11-қисм.
Гр: 🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Муаллиф: Моҳира Икромовна.
— Бу ҳали бошланиши, — Аброр кўзларини юмиб чуқур нафас оларкан, — лекин таслим бўлмайман. Анора учун курашаман. Чунки у шунга арзийди.
🌺🌺🌺
— Бунингни қандай кўндирдинг? — Ҳалима опа супага ўтираркан, ҳовли супуриб юрган келинига кўз учида қараганча ўғлидан сўради.
— Оддий, — Фурқат тиржайиб елка қисганча, — мени, бирга яшаган вақтларимизни соғинибди. Шунга олиб келавердим.
— Тушунарли, — Ҳалима опа кулиб қўйганча, — эр кўриб қўйганни аҳволи шуда. Барибир эрини ёнига югураверади, бир нимаси камдек.
— Ўша ками мендаку, — Фурқат ёйилиб кулди.
— Қўймайсан-а, қўймайсан, — Ҳалима опа ҳам унга қўшилиб кулди.
🌺🌺🌺
— Ассалому алайкум, — Дадахон уйга кириши билан Зулхумор унга пешвоз чиқди, — яхши келдингизми?
— Яхши, — Дадахон унга қараб ҳам қўймасдан ўтиб кетаётганди, ортидан Зулхуморнинг зардали овози эшитилди.
— Энди ишиз битди ахир-а? Энди мени керагим йўқ. Юзимга ҳам қарамайсиз. Энди....
— Зулхумор, — Дадахон тўхтаганча ортига ўгириларкан, — эсингда бўлмаса эслатиб қўяй, мен сенга олдин ҳам қарамаганман. Тўғрироғи қиз бола, аёл сифатида мени қизиқтирмагансан. Ўша куни маст эдим. Нима бўлди, қандай бўлди умуман эслай олмайман. Аммо, яхшилаб ҳаракат қилсам эслашим мумкин, — Дадахонни бу гапидан кейин Зулхуморнинг юзи бироз ўзгарди, бу эса унинг диққатидан четда қолмади, — мен сенга ўша куни ҳам айттим, бироз шошма деб.
— Лекин мен...ойим...
— Ойинг? — Дадахоннинг кўзлари хиёл қисилди, — ҳали буни ойинг ҳам биладими? — пешонасини ушлаб лабини четида асабий кулимсираганча, — ҳаммаси тушунарли. Демак, бу бир ўйин.
— Йўқ, — Зулхумор кўзларини лўқ қилганча унинг сўзларини рад қилди.
— Унда нима? Чунки мен билган қайнонам бўлганда аллақачон уйни бошимга қулатган бўларди. Лекин жим ўтирибди. Мен нима дей тушунай?
— Унақамас, сиз мени нотўғри тушундингиз. Ойим билиб қолса демоқчи эдим.
— Яхши, — Дадахон тез-тез юрганча ичкарига кириб кетди.
— Хуууух, бу сафар осон қутилдим. Сал қолишига сал қолдия.
Наргиза кеч бўлгунча қайнонаси айтган ишларни ҳаммасини қилди. Шунда ҳам ҳаёлида қочиб кетиш. Аксига олгандек, Фурқат ҳам ҳовлидаги супада ўтирибди, икки кўзи унда. Кечки овқат учун қайнонасининг «закази» бўлмиш сўмсаларни тугиб бўлиб энди тандирга ўт ёққани чиққанди, дарвозанинг тарақлаб очилгани, кетидан акасининг дарғазаб овози эшитилди.
— Фурқат, буёққа чиқ ит.
— Акаааа, — Наргиза қўлидаги ғўзапояни ҳам ташлаб, акаси ёнига чопди, — акажоним, — акасининг қучганча йиғлаб юборди.
— Йиғлама, — Дилшод синглисини юпатаркан, ўзи томонга гердайиб келаётган Фурқатнинг ёнига уч қадамда етиб келиб юзига шундай солдики, Фурқат дандираклаб кетиб, ўтириб қолди, — менга қара ҳайвон, — Дилшод уни ёқасидан икки қўллаб ушлаганч даст ўрнидан турғазаркан, — сенга нима деганим эсингдами? — бир қўли билан унинг юзига мушт тушира бошлади, — синглимга яқинлашма деганмидим?
