ЗАНЖИНА
---Шайтонними кўрдингиз чимилдиқда? Сўзланг ахир!---тоқатим тоқ бўлиб сўрадим.
---Келин, мен уйланган қиз шунчалик бадбашараки ундан кўра шайтонни кўрганим маъқулроқ эди.---дедилар хўжам кўзларида ёш милтираб.---Энди не қиламан Нозанин? Бу хатолиғни қай йўсин тузатай?
Кўзимга мўлтираб турган жуфти ҳалолимга рости ичим ачиди. Рашким ҳам тарқаб кетди.
---Киринг уйга. Ойбибим шунда, меҳмонхонада ухланг.--дедим. Ўша кечаси мижжа қоқмадим. Бошқа киши бўлса суюнарди дерсан. Лекин мен бобомулломнинг (бобомулло---ҳурматдаги кекса киши, қайнота) феълларини билардим.Кутганимдай бўлди. Хўжамни бўлмай тинглаган бобомуллом афсус билан бош чайқадилар.
---Шундоқ қилиб бировнинг пардадаги қизини баднамо(баднамо-хунук, бадбашара) деб чимилдиқда қолдириб қочдим денг?---дедилар истеҳзо билан.---Аввало айтингчи Абулҳайхон, ким ҳуснни Худойимдан сўраб олибти? Соний, хунук қизнинг ҳам обрў--иффати бор, ортида ота--онаси, хешу--табори бор!Эл ичинда ҳурмати бор хўжазодаларнинг қизи эканлар келиншаванда.(Келиншаванда--бўлғуси келин) Эшигимга чимилдиқда келинни қолдириб кетган куёв қани деб келишларига ҳам, Абулхайрхон эшоннинг ўғли келинни ташлаб қочибти деган иснодга ҳам тобим йўқ. Қайтинг ортингизга! Мулки Саидондаги ер билан уйга эга қилиб эрлигингизни ижро қилинг. Хўжам елкалари чўкиб чиқиб кетдилар. Ҳафтанинг олти куни бунда, бир куни унда эдилар. Шаҳар нотинчлиги сабаб қишлоққа юбордик. Агар анов кун хўжам уйда бўлсалар бетимиз очилишига қараб турмасдилар. Қон тўкиларди шубҳасиз. Шунақа... Бир муддат айро яшамаклик бор экан тақдирда. Бу ерда йўқликлари ҳам яхши бўлибти. Шўролар зару--тиллолик бўлиш илинжида ҳали кўп тинтишармиш хонадонларни.
Нозанин бегим жим бўлиб қолди. Унинг ёноқларини ёшлари юваётган эди.Эр бермоқ жон бермоқ деган гапни ҳарамда кўп эшитарди Занжина. Мана энди ҳаққоний исботини кўриб турган эди.
---Улар келолмасалар ўзингиз борсангиз бўлмасми?
Нозанин бегим ялт этиб Занжинага қаради.
---Ғуруримни топтаб кундошимни кўргани борайинми? Бобомуллом ҳам рухсат бермасалар керак ундан ташқари.
---Ғурурингиздан баланд эрингизга бўлган муҳаббатингиз бор. Бобомуллонгиз эса эрининг ҳузурига бормоқчи бўлган хотиннинг йўлини тўсадиган инсонга асло ўхшамайдилар. Тан олинг ҳам журъатли бўлинг!
Занжина ишини давом эттирмакка тутинди. Нозанин эса ўйлар тўрига тутилди. Эрини соғинганини янада ўткирроқ ҳис қилиб кўзи ёшга тўлди. Бироз ўйланиб тургач қўлидаги супургини ташлаб қайнанасининг уй томон кетди.
Икки кун ўтиб бозор кунида Нозанин бегим Амина ва хавфсизроқ бўлиши учун Занжинани олиб йўлга тушишди. Жўйбори Калондан чиқиб Хўжа Исмат мақбариси ёнлаб Афшор Маҳаллани кесиб ўтган йўл билан Мулки Саидонгача от--аравада бир ош пишиб яна бир чой қайнагунча вақт. Амина Занжинани гапга солиб унинг сўзларни талаффуз қилишидан завқланиб кулар, аравакаш ҳам ортига қарамасдан кулар эди. Нозанин бегимгина икки кўзини Қўқон араванинг тинимсиз айланаётган чархларидан(чарх--ғилдирак) ларидан узмай ўйчан келмакда эди. Хўжа--Хайрондан ўтгандан сўнг Мулки--Саидон қишлоғи кўриниши билан Нозанин бегимнинг ранги оқариб ҳаяжони очиқ билина бошлади.
