6-қисм.
САРОСИМА.
Омонулла ресторанда одатдагидек мусиқа яхши эшитиладиган дераза олдида
ўтирарди.
Бу ер меҳмонхонага ташриф буюраётганларни бемалол кузатишга
қулай жой эди. Кўринишидан содда ва мусофир экани шундоқ билиниб турган
бир мижоз унинг эътиборини тортди.
Дўмбоққина, қайси вилоятдан экани шундоқ дўпписидан яққол сезилиб турган бу истарали йигит Омонулладан сал наридаги столга бориб ўтирди. Йигит ўзига томон қизиқсиниб, қараб-қараб қўяётган хўрандага, яъни қаҳрамонимизга салом
бергандай бош эгиб қўйди.
Албатта бу ишора ўз ишининг моҳири бўлган Омонулла учун айни муддао эди.
– Меҳмон, бу ерга ўта қолинг, ҳар ҳолда овқатланиб олгунингизча зериктириб
қўймасман, – дея илтифот қилди Омонулла ёнидаги стулни кўрсатиб.
– Хўп, майли, раҳмат, – деди йигит. У бир оз тортиниброқ турди-ю, самимий
таклифни қайтаролмади, янги суҳбатдошининг қаршисига ўтирди.
Официант қиз пайдо бўлди. Йигит Омонуллага маъноли боқди.
– Йўқ-йўқ, сиз бемалол, ўзингизга нима керак бўлса буюраверинг, – деди
Омонулла илтифот билан сигарета тутатаркан.
– Яримта лағмон, яримта нон, чой, кейин салат.
– Чой кўкми, қорами?
– Кўкидан.
– Ҳозирги замоннинг йигитларига фақат "кўки" керак, – деди Омонулла қочирим
қилиб.
– Яна нима буюрасиз? – деб сўради қиз нозик табассум қилиб.
– Шу бўлади.
Қиз "қурумсоқ" дегандай бир ғалати қараш қилди-да, Омонуллага қараб жилмайди:
– Сизгача, бирор нима олиб келайинми?
– Майли, "Олмалиқ" пивосидан бера қолинг.
– Бир дақиқа– Бу дейман, хизмат сафарига келдингиз, шекилли? – деб сўради Омонулла жим ўтирган ҳамроҳини қўзғаган бўлиб.
– Ҳа, албатта...
– Бу, сўраганнинг айби йўқ, воҳа томонлардан бўлсангиз керак-а?
– Ҳа, Бошқўрғонданман, – дея жавоб берди йигит официант қиз келтирган чойни
қайтараркан.
Омонулланинг юраги "жизз" этиб кетгандек туюлди. Кўз олдида Мафтунанинг
жилмайиб турган чеҳраси намоён бўлди. Лекин сир бой бермади.
– Ҳа, яхши-яхши. Қалай у томонлар? Одамлар, тирикчилик дегандек...
– Яхши, ёмонмас, – деди йигит унга чой узатаркан. Омонулла "Ичмайман.
Ўзингиз бемалол", деган ишора қилди.
– Бу раисларинг Мирбадалмиди?
– Ҳа, Мирбадал Боқиевич Қосимов!
– Қосимов Мирбадал, ҳм-м... – деди Омонулла атайин ўйчан.
– Шу десангиз фамилияси танишдай туюляпти-да. Сайланганига икки йилдан
ошди-а?
– Ҳа-ҳа, шундай, – дея тез жавоб қайтарди йигит лағмонга қўл чўзаркан.
– Э бўлди-бўлди, жуссаси менга ўхшаб кетади, баланд бўйли, тўғрими? – деди
Омонулла таваккал.
– Ҳа, тўғри. Танир экансиз-да?
– Албатта, ахир унинг номзодини кўрсатиш вақтида ҳужжатларига ўзим шахсан
имзо қўйдиргандим-да. Лекин, ёмон одам эмас, у – деди Омонулла ўзини
маникюр қилинган тирноқлари билан оворадек кўрсатиб, бармоқларига шайдо
бўлгандек қимирлатиб қўйди. – Яхши, ўзингиз қанақа хизматдасиз?
– Ҳа, менми? Мен ҳам ўша сиз айтган Мирбадал аканинг қўлида бўлим бошлиғи
бўлиб ишлайман, исмим Олимиддин.
– Олимиддин денг, яхши, жуда ажойиб исмингиз бор экан. Кейин бизлар деярли
ҳамкасб эканмиз.
– Ўзлари қандай хизматдалар? Узр, мабодо сир бўлмаса...
– Ҳа менми, исми шарифим Омонулла Жўраевич. – Билсангиз, мен "юқори"дан,
мутахассисларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўлимининг бошлиғиман, яъни "кадр"дан, – деди у бош бармоғи билан ресторан шифтига ишора қилиб.
– К-кадрдан, дейсизми? – сўради меҳмон йигит довдираб.
– Ҳа, албатта.
