Синиқ кўнглим ўксиб кетди. Мехрим ўлди.
Тўлиб кетди бу паймона. Завқим сўлди.
Умидларим, орзуларим нима бўлди?
Тушларимда жавобини бергин Она!
Мағрур бошим эгиб қўйди маломатлар,
Қўлим тутган энди афсус надоматлар,
Йўлим пойлар не офатлар, касофатлар:
Тушларимда йўлим топиб бергин Она!
Бешикларим зор йиғлади: сабр дедим,
Юзим кулиб, кўнглим вайрон юрган эдим.
Шу кунгача ўз умримни ўзим едим:
Тушларимда алла айтиб бергин Она!
Бир савобга минг гунохни қилиб юрдим,
Зар чопоним остига тиғ илиб юрдим,
Кимлар дўсту, кимлар ағёр билиб юрдим,
Тушларимда айбим билиб бергин Она!
Мехринг эдим. Бу мехрингга кимлар етди?
Суянганим орзуларим хазон этди.
Хатто сўнгги ишонганим кечиб кетди:
Тушларимда бир бор қайтиб келгин Она!
Сабрсизлик қилсам азим гунох бўлар.
Хато қилсам кимлар гадо, ким шох бўлар?
Балки сендан ўрнак менга панох бўлар?
Тушларимда сабрим бериб кетгин Она!
Тушларимда алла айтиб бергин Она!
Али Ал Мехр
25 июль, 2015 йил. 00:44.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4