— Қўйсангчи, — Фурқат иршайганча Дилшоднинг қўлини силтаб ташларкан, — синглингни ўзи ўз оёқлари билан келди бу уйга. Уни ҳеч ким мажбурламади. Тўғрими гўзалим? — Наргизага қаради.
— Ёлғон гапирма, — Дилшод Фурқатни яна бир мушт билан сийлади.
— Ишонмасанг ана синглингни ўзидан сўра, — Фурқат лаби ёрилгани учун қон туфлаб ташларкан, — кўчада кўриб қолиб ўзи бўйнимга осилди, соғиндим, олиб кетинг деб.
— Наргиз бу нима деяпти? — Дилшод асабий, тез-тез нафас олганча синглисига қаради. Наргиза бугунги эски оғриқларни эслаб йиғлаганча жим тураверди. Нима десин шўрлик? Акасига у мени эски ҳовлига олиб кириб зўрлади десинми? Акасини билади, ҳозир шу гапни айтса Фурқатни чавақлаб ташлайдида, кейин қамалиб кетади. Айтмаса, шу уйда қолишга ва Фурқатнинг ҳайвоний қилиқларига чидаши керак. Буни эса уддалай олмайди.
— Акааа, — титроқ овозда аранг шу сўзди айта олди. Бўлди, Дилшодга шу бир оғиз сўзни ўзи етарли бўлди.
Нилуфар бугун имтиҳони йўқ бўлгани учун касалхонага йўл олди. У бу касалхонада салкам тўрт йилдан бери доктор ёрдамчиси бўлиб ишлайди. Доктор ҳам бегона эмас, курсдоши Беҳрузнинг опаси. Нилуфар ишга кирганида Нигора укасининг у билан курсдошлигини, унда кўнгли борлигини билмасдан, келин қилиш ҳақида ўйларди. Ҳаммасини билгач, бундан энг кўп қувонган ҳам у бўлди. Ахир, Нилуфар кўз олдида. Унинг тарбияли, одобли, хушмуомала қиз эканлигини кўриб, амин бўлган.
— Ассалому алайкум Нигора опа, — Нилуфар ишга келиши билан биринчи бўлиб ҳам устозидек, ҳам опасидек кўрадиган докторининг олдига кирди.
— Ваалейкум ассалом, яхши келдингизми? Ўқишлар, имтиҳонлар қийнаб қўймаяптими? — Нигора уни очиқ чеҳра билан кутиб олди.
— Йўқ, ўзим севган касб бўлгани учунми қийинчиликлари ҳам билинмайди.
— Баракалла! Ҳақиқий жонкуяр доктор шунақа бўлади.
— Анора келмадими? — кийим илгичдаги оқ халатга қараб қўйганча сўради.
— Ҳозир йўлда экан, келаяпди. Ҳар сафар келганингда биринчи бўлиб уни сўрасан, — Нигора опа кулиб қўйганча, — унга нисбатан меҳринг ўзгача.
— Ҳа уни жуда яхши, — Нилуфар Анорани ўйлаб жилмайди.
— Буни сабабини билсам бўладими?
— Қулай пайти келганда ҳаммасини айтиб бераман. Чунки буни тарихи узун, — Нилуфар айбдорона кулимсираганча ўрнидан тураркан, — мен беморлардан бир хабар олиб чиқай.
— Кеча аппендицит бўлиб келган бемор бор экан. Унинг ярасини кўриб, шунга қараб дори қўйиш керак.
— Кечаям навбатчиликда қолганмидингиз?
— Йўқ, Мажидов эди навбатчиликда. Беморни у операция қилибди. Қараб қўйишимизни тайинлаганди.
— Хўп, унда биринчи бўлиб ўша бемордан хабар оламан, — Нилуфар сочларини йиғиб, устига оқ халатини кийди, — бемор нечинчи палатада?
— Сал олдин 3-палатага олгандик.
— Тушунарли, — Нилуфар керакли нарсаларни олиб, беморлардан хабар олишга чиқди. Биринчи навбатда Нигора опа айтган беморни олдига ўтди, — хайрли тонг, — эшикни очиб, чиройли табассум билан палатага кириб келдию, каравотда ётган Сарварга кўзи тушиши билан бир сония ўзини йўқотиб қўйди, — ахир бу...у...
— Кечирасиз исмингиз Шоҳсанаммиди? — Шоҳсанам ўзига берилган хоналарни тозалаб, тартибга келтириб чиқиши билан битта ҳамкасби уялганча ёнига келди, — сиздан бир илтимосим бор эди.