– Э-ҳа, узр, – деди Олимиддин ниҳоят тушунгандек ўзини ноқулай сезиб.
– Сиз, меҳмон, тортинманг, бемалол олаверинг. Шу десангиз, баъзи-баъзида
ишдан кейин чарчаб, шу ерга кириб, мусиқа эшитиб, бир оз ҳордиқ чиқаришга
одатланганман.
"Кадр" сўзини эшитган Олимиддиннинг томоғига бир нима тиқилгандай бўлди.
Ҳаяжонлана бошлаганиданми, хижолатданми, негадир чаккасидан илиқ тер
қуйилиб келарди.
У энди қандай қилиб жиғилдонини қайнатадиган ёғли лағмонни тезроқ ****
тугатиш ва бу ердан туриб кетишни ўйлай бошлаганди.
– Ие, меҳмон, иштаҳа йўқми дейман-а, ё озгина отиб оласизми?
– Э йўқ, мен асло ичмайман, – деди Олимиддин шоша-пиша лағмон хамирини
аранг сўриб оларкан.
– Ҳечқиси йўқ, мен ҳам ичмайман, – деди Омонулла ва кўз қири билан таниш
официант қизни қидирди.
– Узр, мендан ўтди. Сизга қаерда ишлашимни аслида айтмасам бўларкан.
– Ҳой, синглим! Бизга 200 грамм коньяк билан газак қилгани бирор ассорти
олиб келинг, илтимос!
Хуллас, юқори мартабали "амалдор" билан пастроқ мартабали меҳмон
ихтиёрий мажбурий қиттай-қиттай қилдилар. Ичилган коньяк уларни бир мунча яқинлаштирди ва ўртадаги хижолатпазликни анча кўтариб юборди. Олимиддин бир жиҳатдан юқори мартабали таниш орттирганидан мамнундек эди.
– Оббо Олимиддин-ей, анчагина ёқимтой экансиз, менга маъқул бўлиб қолдингиз, – деди Омонулла навбатдаги қадаҳни оларкан. – Бунисини танишганимиз
учун оламиз.
– Э йўқ, ака, мен ўзи умуман...
– Нима, мени қўлимни қайтармоқчи бўлаяпсизми, ё менинг "Кадр"дан
эканлигимга шубҳа билан қараяпсизми? – деди Омонулла сирли жилмайиб.
Сўнгра костюмининг ён чўнтагидан сохта гувоҳномасини тезлик билан чиқариб
кўрсатди.
– Йўқ-йўқ, ишонаман, – деди шоша-пиша Олимиддин "Гувоҳнома"даги ёзувларга
кўз қирини ташлаб калла-бўйнини гавдаси томон тортаркан.
– Ҳа энди, ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўрганингиз яхши-да. А, лаббай?..
Қани, олдик!
Улар ўртасидаги самимий гурунг узоқ чўзилмади. Олимиддин хизмат сафарига
муҳим топшириқ билан келганини ва ёзадиган, бажарадиган баъзи ишлари
борлигини айтиб ҳамроҳидан изн сўради.
– Ҳа-ҳа, тушунаман. Тўғрисини айтсам, муҳим топшириқ билан шу кунларда мен
ҳам сизлар томонга хизмат сафарига отланаётгандим. Сизни учратиб қолганим бир жиҳатдан яхши бўлди.
– Ие, шундайми, қачон?
– Янаги ҳафтага. Худо хоҳласа, душанба куни етиб бораман.
– Э яхши, ундай бўлса ўзим кутиб оламан.
– Ҳа, айтгандай, сизга бир муҳим гапни айтиб қўйишим керакка ўхшайди. Ҳар
ҳолда маъқул йигит кўринасиз, сизга ишонсам бўлар, албатта?..– деди Омонулла атайин атрофига олазарак қараб олиб.
– Ҳа-ҳа, бирор хизмат бўлса, бемалол айтаверинг.
Омонулла атайин бир оз ўйланиб қолган бўлди. Шошилмай ёнидан яна бир
сигарета донасини олиб тутатди. Балиқ тўрга илинган эди. Энди уни фақат
тозалаш ва қай йўсинда "пишириб ейиш" қолганди, холос.
– Лекин бу сир, – деди у жиддий шивирлаб сигарета тутунини ҳузур қилиб
чиқараркан.
– Бу фақат иккимизнинг ўртамиздагина қолиши керак.
Ҳатто Мирбадал Боқиевич ҳам, бошқа раҳбарлар ҳам менинг бу ташрифимни
асло билмасликлари лозим, тушундингизми?
– Ҳа, албатта, – деди йигит жон қулоғи билан.
– Менга, – деди Омонулло янада жиддий оҳангда, ўша Бошқўрғон туманининг
раҳбар кадрлари масаласини ҳал қилиш топширилган.
– Э, ш-шунақами?..
У Олимиддинни ўзи томон янада яқинроқ келишига имо қилди.