---Тўхтанг! Ортга қайтамиз!---деди дафъатан аробакашга. Занжина уни дадилроқ бўлишга ундади.
---Пошшо ойим, Сиз гўзалликда яктосиз. Ҳам хўжангизнинг суюмлисисиз.Ҳар не бўлганда ҳам севикли инсонингиз тирик. Қанийди мани Василийим тирик бўлганда эди...
Нозанин бегимга унинг гаплари таъсир қилдими бироз ўзини босиб олиб аробакашга юришга ишора қилди.
Манзилга етиб келгач аробакаш ичкарига кириб кетди. Зум ўтмай Бағдоди ўймакори кичик дарвоза очилиб икки аёл чиқиб келиб меҳмонлар билан қуюқ кўришишди.Ҳовлига кирган заҳоти ўзига тўқ кишилар эканлигини билдириб турган олди шишабанд айвонли уйларнинг тўрдагисига бошлаб киришди. Чўғдек араби гиламлар тўшалган уйнинг бурчини эгаллаган сандал устида ясатиғлиқ мис патнус, уйнинг ўзидан эса исириқ ва дафна иси уфурарди.(Дафна--лавр япроғи. Мукаррам аммамнинг айтишлари бўйича бурунги замонларда бу япроқларни овқатга эмас сандал чўғи устига ташлашаркан ва хушбўй иси узоқ вақт сақланаркан ҳавода.
Амина ноз--неъматларга бир бир қараб аштак--паштакдан бир сиқим олиб чўнтагига солиб кўз қисди шерикларига:
--Бу ерда сероб бундан.
Патнис усти тўкинлик билан ясатилган бўлса ҳам шаҳар ва қишлоқ орасидаги тафовутни билдириб турарди. Шаҳарда парварда, нишолда, новвот, турли туман ҳолвалар билан бирга писта ва бодомлар дастурхон кўрки бўлса, қишлоқда ғўлин(туршак) нинг бир неча туридан тортиб анжир қоқигача, қаймоқ, юмшоқ тандир нонини дурдага қўшиб мижғиб тайёрланган Гиж--миж, сариёғ, ҳолвайтар ва турли мева мурабболари тортилар эди.Кутиб олган аёллар бири патнисда шўрва,бири мис товоқда уюб солинган гўшт ва атрофига тартиб ва дид билан терилган ошқовоқ,шолғом ва сабзи олиб кирди. Овқатдан, ноз неъматлардан тотинган бўлишди. Меҳмонларнинг кимлигини аробакашдан билган мезбонларнинг юзидан хижолат эканлигини сезиш мумкин эди. Аёллардан бири олтмиш ёшдан ошган, кўҳликкина қорача аёл ўзини таништирди:
---Мен қариндошингиз,Бобохўжанинг аёллари бўламан.Бу киши қизим,Маҳтобхон. Абулҳайхон уйланган Дилдорпошшонинг бибижонлари(онаси маъносида). Маҳтобхон қирқнинг нари берисидаги озғин ва рангпар, узун бўйли, кўринишидан касалманд аёл эди.
--Мен Икковлари ҳам ердан дастурхон четини ҳимариб ўтиришарди. Нозанин бегим ўртадаги хижолатчиликни кўтарди.
---Айланайин сизлардан холапошшо! Сизни хижолат этмак учун келмадик. Хўжам кўнгил бериб ёр танлабтилар, муборакбод этмакка келдик.Кундошим демасман,синглимни кўрмакка келдик. Қариндошчилигимиз бор экан, энди янада яқинроқ бўлди хешлигимиз. Асло хижолат бўлманг.
Аёлларнинг иккиси ҳам пиқиллаб йиғлаб юборишди.
---Начун йиғлайдирсиз? Келганимиз хатолиғ бўлдими?
---Йўқ-йўқ, гап сиздамас ойпошшо. Ҳар қадамингиз дийда усти!---ҳиқиллади рангпар аёл.---Фақат куёвимиз...ота--оналаридан берухсат совчи қўйиб уйланганларидан бехабар эдик.Абулхайрхонга қуда бўларканмиз деб бехуду--беҳуш бўлибмиз.Яна гап шуки....Абулҳайхон алоҳида ётиб келмакдалар шу кунгача. Қизимиз чақирса уятини енголмаяпти, биз гапирайлик десак ориятимизни...