— Қўлимдан келса бемалол.
— Ўзингизга тегишли хоналарни бўлган бўлсангиз менга ёрдам бера олмайсизми деб сўрамоқчи эдим. Директор келгунича улгурмайман деб қўрқаяпман. Шунга...
— Хўп, — Шоҳсанам жилмайиб қўйди, — сизга қайси хоналар берилган?
— Мана шу хонадан тортиб йўлакнинг нариги бошигача, — қиз тўғрисидаги эшикка ишора қилди.
— Хўп, унда сиз бу хонага киринг. Мен наригисига кираман, — Шоҳсанам иш қуролларини олиб, энди олдинга юрганди...
— Опажон ҳалиги..., — қиз унинг гапини бўлди, — сиз ундан кейингисига кира олмайсизми? У хонага кимдир жойлашибди. Менежеримизни айтишига қараганда жуда таъби нозик ва талабчан меҳмон экан. Шунга...
— Тушунарли, — Шоҳсанам кулиб қўйганча у айтган хонага йўл олди. Хонани эшигини секин очиб кираркан, хонадаги ҳукмрон муҳит кириши билан унга таъсир қилмасдан қолмади, — бунча ваҳимали, — ўзига-ўзи гапирганча келиб деразани очди, — мана бўлди, — жилмайганча ортига ўгирилдию, қотиб қолди.
🌺🌺🌺
— Акааа, — Наргиза йиғлаганча акасининг қўлига ёпишди, — илтимос.
— Кўрдингми синглинг мени севади, — Фурқат калтак еётганига қарамай хиринглади.
— Ҳайвон, — унинг кулгуси Дилшоднинг нафсониятига тегдими, баттар қила бошлади.
— Ака илтимос қўйинг. Бу ўзингизга жабр бўлиши мумкин, — Наргизанинг кўз ёши, Дилшоднинг асабий бақиргани, Фурқатнинг калтак еб хиринглаб кулиб ётганини Ҳалима опа энди эшитдими, ҳовлига чиқиши билан уларни ажратгани чопди.
— Вой дод жоҳиллар, ўғлимни ўлдиришяпти.
— Ака, — Наргиза акасини базўр ажратиб оларкан, — бўлди, илтимос.
— Ўлдираман уни, — Дилшод яна Фурқат томонга ташланди.
— Ака керакмас. Умрингиз қамоқда чиришига арзимайди, — акасининг қўлига ёпишди.
— Синглимни олиб кетаман. Уни атрофида яна ўралашгудек бўлсанг бу сафар аниқ ўлдираман, — Дилшод Фурқатни бир тепдида, Наргизанинг қўлидан ушлаганча чиқиб кетди.
— Тур, — Ҳалима опа Фурқатни суяб ўрнидан турғизаркан, — Худо юзларини терс қилсин илойим. Қўллари ишламай акашак бўлиб, ўлиб кетсин.
— Ойи, — Фурқат тинмай куларкан, — улар ҳаммаси бирма-бир жавоб беришади. Шу қилганлари учун ҳам ўша синглисини энасини Учқўрғондан кўрсатаман.
🌺🌺🌺
Шоҳсанам ортига ўгирилдию, ўзига қадалган совуқ нигоҳларни кўриши билан жойида қотиб қолди гўё.
— Кимсан? — ўша совуқ нигоҳ эгасининг овози нигоҳиданда совуқ эди.
— Мен...Хона...Тоза... — Шоҳсанам тутулиб нима деяётганини ҳам тушунмасди.
— Тушунарли, — хона эгаси уни айланиб ўтиб, дераза тарафга юраркан, — сенга узоғи билан ўн дақиқа вақт. Улгурмасанг бир оғиз гапим билан ишингдан айриласан.
— Нимааа? — боядан буён ҳеч нимани тушунмасдан турган Шоҳсанамни ток ургандек бўлди, — сиз унақа қила олмайсиз. Ахир мен шунчаки....
— Аллақачон бир дақиқангни бой бердинг, — хона эгаси унинг гапларига эътибор ҳам бермасдан ўриндиқни дераза олдига сурдида, бемалол ўтириб олди. Шоҳсанам бу совуқ одамга битта ёв қараш қилдида, ишга киришди.
Муҳсин керакли нарсаларни олиб, уйига кириб келаркан, дарвозадан кириши билан олдига чопқиллаб чиққан қизларини бағрига босиб юзларидан ўпди. Уларнинг кетидан пилдираб келаётган уч ёшли ўғилчаси Нурмуҳаммадни даст кўтариб айлантираркан, ўғлининг қийқириб кулишлари унинг бутун борлиғини нурга тўлдириб, гулга буркагандек бўлди.
— Полвоним ўзимни, — ўғлини соқоли билан қитиқларкан Нурмуҳаммад тинмай куларди.
— Эеэ соқолизам бор бўлсин, — қошларини уйганча аёли келиб Нурмуҳаммадни унинг қўлидан оларкан, — ўғлимни юзини қизартириб ташлаганизни қаранг.
— Мавлу, — Муҳсин аёлининг нима учун аразлаб юрганини яхши билади. Ҳар сафар келганида аёли айтмаса ҳам олтинми, кумушми битта тақинчоқ олиб келарди. Бу сафар айтганида вазияти тўғирлашмай қолдими ёкида эсидан чиқдими хуллас ўша зормандани олиб кела олмади. Мана шунинг учун ҳам деярли бир ҳафтадан бери аёли Мавлуданинг қовоғидан қор ёғяпти, — хўп олиб бераман ўша айтганингни. Эртага шаҳарга тушамиз. Болаларни ҳам олиб. Бир сизларни айлантириб келай.
— Ростанми? — Мавлуданинг кўзлари порлаб кетди, — ҳаммамизми?
— Ҳаммамиз. Бир мазза қилинглар.
— Раҳмат дадажониси, — Мавлуданинг бир ҳафталик арази бир оғиз гап билан тарқади кетди, — қани киринг, овқатни сузаман. Қорниз ҳам очқаб кетгандир.
— Мана бу бошқа гап, — Муҳсин қизларининг қўлларидан тутганча, — қани юринглар, — улар биргаликда уйга киришди.
🌺🌺🌺
— Ассалому алайкум, — Нилуфар қўлидагиларни тумба устига қўяркан, секингина салом берди.
— Салом, — Сарвар қисқагина алик олиш баробарида Нилуфарга бир қараб қўйдию, яна юзини буриб олди.
— Хайрият танимади, — Нилуфар ичида гапирганча енгил тин оларкан, — ҳалиги ярангизни кўриб қўйсам дегандим.
— Керакмас, — Сарвар бироз қўрслик қилди.
— Керакми демадим, кўриб қўйишим керак дедим, — Нилуфар шундай деганча энди унинг устидагини олаётганди,
— Мен нима дедим? — Сарвар қўпол ҳаракат билан Нилуфарни итариб юборди.
— Бу нима қилганингиз? — Нилуфар енгилроқ йиқилгани учун тезда ўрнидан туриб уст-бошини тўғирларкан, — бунақа ит феълингизни бориб хотинизга қиласиз. Бу ер касалхона ва сиз бу ерда оддий беморсиз. Мен ўзи кимга гапиряпман. Сиздақаларга гап увол, — дедию чиқиб кетди. Чунки у Сарварни кечира олмайди. Ўшанда қиз шўрликка умид бериб, уни ташлаб кетди. У учун курашмади. Балки курашганида, ҳозир бари бошқача бўларди, деган фикрда эди у.
— Айййй, — Фурқат ойиси ҳар ёд босганида бир учиб тушарди, — ачиштиряпсиз, — ойисини жеркиб беришни ҳам унутмасди.
— Молга ўхшаб ўкирмасдан, бир паст жим ёт — Ҳалима опа ҳам зарда қилганча ёдли пахтани қаттиқ-қаттиқ босиб оларди.
— Буни шундай қолдирмайман. Ҳаммаси учун Наргиз жавоб беради. Шундай қиламанки, синглисининг бўлакларини қишлоқ йўлларидан йиғлаб теришади. Мана кўрасиз ойи, мен албатта аламимни оламан, — Фурқат ўзича энди қандай бўлмасин Наргизани аввалгиданда қийнаш усуллари ҳақида ўйларди.
🌺🌺🌺
— Бўлдингми? — Шоҳсанам ишини якунлай деганда хона эгасининг овози эшитилди.
— Ҳа, бемалол кўздан кечиришингиз мумкин.
— Менга маъқул, — у ўрнидан туриб хонага кўз югуртираркан, — исмингни билсам бўладими?