– Ўтган ойда анави водий вилоятларидаги Шошгансой билан Ўртабоғ
туманларида бўлган ишлардан хабарингиз бордир, албатта, – деди Омонулла
сирли қилиб.
– Ҳалиги телевизор орқали ҳам кўрсатилиб, газеталарда шов-шув бўлганми?
– Ҳа-де, билсангиз бу туман раҳбарларию амалдорларининг авра-астари
чиқариб ташланди, ўшанда-а? Жа бемаъни ишлар қилиб юборишган экан-да,
ўзиям...– деди у деярли шивирлаб ва калласини "бай-бай" дегандек ликиллатиб қўйди.
Бу ўзига хос тактика эди.
– Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади-да, албатта. Лекин меъёридан чиқмаслик
керак эди, – деди Олимиддин ўйчан, ўша нотаниш одамлар тақдирига чиндан
ачиниб.
– Ҳа, ўлманг! "Меъёр" деган нарсани оддий бўлим бошлиғи бўла туриб, мана,
сиз яхши тушунар экансиз. Бекорга исмингиз ҳам Олимиддин эмас экан,
шекилли, – деди"Кадр"нинг одами кулиб ва бош бармоғини орқа қилиб қўшиб
қўйди:
– Мана шу туманлар устидан текширувим пайтида мен "меъёр", "инсоф",
"нафс" деган инсоний фазилатларга кўпроқ эътибор бериб, уларни "адолат
тарозуси"га ҳам қўйиб бордим. Нима бўлди, денг.
Кўпчилиги ўз вазифасидан кетди, судланди, қамалди ёки бўлмаса ҳалиям
ишлари терговда давом этаяпти. Мен уларга айтдим: "Ҳой яхшилар, мундоқ
камчиликларингни менга рўйирост айтаверинглар.
Барибир ойни этак билан ёпиб бўлмайди, текширув жараёнида қўлимдан
келганича уларни тўғрилаб, иложи борича ҳал қилиб бераман", дедим. Улар
негадир қулоқ солишмади. Мана оқибати... Ўзларидан кўришсин энди.
– Ҳа, яхши бўлмабди, – деди Олимиддин бошини сарак-сарак қилиб.
– Бу аҳвол сизларнинг туманингизда ҳам такрорланмасин дейман-да, биродар, –деди мезбон меҳмоннинг елкасини оҳиста қоқиб қўйди.
– Энди ўзингиз бир қўллаб юборасиз-да, ака.
– Сиз-ку оддий бўлим бошлиғисиз. Сизга, худо хоҳласа, жин ҳам урмайди.
Лекин айтиб қўяй, анави кимларгадир пора бериб амалларга миниб олган
бойваччаларга қийин бўлади.
Уларнинг бир кўзини очиб қўйиш вақти келди. Ҳукуматниям, мениям мақсадимиз шу, яъни яхши, ёш мутахассис кадрларни танлаб, жой-жойига қўйиш, муносибларини ўз жойида қолдириб, номуносибларини супуриб ташлаш. Раҳбарлик лавозимларига мана, сизга ўхшаган иқтидорли, шижоатли ёшларни қўйиш вақти келди. Хўп майли, кўп эзмаланиб кетдим, шекилли.
Манави зорманданинг таъсирими, ишқилиб айтиб бўлмайдиган баъзи
гапларниям негадир сизни ўзимга яқин олиб айтиб юборяпман, узр...
– Ҳечқиси йўқ, Омонулла Жўраевич. Албатта бу гаплар орамизда қолади. Худо
хоҳласа, борсангиз ва ундан кейин ҳам доим хизматингизда бўламан, – деди
йигит қўлини кўксига қўйиб.
– Фақат ўзингиз, бир ўзингизгина мени кутиб оласиз! Ҳеч ким, бу сафарим
ҳақида асло билмаслиги керак. Сиз менга у ерда ассистентлик қиласиз.
Раисга бу ҳақда ўзим қўнғироқ қилиб қўяман, хўпми? –деди у жиддий таъкидлаб. – Қачон қайтасиз, шундоқ қилиб?
– Эртага кечки пайт. Ишларимни битирсам...
– Ҳа, яхши. Демак, келишдик. Душанба куни биринчи рейс билан етиб бораман.
Меҳмонхонадан ўзингиз билиб жой қилиб қўярсиз, албатта. – деди Омонулла
маъноли қилиб кулиб.
– Ҳа албатта, жоним билан, Омонулла Жўраевич, – дея Олимиддин нигоҳи
билан официант қизни қидирди.
– Ҳеч нарса керакмас, бораверинг, – деди "Кадр"нинг одами уни тушуниб.
– Пули тўланган. Сиз ҳозирча менинг меҳмонимсиз. Бошқўрғонга борганда
бўлса...
– Э йўғе, қандай бўларкин?..
– Хўп, яхши дам олинг. Қисқаси, гапларимни тушундингиз-а? Ҳа айтгандай,
координатларингизни...
– Ҳа-я, мана ҳозир, – деди Олимиддин шошиб блокнотидан бир варақча йиртиб, унга ўз манзили ва телефонларини шоша-пиша ёзиб берди, – Мана, марҳамат,
устоз.
– Яшанг, ажойиб шогирд топганимдан беҳад хурсандман. Хайр бўлмаса, омон
бўлинг.
Олимиддин таъзим қилиб эшик сари йўналди.
– Ҳа айтгандай, тўхтанг!..– деди Омонулла бир муҳим нарсани ёдига олиб.
– Хизмат, ака! – деди йигит яна изига тез қайтди.
Омонулла ёнидан шошилмай блокнотини чиқарди ва ундаги бир ёзувни излаб
топгач, беҳад севиниб кетди.
– Буни қаранг-а, хаёлимдан мутлақо кўтарилибди, Бошқўрғонда ахир менинг энг
яқин қадрдон отахоним яшайди-ку! – деди у Болтавой аканинг манзилини
кўрсатиб.
–Энди бундай қиламиз дўстим. Мен Бошқўрғонга борганимдан кейин Болтавой акани бир йўқлаб қўймасам, уят бўлади. Кўрмаганимгаям анча бўлди.
Жуда тоза инсон-да, танийсизми уни?
– Қайси қишлоқда яшайдилар, у киши?...
– Мана, "Тошқўтон" деган жой экан.
– Ие, бўлди, топамиз. Мен асосан раҳбарларини биламан-да. У ер жуда чет
қишлоқ.
– Нимаси чет?
– Туман марказидан узоқ, кейин аҳолисиям анчагина кам, демоқчиман-да.
– Хуллас, мен боргунимча, сиз туманингиз, ташкилот ва муассаса раҳбарларини, улар қайси йилдан бери фаолият кўрсатишмоқда, агар иложи бўлса, ким
томонидан тайинланганини ҳам рўйхат қилиб қўйсангиз. Кейин туманингиз ва
ўша ташкилотларнинг ўтган йилги техник-иқтисодий кўрсаткичлариниям, хўпми?
– Бўлди, ака. Ҳаммасини тўғрилаб қўяман.
– Келишдик. Лекин Болтавой ака тўғрисида ҳам суриштириб қўйинг. У кишини
бир йўқлаб, қўлидан бир чўқим палов ****, сўнгра худо хоҳласа, "катта
ишларимизни" бошлаймизда, тушундингизми? Хўп, энди дамингизни олаверинг. Индинга ишхонангизга ўзим қўнғироқ қиламан.
Олимиддин минг карра тавозе билан хижолатдан терлаб-пишиб чиқиб кетди.
Омонулла бўлса орзудаги режаси муваффақиятли амалга оша бошлаганидан
хурсанд бўлиб, конякнинг қолганини ҳам бир кўтаришда сипқориб қўя қолди.
Нима қиларди, майдалаб?
Пойтахти азимдан "Омонулла Жўраевич" келаётгани ҳақидаги хабар Бошқўрғон
тумани ижроқўм раиси Мирбадал Боқиевичга ўша куниёқ етиб борди...
...Меҳмонхонадаги хонасига саросима билан, шошиб кириб борган Олимиддиннинг қўли энди ҳеч қандай ишга бормасди. Ёлғиз ўзи кутилаётган "хавфдан"
хабардор бўлиб қолгани учунми, чидай олмади, ёрилиб кетай деди ва ижроқўм раисининг шахсан ўзига қўнғироқ қилишга журъат қилди.
– ...Қайси "Омонулла Жўраевич"? – деб сўради раис телефон орқали ҳайрон
бўлиб.
– "Кадр"дан. Мен у киши билан тасодифан танишиб қолдим. Бизга сафар
қилишни душанба кунига мўлжаллаб турган эканлар.
– Нимагадир мен у кишини ҳеч эслай олмаяпман-да...
– Лекин у киши сизни яхши танир эканлар. Ишга сайланаётганингизда
ҳужжатларингизга у киши ҳам шахсан имзо қўйган эканлар.
– Э, шундоқ денг?!! – дея ўйланиб қолди Мирбадал Боқиевич. – Яна нималар
деди?
– "Сизларда Шошгансой билан Ўртабоғдаги аҳвол такрорланмаслигини хоҳлайман", дедилар. Қолганини борганимда тушунтираман.
– "Шошгансой" дейсизми? Анави алғов-далғов бўлган туманми?
– Ҳа-ҳа, ўша туман. У ерга аввал шу киши бориб текширув ўтказган эканлар.
– Яна нима деди?
– "Менинг боришимни ҳеч ким билмасин, ҳатто Мирбадал ҳам. Фақат бир ўзингиз кутиб олинг", – дедилар.
– Қачон келаркан?
– Душанба куни биринчи рейс билан.
– ...Бугун чоршанба. Хўш... – дея жиддий ўйланиб қолди раҳбар, – Бўлмаса,
Олимиддин, сиз ҳозир охирги рейсга улгурасизми?
– Ҳа-ҳа, ҳаракат қиламан.
– "Ҳаракат қиламан" эмас, тез учиб келинг! Мен туман фаолларини йиғиб
тураман, тушундингизми?!
-- Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ.
– Давай, тез!..
Гўшакнинг асабий тақиллагани эшитилди.
Олимиддин ижроқўм биносига ярим кечаси кириб келди. Туман фаолларига
қанақадир жиддий йиғилиш бўлиши ва раис кимнидир кутаётгани маълум бўлди.
Мирбадал Боқиевич билан Тошкентдан етиб келган ходим ўртасидаги ўзаро суҳбат узоқ чўзилмади. Вазият жиддий эди. Фақат уни "шовқин кўтармасдан, силлиққина" ҳал қилиш керак эди, холос.
– Омонулла ака аввал кимникига келмоқчи дейсиз? – тўсатдан сўраб қолди ижроқўм раиси.
– Болтавой ака деган бир тошқўтонли мўйсафидникига.
– Болтавой акани у қаердан таниркан?
– Билмасам, – деди Олимиддин елка қисиб.
Раҳбар тугмани босди:
– Тошқўтон колхозининг раиси Оқбердиев тезда ҳузуримга кирсин! – деди остонада кўринган масъул навбатчига.
Зум ўтмай остонада дўмбоқ қорнига қўлини қовуштириб қўйиб олган Оқбердиев
пайдо бўлди.
– Қишлоғингизда яшайдиган Болтавой акани биласизми?
Раис бир оз ўйланиб қолди ва эслади, шекилли:
– Ҳа-ҳа, анави доим минғиллаб, норози бўлиб юрадиган чолда... – деди у
бепарво.
– "Норози" дейсизми? Нега энди норози бўларкан?! Ўйлаб гапиряпсизми?!! –
деди раис жаҳл билан қўлидаги ручкасини стол устига қарсиллатиб бир уриб
оларкан.
Оқбердиев Раисдан бундай "агрессив" ҳолатни кутмаганди:
– Бир-икки олдимга кирувди... Бошланғич мактаб қуриб беринг, йўлни асфальтлаб беринг, маҳаллага газ керак, сув керак деб, мениям, мендан аввалги бўлган
раисларниям бошини қотириб келаётган бир "ёзувчи-иғвогар"да, ахир.
– Ҳа, мен ҳам эсладим, – деди Раис жаҳлидан совиб, – у менинг номимгаям бир-икки бор ариза берувди. Демак, аризаси қондирилмаган. Чатоқ бўпти, бу ёғи
чатоқ... – деди у ручкасини стол устига яна бир бор асабий ташлаб олиб.
– Ҳой овсар, Оқбердиев! Билиб қўйинг, ўша сиз менсимаётган "ёзувчи"нгиз
туманимизни ағдар-тўнтар қилиб ташлай олади. Сиз бўлса, ишдан кетасиз,
билдийизми?
– У нима, энди пойтахтга ёзибдими? – дея ўсмоқчилаб сўради раис бўзариб.
– Билмадим. Бўлиши ҳам мумкин. Лекин унинг "кадр"да яқин одами бор экан.
Ўша одами анави Шошгансой билан Ўртабоғни расво қилган киши экан, – деди асабий тутақиб ижроқўм раиси.
– Энди ўша киши бизнинг туманни текширгани келаяпти. Айтиб қўяй, агар уч кун ичида ўша қариянинг айтганларини бажариб қўймас экансиз,раис бўлганингизга пушаймон қилдириб, колхоздан бола-чақангиз билан бадарға қилиб
юбораман, билдийизми? Боринг, нима қилсангиз қилинг, шанба кунга ўша
Болтавой ака яшайдиган кўча асфальтланган бўлсин! Газ тортилиб, ёниб турган бўлсин!
– Нима?! Қаердан тортаман ака? Ахир...
– Онангникидан тортасан, билдингми?! Бор, йиғилишга кир! – дея ўшқириб берди Мирбадал Боқиевич жаҳл билан ва қоғозларини асабий йиғиштириб ўзи ҳам йиғилиш залига йўналди.
Олимиддин эса унинг ортидан итнинг думидай эргашди.
Арининг уясидай ғала-ғовур бўлиб турган йиғилишга келганлар туман раҳбарининг авзойини кўриб жим қолдилар.
– Умуман, ўртоқлар, меҳнаткашларнинг ариза ва шикоятларига жиддий эътибор бермаяпмиз, – деди салом-аликни ҳам насия қилиб ўзиниаранг босиб олган Мирбадал Боқиевич.
– Уларни ўз вақтида ўрганиб, арзларини қаноатлантиришни сираям ўйламаяпмиз! Бу қандай масъулиятсизлик, ахир!..– деди нотиқ тутақиб
. – Хуллас, гап бундай...
