5-қисм.
"ТЕМИР ҚУШ" ОПЕРАЦИЯСИ.
Айтилган куни, айтилган жойда Омонулла ҳозиру нозир бўлди.
Аммо у аэропорт ходимларининг ҳаворанг мундирида эди. Бу мундирни топиш
осон бўлмади. Бозорда сотилмайдиган матоҳ экан. Шундан сўнг у аэропортда
ишлаб нафақага чиққан собиқ ходимларни излашга тушди.
Бировини топганди, сотмади. Нима эмиш, байрам кунлари ишхонага чақириб
қолса, кийиб бориши шарт эмиш.
Гапини қаранг. Ниҳоят, бир кексароқ ўрис чол йўқ демади. Тўрт шиша ароқнинг
пулига уйидан олиб чиқиб берди. Омонулла ўзини кинорежиссёрлардан деб
таништирди.
Омонулла кийимларни "химчистка" деган жойда ювдириб, дазмоллатиб олди.
Сўнгра кийиб кўриб, ғирт учувчига айланди-қолди.
Сарсонбой ҳам унинг "турқини" кўриб бир чўчиб тушди. Аввало машина, яъни
самолёт ичига кириб кўришди. Аллақандай бадбўй ҳидни туюшди. "Бу дорининг ҳиди", деб қўйди Солиев.Сўнгра Сарсонбойни учувчилар ўриндиғига ўтқазишди. Чўпон киши оғзида виғиллаб, ўзича учган бўлди, минғирлаб ашула айтиб тоза
яйради. Сўнгра "Гап йўқ!" деб қўйди.
Солиев меҳмонлар шарафига қўй сўйдирган эди. Дастурхон қуюқ бўлди.
"Шукуров" меҳмонни яхшилаб сийланг, пулни аяманг, ҳаммаси ўртадаги пул
ҳисобидан, деб шипшиб қўйганди.
У ўзида йўқ қувониб кетганидан дўпписини осмонга отди.Аммо дўпписи осмонда муаллақ қолаверди. Дипломат тўла айтилган пулни олган Омонулла икки
ошнанинг "мен сенга айтсам" дейишиб мизғиб қолган пайтида шартта "суриб
юборди".
Дам олаётган одамларни безовта қилишни ўзига эп кўрмади.
Тағин у учувчилик гувоҳномаси олиб бериш учун ҳам ўн минг сўм қўшиб
олганди.
***
"Аэрофлот" бошқармасидагилар у ерда ҳеч қанақа Шукуров деган бошлиқ
ишламаслигини айтишди. Жаҳли чиққан Сарсонбой ва Солиевлар "темир қуш"ни
ўзларича учириб олиб кетишга ҳаракат қилиб кўришди.
Аммо бундан хабар топган бошқарма ходимлари қаршилик кўрсатишди ва
ҳужжатлар қалбаки эканини айтишди.
Ҳатто ҳужжат деб аталган бир варақ қоғоз "Болалар энциклопедияси" китобидан
аэропланлар ҳақидаги саҳифанинг ксеронусха қилиб олингани маълум бўлди.
Солиев дастлаб ички ишларга хабар бермоқчи ҳам бўлди, аммо бу фикридан
тез қайтди. Нима, "Биз давлат самолётини сотмоқчи эдик, алдаб кетди", дейдими?
Аэрофлот маъмуриятининг назарига тушган "темир қуш" кўп ўтмай комиссия
хулосасига кўра ҳақиқатдан ҳам рўйхатдан чиқарилиб, пачоқланиб металломга олиб кетилди.
Бўлиб ўтган воқеалардан воқиф сифатида кичик аэропорт майдонининг бир
чеккасида фақатгина бир эски челак қорайиб турарди.
ДАВЛАТНИНГ ПУЛИ.
Самолётфурушлик қилиб чўнтаги қаппайган Омонулла энди ўзи ўйлаб қўйган
қамоқхонада тузган режасини амалга оширмоқ учун яхши шароит етилганини
англаб етди. "Волга"сини сотиб янги чиққан 07 - "Жигули" олди, янги, башанг уст-бошлар харид қилди. Юз қиёфасида пайдо бўлган ажинларни йўқотиш ва унга бир оз ўзгартиришлар киритиш мақсадида ўн кун косметик салонга қатнади.