Совуқ жимлик чўкди. Нозанин ниҳоят овози титраб деди:
---Синглимизни кўрмак, рўйбинон(рўйбинон--юз кўрди) га совғалар бермакни ният қилиб келган эдик. Ижозат этсангиз кўришсак.
Икки аёл чеҳралари рўшан тортиб чиройи очилиб қолишди.Маҳтобхон бориб қизини бошлаб кирди. Бошига оқ крепдишин рўмол ташлаб кирган келинчакнинг юзини очиб кўрган Нозанин бегим ичида эридмн койинди. Дилдорпошшо Абулҳайхон ваҳима қилгандек хунук эмас экан. Қош киприклари сийракроқ, юзида ўсмирлик даврига хос ҳуснбузарлар тошгани бироз нафисликдан дағалликка томон тортади. Лекин бурни латиф, лаблари чиройлик ва тиши бир текис, оппоқ бўлиб уни асло хунуклар сирасига қўшиб бўлмас эди. Абулҳайхоннинг кўзи Нозанин бегимнинг паридек жамолига ўрганиб қолгани учун ўртамиёна ҳуснга ўрганолмаган, қабул қилолмаган бўлиши мумкин.
---Олдингизда гуноҳликман опажон. Кечиринг мени...---маъюс шивирлади Дилдорпошшо. Ичидан не ўтгани ўзига аён, лекин кулимсираб унинг юзидан ўпган Нозанин бегим кундошининг билагига олтин Шўро очофатларидан пахталик нимчаси қатига қавиб яширган билакузукни тақди.
Ўша куни яна Нозанин бегим ташрифини эшитиб ҳаллослаб қаердандир етиб келган эрини уялтирди. Унинг гапларидан Абулҳайхон ер ёрилмадики кирмади.
---Уялинг хўжам! Бир қизни, унинг бутун хешу--авлоди, Бобохўжадай муҳтарам инсонни беписанд этгандек алоҳида ётиб юрганингиз нимаси? Мижозинг суст экан деб кетингизга тепмаптилар ҳам яхши. Ёнса менинг ичим ёнди, олов ютсам мен ютдим, лекин Дилдорпошшони кўрган заҳотим бу қизнинг самимиятидан,кўзларидаги э
маъюслиғу--мунгдан юрагимдаги бори ғубор тарқади.Сиз никоҳингизда бўлган бир бокирага, бир ожизага силлайи раҳм, шавқат назари билан қарай олмайдиган даражада имони сустмисиз?!
Эшик ортида эса Дилдорпошшо барча гапларни эшитиб турар, кафти билан оғзини бекитганча юм юм йиғлар эди.
Намози шомга яқинлашиб борар маҳалда меҳмонларнинг қайтиш ихтиёрини Фароғат ойпошшо қайтарди.
--Келиш меҳмондан, кетиш мезбондан. Бу кеча қолмасангиз кўнглимизни ранжитган бўлурсиз.
Меҳмонлар шарафига кечга ош қилинадиган бўлди. Гуруч ҳам борникида бор, йўқлар буғдой ош қилишарди. Дилдорпошшонинг отаси Яҳёхўжанинг мол мулки Шўроларнинг ғалвиридан ҳали ўтиб улгурмаган эди. Яна Шўролар ҳеч кимга зарар қилмайди деган ваъдага ишонганларнинг бири ҳам шу Яҳёхўжа эди. Дилдорпошшо унинг ёлғиз фарзанди. Хуллас аёллар ошга унашди. Кўп йиллар шу хонадон хизматида бўлган,ҳозирда катта кичик ҳурмат қилиб яхши кўрадиган кекса аёлни хабар юбориб чақиртиришди.Бу онахоннинг асли исми нималигини ҳеч ким эсламаса ҳам керак ўзидан бошқа.Ҳамма Ойти деб чақирарди. Ойти она мартабалик меҳмонлар келибтилар деб суюниб қаршиликларга қарамай хизматда бўлди. Қат қат варақи патирлар, ошқовоқ сомсалар ёпдики оғизда эрийди. Нозанин бегимнинг ҳуснига ,Дилдорпошшонинг одоб ва таманносига мухаммаслар айтиб қўшиқлар куйлади.Ҳазил ҳузул қилиб ҳаммани кулгидан думалагудай қилди
Ҳаммасидан ҳам Занжинага меҳри бошқача тушиб қолди Ойтининг.
