Эримга айёрлик қилгим келиб қолди. Тўғрироғи, бунга эримнинг ўзи сабабчи бўлди…
Бир куни гап талашиб қолдик. Суҳбатимиз қизиб, хиёнатга бориб тақалди.
— Эркаклар барибир хиёнат қиларкан. Чунки аёллар ҳар қандай эркакни йўлдан уришга қодир, — дугоналаримдан эшитган гапларимни айтдим.
— Бу билан эркакларни лапашанг, хоҳлаган йўлга солиш мумкин демоқчимисан? Масалан, мен унча-мунчанинг гапига учмайман.
— Катта гапирманг, бирортаси ростмана йўлдан урса, кетасиз сиз ҳам.
— Кетмайман! Мени «лох» деяпсанми? Агар ўзимга кимдир ёқиб қолса, лекин… — қувлик билан кўзларини қисиб кулди эрим.
— Ўлдираман! — ростмана жаҳлим чиқиб бақира бошладим. — Ўша куни сизни ҳам, ўзимни ҳам, ўша ёқтирганингизни ҳам ўлдираман!
Гапим янада эримнинг завқини келтирди:
— Бўлди! Сенга умуман сездирмайман!
— Нима? Ростдан бирортасининг бошини айлантирмоқчимисиз? Яна ўзингизни чув тушириб кетишмасин!
— Мени-я! — энсасини қотирди эрим.
Менда эса ўша онда ажойиб ғоя туғилди. Эримга дарс бўладиган, уни эҳтиёткорликка ўргатадиган бир иш қилайки, иккинчи марта бошқаларнинг бошини айлантиришни ўйламасин!
Биринчи макр
Биринчи бўлиб қилган ишим янги сим-карта сотиб олиш бўлди. Албатта буни орадан бир ой вақт ўтиб қилдим. Суҳбатимиз эримнинг ёдидан кўтарилгач… Сим-картани олишга олдим-у, сал ўзимни йўқотиб қўйдим. Қилаётган ишимнинг оқибати қўрқитди. Аммо бир томондан қизиқиш ҳам тинчлик бермаётганди. Қўлимда сим-карта уч кун ҳеч нима қила олмадим. Одамни бир бир қўрқув босаркан. Лекин қизиқишим устун келди. Эримга илк хабаримни юбордим:
«Салом. Яхшимисиз? Мен Гуландомман. Сизни ишхонамизга шартнома тузгани келганингизда кўрдим. Жуда келишган йигит экансиз…»
Бу пайтда у киши ишда эди. Табиийки, бунинг «реакция»сини кўролмадим. Аммо режаларим ҳали кўплиги учун унчалик бунга қизиқмадим ҳам. Иккинчи хабар эса у киши уйдалигида, ётоқхонага ухлаш учун кирганида борди. Мен болаларни ухлатиш учун бошқа хонада эдим. Пайтдан фойдаландим:
«SMS»имга жавоб ҳам ёзмадингиз. Кутдим роса. Ўйламанг, адашиб ёзганим йўқ. Рақамингизни шартнома қоғозидан олдим. Яна қачон офисимизга келаркансиз, деб хаёл суряпман…»
Шу хабарни ёздим-у, сим-карталарни алмаштириб, дарров эрим ётган хонага кирдим. Ўйлаганимдек, хабарни ўқиб ётган экан. Шошиб қолди. Ўзимни сезмаганга олдим. У эса тезда телефони ёнига қўйиб, мени чалғитишга (тўғрироғи ўзини) уринди:
— Болалар ухладими?
— Ҳа, ухлаб қолишди. Нима гаплар оламда? — атай сўрадим. Агар ростдан мени севса ва кўнглида бирор режа туғилмаган бўлса ҳеч нарсани яширмайди. Хабар ҳақида албатта айтади.
— Тинчлик. Нима ҳам бўлсин. Ўзинг нима қилдинг бугун? «Обед»сиз ишладинг…
Бизнинг ишхоналаримиз бир-бирига яқин бўлгани учун кўпинча бирга тушлик қиламиз. Бугун чиқмагандим.
— Қизлар сомса олиб келишди. Шунга чиқиб ўтирмадим, — ичимни ит тирнай бошлади. Наҳот, менга айтмайди? Бир оғиз «менга кимдир хабар юборяпти» дейиш қийинми? Хабарни ўзим жўнатган бўлсам-да, рашким қўзий бошлади. Ўша аслида ҳаётда йўқ Гуландомдан қизғана бошладим.
Иккинчи макр
Ичимдан ёниб кетаётган бўлсам-да, эримнинг жавоб хабари ёзмагани тасалли бериб турарди. Лекин негадир бу «ўйин»ни ўйнаш унчалик ёқмай қолди. Биринчидан, бир киши ўйнаган ўйин қизиқ бўлмайди. Иккинчидан, кўнглим ғаш. Эрим менга ҳамон лом-мим демади. Шундай бўлса-да, икки кун ўтиб, ишхонамда ўтириб учинчи хабарни ташладим:
«Салом. Бугун ҳам кутдим. На хабар ёздингиз, на офисга келдингиз. Негадир сизни кўргим келади. Уйланганмисиз ёки йўқ, севганингиз борми ёки йўқ? Негадир мана шу саволлар ҳам қийнайди мени… Гуландом».
Хабарни юбордим-у, аввалгидек ўчириб қўймадим. Аммо ўчирмаганим учун уч кунлар пушаймон бўлдим. Тўғри, бу ҳийлани атай қилдим. Аммо, ўзим азобландим. Чунки хабар бориши билан икки дақиқа ўтар-ўтмас, эрим қўнғироқ қилди. Очиғи, қалтираб қолдим. Кўтарайми, йўқ? Шошиб довдираганимдан столим устидаги пиёлани тушириб юбордим. Атрофдагилар билмаслиги учун хонадан йўлакка чиқдим ва яшил тугмани босдим.
— Алло? Гуландоммисиз? — бу эримнинг овози эди. Ундан «нега бунақа қиляпсиз?
Мен оилалиман», деган гапни кутиб жим турдим. Албатта, гапира олмайман. Овозим сотиб қўяди. Жим туравердим. Лекин қўрқув ва ҳаяжондан нафас олишим тезлашиб, бўғзимга нимадир тиқилди. «Қилқ» этиб ютиндим.
— Нега жимсиз? Гуландомхон, гапиринг. Хабарларингизни олдим. Қаерда ишлайсиз? Гапиринг, ахир…
Воҳ, бу гапларни эшитгунча қулоқларим битиб қолса яхши эди-я! Жаҳл билан қизил тугмани қандай босиб қўйганимни билмайман. Титраб хонамга кириб, сим-картани алмаштиргунимча икки марта қўнғироқ қилди. Жинни бўлаёздим. Қўлларим қалтираб зўрға алмаштирдим сим-карталарни. Негадир йиғлагим келарди. «Эрим менга ҳиёнат қиляпти…» Шу гап миямда айлангани сари асабим бузила бошлади. Уни хиёнатга бошлаётган ўзим бўлсам-да, аламимга чидолмаётгандим. «Ҳеч ким мени йўлдан ура олмайди, деётганмидингиз? Энди кўрасиз…» Алам билан ярим соатдан сўнг яна хабар юбордим. Бу гапирмаганимнинг сабабини билдирувчи ҳийла эди:
«Овозингизни эшитиб шу қадар ҳаяжонга тушдимки… Бир оғиз гапиришга куч топа олмадим. Титроқ турди бутун вужудимда. Сиз билан «SMS» орқали гаплашганим яхши экан. Мени гапир, деб мажбурламанг…»
Шундай дея бироз телефонни ўчирмай кутиб турдим. Ўн дақиқада жавоб келди:
«Сездим. Ҳаяжон билан нафас олаётганингиз эшитилди. Ҳайронман, нега бу қадар сизни ҳаяжонга солдим? Ўзингизни яқиндан таништиринг. Кимсиз?»
Бу хабарни ўқиётиб ўзимни зўрға босдим. Алам билан ўзимга ўзим дедим: «Биласиз, ҳали кимлигимни билиб ҳушингиздан ҳам кетарсиз…»
Учинчи макр
Ўша куни қандай ишлаганим-у, уйга қандай келганимни билмайман. Асабим таранглашиб ўзимни қўярга жой топа олмайман. Тавба, ўзимнинг ишимга шунчалар жизғанак бўляпман, агар ростдан эрим бошқа аёлга эътибор қилганини кўрсам қай ҳолга тушарканман? Эрим ишдан қайтса, қандай кутиб олишим ва ўзимни қандай тутишим ҳақида ўйлаб кўришим керак. Албатта тўмтаяман. Лекин бундай қилишим мумкин эмас. Ўзимни қўлга олишга ўриндим. Ўзимга қараб, кайфиятимни кўтаришга уриндим. Афсуски, эримни кўришим билан… У ўзида йўқ хурсанд. Буни хурсандчилик деб ҳам бўлмайди. Еттинчи осмонда сайр, дейишга тўғри келди кўпроқ.
— Ҳа, мунча тилла топгандек хурсанд келяпсиз? Маош беришдими ё? — ўзимни сезмасликка олдим.