Бакенбардли соқол-мўйлов қўйдирди. Қўл бармоқлари тирноқларини маникюр, оёқларини педикюр қилдирди. "Пул бўлса,чангалда шўрва" деганларидек, моҳир стилистлар уни фотомоделлар каби "жентельмен"га айлантириб қўйишди.
Омонулла бутунлай янги қиёфада ҳукумат идоралари теварагида пайдо бўлди. У ҳар куни "07" русумли машинасида гўё муҳим иш билан юрган амалдор шахс
каби келар ва бежирим чарм сумкасини олиб идора томон йўналарди.
Ўтган-кетганлар билан қуюқ салом-алик қиларди, сўнгра ўриндиқлардан бирига ўтириб, гўё бировни кутаётган каби соатига тез-тез қараб, янги газеталардан
бирини олиб ўқиб, ўтган-кетганни зимдан кузатиб ўтирарди.
Энди уни соҳибжамол аёллар эмас, балки қорни қаппайган, галстук таққан
амалдорлар, уларнинг ўзларини тутишлари кўпроқ қизиқтирарди. Замонавий
раҳбарлар билан ўз кийинишини солиштирар ва характерларини синчиклаб
ўрганарди.
Бир неча бор "Мени Фалончиевнинг ҳузурига иш юзасидан чақиришган", "Фалон
хатимнинг натижасини билгани келувдим", деб ва бошқа баҳоналар билан
идора ичкарисига кириб, қайноқ иш жараёни, хоналардаги жавонларга териб
қўйилган китоблар, сиёсий плакат ва шиорлар билан ҳам ўзича танишиб
чиқарди. Бугунги раҳбарлар, амалдорларнинг қандай муаммолар устида бош
қотиришаётгани, олиб борилаётган маҳаллий ижтимоий сиёсат, тарғибот ва
ташвиқот ишларидаги асосий мавзулар ҳақида билиб оларди.
Ҳатто шаҳар кутубхоналарига ҳам бош суқиб, энг сўнгги адабиётлар ва ҳукумат қарор ҳамда фармонлари билан бирма-бир танишиб чиқди. Шуларга мувофиқ,
худди илмий иш олиб бораётган сиёсатшунос аспирант каби қаттиқ изланиб,
бўлғуси аттестация учун саволлар тузиб чиқа бошлади.
Саволлар ва қисқача жавоблар билан муҳим тадбир, яъни аттестацияларга
умумий дафтардан бирини тўлғазди. Ана шундай ижтимоий-сиёсий-маърифий тайёргарлик кўриб юрган кезлари тасодифан яна бир "фойдали" воқеа юз
бердики, бу гўё лотореяга чиққан омаддек бўлиб қолди.
Омонулла жойлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятга баҳо бериш пойтахтдаги
раҳбарлар билан вилоятлардаги раҳбарларнинг ижтимоий аҳволини таққослаш мақсадида кунлардан бир куни вилоят ижроия қўмиталаридан бирига ўз
ҳисобидан "сафар"га борди.
Идорага бемалол кириб айланиб, икир-чикир "сир-асрорлари"ни ўрганиб,
чарчаб эндигина ташқарига чиқиб, сигаретини тутатганча зинадан тушиб
келаётган ҳам эдики,тўсатдан кўринишдан содда, қишлоқча кийинган, галстугини беўхшов тақиб, тўр шляпа кийиб олган амалдор, бир йигитча қуюқ салом бериб, қўлларини чўзганича унга рўбарў бўлишди.
– Ва алайкум ассалом, келинглар.
– Узр, сиз шу ерда ишласангиз керак-а? – сўради амалдор киши.
– Ҳа, албатта, тинчликми, бирор хизмат бормиди?
– Бир юмуш билан келаётувдик-да, – деди у йигитчага ишора қилиб.
– Қандай юмуш экан? Қўлимдан келса, ёрдам қилганим бўлсин,– деди Омонулла самимий.
– Исмим Суннат Ғаниевич. Шошгансой туманидаги қишлоқ қурилиш трестининг
таъминотчисиман. Бу йигит бошлиғимизнинг жияни Раҳмонберди бўлади.
– Яхши. Мен Жўрабекман, Жўрабек Собирович. Шу ерда ташкилий бўлим
бошлиғиман.
– Э, яхши, ака. Эҳтимол, Худонинг ўзи бизга сизни рўпара қилди, шекилли, –
деди Суннат дегани.
– Хўш, нима хизмат бор эди, айтаверинглар.
– Шу десангиз, манави йигитчага бир машина олиб бермоқчимиз-да. Шунга
навбатсиз иложи бормикан? Хизмат ҳақини берардик, албатта. Пулига гап йўқ,
ўзингиз тушунасиз-ку, хўжайин қаттиқ тайинладилар-да.
– Қанақа машина олмоқчисизлар?
– "06" Жигули!
Омонулла тушунди. Ўша даврларда енгил автомашина олиш учун оддий
меҳнаткашлар бир неча йиллаб навбатда туришар, сўнгра вилоят ижроқўмининг алоқа хатига мувофиқ туман Матлубот жамияти машина пулини қабул қилиб
олиб сотарди. Бозорда эса нархи деярли икки баробар қимматроқ эди.
Омонулла айни дамда "левий" пули бору, лекин ҳужжат ишларига ақли етмайдиган бу содда амалдор кишига рўбарў бўлганини фаҳмлади. "Тавба, топиш-тутиши яхши бўлган чоғи, пуллари кўпайиб қолибди-да. Оддий халқ навбат кутиб ўтираверади.
Бир бопласамми?..
Пуллари давлатнинг пули бўлса, уларнинг чўнтагида турди нимаю менинг чўнтагимга турди нима?" деган фикр ўтди-да, "автомобиль ҳаваскорлари"га "жиддий" қаради.
– Бўлди, мен сизларни тушундим, пул бўлса – чангалда шўрва-да.
– Демак, иложи бор, денг. Юринг, ака, бир четроққа ўтайлик.
– Ҳа-ҳа, хонамда гаплашсак ҳам бўларди-ку, лекин у ерда кирди-чиқди кўп.
– Ҳув анави чойхонага бора қолайлик, чоп-пой ичиб, дегандай...
– Майли. Лекин менинг ҳечам вақтим йўқ. Сизлар ўша ерда чой-пой ичиб ўтириб
турасизлар. Мен сизларнинг ишларингни битказишга бир уриниб кўраман, – деди
Омонулла меҳмонларни ўша жой томон бошлади.
Йўл-йўлакай суҳбат қизғин давом этди:
– Оббо, сизлар-ей, шундай қилиб навбатсиз машина олмоқчисизлар, шунақами?..
– Ҳа-ҳа, хўжайиннинг бир оз йиққан-тергани бор эди-да.
– Лекин менга учраб яхши қилдинглар. Бу ерда ҳар хил ишни тўғрилаб бераман
деган, иннайкейин, ўртада турадиган аферистлар ҳам кўп. Эҳтиёт бўлиш керак.
– Ишимиз ўнгидан келганини қаранг, – деди Суннат Ғаниевич хурсанд.
– Бўлмаса, мундоқ қиламиз. Сизлар бемалол чой-пой ичиб туринглар, мен кириб
секин рафти-омадни билиб чиқаман. Ўзи машина кимнинг номига расмийлаштирилади?
– Мана шу Раҳмонбердини-да.
– Неча ёшда бу жиян?
– Йигирма бирда.
– Э йўқ. Бўлмайди. Ўз номингизга олган маъқулмикан. Ҳар ҳолда озми-кўпми
ёшингиз улуғ. Чунки ҳали маҳалладанми ё ишхонаданми тавсифнома деган
қоғоз ҳам керак бўлиб қолиши мумкин-да.
– Гап йўқ. Керак бўлса, олиб келамиз. Хотиржам бўлинглар.
– Нима бўпти, жиянтой "тойчоқ"ни ишончнома билан миниб юраверади-да.
– Майли-майли, нима десангиз, шу-да.
– Хўп, келишдик бўлмаса. Ҳа, яна бир гап. Мен бу ишда комиссия аъзосиман.
Билсангиз, менга ҳеч нима керакмас. Холис хизмат. Ҳа энди иш битганидан кейин ҳимматингиз-да, ака. Комиссиянинг раиси бор. У киши биласизлар, ижроқўм раисининг ўзлари, кейин яна менга ўхшаган бешта қоракўз бўлим бошлиқлари бор. Хуллас, машинага қарор чиқартириб, навбатсиз олиш ўз-ўзидан бўлмайди-да. "Мушук офтобга қуёшнинг "қуруғи" борлиги учун чиқади", деган гап бор-ку, ахир, – деди Омонулла атайин ҳиҳилаб кулиб.
– Э-ҳа, тушундик, Жўрабек ака. Унисигаям тайёрмиз, – деди шоша-пиша Суннат
Ғаниевич.
– Ҳм-м...
Ундай бўлса, мен кириб бир йўла бўладиган ишни бўлғизиб чиқа қолсамми-а,
нима дейсизлар?
– Қани энди, яхши бўларди-ку.
– Бўлмаса, комиссия раисига икки юз, менга керакмас, кейин, бешта бўлим
бошлиғига юз сўмдан бериш керак. Имзо қўйишади-да, тушунасизлар-ку. Хўш, нима дейсизлар, қоғозларни тўғрилаб чиқаверайинми?
– Бўлди! Келишдик! Пул шу ерда, ака, ҳеч хижолат бўлманг.
– Машинанинг пули-чи, кейин етмай қолиб, хижолат бўлиб қолинмайдими,
ишқилиб?
– Етмаса, биронтасидан қарз олиб турамиз-да, ака.
– Майли. Мабодо оз-моз етмай қолса, ўзим сизларга қарз бериб туравераман,
– деди Омонулла ва "қўли очиқлигини" намоён қилиб киссасини кавлаштирган эди, бир пачка пул чиқди. – Пул дегани бу қўлнинг кири – давлатники-да. Менда турди нима, сизларда турди нима, а лаббай?
– Вой-бў!.. – деди Раҳмонберди ҳайрат билан кулиб.
– Энг муҳими, иш битсин, нима дедингиз, Суннат ака?
– Э қойил, ака! Иш битсин, эшак лойдан ўтсин!
– Баракалло. Бўпти, бўлмаса, мен кетдим. Менгаям, сизларга ҳам омад ёр бўлсин, – дея Омонулла идора томон кета бошлади ва бир жойга бориб, тўхтаб ортига қаради.
– Ҳа, айтмоқчи, иш битса, бирор нима бўладими, ўзи?!
Машина олувчилар бир-бирларига маъноли қараб олишди.
– Ҳалигинисидан ҳеч хижолат бўлманг! – дея қичқирди Раҳмонберди.
– Э йўқ, гаранг экансиз-ку, "ош-пош бўладими?" деб сўраяпман.
– Бўлмаса-чи, Жўрабек ака, ош сиздан айлансин. Уни албатта ювамиз-да! – дея
қичқириб жавоб қайтарди трестнинг олғир таъминотчиси.
***
Суннат Ғаниевич айтилган пулни ва
паспортини аввало шоша-пиша, худди
ўғирлик қилаётгандай теварак-атрофга олазарак қараб чиқариб берди.
– Машинанинг пули-чи, тахтми?
– Албатта. Неча пул бўлиши керак ўзи?
– Жигули – "06"-а?
– Ҳа-ҳа.
– Хўш, ранги қанақа бўлсин?
– Ие, пули рангига боғлиқми?
– Э йўқ. Сиз бирор ёқтирган рангингизни айтинг, уни тўғрилаб берадиганларгаям
ҳалиги, жиндай узатиш керак бўлади-да.– Қанча? – сўради Раҳмонберди.
– Эллик, холос.
– Бўлди. Қизилидан бўла қолсин, ака. Манг, бу пулниям ола кетинг.
Омонулла узатилган пулни оларкан, "Ҳм-м... демак, "06", қизили", деб ўзича гўё
ёдида сақламоқчидай такрорлаб кета бошлади.
Бўлғуси машина эгалари Жўрабек акаларини яна бетоқат кута бошладилар.
Бу орада янги машинани ювиш учун чойхона хўжайинига кириб, алоҳида жой ва девзира гуручли палов ҳам буюртириб қўйишди. Қоринлари очиб кетиб ўзлари
лағмон билан кабобни паққос туширишди.
Гўё ҳозир яп-янги, қип-қизил "Жигули"ни Жўрабек миниб келиб, "Пап!" деган
сигнал чаладигандек ўтган-кетган машиналарни умид билан томоша қилиб
ўтираверишди.
Раҳимбердининг хаёлига "Ишқилиб, бу одам бизни алдамаяптимикин, етти юз
эллик сўмга куйдириб кетса-я", деган ёмон фикр ҳам келиб эндигина "эшигини
қоқмоқда" эдики, шу маҳал остонада хурсанд ҳолда жилмайиб Омонулла пайдо бўлди.
– Ош пишдими?!
– Ҳа-ҳа, зирваги тайёр. Нима, иш битдими? – тез сўради Суннат Ғаниевич.
– Худо хоҳласа, битади. Битта раиснинг имзоси қолди, холос. Ҳозир унинг олдида пойтахтдан келган одам бор экан. Сизларни кутдириб қўймай, хавотир олманглар, деб чиқиб келдим-да.
У ёқда ўзимнинг ишларим шунақа кўпки, ишонасизларми, тушлик ҳам қилолганим йўқ.
– Ие, унда ўтиринг, бирор нима **** олинг.
– Қандоқ бўларкин, бир йўла палов еймизми, дегандим-да. Ҳай, майли, тезгина икки дона кабоб олиб кела қолинг.
Суннат Ғаниевич кабоб буюртириш ва бирор ичимлик сотиб олиш учун ўзи
салмоқланиб кетди. Омонулла шеригига нисбатан янада соддароқ кўринган
йигитча билан қолди.
– Раҳмонберди!
– А, лаббай, амаки?
– Худо хоҳласа, машинангиз ҳовлида гижинглаган отдай турибди. Уни ким
миниб кетади?
– Йўғ-е?! Ростданми?! Ўзим миниб кетаман-да!
– Яна озгина расмиятчилик қолди, холос. Ҳа айтмоқчи, манг тоғангизнинг
паспортини олиб қўйинг, – деди Омонулла яна ўзини шошаётгандай кўрсатиб.
– Майли, мени кутиб туринглар, мен кетдим. Иш битмагунича томоғимдан ҳеч
нарса ўтмайди, шекилли.
– Ие, ахир тоғам сизга кабоб буюргани кетдилар-ку.
– Э йўқ. Ишни тезроқ битирайлик. Ўзларинг бафуржа баҳам кўраверинглар. Ҳа
айтмоқчи, пул қаерда?
– Қайси пул?
– Машинанинг пули-да.
– Неча пул бериш керак экан?
– Мана қоғози, – деди Омонулла сумкасини титкилаган бўлиб, – Хўш, 7695 сўм 42 тийин бўларкан. Кейин бир сўм 97 тийин давлат божи ҳам тўларкансизлар.
– Бўлди, манг, олинг. Бу ерда тўппа-тўғри саккиз минг. Қайтимини кейин...
– "Хизмат ҳақи" демоқчисиз-да-а. Ҳай, майли-майли. Борига барака-да. Бу пул
давлатнинг пули бўлса, сизларда турди нимаю, менда турди нима, а лаббай?
Раҳмонберди "Тўғри-тўғри", дея кулиб бир талай пулни Омонулланинг қўлига
тутқазди– Бўпти, ука. Мен бўлмаса буни бир йўла ғазнага топшириб, тўлов
чиптасини, иннайкейин, раиснинг муборак имзосини олиб, бошқа ҳужжатлар
билан бирга олиб чиқаман. Ҳайдовчилик гувоҳномангиз борми, ишқилиб?
– Ҳа, бор.
– Бўлмаса, шу ергача ўзим миниб олиб чиқиб бераман, кейин ўзларинг ҳайдаб
кетаверасизлар-да. Уф-ф... Шундай чарчадимки, – деди "бечора" Омонулла ва шошиб ҳукумат идораси томон йўрғалади. Шу маҳал олтита кабоб ва бир шиша коньякни кўтариб Суннат Ғаниевич келиб қолди.
– Ҳой, Жўрабек ака, сиз қаёққа?!
– Сизлар бемалол, ош бўлсин! – дея қичқирди Омонулла.
– Ие, бу ёғи қизиқ бўлди-ку, шунча кабобни ким ейди?
– У киши аввал ишни битирайлик, деяптилар. Пулни ҳам бериб юбордим, –
деди Раҳмонберди бепарво.
– Пулни? Қанақа пулни?!
– Машинанинг пулини-да.
– Ие, молни кўрмай туриб-а? Қанақа одамсан, ўзи?
– Мол, ана, идора ҳовлисида турган эмиш-ку!
– Ростдан-а? – сўради Суннат Ғаниевич қувониб. – Ундай бўлса, яхши! Шунча
пулни бериб юбориб, чув тушиб қолмайлик, деб қўрқиб кетибман-да. Ҳай майли, манавининг оғзини оч. Қиттай-қиттай олиб, кабобни иссиғида **** ўтирайлик.
Шундай қилишди. Узоқ ўтиришди. Оқшом ҳам тушди. Ниҳоят тоқатлари тоқ
бўлиб, идора томон йўналишди.
Уларни идора қоровули бўлган бир милиционер тўхтатиб қолди.
– Ҳой, тўхтанглар, сизлар қаёққа?!
– М-машинамизни олгани-да.
– Қанақа машина?
– "06", Ж-жигули... – деди Суннат Ғаниевич бир "ҳиқ" деб олиб.
– Ҳа-ҳа, яп-янги, қип-қизил, – деди Раҳмонберди шоша-пиша.
– Қаерда?
– Ҳовлида.
– Ҳовлида ҳеч қанақа машина йўқ. Ҳамма кетиб бўлди-ку.
– Н-нега?
– Иш вақти тугагани қачон эди, кетиб бўлишди-да.
– Ҳ-ҳазиллашманг-э.
Суннат Ғаниевич бошини бир силтаб олди. Бу билан "Масала жиддийга
ўхшайдику", демоқчидай эди.
– Ҳовлига ўтиб, қараб келсак майлими, ука?
– Йўқ. Мумкин эмас. Боринглар, кетинглар.
– Бўпти, ҳиққ... машинамизни оламиз-у кетамиз.
– Шу аҳволда-я?
– Нега энди, Жўрабек аканинг ўзлари миниб опчиқиб беради. Шунга келишганмиз.
– Қайси Жўрабек?
– Ж-жўрабек С-Собирович-да.
– Унақа одам тўғрисида эшитмаган эканман.
– Т-ташкилий бўлим бошлиғи-ку, ахир.
– Ташкилий бўлим бошлиғи Мардон ака Ғозиев бўладилар.
– Қ-қанақа Ғозиев? Бизга Жўрабек Собировични чақириб беринг, илтимос.
– Бу ерда унақа одам умуман ишламайди!
– Ҳой, бола, сен бизни аҳмоқ қилаяпсанми?! – қичқирди Суннат Ғаниевичнинг
жаҳли чиқиб.
– Яхшиликча кетинглар. Бўлмаса нарядни чақираман. Сиз ғирт мастсиз, – деди милиционер.
Раҳмонберди ҳамроҳининг елкасига"Ўзингизни босинг", дегандай маъноли
қилиб уриб қўйди.
– Хўп, яхши, ука, – деди у жиддий бир "ҳиққ" деб олиб. Шу ерда ишлайдиган
Жўрабек Собирович деган ходим биздан "06" нинг пулини олиб кириб ғазнага
топширди.
– Қачон?
– Шу бугун.
– Мен унақа одамни кўрмадим.
– Кейин "Машина ҳовлида турибди", деди. Шуни олгани келувдик. Илтимос, ука.
Бизни тўғри тушунинг.
– Хўп. Қани ўша машинанинг ҳужжатлари?
– Жўрабек Собирович деганда-да.
– Унақа одам бу ерда ишламайди, деяпман-ку...
Хуллас, милиционер билан қизғин баҳс узоқ давом этди.
Ниҳоят у раис ўринбосарига қўнғироқ қилиб юз берган воқеа ҳақида ахборот
берди. Сўнгра ҳовлига бирга ўтишди.
У ерда ҳақиқатдан ҳам ҳеч қандай машинанинг қораси кўринмасди.
Бу маҳалда Омонулла пойтахтга етиб олганди. Машинасини Санобарникига
қўйиб, бир оз дам олди-да чарчоғини ёзиш, қолаверса, бугунги "ов" натижаларини ювиш мақсадида Тошкент меҳмонхонаси ресторанига ғолибона ташриф буюрди.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1