---Ай қизимжонима,сангинани тўфони тақдир Жанубдан Машриққа ирғитганини қарая...---дея қайта қайта бош чайқади. Кўнгли тўлиб кетиб кўз ёшини бошқалар кўрмаслиги учун секин ташқарига чиққан Занжина юлдузлар акси тушиб турган ҳовуз бўйида туриб қолди.Ҳовузнинг қорамтир кўринаётган суви унга ўша бева қолган тунни,уммонни эслатган эди.У ўксиб ўксиб йиғлаётганини ўзи сезмасди шу топда.
---Ассалом алейкум.Нечун кечликда бунда йиғлаб турибсиз?Бирор кўмагим тегарми сизга?
Чўчиб орқасига қараган Занжина қаршисида тулки телпак,оқ туя терисидан пўстин кийган йигитни кўрди. Фонусни баландроқ кўтарган йигитнинг юзида Занжинанинг ҳайроналик тўла нигоҳи қотиб қолди.Маҳаллий тилда гаплашаётган бўлсада фонус ёруғида унинг кўкиш кўзлари,оқ--сариқ юзи ва қирғий бурни остидаги сарғиш мўйлови аниқ кўриниб турарди.Худди Василийнинг кўзларидек...Худди унинг соқол мўйловидек... Йигитнинг нигоҳи эса... Одатда умрида биринчи марта энг гўзал,энг кутилмаган бир нимани кўрганда шунақа нигоҳ бўлади.Бироз ҳайрат,озгина қайда эдинг шу пайтгача дегандек гина ва яна бир озгина чиройли,лаблар кунжидаги билинар билинмас табассум. Қишнинг қоронғи кечасида туртиниб суртиниб юрмасин деб кекса аммасини олиб кетгани келган Баҳромхон Эшон доим келиб кетиб юрган хонадони бўлгани учун кириб келаверган эди.
---Сизни тўрт кун аввал кўрган эдим. "Модари Азизхон" га олиб кетишган эди Сизларни.---деди йигит фонусни бироз яқинлаштириб қараб.
---Ҳа, бормидингиз унда?---айбдор кишидек бош эгди Занжина. Сўнг бегона йигит билан гаплашиб туриш бу юрт кишиларининг ҳам табиати ҳам динига ёт экани эсига тушиб кетмоққа шайланди. Бир икки қадам қўйгач тўхтаб ортига ўгирилди ва йигитнинг юзига маъюс тикилди.
---Сиз... Бир инсонга жудаям ўхшайсиз. Жудаям...---деди кўзларидан ёш тирқираб ва бурилиб тез тез юриб кетди.
Эртасига уйга кириб боришганда яна Шўро вакиллари бу сафар ўнтача миршаб билан келишган экан. Ҳовли ўртасида бошида яланқат куллоҳ, эгнида юпқа яктак билан Бобо Эшон ерда икки оёғини чўзганча ўтирар, Биби Эшон эса бошида рўмол,юзи очиқ эрига қараб юм юм йиғлар эди.Қайнотасининг дўмбирадек шишиб кетган қорнига ва оғриқ зўридан катта катта очилган кўзларини кўриб Нозанин чинқириб юборди.Ўша кунги совуқ назар, кўк кўз ҳарбийлар бошлиғи яна оғзининг таноби қочиб иршайди. Занжинанинг кўзида эса яна олов учқун сочди....
Ҳовлидан ўн миршаб ва саккиз нафар Шўро вакилларининг алланималар деганча тушунарсиз ғўлдираганча қай бири анқовсираб гандираклаб, яна қай бири ҳиринг ҳиринг кулганча чиқиб келаётганини кўрган шериклари бу ҳовлидан мусалласми, бўзами топиб олиб ичишганга йўйишди. Эшик, дарвоза тирқишидан жон ҳовучлаб кузатган одамлар орасида кейинчалик Бобо Эшон дуо ўқиб жинни қилган ўн миршаб ҳаққидаги гап анчагача айланиб юрди.