— Қанақа маош? Уч кун бўлди-ку олганимга, — тиржайди у.
— «Чота» бошқачасиз?
— Нима, хурсанд бўлиб ҳам бўлмайдими?
— Сабабини сўрадим. Айтмасангиз айтманг, — ўзимни мажбурлаб араз қилган бўлдим.
— Ҳалиги… — эрим бироз ўйланиб қолди. Наҳот, айтса? Барибир виждони қийналибди-да! Айтади, менинг эрим писмиқлардек иш тутмайди. Миямдан яшин тезлигида шу фикр ўтди.
Афсуски, чучварани хом санаган эканман.
У кишининг гапи бошқача «айланди»:
— Ишхонамиздаги Аббос бир латифа айтганди. Ўша эсимга тушиб ҳалиям куляпман.
«Ҳммм, мени алдаяпсизми? Бир оғиз айтсангиз нима бўлади, а? Энди росмана ишга киришаман…» Шундай дея яна сим-картани телефонимга қўйдим. У киши берилиб футбол кўряпти.
Мен эса ёнгинасида ўтириб хабар ёза бошладим. Ўзимни эса телефон ўйнаб ўтиргандек тутдим:
«Сизни ўйлаб ётибман. Нима қилаётган экансиз? Негадир сизни кўргим келяпти. Бу дийдор қачон насиб этаркан?»
Хабарни юборишим билан эримнинг телефони овоз чиқарди. У эса ток ургандек ирғиб турди. Атай мен ҳам қўзғалгандек бўлдим. Эрим эса жон ҳолатда деди:
— Ўзим оламан! — у хабарни шу ерда очишга ҳам қўрқиб, чиқиб кетди. Мен эса пайтдан фойдаланиб кейингисини ёздим:
«Сизни ҳам безовта қилдим. Аммо нима қилайки, бир зум ҳам хаёлимни тарк этмаяпсиз. Аслида хайрли тун тилай дегандим. Буни қаранг, бошқа гапларни ёзишга тушиб кетяпман…»
Бу хабарни ҳам ўша заҳоти юбордим. Кейин эса эримнинг келишини кутдим. Сал ўтмай қизариб-бўзариб кириб келди. Икки кўзи телевизорда бўлса-да, хаёли телефонида. Маҳкам қўлига ушлаб олиб, ора-сира қараб қўяди.
Эржонимни интиқ қилгим келмади:
«Гапирмаганим учун хафа бўлдингизми? Бир мартагина хабар ёздингиз. Мен эса ҳар сонияда сиздан «SMS» кутяпман…»
Шу хабарни ёзиб юбордим-у, ўзимни телефон «наушнигидан» мусиқа эшитаётгандек қилиб кўрсатдим. У хабар келиши билан менга бир қаради-да, ўчирди. Телефонини бир йўла ўчириб қўйди.
Шу билан ҳар куни ишдан қайтганида телефонини ўчириб қўядиган одат чиқарди.
Тўртинчи макр
«Хабарлашиш»ларим бир ҳафтача давом этди. Бу орада икки марта «ошиқ» эрим телефон ҳам қилди. Аммо аввалги усулни қўлладим. Гапирмай туравердим. Очиғини айтсам, бу кўпроқ ўзимга зарар қилди. Етти кун мени етти йилга қаритди. Буни якунлаш керак:
«Мени кўришни истайсизми? Билсангиз, жудаям шоколадни яхши кўраман. Дунёда мен ҳаётимни уларсиз тассаввур қила олмай қолган икки нарса бор. Бири — шоколод, иккинчиси — сиз. Агар менга атаб битта шоколад олсангиз, албатта сиз билан кўришаман…»
Ишхонамда ўтириб юборган бу хабаримга дарров жавоб келди:
«Шоколад сиздан айлансин, қачон қаерга борай?»
Бу гапни ўқиб бир тутадим, бир тутадим. «Шоколад сиздан айлансинмиш…» Аслида бу гапни ўзимни сал бўлса-да, сездириш учун ёзгандим. Чунки эрим ўлгудек шоколадни яхши кўришимни билади. Бу кишим эса «айлансин» қилиб, учрашишга тайёр! Жаҳл устида учрашув жойи, вақтини ҳам ёзвордим.
«Албатта бораман ва кутаман», деган жавоб келди бунга. Эртасига эса… Эҳ, қани энди ўша учрашувимизни тасвирлаб бера олсам! Ростдан маза қилардингиз ўқиб!
Афсуски, у қадар қобилиятли эмасман.
Аммо шуни айтишим мумкинки, ўшандан буён эрим ҳар қандай алоқаларга ҳадик билан қарайди.
Хуллас, у фақат меники!
ТАМОМ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1