— Буни кераги...
— Мен савол бердим, — Шоҳсанамнинг гапини бўлди.
— Шоҳсанам, — тишини-тишига қўйганча жавоб берди.
— Кетишинг мумкин.
— Раҳмат, — Шоҳсанам бу одам исмини нега сўраганини тушунмаса ҳам, ўтган ўн дақиқа ичида бўғиб юборай деган бу хонадан чиқиб кетишга жуда шошди, — хайрият, — йўлакка чиқиб енгил нафас оларкан, — одам дегани ҳам шу даражада совуқ бўладими? Нигоҳи, овози совуқлиги етмагандек, таратаётган энергияси ҳам совуқ. Худо юзини терс қилсину, қайтиб кўрмай. Бошқа бу хонага қадамимни босмаганим бўлсин. Гап эшитса ҳам, бошқа бўлса ҳам ўзи тозаласан, — Шоҳсанам гапириб-гапириб, нарсаларини олганча ходимлар учун қўйилган лифт томонга юрди.
Нилуфар асабийлашганча Нигора опанинг хонасига кириб келаркан, Нигора опа шогирдининг юзига қараб дарров ҳаммасини тушунди.
— Бемор яна қайсарлик қиляпдими?
— У бемор эмас мол у, — қўлидагиларни тарақлатганча стол устига қўяркан, — ярангизни кўриб қўяй десам мени итариб юборди.
— Табиийки, сен ҳам жим турмагансан? — Нигора опа жиддий бўлишга урундию, лекин уддалай олмади. Кулиб юборди.
— Уни ёнида жим турадиган эмас, лекин унга гапларим увол.
— Беморни танийсанми дейман?
— Қани эди танимасам, — Нилуфар хўрсиниб қўйди.
— Сени ичингда бир дард бор, — Нигора опа ўрнидан турди, — сен ўтира тур, мен Анорага айтай ўзи беморлардан хабар олсин.
— Фақат Анора эмас, — Нилуфар ўрнидан ирғиб турди, — кимни ёнига кирса ҳам ўша молни олдига кирмасин. Яраси йиринглаб ўлиб кетса ҳам розиман, фақат Анорани уни олдига қўйманг илтимос.
— Сен қиз мени чиндан қизиқтириб қўйдинг. Майли уни ёнига кирмайди. Уни олдига сал туриб ўзим кираман.
— Раҳмат опа, — Нилуфар хурсанд бўлганча Нигора опани қучоқлаб оларкан, — бирам яхшисизки.
— Сен ҳам жуда яхшисан, — Нигора опа ҳам уни бағрига босаркан, укасининг гапларини эслади.
«— Опа унда кўнглим борлигини сизга айтганимни сездириб қўйманг. Билса уялиб, тортиниб ишлай олмайди. У билан шунчаки ҳамкасб эмас, балки опа-сингилдек бўлишларингизни истайман».
Ҳа Нигора опа ҳаммасини укасининг илтимосига кўра қилди. Бошида уни Беҳрузнинг опаси деб билиб бироз тортиниб юрган қиз энди уни опаси, устози сифатида яхши кўради, ҳурмат қилади.
— Сен ўтиратур мен ҳамшираларимга иш буюриб келай, — Нигора опа жилмайганча гапириб чиқиб кетди.
— Ишқилиб Анора ўша молни палатасига кирмасинда.
Муҳсин ваъда берганидек, бугунги кунини оиласига бағишлади. Шаҳарга тушиб, фарзандларини ва аёлини хурсанд қиладиган нима бўлса ҳаммаси қилди. Кичкинтойларни олиб паркка, ҳайвонот боғига боришди.
— Дада, — опалари ойиси билан атрокционда учаётганини томоша қилиб зериккан Нурмуҳаммад атрофга қараб сал нарида турган машиначаларни кўриб кўзлари порлаб кетганча ширин тили билан дадасига гапира бошлади, — анони қаранг машина, — дадасини тезроқ ўзига қаратиш учун елкасига уриб гапирарди.
— Қаерда экан? — Муҳсин ўғли кўрсатган тарафга қараб замонавий машиналарнинг кичрайтирилган нусхаларини кўриб кулиб қўяркан, — замонамиздан айланай. Қани юрингчи ота ўғил. Бир мазза қилгин, даданга насиб қилмагани сенга ўн баробар бўлиб насиб қилсин, — деганча келиб машиначаларга қараб турган йигитлар билан гаплашди. Нархини келишиб, Нурмуҳаммад ўзи истаган машинага ўтқазиб паркни айлантириб келадиган бўлишди. Машинача ғизиллаб овоз чиқариб юргани сари Нурмуҳаммад хурсанд бўлиб кулар, ҳар-ҳар машина пулитини бошқариб кетаётган йигит кўрсатган қизил тугмани босиб сигнал бериб қўярди.
Ўғлининг кўзларида порлаётган бахт, сал нарида қизлари ва аёлининг юзларидаги қувончни кўриб Муҳсиннинг икки йиллик чарчоқли ҳаёти унут бўлганди.
— Мана нима учун ишладим, — жилмайганча пичирларкан, — мана шу бахт учун, қувонч ва такрорланмас лаҳзалар учун.
— Дадажон, — атрокцион тўхташи билан қизи Меҳринисо югуриб келиб ўзи тенги ўтирган дадасининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб оларкан, — ширин пахта олиб берасизми?
— Албатта маликам, — Муҳсин қизининг қўнғироқ сочларини силаб қўяркан, — нима егинг келса ҳаммасини олиб бераман.
— Урраааа, дадам ширин пахта олиб бераркан, — Меҳринисо югуриб бориб сал нарида келаётган ойиси ва опасига суюнчилаб қайтиб келиб Муҳсинни қайта қучоқлаб олди, — сизни яхши кўраман дадажон.
— Хўш, — Нигора опа келиб жойига ўтираркан, — қулоғим сенда. Гапирчи, нима бўлган? Нега у беморни ёқтирмаяпсан? Барини бир бошдан гапириб бер.
— Биласиз қишлоқдан келганман, — Нилуфар хазин бир овозда ҳикоясини бошлади, — бизни қишлоқда қиз бола кўчага чиқавермайди. Шунинг учунми мактабга чиққунимча дугонам бўлмаган. Мактабга чиққан кунимдан эса нақ учта дугона орттирдим: Шоҳсанам, Гулбаҳор ва Олмагулим. Олмагулим! — унинг исмини қайта такрорларкан кўзлари ёшланди, — у ҳеч кимга ўхшамасди. Қишлоғимиз бир олам бўлса, унинг ўзи бир олам эди. Ҳеч ҳам нолинмас, оғринмас, ёрдамсевар, беғубор қиз эди, — Нилуфар кўзида ёш билан ҳаммасини бир бошдан айтиб берди, — мана шунақа гаплар опа. Ўша мол бечора қизга умид берди, лекин у учун курашмади. Қиз шўрлик тўйи куни ҳам умид билан дарвозадан кўз узмади. Гўёки, ўша мол кириб келадигандек.
— Кириб келгани билан дугонанг у билан кета оладиган даражада журъатлимиди? — Олмагулнинг таърифини диққат билан эшитган Нигора опанинг илк саволи шу бўлди, — менимча йўқ.
— Тўғри унинг журъати етмасди. Лекин мен ва Баҳор уни ўшанда кўндирардик. Муҳими севгани билан бахтли бўларди. Ҳаёти ўша ҳайвон эрининг қўлида хазон бўлмасди.
— Демак, унга қўшилиб сен ва ўша Баҳор деган дугонанг ҳам кутган экансизларда?
— Сўнгги дақиқагача. Чунки ўша Илёс деганлари одам дейишга ҳам нолойиқ. Ундан кўчадаги ҳайвон ҳам яхши.
— Сени ҳам тушунаман. Лекин дугонанг уни аёли ва у ўз аёлидан ўзи истагандек....
— Опа бу учига чиққан ҳайвонийлик ва сиз ҳозир буни ёқлаяпсизми? — Нилуфар устозига биринчи марта кўраётгандек қаради, — ўн саккиз ёшли қизга зўравонлик сизнингча эрнинг хаққими?
— Мен ундай демоқчи эмасман. Лекин эрни аёлида ҳаққи бўлади.
— Ҳаққи шунақа бўлса унда тупурдим бунақа ҳаққа, — Нилуфар жаҳл билан ўрнидан туриб кетаркан, — эр шунақа бўладиган бўлса эрсиз ўтганим бўлсин, — дедию чиқиб кетди.
— Тентак қиз, — Нигора опа кулиб қўя қолди.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5