Улар чиқиб кетгандан кейин Бобо Эшоннинг ҳовлисига қайтадиган бўлсак Эшон қўли билан кетинглар дегандек ишора қилди. Биби эшон ҳам худди шундай буйруқ қилди:
---Кирингиз ичкари! Тез!
Кейин маълум бўлдики икки мўйловлик, бурни катта ва қора қош шўро ҳарбийси Эшондан яширган олтинларини топиб беришни талаб қилади.Ниятига етолмагач қийноқ қўллайди.Соч соқоли оппоқ,кекса отахонни ургани қўли бормайдими хуллас тўғри ичагига стволи олинган милтиқдан кўп миқдорда,то ичаклар тўлиб қорин шишгунча сув қуйиб яна суюқлик чиқиб кетмаслиги учун орқа тешикка (очиқ ёзганим учун азиз ўқувчидан узр сўрайман)бир парча қаттиқ чармни маҳкам ўраб тиқиб қўйишади.Аёллар худди шу маҳалда келиб қолишган эди.
"ЮРАГИМНИ ЎҒРИЛАДИНГ АЖНАБИЙ ҚИЗ!"
Баҳромхоннинг ороми йўқ. Кўксига қўр солингандек гўё... Аммасининг онаси билан суҳбатидан Занжина ҳаққида бироз билиб олди. Лекин қандай қилиб уни севиб қолганини айтсин? Эртага нима бўлишини билмайдиган шу алғов далғовда унинг бемаврид ишқ муҳаббатни ўзидан бошқа кимга кераги бор? Шўролар шаҳарни титиб, халқни қийнаб уриб қўлига илинган нимаики бор олиб кетгач қишлоқларни ҳам худди шундай талаб чиқишди.
Бир баҳона топиб Бобо Эшонникига бориш керак деб ўзича режа тузган йигит ота--онасига мадрасадан хабар олай деган баҳона тўқиб шаҳарга йўл олди. Намозгоҳдан ўтган эди ҳамки худди етти қават осмонда бир пайтда момоқалдироқ гумбурлагандай гумбурлаш эшитилди. Пиёда ҳам, суворий ҳам турган ерида таққа тўхтаб қараган томондан аввал чанг тўзон, кейин эса тутун кўтарилди. Орадан зум ўтмай яна бирин кетин гумбурлаш бўлиб энди қий чув овози билан уйқашиб кетди. Халқ на қочишини, на қолишини билмас, кимдир ерга ўтириб олиб калима қайтарар яна кимдир эса тили танглайига ёпишган, кўзи хонасидан чиққудек бақрайиб турган ерида қотиб қолди... Бир пайт Баҳромхон умрида эшитмаган шовқинли овоз эшитилди. Худди момоқалдироқ овози осмондан ерга тушиб келаётгандек хунук, қулоқни ёргудек овозга қулоқ тутиб қаради. Ёқасини тутиб "Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳил-Алиййил-Азим”деганча қолди. Осмонда улкан темир қушлар учар, улар учиб ўтган ерига олов ёғдириб кетмоқда эди.... Шу ерда ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Тоҳир Тоҳировнинг 1989 йилги мақоласини илова қилишни лозим топдим.Домланинг мақолалари юзасидан фикрларимни эса кейинроқ ёзаман.
Илова:
. Гапнинг «берди»сини эшитинг. XX аср бошларида Бухоро амирлиги емирилди, шу тарихга бир назар ташлайлик. Ўша пайтдаги Бухоро амирлигини Флоренциядаги демократия билан қиёслаб бўлмайди, албатта. Бухоро юзлаб қуллар бандиликда сақланган шаҳар, шафқатсиз мутлақ ҳокимликнинг пойтахти эди. Айни пайтда Бухоро — Шарқнинг қадимий шаҳарларидан бири, мусулмон ренессанси шаклланган ва гуллаб-яшнаган гўша, Шарқнинг ўзига хос тарихий-меъморчилик музейи эди.
1920 йилда Туркистонда Совет ҳокимиятининг Бухоро амирлигига қарши бешафқат, муросасиз кураши авж олди. Бухорода ёш бухороликлар партиясининг аъзолари қўзғолонга тайёрлана бошлашди. Ниҳоят, шаҳарга ҳужум бошланди. Ёрдамга авиация ташланди. «Қумдаги жанглар» (Ўрта Осиёда гражданлар уруши тарихига доир материаллар, 1935 й. М. Горький таҳрири остида) китобида таъкидланишича, Бухорони бомбардимон қилиш учун «Туркистон фронтига илгари мисли кўрилмаган бутун бошли ҳаво кемалари армадаси ташланди» (298-бет). 1920 йил август ойининг сўнгги кунларидан бирида Бухоро яқинидаги Когон станциясида ўнга яқин самолёт шайлаб қўйилди. Улар орасида самолётларнинг «форман», «фарсал», «совпвич», «ньюпор», «вуазен» ва «альбатрос» каби турлари бор эди. Чоржўйдан махсус авиаотряд (самолётлар дастаси) олиб келинди. Юқоридаги китобда қайд этилишича, Степанов, Столяров, Фоусек, Ильин, Зеленский каби учувчилар бомбардимон қилишга тайёрлаб қўйилди. Бу орада Бухорога самолётларнинг биринчи учиши ўз ишини қилиб бўлган эди. Иккинчи учишда эса ҳар бири 64 килограмм келадиган бомбалар бир неча юз метр баландликдан тўппа-тўғри «амирнинг беадад бойликлар тўпланган қордек оппоқ саройига» ёғила бошлади (299-бет). Фоусек деган учувчи бошқарган «Форман» туридаги енгил бомбардимончи самолёт ўз юкларини шаҳарга «муваффақият» билан ташлаб, ҳаммадан кейин қайтиб кетди. Учинчи кун эрталаб бомба ортиб олган самолётлар тағин Бухоро томон ёпирилишди.
Бухоронинг бомбардимон қилиниши иштирокчиси ва шоҳиди, синовчи-учувчи Фоусек шундай хотирлайди: «Биз Бухорони бомбардимон қилдик. Қадимий амирликни вайрон этиб ташладик. Хусусан, машҳур «Ажал минораси»га тушган бомба, гарчи моҳиятан бу миноранинг мўлжалга олиниши биз учун мутлақо фойдасиз бўлса-да, бизга алоҳида завқ-шавқ бағишлади» (303-бет). Шундай қилиб, учувчи, бомбардимон иштирокчиси ташланган бомбалар ҳеч қандай ҳарбий хавф-хатар туғдирмайдиган бино ва обидаларни бемаъни равишда вайронага айлантирганини очиқ-ошкора тан олади. У тағин бундай деб ёзади: «Бомба олиб учиб борар эканман, пастда бир мачитни кўриб қолдим. Мен худди мезанани қўпориб ташладим, деб мақтанди бир кузатувчи учувчи, биз мириқиб кулдик. Шу-шу кузатув-чи учувчининг лақаби «мезана» бўлиб қолди» (303-бет).
«Замбараклар дарвозаларни ва яқин-атрофдаги аҳоли яшайдиган мавзеиларни вайрон қилаётган» (304-бет) бир пайтда авиация аҳоли ва амир армиясига даҳшат солибгина қолмасдан, ваҳимадан эси оғиб қолган аҳоли тўпланган тоқлар, гумбазлар ва мачитларга бомбалар ёғдирди. Зеро, аҳоли бу пўлат қанотли қушларни умрида кўрмаган эди. 20-йилларда Бухоро аҳли учун самолётларнинг пайдо бўлиши дўзахдан, қиёмат-қойимдан бўлак нарса эмас эди.
Замбараклар тўғри мўлжалга олиши учун махсус аэростатлар учирилди. Авиация қўмондони «бензин ва бомба
тугагунга қадар» (304-бет) шаҳарни бомбардимон қилиш ҳақида буйруқ берди. Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи музейининг кўргазмаларида таъкидланишича, Николай Алексеевич Ласкин деган учувчи ҳужум пайтида Бухорога 26 пуд бомба ташлаган.
Бомбардимон учинчи кунда ҳам давом этди. «Амирнинг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи — Ситораи Моҳи Хоссани бомбардимон қилдик. Амирнинг ҳиди келган ҳамма жой ва ҳамма нарсани вайрон этдик». Дарвоқе, Ситораи Моҳи Хоссада амир ҳарамидаги аёллар ва хизматкорлар яшар эди.
Амирга қарши урушнинг бошқа бир иштирокчиси ва шоҳиди бўлмиш В. Клеменьев «Совет Туркистони учун» деган китобида (Тошкент, 1963, 458-459-бетлар) Бухоро амирлиги қўшинининг фавқулодда саросима ва ваҳимага тушиб қолганини ёзади. Амирнинг қароргоҳи — Бухоро Арки минг йил бўлмаганда ҳам, бир неча юз йиллик тарихнинг гувоҳидир. Аркнинг оппоқ тош ва мармар миноралари, асосий саройи юзлаб чақирим наридан кўриниб туради. Бомбардимонда Аркнинг асосий мезана ва миноралари вайрон қилиб ташланди.
Бухоро 30 та минорадан иборат қадимий қалъа девори билан ўралган эди. Ана шу миноралар ва девор қарийб бутунлай яксон қилинди. Артиллерия ва авиация тўғри нишонга олиш йўли билан бу қалъани бузиб ташлади. Деворда ўн битта қадимий дарвоза бўлиб, уларнинг баъзилари темирдан ясалган эди.
Юқорида номи тилга олинган китобда Бухоронинг ана шу ўн битта дарвозасидан бири қандай портлатилгани тасвирланади. «1 сентябрь куни соат 3 ларга яқин Қарши дарвозасининг чапроғида девор ости чуқур ковланиб, 52 пуд портловчи модда кўмилгани ва портлаш учун тайёрлаб қўйилганлиги ҳақида инженер маълумот берди» (462-бет). Бухородаги бу уруш ниҳоятда шафқатсиз бўлди. Ҳар бир гузар, ҳар бир ҳовли учун жанг кетди. Қанча киши ҳалок бўлгани тарих учун сирдир. Бундай маълумотларнинг ўзи йўқ. Бироқ бир неча кун муттасил артиллерия ҳужуми ва ҳаводан ялпи бомбардимон қилиниши натижасида Бухородаги кўпгина иншоатлар қарийб бутунлай вайрон бўлди. Бугунгача омон турган ёдгорликлар эса гумбаз ва тоқлар панасида «жон сақлашган» эди. Бироқ ана шу омон қолган обидаларнинг ўзи ҳам ватанимиз ва жаҳон маданиятининг фахри ҳисобланади.
Бухоро амири 1920 йилда қочиб кетишга муваффақ бўлди. Унинг кетидан қувлаб, ҳужум қилиб борган авиация уни чегарада тўхтатиб қўйишига оз қолди. Ташиб кетилаётган баъзи олтинлар ва амир хонадонига мерос дур жавоҳирларнинг бир қисми, ҳар қалай, қўлга киритилди ва Москвага жўнатилди.
Дунёнинг турли бурчакларидан келадиган минглаб туристлар унинг обидаларини ҳайрат билан томоша қилишади. Яқинда Бухоро шаҳрининг «интурист»ида ишлайдиган гид зилзила натижасида оппоқ тошлардан қурилган арк қулаб тушганини жуда жонли қилиб тушунтириб берди. Лекин унинг бу изоҳлари алланечук ишончсиз чиқди. Бунинг устига, кўпгина сайёҳлар, нега энди Аркдан кўра омонатроқ бўлган иморатлар зилзиладан омон қолди-ю, бу обидага зарар етди, деб сўрашди. «Ахир, Бухоро Арки бомбардимон пайтида вайрон бўлганини уларга қандай қилиб ҳам айта оламан», деб кейинроқ менга шикоят қилиб қолди гид.
Бугунги ошкоралик ва покланиш даврида 1920 йилда Бухорода содир бўлган воқеаларга қайтмаслигимиз мумкин эмас.
Муаррихларимиз ўша йилларнинг қаҳрамонликка ва фожиаларга бой воқеаларини тўлиқ ёритишлари лозим. Бугунги ошкоралик даврида Бухорода рўй берган воқеалар тарихимиз саҳифаларидан ўзининг ҳақиқий ифодасини топади, деган умиддамиз.
…Бухорони бомбардимон қилиш шартмиди? Амирни бошқача йўл билан енгиш мумкин эмасмиди? Жаҳон маданияти ёдгорликлари — инсониятнинг дахлсиз бойлиги-ку ахир. Бухоройи шариф ҳам бундан мустасно эмас эди-ку. Бухоронинг бомбардимон қилиниши — гражданлар уруши давридаги энг улкан фожиалардан биридир. Уни бизнинг хотирамиздан ўчириб ташлаб бўлмайди
давоми бор.
муаллиф: Зейл Лейла Мустафасайяр
#Занжина
Суратда Бухоронинг бомбардимондан кейинги ҳолати.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев