Тор хонам ичра бир улкан ғамхона,
Йўқ битта дилкашим, йўқ бир парвона,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Эркалаб, кўнгилни сабрга ўраб,
Худодан сабримга қаноат сўраб,
Тупроққа қоришган қадримга қараб,
Мусофир юртларда йиғладим она.
Дунёнинг тугалмас ишлари ёлғон,
Куксимга қадалган нишлари ёлғон,
Бахори ёлғондир, қишлари ёлғон,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Мен кетай, майли шу сафарим армон,
Топганим саробдур, қучганим хижрон,
Кечалар ухламай бир четда пинхон,
Мусофир юртларда йиғладим она.
Аламлар айлади юрагим пора,
Қўшилиб йиғлайди ғурур бечора,
Дардимни кўзимдан оқизсам зора,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Кўнгиллар йиғлайди, йиғлайди замон,
Заминлар қақшади, хафахол осмон,
Кўп кутдим, кутяпман, соғиндим ёмон,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Яна бир келганда хисларим ғолиб,
Кўнгилни юпатдим ғурурим қолиб,
Онажон, ғазабим кўз ёшдан олиб,
Мусофир юртларда йиғладим она.
Ёримни эркалаб сочин уролмай,
Ўзимга хон, ўзга бекдек юролмай,
Қадрдон дўстимни тўйин кўролмай,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Ранжитдим сизни ҳам қаламим тутиб,
Ой утди, бормоқда йиллар хам утиб,
Дунёга сиғмаган аламим ютиб,
Мусофир юртларда йиғладим она,
Тўлқинни соғиниб йиғлайди қирғоқ,
Мени ҳам қийнаган бешавқат фироқ,
Мен шундай соддаман, мен шундай йиғлоқ,
Мусофир юртларда йиғладим она.
Бу кунлар олдида ожизман, ожиз,
Ичимда дардим кўп, очолмам оғиз,
Ўзимла бир ўзим қолганда ёлғиз,
Мусофир юртларда йиғладим она.
Бу ҳам бир қисматда, бу ҳам бир тақдир,
Хақлари ёлғондир, ёлғони хақдир,
Эх, йигит йиғламас дегандим ахир,
Мусофир юртларда йиғладим она!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев