Кечаси телефонимни чуқуллаб- соатни "бир" қилибман, энди ўринга ётсам, ичимда бир нарса "тур таҳажжудни ўқи!" деб буйруқ берди...
Пича жойимда ётдим, уйқу йўқ... Ичимдаги "ҳа, ўзингга бемалол бўлиб қолдингми, ётибсан?!" деди.
"Йўғей, сўрайдиган нарсаларим бор, бозордаги анави дўконни олишга пул керак, ғойибидан етказса қани!" деб ўрнимдан қўзғалдим...
Икки ракаатни шу дўконни ўйлаб ўқидим, "ремонтини ундоқ қилишим керак, эшигини алмаштириш керак, ойнаванд қилсам, қанча кетаркан?! Тилларанг манекен ҳар бири икки юз эллик туради, иккитаси у томонга, иккитаси бу томонга қараса, ёки биттаси чала ярим ўтирганидан бўлса...
Олсам, минг кўкидан кетаркан...
Оббо, нимамни сотсам экан?! "
Кейинги- уч ракаатни "нимамни сотишим кераклиги" ҳақида ўйлаб ўқий бошладим: "тилла тангаларим- икки юз йигирма бешдан кетса... билакузугим етти юздан иккита... қайси биридан кечай экан-а?!"
Саловот ўқидим ва ана энди сўраш нуқтам келди, энди кафтимни очганимда болам ғингшиди, пичирлаб, чала-чулпа фотиҳа қилиб, боламнинг бошига чопдим.
Ҳар тугул, елкасига қоқишим билан ухлади, ўзимнинг эса уйқум келмади, энди "болани дўконимда қандай олиб ўтиришим" ни ўйлай бошладим...
"Зарари тегмайди, катта бўлиб қолди!"
Шу нуқтада лоп этиб, боя Қуръонни энди очиб, "Ясийн" ни ўқий деганимда шу болам ёнимга келиб, қўлимдан ушлаб, ошхонага судрагани ёдимга тушди: ўзи ёниб турган газга сковородкани қўйиб, қорнини силаб, "оч" лигини билдирганди. Қўлимда- телефоним билан амаллаб, туҳум қовуриб бергандим. Қара-я, қанақа ақлли бола!...
Бирдан ичимдаги буйруқчи ғимирлаб қолди "Энди тур, Ясийнни ўқи, ярим кечаси ўқилган ясийнни кетидан гуноҳларингни кечиришини сўрасанг яҳши бўлади!"
Гуноҳлар...
Улар унчалик кўп бўлмаса керак?! Ўғримасман, бузуқмасман, ота-онамга оқ бўлган эмасман, бировнинг ҳаққини ейиш тугул, мушугини "пишт" деган эмасман...
Кўрпага яхшироқ ўрандим...
Оёғимни- нимадир турткандек бўлди.
Уч марта "оят ал-курсий" ни ўқиб, атрофимга дам солдим.
"Шиф" десам, юзимга қайтадан ҳаво урилса денг...
Ҳудди кимдир маниям ўрнимдан тургазиш учун "шиф" деяётгандек...
Қаттиқроқ ўрандим. Уйқу келди...
Шу куни- уйқумда вафот топдим...
Тепадан туриб, ўз жасадимни кузатяпман...
Эшик олдига учиб бораман, яна жасадим устига қайтаман...
Тонг ёришиб, бомдодга азон айтилаётганда- дераза ёнига учиб бордим. Ғира ширада- ҳар ҳил нурлар, ҳар ҳил деразалардан осмонга шимилиб боряпти. Ҳайратдан- деразадан ҳам сизиб, ўша нур тарқалаётган деразалар ёнига учиб бордим...
Ичкарида- бир кампир намоз ўқиётган экан...
Жудаям тушкунликка тушиб қолдим. Уйга қайтиб яна ўз жасадим тепасига келдим.
Қўлим етадиган жойда қорайиб телефоним турибди. Экранида будильник ҳар беш минутда ёниб ўчяпти. Уч қадам нарида порлаб Қуръоним турибди, ҳозир унга қараб йиғлаяпман, нариги хонада эса мунғайиб- жойнамозим турибди.
Ҳаммаси тугадими?!
Ўйлаб бесаранжом бўляпман.
Орқага қайтиб яна нурлар кўкка ўрлаётган баландликка кучим борича учишга харакат қилдим.
"Ҳаммасини тагига етишим керак, сабабини билишим керак!!!"
Қизиғи, ёнимда ўзим билан тенг учиб бораётган нурни- сал баландроққа кўтарилгач сеза бошладим. Чунки у сал олдинроққа ўтиб олди: худди йўл бошлаётгандек...
У бошлаган йўлдан тепага қараб учиб боравердик.
Катта муаллақ осилиб турган ёруғлик олдига етиб бордик. Ҳалиги нур ўша нарсага тегингач, ўзимнинг "саҳифа" м очилаётганини сездим.
Тасаввуримда- улкан телефон планшети очилгандек бўлди: унда менга ҳар куни ҳар ҳил вақтда жуда кўп "қўнғироқ" лар бўлган экан...
Энг яқини- кечаги кунга қарадим.
Тепадан "мен билан боғланиш" учун бўлган жуда кўп қўнғироқларга жавоб бермабман, Кечаси ўқиган- оҳирги таҳажжуд намозимни ўзимга қўйиб беришди: "дўкон, манекенлар, тилла тангаларим" ҳақида алжирабман...
Қандайдир шабодда ёки енгил ҳаво елдими, экрандаги таҳажжуд қум барханларига самум теккандек ғижимланиб учди-кетди...
Ана ундан кейин яна бир жавобсиз қўнғироқ бўлибди: бу- ўша ўқимай, кўрпага бурканиб жим ётаверганим "ясийн" ўқишга бўлган чорлов эди...
Кетидан уч марта ўқиган "оят ал-курсий"им оҳирги амалим бўлиб остига чизиб қўйилибди...
Энди тушкунликка туша бошладим...
Ҳаммаси тугадими?!
Наҳотки, менга бошқа имкон берилмайди, наҳотки энди кеч!?
Гуноҳларимни қандай юваман?!
Шу нуқтада гуноҳларим қанчалиги ҳақида ўйлаган кечаги ҳолатимдан уялдим. Нур фикримни ўқидими, яна йўл бошлади: бу сафар пастлиққа қараб шўнғий бошладик...
Қайердадир-бошқа пастга тушиб бўлмаслигини англаган ҳолда тўхтадик...
Қорайган ҳарсангтошдек юза, кўп жойларига балчиқ, лой ёпишган...
Ҳарсангга бояги нурнинг эпкини тегиши билан ёришди: унда ҳали унга, ҳали бунга лой отаётган ўзимнинг холатим кўрина бошлади, уялиб кетдим...
Яна кўп ўзим" арзимас" деб билган гуноҳларимнинг бўй-бастини кўриб, жуда абгор бўлдим...
Нега уларни- анави осиб қўйилган болғачада "истиғфор" айтиб майдаламадим, тавба намозлар ўқиб парчаламадим, савобли амаллар қилиб гардини ювмадим, нега уларни жуда "кичкина- кўз илғамас" деб ўйлаб адашдим...
Ўтириб йиғлай бошладим. Ҳолимга ачиниб, шу қоронғу зулматда кўз ёш тўкавердим.
Ягона фонусдек порлаётган нур ҳам ачиниб, сал нарида шумшайиб тураверди. Негадир унинг туришидан онам раҳматлини эслагандек бўлдим.
-Онаммисиз?!- деб қичқирдим...
-Онамсиз-а!
Нур бош чайқагандек бўлиб, нарироқ учди...
Атрофга аланглаб узоқларда милтираётган яна икки нурни кўргандек бўлдим. Бир бирига суяниб турган нурлар жудаям олисда эди!
Йиғлайвердим, йиғлайвердим...
"Тавба қилдим, Аллоҳим тавба қилдим, ўзинг кечир, ўзинг кечиргин!" деб ўкиравердим...
Ёнимда "қарс" этиб бир тош ёрилди. Гарди шувиллаб ҳавога учди. Осмондан- ёмғир томчилай бошлади, юзларим, қўлларим, кўксим ҳўл бўлди!
-Ана ўзига келди! Ана киприги қимирлади!"
-Вой қўлини қимирлатди, тирик... Тирик худога шукр, қўрқитдинг- а, ёмон қўрқитдинг...
-Аяяяяяя!
Демак "тирик" ман.
Тирикман экан...
Кўзларимни очдим...
Тепамда- қўлида суви чакиллаб турган коса билан жуфтимни, йиғлаб қовоқлари шишган болаларимни, қалпоғи қийшайиб турган оқ халатли аёлни кўриб "тирик" эканлигимни англадим...
Демак яна имкон берилибди, ўша катта баҳайбат қояларни парчалашим учун, яхши амаллар қилишим учун, у ёқдан бўладиган "қўнғироқлар" га жавоб беришим учун яна вақт қўшиб берилибди...
Аллоҳим... Ўзингга шукр! Ўзингга мингдан-минг шукроналар бўлсин...
Ummu Zaynab Ummu.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2