У залдаги биринчи қаторга ўрнашиб олган Олимиддинга ишора қилди:
– Сиз ёнимга чиқиб ўтиринг!
Оддий бўлим бошлиғининг президиумга чиқиб ўтириши кўпчиликни ажаблантирди.
– Асфальт заводининг директори! Тумангаз бошлиғи!.. Кейин Оқбердиев!
Залдаги уч амалдор ўрниларидан оғир қўзғолдилар.
– Сизларга шанба кунгача муҳлат, – дея Олимиддиндан секин сўради: ўша Болтавой аканинг маҳалласининг номи нима эди?
– "Янги чек"...
Раис яна залга юзланди:
– Тошқўтондаги "Янги чек" маҳалласи тезкорлик билан асфальтлаштирилсин, бир йўла газлаштирилсин! Ҳеч қанақанги гап-сўз, важ кетмайди, тамом, вассалом!
Тушунарлими?
– Тушунарли! – деди Оқбердиев дарров.
– Бу қанақа? Режада... – дея оғиз очди туман газ раҳбари.
– Мен сенга айтяпман, қеч қанақа режа-пежанг кетмайди, қиласан, тамом!
– Труба йўқ-ку!...
– Қани "консерва"?! – дея Раис залдан кимнидир ахтарди ва уни топгач, –
эсингиздами Норбўтаев, ўтган йили янги цех учун 10 тонна труба олиб келгандингиз?
– Ҳа, уни янги ҳосилгача монтаж қилиб бўламиз, Худо хоҳласа.
– Янги ҳосил кутиб туради. Бу йил меваларнинг чўғи кам, совуқ уриб кетган,
ҳисобкитобни кузда Оқбердиев билан қиласиз! "Асфальт?!"
– Ҳаммаси тушунарли, бажарилади!.. – деди дангал асфальт заводининг директори.
– Ана, гап бундоқ бўпти, – деди раҳбар ўзини босиб олиб.
Бу сафар унинг чеҳрасига бир оз майинлик югургандек бўлди. У энди асфальт
заводининг директорини мақтай кетди.
– Ҳақиқий раҳбар мана шундай ҳозиржавоб бўлиши керак. Ҳа айтгандай, бугунги йиғилишимиз мавзуси ҳам ана шундай раҳбарлар масъулияти ҳақида...
Хуллас,туманимиздаги раҳбар кадрлар масаласи қай аҳволда? Ҳамма ўз ўрнига, эгаллаб турган лавозимига лойиқми ё нолойиқми? Улар меҳнаткашларнинг
арзи, дардини тушуна оладими, йўқми? Айнан мана шу масала юзасидан
туманимизга "Кадр"дан Омонулла Жўраевичнинг шахсан ўзлари ташриф буюряптилар. Мана, ўтган ойда Шошгансой, кейин
Ўртабоғ туманларида у киши мақсадли текширувлар ўтказган эдилар. Натижаси
ҳаммаларингга маълум бўлса керак. Ё, сизларга изоҳ керакми?!
Залдан узуқ-юлиқ "Йўқ!" деган овозлар келди.
– Сизлар бугун худди мана шу масалада чақиртирилгансизлар. Айтиб қўяй,
текширув бу сафар қаттиқ бўлади, – деди раис столни бармоғи билан маъноли тақиллатиб оларкан.
– Ҳамманинг айби ўзига аён. Шунга қараб ўзи жавобини ҳозирлаб,
тайёргарлигини кўраверсин. Мен сизларни огоҳлантириб қўйяпман, холос.
Тушунарлими?!
– Тушунарли!!! – деди залдагилар бир овоздан.
– Олимиддин, – деди у ёнидаги ходимга қараб, – юқоридан Омонулла Жўраевичга
ассистент, яъни у кишининг туманимиздаги ишончли вакили этиб тайинланган. Нима масала бўлса, қандай гапларинг бўлса, шу йигитга мурожаат қилаверасизлар. Олимиддин, ўзингиз икки оғиз-а?..
– Хуллас, Омонулла Жўраевич ташрифни, яъни текширувни Тошқўтон қишлоғидан бошламоқчилар. Ўша "Янги чек" маҳалласи масаласи бўйича бўлса керак,
албатта. Менга ҳали текширув режаси маълум эмас, яъни кимга қачон навбат
келиши... Лекин бир нарса аёнки, бу тадбирдан туманимизнинг бирортаям
раҳбари четда қолмайди. Ҳатто туманимиз прокуроридан тортиб, завод-фабрикалар, бозору савдо идоралари, колхозу корхона раҳбарларининг шахсий ишлари, тутган мавқелари ва бошқа кўрсаткичлари ўрганиб чиқилиб, уларнинг ўз вазифаларида қолиш-қолмаслиги, бўшаб қолган ўринларга номзодлар масалаларини ҳам кўриб чиқадилар.
