...
-Вой ҳали уйни пулиниям ўзим тўлайманми, ажойибмисиз?
-Бўлади, ҳозир озгина ишларим бор, тинчитволишим керак...
Дилбар бир ойча кутди, машина ҳалиям
номида эмас, кечалари "Адҳамбек нима қиляпти ўзи?" деб ваҳимага тушди. "Ўл! дигани одам йўқ, ҳам мандан фойдаланиб, ҳам пулимни **** кетса-я"
Муниропасига дил ёрди "опа, чидолмиман, бу мани лаққилатди, энди уйимга чақириб "мани зўрлади" диб мелисага ушатиб берсаммикин, бошқа чорам йўқ, бу точно мани пулимга ухлатти"- деб йиғламсиради.
-Эй бўлди қил, у бир содда бола, сан ухлатсен ухлатасан, у сани ухлатолмийди, ман турибман, бир нарса бўлса икки кишилашиб уйига ўт қўйворамиз- деб далда берди тутинган опаси.
Эртаси куни ҳовлиқиб сим қоқди:
-Манга қара Дилбар! Бу Адҳамди иши чатоқмиш, росса қарзи кўпакан, анави Ровшандан унча, хожидан мунча, мандан ҳам оп турган эди, энди нима бўлади?! Каптивани уйингдан қимиллатма, тез номингга ўтказиб ол, икки оёғини бир этикка тиқасанми, шантаж қиласанми, нима қилиб бўсаям шуни ҳал қил!- деб Дилбарни ўтакасини ёрди.
Қиёмат шундай бошланди-ки, хотини туғиб туғруқхона эшигида кутиб ўтирган Адҳамбекни Дилбар сочини битталаб юлиб жанжал қилди.
-Мошина керакмас, пулимни топ, ё бугун ҳоззир номимга ўтқазасан, ё мандан кўрасан, эрта-перта диган гапга ман энди кўн-ми-ман- чинқириб додларди Дилбар.
-Қиббераман дияпман-ку, қиббераман, ҳаммасини қиламан...
-Ёлғончи, ман ишонгандим... Ишониб шу кунни кўрдим. МАШЕННИК!
Энди ҳар кун жанжал билан бошланиб, жанжал билан тугар, Дилбар Адҳамбекнинг бошида ҳар куни ёнғоқ чақарди.
-Энди нима қиламиз?-деди Мунираопасига, -бу бопладику а?
-Ҳали боплагани йўқ, машина саники, майли машинанимас пулни талаб қиляпсан, бу сани ишинг, лекин буни нозикроқ жойидан тутмасак бўлмайди- деб далда бўлди Мунирапаси.
Худди шу пайтда Муниропасининг қўл телефони жиринглади: кўтарса, Адҳамбекнинг аёли экан.
-Ҳа синглим тинчликми?
Адҳамбекнинг хотини Муниропага роса ялинди, опаси ҳам дарров овозни Дилбар эшитиши учун кўтарди.
Аёл ҳали туғиб келганига уч кун ҳам бўлмаганини, Дилбарни озгина сабр қилиб туришини, эри уйни сотаман деб шошаётгани-ю, қиш қировли кунларда қўлида бола билан кўч-кўч қилолмаслигини, эри аслида ёмон одаммаслиги-ю, бир нима қилиб бўлса-да қарзини албатта тўлашини ялиниб тушинтирар эди.
-Манга қаранг синглим, эрингиз ғирт алдоқчи машенник бўлиб қолган экан, билмаган эканмиз, Дилбар ҳам бу ёқда қон йиғлаб юрибди, эрингизни ҳурмат қилгани учун ишониб пул берган экан, энди қаматаман диб ўтирибди, сиз ўйламанг кеча туғиб келган нарсасиз, тағин сутиз қочиб кетмасин ...- деб мулойиб бўлиб аёлни ўтакасини ёргудек қилди.
Телефонни узаркан, маъноли қараб қўйди:
-Буни қара, айтгандим-ку хотинини роса содда деб, ҳали эрини ўйнаши эканлигингниям билмайди шекилли, пойи патак бўлиб ётибди! -деди.
Иккаласи Муниропаси билан режа тузишди, демак пулни топ, машина керакмас деб Адҳамни оёғини бир этикка тиқишади, кейин уйни хужжатини олишиб, соттиришади, фақат майли шунча ялинганига яраша бир ҳафтача уйда ўтириб туришса тура қолишсин...
Адҳамбек жанжаллар авжига чиққанда Каптивани эгасига қайтарди, маълум бўлишича машина бўлиб тўлашга олинган, Дилбарнинг пули эса Адҳамбекнинг бошқа қарзларини ёпишга кетган экан.
"Ўзи Адҳамбекдай топармон йигит қандай қарз бўлди?"-дейдиган одам йўқ. Адҳамбек Дилбарга озмунча пул сочдими, ипотекаларини, автокредитларини ноль қилиб берди, бриллиантларга кўмди, фақат ёмони- Дилбар ўша янги қурилган квартираларга етишолмай қолди-да... Харомнинг нуқси урган Адҳамбекнинг иши тескари бўлди, бор ризқи ҳам йўқ бўлди, бир чуқурни ёпаман деб қайтангга икки чуқурга тушди.
Бир ҳафтани базўр ўтказишиб, Муниропаси Адҳамбекнинг оиласини кўчага қувиб, уйни соттириш учун борадиган бўлди. Олдиндан келишиб олишди: телефон қилиши билан Дилбар учиб боради, Адҳамбекнинг содда аёлини адабини беришади! Дилбарнинг у аёлга ғалати адовати қўзғади. Ичида Адҳамбекни ўзича "айбдор" деб топган, ё ҳаммасига нуқта қўйилади ё Адҳамбек унинг йўлига юришга кўнади. Рост-да қилғилиғига яраша бўкди, тўғрисиям шу!Бир тарафдан ўйлаб ҳам қолди. Бурнигача қарзга ботган эркак Дилбарга керакми? Кейин хаёлига Адҳамбек билан ўтказган пайтлари келди, барибир у кўнглимга қаттиқ қаради, бир аёл сифатида- севдим, севилдим, айтганимни зумда бажо келтирарди, майли муаммоларини ўзи ҳал қилар, лекин қани никоҳ қилса?! Рози бўлармидим?! Бўлардим! - деб ўйлади.
Айтилган кун тутинган опаси ҳовлиқиб телефон қилди -"тез етиб кел!"...
Адҳамбекнинг уйига кириб бораркан, Муниропасининг товуши бутун маҳаллани тутган эди. Ичкарига кириб, остонада таққа тақ тўхтади: бир-биридан ширин уч болакай бурчакда қўрқиб ўтиришар, Адҳамбек бир четда ерга қараб жим турар, унинг аёли эса бағрига чақалоғини босганча сокин ўтирарди.
Кўзлар тўқнашди, нимагадир Дилбар аёлнинг кўзларига қараб унинг нигоҳи жуда ўткирлигини сезди. Аёлнинг мийиғида табассум зоҳир эди.
-Буни қара Дилбар! Хотинчаларини сал туртиб қўйганимга бу Адҳам **** қўйгудек ўдағайласа-я, хотин қули! Пулимни тўлаб қўй, хотининг уйни бўшатсин, шунчали зўр бўлса- эрни қарзига туриб берсин, бўмаса талабимга бўйсуниб, уйни бўшатсин!
Дилбар ғалати бўлиб кетди. Чунки аёл бу гапларга парво ҳам қилмай, жилмайиб ёнларидан ўтиб ошхонасига кириб кетди, бироздан сўнг эрини чақирган хотин бўлди:
-Дадажониси, келинг бир нарса еволинг, ҳаммаси кутиб туради!
Адҳамбек ҳам жимгина ошхона томон юрди.
Дилбар фурсатдан фойдаланиб, Муниропасидан сўради: нима бўлди ўзи?! Иш битадиганми?
Ранги оқариб кетган тутинган опа деворга беҳол суянди - хотини бало экан Дили, эри кўзига қараб тураркан, у тилпондиги содда ғалча-бумас... уйни ололмийсан, болларими ҳаққи бу дияптиии, шу остонадан чиқазолсенг, чиқаз... кейин гаплашаман дийди-я, кимларгадир телефон қилди, законниям шундоқ биларкан, ураман дисам, телефонни ёқиб запись қиволди! Кўча кўрган, расво экан Дилбар, мана қара! итдек акиллаб қолавердим, ошхонада башарамга қараб чой ичиб ўтирибди...
Бир оздан сўнг Адҳамбекнинг аёли ёнларидан ўтаётганида Муниропаси унинг этагига ёпишди:
-Эринг топсин пулимни, ё уйни сотсин, ҳозир уйпурушга айтаман, дарров келади...ман ўтиравермайман қоққан қозиқдек- деди.
Адҳамбекнинг аёли мийиғида кулиб:
-Эримнинг "хузурини кўрган" кимлардир бор экан, ўшалар қуссин! Уй болларимники, эр керак бўлса олсин-ана! -деди.
Шу жойда Дилбарнинг кўзлари пориллаб кетди, шошиб Адҳамбекка қаради, қаради-ю адашганини сезди: бу эркак сираям соясига айланган Адҳамбек эмас, бу одам сираям Дилбарни осмонга отиб, илиб оладиган, кўтар-кўтар қиладиган Адҳамбекмас...
Адҳамбек бир... ҳар нарсага шашти бор аёлига, бир... бурчакдаги болаларига, бир... биғиллаётган гўдагига жавдираб қарар, унинг аҳволи гапирмаса ҳам аён эди!
"Нимага эркаклар шунақа а?- ғашланди Дилбар
- Атрофингда шунақа парвона бўлишади-ки, хотинида кўнгли йўқ ёки бахтсиз бир инсон деб ўйлайсан, аслида оиласи, хотининг бошида ҳам шундай устакор бўлишади...
- Сен севги деб ўйлаган нарсалар улар учун оддий бир эрмак, ўйин, кўнгилхушлик бўлади"...
Дилбар ортиқ чидай олмади: кўрди у -унгача ҳам баҳтли бўлган,фарзандлари-чи, ким шундай болалардан воз кечиб бировнинг етимчасининг бошини силайман деб ўлиб турибди, кўриниб турибди- аёли ҳам унга ишониб яшаган, бир этак болалар туққан, аёли унинг айтганини қилиб, сўзини икки қилмаслиги- кўриниб турибди...
Уйдан чиқиб кетди...
Дилбар шу куни узоқ йиғлади, эрли аёл бўлгиси келиб йиғлади, Адҳамжоннинг аёлидек уни ҳам кимдир ҳимоя қилишини ҳоҳлаб йиғлади.
"Демак аёли ҳаммасини билади, у қанақа аёл-ки ҳаммасини била туриб ҳам мийиғида куладиган, бепарво тамоша қила оладиган, бемалол эридан воз кечишга уриниб кўра оладиган. Балки ўзига қаттиқ ишонар"...
Дилбар шуларни ҳаёл қилиб йиғларди...
Уч кундан сўнг Адҳамбек ниманидир сотганми, Муниропасидан пулни топиб бериб юборибди.
Дилбар баҳона қилиб унга телефон қилди, чунки Адҳамбекни жим қўйиб юбора олмасди. Адҳамбек эса бефарқ, совуққина муомала қилиб гапни қисқа қилди.
Шу билан... ўрталари ҳам узилди...
Нечадир кундан кейин биров Адҳамбекнинг хотинидан дуои-салом олиб келди, у аёл айтибди-ки: "кунда беш маҳал бўлса, таҳажжудникини ҳам қўшиб, намозимдан сўнг дуо қиламан, кундузи бўлса кундузи, кечаси бўлса кечаси Аллоҳга у аёлни баддуо қиламан, токи бошқа оилаларни пароканда қилиб, болаларини кўчага қўймасин: бундан кейин эр номи пешонасига битмасин, уйи бўла туриб уйимга кўз олайтириб, болалари ухлайдиган ерга бировнинг эрини олиб кириб зино қилибдими, ўша болаларимнинг ҳаққини еган-болалари... онаси қариб, ёши бир жойга бориб қолганда, кўчага судраб опчиқиб қўйишсин, ана ўшанда...уйсиз қолганда мани аҳволимни тушунсин, илло билло бошимга бу кунларни солганига жазосини олмай туриб- дунёдан ўтмасин!"...
Дилбар бошини кўтара олмай қолди- "энди нима бўлади?!" деган ўйнинг оҳири тугай демасди...
Ишга тушиб кетди, бор аламини ишдан олди. Дастурҳону совға-саломини тепадагиларга мўл қилиб юрганди, дарров танилди, оғизга тушди, уч ойда бошқа боғчага мудира бўлиб кетди. Атрофида яна бир икки оилалилар ўралашиб қолди, Адҳамбекни аёлининг қарғишидан сўнг уларни ҳам умидвор қилишга қўрқди. Адҳамбекни ҳам унутиш осон бўлмади, биров қайтариб бераман деди, биров иситиб бераман деди, биров "эр-хотинни ит мушук қилиб тескари қилиб бераман" деди, қилган-этгани билан бирор жўяли иш чиқмади. Секин аста бўлса-да Дилбар ҳаммасини унутгиси келди.
Боғчада мудиралик қилиб юрган кунлари бир қориндор амалдор унга қараб йиғилишларда бир икки тамоқ қирди, ўзини эътибор бермаганга солиб юрганди, бўлимдаги бошлиғи Маҳфузаопа бир куни ўша одамдан элчи бўлиб келди:
-Қани сиздақа ёш бўлсам... Келишган бўлсам... Бу ҳам бир имконият-да асалим, бир кўйнизга қўл солмоқчи эканлар, ўзим обориб келайми?
Дилбар дабдурустдан шошиб елка қисди...
-Имкониятдан фойдаланинг асалим, Зафар Алиевич маладец одам, хотини-чи содда, кўча кўрмаган бир аёл! ...
Шу гапларни эшитиб Дилбар сесканиб кетди...
-Қўйинг опа, ўша содда хотини билан қўша қарисин!
-Унақа диманг, сизга кўнгли суст кетибди, майли ёқтирмасез, фақат битта гаплашиб кўринг!
Дилбар ноилож Маҳфуза опага қўшилиб ўша Зафар Алиевич билан учрашгани борди.
Тўрда кавшаниб ўтирган амалдорнинг бир имоси билан Маҳфузаопа ғизиллаб чиқиб кетди.
Ҳеч қандай хушомадларсиз, пишиллаб санчқида қулупнай узатаётган амалдорнинг қўлини қайтаришдан ноилож қолган Дилбар тушуниб улгурмасдан ўзини Зафар Алиевичнинг бағрида ҳис қилди.
... "Эркак кўрмагин деганди, демак қарғиш урмаган, урмаган..." деб ўйларкан,
амалдор ишини битириб бўлиб, қўлидаги тиш ковлагич билан Дилбарга сузилиб қаради.
-Гапимни ерда қолдирмай келганизга раҳмат Дилбархон, сизниям худо ҳоҳласа бир хурсанд қиламан, фақат оғизга маҳкам бўламиз хўппп! Манимча ўзаро тил топишволдик а?! - деб ишшайиб кулди.
Шу куни Дилбар ўзини ташландиқ қўғирчоқдай ҳис қилди. Машинасигача шумшайиб бораркан тишлари орасида ғичирлаётган қулупнай уруғини туфлаб ташлади. Яна ўша қарғишни эслади:
"Ҳақиқий эрга зор бўлгин... деган... ҳақиқий эркакка зор бўл деган"- деб тинмай пичирларди.
Эртаси куни бўлимдаги опа дарров телефон қилди:
-Асал... раҳмат, гапимизни ерда қолдирмадиз, тўғри қилдиз-да, биласизми энди кимсиз, эндииии бир кичкина боғчани мудираси эмассиз, сизи шаҳсан Зафар Алиевичнинг ҳоҳиши билан бўлимимизга ўринбосар қилиб олдим, зўр а? У киши айттилар-ки бу ҳамир учидан патир экан, сизни роса повишенияга оламан дидилар, фақат диққатли бўлинг... шу кунларда яна битта кичкинагина учрашувга тоққа опчиқиб келарканлар, хўпми асал, вой тилла қиз...
Дилбар овозсиз йиғлай бошлади... Тамом.
(Муаллифдан: ушбу хикоя шу кунларда эшитган баъзи бир воқеалар таъсирида ёзилди, қандай аёл бўлмасин унинг ички оламига кириб уни тушинишга ўзимча харакат қилдим деб ўйлайман. Эркаклар- ҳоҳиш иродалари йўлида таваккал қилувчилардир, аёллар эса кўпинча ўз ҳиссиётларига қул!
Ушбу хикоям орқали оилаларни пароканда қилувчи оғриқли нарса-зино ва ҳиёнатнинг одамлар бошига соладиган кулфатини онгларга сиздирмоқчи бўлдим.
Нафснинг ҳоҳишларини кесинг, зеро банда ва Яратган ўртасидаги пардаларнинг биринчиси-бу Нафсдир! Зино эса Аллоҳ таоло наздида гуноҳи кабиралардан бири! Ҳамма аёл ўз ҳалоли билан баҳтли яшасин деб тилак қилиб қолувчи
Азизахон Исмоилова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
Ёнар утга салодир.