Шу ўринда айтиб ўтмоқчиман, баъзилар устидан жиноий иш ҳам қўзғатилиши мумкин. Шунинг учун ҳали бир оз вақт бор, у ёқ-бу
ёқларингизни бир сидра қараб олсаларингиз ёмон бўлмайди. Шошгансой ва Ўртабоғдаги шармандаликлар, бизда худо хоҳласа, юз бермаслиги керак.
Чунки туманимиз нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда кўзга кўринган обрўли туманлар қаторида туради.
Эътиборингиз учун раҳмат!
– Саволлар?! Олимиддинга саволлар борми? – деб сўради туман раҳбари.
– Кечирасиз, – деди қўл кўтариб ранги бўзарган Оқбердиев – анави "Янги чек"
маҳалласининг бу ишга нима дахли бор ўзи?
– Вей, сиз роса овсар одам экансиз-ку-а?! Дахли бор-да! Чунки Омонулла
Жўраевич биринчи галда ўша Болтавой аканикига тушмоқчи эканлар.
У ёғини сўраманг!
– Тушундим, раҳмат, – деди колхоз раиси калтакланган итдай "думини қисиб"
ноилож ўз ўрнига омонат ўтираркан.
– Ҳамма тушундими?
– Ҳа, тушундик!!!
– Олимиддин. Ўйлаймизки, сиз ҳам туманимиз обрўсини ҳимоя қилишга бор
билимингиз, куч-ғайратингизни аямайсиз. Шу ўринда Омонулла Жўраевичнинг
ҳам ишончларини оқлайсиз, деб умид қиламиз. Чунки сиз ҳам туманимизнинг
иқтидорли, фахрли ёшларидансиз...
– Ҳаракат қиламан, хўжайин, – деди ходим қўлини кўксига қўйиб.
– Яхши. Ундай бўлса, Тошқўтондаги "Янги чек" маҳалласи масаласи бўйича
шахсан ўзим шуғулланаман. Эртага эрталаб соат 8:00 га у ерга барча ташкилот раҳбарлари етиб боришлари керак. Қолганини ўша жойнинг ўзида маслаҳат
қиламиз. Хўп, келганларинг учун раҳмат. Тайёргарликларингни ўзларинг билиб
кўраверинглар.
У киши бориши мумкин бўлган барча жойлар, ўтадиган йўллар зудлик билан
тозаланиб, саришталаниб, йўл четларига тошлар терилиб, гуллар экиб чиқилсин. Бу ҳақда ташкилий бўлимга маълумот бериб турилсин. Хайр, бўшсизлар!
Эртаси тошқўтонликлар бир умр кўрмаган ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдилар. Неча йиллар орзу бўлиб келган улкан қурилиш ишлари тўсатдан бошлаб юборилди. Туманнинг бор куч ва ресурслари шу ерга ташланди. Раҳбарларнинг эътибори кўпроқ бир нуқтага, яъни Болтавой аканинг эски, қулай деб турган гувала
деворли уйига қаратилди.
Қандай қилиб бўлмасин, қисқа фурсат ичида "ёзувчи"нинг аризаси қондирилиши ва унинг хонадони "кадр одами"ни кутиб оладиган даражада замонавий услубда таъмирланган хонадонга айлантирилиши шарт эди. Лекин бу "мўъжиза"нинг рўй бериши учун зудлик билан бир неча минг сўмлик маблағ, қурилиш-монтаж ишлари, уч сменали тўхтовсиз меҳнат, метиндек асаб ва тоқат керак бўларди.
Керак экан, топилди... Шахсан Мирбадал Боқиевичнинг ўзи бу ишга бош-қош
бўлди.
Маҳаллий матбуот, яъни "Бошқўрғон ҳақиқати" газетаси бу тадбирни "Намунавий маҳалла" ва "Намунали хонадон ташкил қилиш ҳашари" деб ёритди.
Шунингдек, юқоридагига кўра, якшанба куни бу ерда туман фаоллари учун
кўргазмали семинар кенгаши ҳам ўтказиладиган бўлди.
Тадбирга телерадиокомпания ва газета мухбирлари ҳам таклиф этилди. Мақсад "Тошқўтон тажрибаси"ни оммалаштириш эди. Шунингдек,қурилиш ва семинар иштирокчилари ҳамда ташриф буюрадиган меҳмонлар учун ош тортилади,
"Бошқўрғон юлдузлари" дастаси ижросида концерт ҳам уюштирилади.
Болтавой аканинг бўлажак "Намунали хонадон"ига "уй тўйи" муносабати билан рўйхат асосида "ҳомий"лардан ихтиёрий-мажбурий совға-саломлар келтириш
ҳам режага киритилди. Шунингдек, унинг шахсий ҳаёти ҳам ўрганиб чиқилиб,
номзоди бирор орден ёки медалга тезлик билан тавсия қилинадиган бўлинди...
Эндиликдаги вазифа, Омонулла Жўраевични қандай қилиб махфий кутиб олиш
ҳамда мартабали меҳмоннинг ташрифига атайин тайёргарлик кўрилаётганини
Болтавой акадан сир сақлаш эди.
Мирбадал Боқиевич эртаси ҳам туман фаоллари билан фавқулодда йиғилиш
ўтказди.
– Ўртоқлар, келинглар, бир савоб иш қилиб, ўзимизнинг нимага қодир эканимизни бутун мамлакатга кўрсатиб қўяйлик. Шахсан мен туманимизнинг ёмон отлиқ
бўлмаслигини, шаънимизга фақат яхши гаплар бўлишини хоҳлайман. Нима дейсизлар?
Залда ола-тасир қарсаклар чалинди.
– Раҳмат... Мундоқ ўйлаб қарасак, Болтавой ака ким ўзи? У бутун умрини далага
бахшида қилган, юртим деб, маҳаллам деб ёниб яшаётган оддий бир деҳқон, холос. У ўзи учун шикоят қилмаяпти, унинг ўзига мактаб ҳам керакмас.
Кўчасида асфальт, уйида гази ёнмаса ҳам қора ўчоғи билан куни ўтаверади,
қора қозониям қайнайверади. У халқ учун куйиб-пишаяпти-ку, ахир! Биз бўлсак, у кишини "ёзувчи" десак, "иғвогар" десак.
Ахир у замонамиз қаҳрамони-ку, азизлар!
Залда яна узун-қисқа қарсаклар эшитилди.
– Хуллас, биз янги ташаббус бошлаймиз. Тошқўтондаги "Янги чек" маҳалласини
ободонлаштирамиз, Болтавой аканинг уйини ҳашар йўли билан таъмирлаб
берамиз. Туманимиз бўйича зарбдор уч кунлик эълон қиламиз.
Раис графиндан бир қултум сув ютиб олгач, яна ваъзини давом эттирди.
Зал сув қуйгандек сокин эди. Кимлардир кўзларини ола-кула қиларди.
– Ҳашар туманимиздаги барча ташкилотларга тегишлидир. Ким нима билан
ҳисса қўшади, бу ихтиёрий. Пул берадими, қурилиш материалими, марҳамат,
мурувватларингизни кўрсатаверасизлар. Текширувга келсак. Бу барчамизнинг
бошимизга келган тўй. Омонулла Жўраевич туманимизнинг барча қишлоқлари ва ташкилотларини шахсан айланадилар.
Шунинг учун туман бўйича барча ишлар тўхтатилади. Ҳаттоки даладаги ишлар ҳам... Ҳамма ободончилик ишларига жалб қилинсин. Барча йўлларнинг икки
чеккасига тош терилиб, оққа бўяб чиқилсин! Йўл бўйларига зудлик билан
гуллар, мевали кўчатлар ўтқазилсин.
Гуллар очилиб турсин, дарахтларнинг мевалари пишиб турсин! Маориф! Қани у киши?! Тиллаев!
Одамларнинг оғзи очилиб, пашшалар кириб улгурмаган ҳам эдики, бир бурчакдан садо келди.
– Мен шўттаман!
Бу маориф бўлими мудири Тиллаев эди.
– Барча мактабларда ўқишлар тўхтатилсин! Ўқувчилар ҳам тозалов ишларига
жалб қилинсин! Уларга йигирматадан гул кўчати солиғи солинсин.
Гуллар кўчаларда яшнаб турсин, тушунарлими?
– Тушунарли, лекин... – деди Тиллаев энди талмовсираб.
– Лекин-пекини йўқ. Мана, сиз аттестацияни биринчи бўлиб топширасиз.
Олимиддин, сиз буни протоколга ёзиб қўйинг. Эртага саҳар 6-00 да туман
архитектураси, барча қурилиш ташкилоти раҳбарлари, газ, яна ким?
– Консерва! – дея қичқирди Оқбердиев ҳовлиқиб.
– Консерва билан Оқбердиев. Сизлар соат 5-00 да ўша ерда бўласизлар,
тушунарлими?– Хўп бўлади, хўжайин! – деди колхоз раиси аскарлардек
ҳозиржавоблик билан.
– Кейин барча бўлим бошлиқлари, сизлар билан "Янги чек"да йиғилиб, ким
нима иш қилиши кераклигини жойида ҳал қиламиз, тушунарлими?
– Тушунарли!!! – дейишди залдагилар.
– Умуман, ким қанақа, нималарга қодирлигини кўрсатадиган, ғалвирни сувдан
кўтарадиган пайт келди, ўртоқлар! Хуллас, штаб ўша Тошқўтонда жойлашади.
Ҳашарга шахсан ўзим бошчилик қиламан.
Агар тушунарли бўлса, саволлар бўлмаса, ҳаммага омад ёр бўлсин! – деди
раис ва Олимиддин билан ўзаро шивирлашиб чиқиб кетишаркан, ўринбосари
Асовиддин Олимовичга "Сиз ҳузуримга киринг" дегандек маъноли имлаб қўйди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев