#ИЖАРАГА_БЕРИЛГАН_ЭР
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
Эрталаб Нодирни ишга кетар вақт шошилмай нонушта қилаётганини кўрган Раҳбар ая ундаги ўзгаришни дарҳол ҳис қилди:
- Бугун бошқачароқмисан, болам? Назаримда ишингга ҳам шошилмаётгандек кўринасан?
- Ҳа ойи,- деди оғир-вазминлик билан Нодир,- кстозим бугун дам олишга руҳсат бердилар. Кеча муҳим катта бир топшириқни бажаргандик.
- Ҳа ундай бўлса яхши, болам,- деди Раҳбар ая ройишлик билан,- нонуштадан кейин дамингни олақол. Туни билан қоғоз тимирскилаб чиққан кўринасан, кўзларинг ҳам қовжираб кетибди.
- Хўп, ойи, -чуқур тин олди Нодир,- ҳақиқатдан ҳам кечаси яхши ухлай олмадим. Ярим кечагача қоғоз билан тиллашганим рост, сўнг тонггача кўзимдан уйқу қочди. Ҳа айтганча, устозим Яраш ака барчангизга салом дедилар. Мавриди билан сизларни таништириб қўяман.
- Саломат бўлсинлар, болам,- суҳбатга қўшилди Ҳомид ака, - нонуштадан кейин хонангга кириб бироз чўзилақол.Мен, ойинг, амманг, Зебохонни олиб ўзимиз Тошкентни бироз айланиб келмоқчимиз. Уч кундан буён уйдан чиқмай зерикдик.
- Ундай бўлса сизларни ўзим айлантириб келаман,- жонланди Нодир.
- Йўқ, сен келин билан бироз дам олиб олинглар. Ярим кечагача у бояқиш ҳам сен билан бирга дарс қилганидан хабаримиз бор. Уям бировнинг боласи.Дамини олсин барака топгур. Биз бемалол айланиб кечга довур қайтамиз,- Ҳомид ака шундай деб аёлларга буюрди,- турақолларинг, бугун бир ўзим сенларни оёқларингни чигалини ёзиб келай.
Нодир яқинлари айлангани чиқиб кетгач, ошхонада куймаланишаётган Раънога кулимсираб яқин борди:
- Раъно, кеча яқинлармизни театрга олиб бориш ҳақида тузган режаларимиз тагига олди шекилли. Бугун шаҳар айланишса шу билан кечга бориб толиқиб қолишади.
- Рост. Толиқиб қолишлари табиий. Ҳеч қиси йўқ. Эрта ҳам бор- ку? Бугунги режани эртага амалга ошира қолармиз.
- Насиб қилса. Ҳа Раъно, кечаги ёрдаминг учун яна бир бор раҳмат.Устозим сен инглиз тилига қилган таржимангни жуда мақтаб ёзибдилар.
- Шундай ҳурматли инсонга кичкинагина меҳнатим ёққанидан ҳурсандман,- зумда оппоқ юзларига қизиллик югурди Раънонинг, - агар яна шунақа ёрдам керак бўлса бажонидил.
- Берган ёрдаминг кичкина эмас, жуда салмоқли эди,- жилмайди Нодир, - ҳай майли. Раъно, мен бироз дам олмоқчи эдим. Сен ҳам бу ишларингни йиғиштир. Мана бир неча кундан буён тиним билганинг йўқ. Озроқ дам олсанг зарар қилмайди. Отам ҳам шуни тайинлаб кетдилар.
- Хўп,- ортиқча гап-сўзсиз Нодирнинг таклифига кўнақолди Раъно, - шугина идишлар қолди . Ювиб олай, кейин... Бирор нарса керак бўлса айтарсиз...
- Яхши,- хонасига йўл олди Нодир. У хонасига тезроқ етиб олиб кўнглига туккан режасини амалга оширишга шошиларди. Нодирнинг нияти дам олиш эмасди.
-51-
Нодир ёлғиз қолишга ва Раънонинг кўнгил кундалигини ўқишга шошиларди.
У кеча Раънонинг қийинчиликда кечган болалиги ҳақида ўқиб қаттиқ таъсирланган эди. Унинг болалик вақтида отасининг йиқилиб тушиб умуртқа суяги сингани, шу сабаб узоқ йиллар тўшакка михланиб қолгани, рўзғорнинг бутун юки онасининг нозик елкасига тушганлари ҳақида таъсмрланиб ўқиганди Нодир. Раъно матонатли бўлишни онасидан ўрганган экан. Тўнғич қиз бўлганлиги сабаб онаси билан уйлари яқинидаги ошхонада идиш ювган, сабзавотларни арчиб тўғраган, орада иш вақти тугагач ошхона полини ювишган ҳам шу Раъно экан. Отаси орадан тўрт йил ўтгач оёққа турган, бироқ оғир ишга ярамаган, ўтирган жойида турли хил саватлардан тўқиб рўзғорига мадор бўлган инсон экан. Шунча меҳнат, машаққатларга қарамай Раъно мактабни қизил шаҳодатнома билан тугатган ва миллий университетнинг филология йўналишига ўқишга кирган экан.
Нодир кундаликни келган жойидан ўқий бошлади...
"- Фатҳулла ака ажойиб йигит эдилар. Уйимизга совчилари келганда мен ўн тўққиз ёшда эдим. Турган гапки, бу ёшда ҳали турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Режаларим орасида "турмушга чиқиш" деган бўлимнинг ҳатто ҳомаки нусҳаси ҳам йўқ эди.
Бироқ, ҳар доим ҳам бандасининг ўйлаганлари бўлавермас экан. Аллоҳнинг режалари ҳамиша гўзал ва хайрларга тўла бўлишини мен кейинроқ тушуниб етдим. Сабаби... Сабаби кўп ўтмай оила бошлиқларимизнинг розиликлари билан тўйимиз бўлиб ўтгач у инсоннинг жуда ҳам меҳрибон, саҳоватли, ота-онасининг ҳкрматини жойига қўядиган мард, ўктам йигит эканликларига гувоҳ бўлиб тақдиримдан рози бўлгандим. Мен Фатҳулла акам билан ўтказган ҳар бир онимда бахтга кўмилиб яшадим десам ёлғон гапирмаган бўламан. У киши мени оналари, опа-сингиллари билан бир қаторда тенг яхши кўрардилар. Ойижон ҳам меҳрда қуёш каби қалби қайноқ, оромижон аёл эдилар.
Бир кам дунё экан. Шунча яхшиликлар ичида йиллар кўнглимга кемтиклик сола бошлади. Фатҳулла акам билан турмуш қурганимизга уч йил тўлай деса-да, биз фарзандли бўлмас эдик. Дастлаб бу ҳолат унчалик сезилмаган бўлса-да, кейинги йиллар айнан шу сабабни пеш қидиб одамлар бизнинг ҳаётимизга суқулиб кира бошладилар. Улар ўзларича бизга маслаҳат берадиган, бу маслаҳатлари эса юрагимизга игна қадаган каби таъсир кўрсатадиган бўлиб қолганди. Кунлардан бир куни Фатҳулла акам мени бир яқин синфдош дўстларининг никоҳ тўйига олиб бордилар. Мен тез орада у кишининг синфдошларини аёллари билан танишиб чиқишиб кетдим. Тўй авжи қизғин палласига етганда Фатҳулла акамнинг кайфи тарақ бўлиб қолган дўстларидан бири Мурод биз аёллар ўтирган столга яқинлашиб:
- Келин, бу дейман Фатҳуллага айтинг, сиз билан туни билан шаҳмат ўйнайвермасин!? Бўлмаса биз-ку майли, фарзандли бўлишда бугун тўйи бўлаётган Олимжондан ҳам кейинги ўринга тушиб кетади. Ҳар доим аълочи бўлган дўстимизга бундай мағлубият ярашмаса керак. А лаббай? - деб қолди.
-52-
Мен шунча одамнинг ичида уятдан ер ёрилмади-ю, унинг тагига кириб кетай демадим. На жавоб беришга юзим чидар, на ўрнимдан туриб даврани тарк этишга мажолим чидар эди. Яхшиям бахтимга Фатҳуллаакам бор эканлар. Улар кутилмаганда пайдо бўлдилар ва синфдошлари Муроднинг башарасига бир уриб ерга чўзилтириб қўйдилар. Шу тариқа Муроднинг зумда уни ўчди.
Фатҳулла акам эса оғайниларининг тўйини бузмаслик учун яна бироз тўйхонада қолишимизга қарор қилгандилар. Кўп ўтмай меҳмонлар шўх мусиқага рақс тушиш учун даврага тушганларида Фатҳулла акам мени қўлимдан етаклаб тўйхонадан олиб чиқиб кетдилар.
Шу куни илк маротаба Фатҳулла акамнинг елкаларига бош қўйиб йиғладим. Йиғлай-йиғлай жавобимни беришимни сўрадим.
- Ажойибсан-а, Раъно,- Фатҳулла акам жавобимни бериш ўрнига маҳзун кулимсирадилар,- ҳатто айб қай биримизда эканлигини билмасдан ҳам жавобини сўрайдими одам? Шу вақтгача бундоқ туззук-қуруқ шифокор кўригидан ҳам ўтганимиз йўқ. Майли, аввал кўрикдан ўтайлик, таҳлил натижаларига қараб бир қарорга келармиз. Жавобингни беришга келсак битта нарсани ваъда бераман. Агар таҳлил хулосасига кўра фарзандсизлигимизга сабабчи мен бўлсам, йўлингни тўсмайман. Жавобингни ўша куннинг ўзидаёқ берганим бўлсин.
Мен Фатҳулла акамга ортиқча эътироз билдирмаган бўлсам-да, ўзимча бир қарорга келиб қўйгандим.
-53-
Агар айб менда бўлса... Унда мен мард бўлишим керак... У кишинг бахтлари учун йўлни бўшатишим керак.
Мен сабаб у кишининг турмушлари маҳзун ўтмаслиги лозим...
Шу қарорга келишим билан жон-у жаҳонимга ўт кетди, менинг Аллоҳ тақдир қилган умр йўлдошимдан воз кечишим шунчаки бир қарор билан амалга ошадиган қўядиган жўнгина иш эмас экан. Мен тақдиримизнинг давоми қандай кечишидан бехабар ҳолда рашк оловида куя бошладим. "Бошимга келиш, келмаслиги ноаён бўлган кундош азоби шундай аччиқ бўлса, бу савдо тақдиримга битилган бўлса ақлдан озар эканман-да!?" деб ҳар сафар қайта-қайта ич-этимни ея бошлардим.
Бироқ кўп ўтмай...
Фатҳулла акам билан ўртамизда бўлиб ўтган ўша кунги суҳбатдан сўнг иккаламиз шифокор қабулига бордик. Шифокор тавсияси билан юрагимизни ҳовучлаб керакли таҳлилларни топширдик. Таҳлил натижаларини олган вақтда эса иккимиз ҳаи ҳайратдан донг қотдик. Унга кўра ҳар иккимиз ҳам мутлоқо соппа-соғ эканмиз.
Соппа-соғ...
Ўша куни Фатҳулла акамнинг елкаларига бош қўйиб узоқ йиғладим.
Демак, ҳали умид бор экан...
Фарзандли бўлишимизга...
Бирга яшаб қолишимизга...
Ахир мен... уларни қанчалик яхши кўришим бир ўзим, бир Аллоҳга аён эди...
Фатҳулла акам Аллоҳ изни ила осмон никоҳимиз кўкдан ерга тушган, Қодир Эгам тақдиримга раво кўрган, чимилдиқда менга вафодорлик ваъдасини берган тан маҳрамим эдилар...
Якка-ю ягонам...
Чимилдиқда олис юртга
Учди ҳушим-а...
Ёр-ёр...
Мажнунтолдек ҳам бошимга-ей
Қўнди қушим...
Ёр-ёр...
Чимилдиқда туғилган муҳаббатим...
Ёр-ёр...
Йиғламагин ой юзлигим-ей,
Менинг баҳтим...
Ёр- ёр..
Шу куни икковимиз яна дунёга қайтадан келгандек бўлдик, ҳаётга умид кўзи билан қарай бошлагандик.
Ростини айтаман. Уларсиз бир куним тугул, бир дақиқамни ҳам тасаввур қила олмас эдим. Агар шу туйғунинг исми севги бўлса, менинг Фатҳулла акамга нисбатан бўлган севгим дунёдаги энг беғубор, энг бетакрор севги эди...
Мен Фатҳулла акамга турмушга чиққунча қадар бирор бир йигитга кўнгил бермаган эдим. У кишига турмушга чиққанимдан сўнг эса улар ҳаётимнинг мазмунига айланган эдилар...
Менинг Фатҳулла акам...
-54-
Ўша синфдош оғайнилари Мурод ака менга фарзанд ҳақида писанда қилган куни илк бор Фатҳулла акамдан ажралиб қолишим мумкинлигини ўйлаб даҳшатга тушиб қолган эдим.
Шифокор ҳузурида олинган хулосадан сўнг эса у кишига бўлган севгим янада оловланди. Демак, ҳали умид қилса бўлади. Демак, биз ҳам энг олий неъмат фарзанд неъмати билан сийланишимиз мумкин...
Шу алфозда қиш ўтиб баҳор кириб келди.
Бир куни Фатҳулла акам ишга отланар эканлар "Раъно, сингилларим билан бир бўлиб тандирда кўк сомса ёпсангларинг-чи а? Баҳор келиши билан одамни кўнгли хилма хил егуликларни тусаб қолар экан..." деб қолдилар.
Улар кўк сомса дейишлари билан оғзимнинг суви келиб кетди. Ҳақиқатда ўзимнинг ҳам бир неча кундан буён кўк сомса егим келиб юрган эди.
Шу куни мактабда дарсим йўқ эди. Тушгача уйларни саранжом қилиб олгач ҳотиржамлик ва зўр иштиёқ билан кўк сомсанинг хамирини тайёрлашга киришдим. Қайсингилларим эса ялпиз-у, исмалоқ олиб келиш учун кўча бошидаги бозорчага чиқиб кетишди.
Аммо шу куни кўк сомса қилиш ҳам, ейиш ҳам бизга насиб қилмаган экан. Бирин-кетин кўчадан бор овозида "акам"лаб додлаб келаётган қайинсингилларимни кўриб аввалига ҳеч нарсага тушунмадим. Кўп ўтмай Фатҳулла акамнинг автоҳалокатга учраганларини эшитиб эсимдан оғай дедим. Аммо шунда ҳам кўксимда "Фатҳулла акам тириклар, фақат у ер бу ерлари шилингандир ?" деган милтираган илинж бор эди.
Бу илинж ҳам кўп ўтмай чиппакка чиқди. Фатҳулла акам касалхонага олиб кетилаётган вақтда йўлда жонлари узилибди.
Пешинда узилган Фатҳулла акамнинг жасадларини қош қорайганда уйга олиб келишди. Бу вақтга келиб уйимизда гўё қиёмат қўпгандек эди.
Фатҳулла акамни бомдодга чиқаришди.
Тобут лопиллаб эшикдан чиқиб кетаётган вақт ҳушимни йўқотдим.
Кўзимни очганимда ўзимни оппоқ шифтли касалхонада кўрдим. Мен Фатҳулла акам билан бирга ҳали бунёд бўлганидан на отаси, на мен онасининг хабари бўлмаган бир ойлик фарзандимдан ҳам айрилган эдим..."
Чимилдиқда олис юртга
Учди ҳушим-а...
Ёр-ёр...
Мажнунтолдек ҳам бошимга-ей
Қўнди қушим...
Ёр-ёр...
Чимилдиқда бўз тўрғай,
Бўзламасин...
Ёр-ёр...
Ишқдан куйик бағримни,
Тиғламасин...
Ёр-ёр...
Ишқдан куйик бағиргинам тиғланди-ей, тиғланди...
-55-
🔳 🔳 🔳
Нодир Раънонинг "Кўнгил кундалиги" даги ушбу сатрларни ўқир экан юраги эзилиб кетганидан кафтларигача тер босди.
"Бояқиш Раъно,- чуқур тин олди Нодир, - болалиги ўзи қийинчиликда, меҳнатда, машаққатда ўтган бўлса. Турмуш қуриб оғзи ошга етганда яна бурни қонаган экан-да... Ёзган ҳар бир мисраси ҳазин куйланаётган қўшиққа ўхшайди. Ўша эри Фатҳулла... Қандай инсон бўлган экан-а? Раъно эрини қаттиқ севганидан унинг жуда яхши йигитлиги сезилиб турибди.
Эссиз шундай муҳаббат...
Эссизгина-я...
Номардларга, ёлғончилар, риёкорларга тўла бу дунёда кўнгли тоза бу икки ёшнинг муҳаббати яшаса нима қиларди?
Эҳ, бири кам дунё!? Сенинг каминг битгунига қадар инсон умри поёнига етиб кетаверар экан-да!?
Эҳ, Нодир, сен қачон инсонларни бор борича таний олар экансан-а? Мана бир неча кун аввал Раънони бойликга ружу қўйган, шу сабаб Лайлонинг ўрнига роль ўйнаб беришга рози дарди пул бўлган жувон дея ич- ичимдан ғижинган, ҳатто нафратланган ҳам эдим. Энди эса... Йўқ! Бу аёлнинг дарди пул эмас! Унда нима? Қани кундаликни давомини ўқий-чи, балки саволларимга жавоб ҳам айнан шу ердадир?
🔳 🔳 🔳
" Фатҳулла акамни тупроққа топширгач, турли гап-сўзлар урчиб кетди. Қарчиғайдек ўғлидан айрилиб ўзи бир аҳвол бўлиб қолган қайнона, қайнотамга ақл берувчилар кўпайиб қолди.
Бошланишига "Аёл киши эри ўлгандан сўнг идда сақлашини маъноси нима биласизми? Идда муддати аёлнинг эридан ҳомиладорлигини билиш учун белгиланади. Шифокорлар Раъноингизни боласи тушган дедими, демак идда сақлашига ҳожат йўқ. Бемалол уйига жўнатиб юбораверинг" дея маслаҳат берувчилар кўпайди. Тавба, бундай маслаҳат берувчиларга суюкли ёридан айрилиб ўз ёғига ўзи қоврилиб, кунлари бир алфозда ўтаётган келинчакнинг дарди бир пул эдими? Шунчалар осонми тул қолган жувонга ҳукм бичиш?
Яхшики, ойижон ҳам, додажон ҳам бамаъни инсонлар эдилар. Улар менда Фатҳулла акамни сиймосини кўришар эди чоғи, жавобимни бериш ҳақидаги гап-сўзларга парво қилмадилар. "Раъногулим уч қизимнинг тўнғичи,- дедилар ойижоним,- она ҳам ўз қизининг жавобини берар эмишми? "
Бироқ...
Аёл киши учун эр дегани ўқ ўтмас қўрғон бўлар экан. Эридан ажрадими, тамом.
-56-
Истаган одам аламини олиш учун нишон бўла олар экан бева аёл деганлари. Нафратларни, ғийбатларни, туҳматларни қабул қилгувчиси бўлар экан бечора бева аёл. Айниқса ҳали у тенгилар турмушга чиқмаган ота-онасининг бағрида яйраб, яшнаб юрган бўлса...
Тўғри аламини бевалардан олиб ўз тафтини босувчи бундай гумроҳ инсонлар кўпчиликни ташкил қилмас , бармоқ билан саноқлидир балки. Бироқ ана шу уч-тўртта инсонлар бир бечора муштипар, кўнгли ярим аёлнинг жонидан тўйдиришга етарли бўлар экан-да...
Фатҳулла акам дунёдан ўтганларининг учинчи ойида мен шўрликнинг бошимга яна бир савдо тушди. Қариндошлиги айни дамда ёдига тушиб қолган қайнотамнинг аммалари "Раъно келинингиз ёмон келин эмасди, уни қўлдан чиқариб кейин пушаймон бўлманг. Камига ҳомиладор ҳам бўла олиши маълум бўлди. Демак, " Туғмас" деб ҳавотир олишга ҳожат ҳам йўқ. Шундай экан уни ортиқча ҳаражатсиз енг учида қайниси Файзуллага никоҳлаб берсангиз нур устига аъло нур бўларди" дея қулоқларига қуя бошладилар. Нима эмиш ота-боболаримиздан қолиб келаётган урф-одатлар эмиш бу таҳлит ишлар. Қани энди бир мард топилсаки айтса: "Тинчлик-омонлик замонида йигитга қиз, аёлга эр қаҳатми , шу ёшларга ёпишмай ўз ҳолига қўяқолсангиз асакангиз кетмайди" деб.
Оҳ, у кунлар... Кўз ёшларсиз йиғим тўҳтамаган, сукутимда бор додим жам бўлган, инсон бўлиб сонда йўқ, аёл бўлиб қаторда йўқ у кунлар...
Ўзимдан бир ёш кичик қайнимга мени раво кўрганларга бу хонадонда иккинчи қайта келин бўлиб қолиш-қолмаслигим нима учун керак, ҳали ҳануз тушунмайман.
Уларнинг айтиши бўйича бир кўнгли яримнинг кўнглини олиш савоб эмиш. Бироқ... Ҳали эт олмаган ярамга ништар санчавериш инсофдан бўлармиди? Бу келин камсуқумгина экан деб билган режаларини тузиш одамгарчиликнинг қайси қолипига тушар экан...
Шунда мендан аввал ойижонни тоқатлари тоқ бўлди. Улар ҳудди ўзларига ўхшаш феълли, катталарнинг измидан чиқмайдиган юввош қайнотамни ўртага олиб шундай аюҳаннос солдилар-кии...
-Фатҳулламнинг қабри совишига қўйиб берасанларми йўқми? - жазавага тушиб бақирдилар улар ўзларини идора қила олмай эрларини сансираганча,- ё Раъноимнинг боши эшикдан чиқиб кетяпти деб ўйлаяпсанларми? Бор айт ўша аммангга! Бу уйдагиларнинг ҳам елкасидагини номи бош- қовоқ эмас деб! Озгинагина чидасаларинг, мен ҳам Фатҳулламни изидан кетиб қўшмозор бўламан. Ана ўшанда билган ҳолваларингни битта қилиб ейсанлар!
-57-
Улар шундай важоҳатда мен томонга ўгирилдилар:
- Тур, қизим, нарсаларингни йиғ! Кўряпсанки, бу ерда сенга тинчлик йўқ! Бир эринг ўлиб бошингга минг хўжайин келди.
Менга қолса шу гапларни гапириш ўзимга раво эмас. Бироқ юрагимдагиларни айтиб енгиллашмасам бўлмайди. Қаро ерга битиб кетган болагинам Фатҳуллани қандоқ яхши кўрганингни ҳамма билмасаям мен биламан. Бу гапларни эшитиш сенгинага қанчалик оғирлигиям ўзимга маълум. Кўряпсан-ки, одамларнинг сени тақдирингга ҳукм бичишдан бошқа қиладиган ишлари қолмади.
Қизим,ҳозирда мен учун энг маъқули сени ота-онангга топшириш бўлиб кўриняпти... Уларнинг бағрида одамлар қадрингни бунчалик топташга ҳадлари сиғмаса керак. Ҳар ҳолда у хонадонда келин эмас қизсан. Кимлар учун бу катта аҳамиятга эга.
Юр болам, нарсаларингни йиғайлик...
Ойижон мени бошлаб чиқиб кетдилар. Додажон эса уларга "Ҳой, нима қилаяпсан?" дея бир оғиз эътироз билдирмадилар. Мен хонадан чиқиб кетган бўлсам-да, ортимиздан додажонни юм-юм йиғлаётганларини қалбан сезиб турардим.
Эртаси куни чошгоҳга яқин мени бир юк машинасидаги кўч-кўлоним билан қизлик уйимга ташлаб кетишди. Мен билан бирга келган ойижоним ота-онамнинг қаршисида "Чорасизман" дея узоқ йиғладилар...
🔳 🔳 🔳
Нодир эшикнинг оҳиста чертилганини эшитиб телефондан бош кўтарди:
- Ҳаа?!
- Тушлик қилиб оласизми? -Раънонинг овозидаги журъатсизлик Нодирнинг юрагини янада ўртади
- Ҳозир чиқаман...- Нодирнинг овозидаги титроқ ўзига ҳам яққол сезилгандек бўлди. У ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб ошхонага йўл олди.
- Сенга дамингни ол дегандим-ку, -деди Нодир ошхонадаги безатилган дастурхонга кўзи тушгач
- Мен овқат пиширмадим, борини иситиб дастурхонга тортдим. Ахир бўш қоп тик турмайди.
Нодир Раънонинг ўзини оқлаган каби қайтарган жавобига нисбатан стол устига ишора қилди:
- Ҳаа, ҳеч нимага уринмаганинг кўриниб турибди. Икки хил салат тайёрлабсан. Яна мана бу антиқа шарбат.
- Ҳа буларми? - мулойим жилмайди Раъно, - булар шунчаки ижод. Аслида буларни тайёрлаб дам олдим десам ҳам бўлади. Олинг ош бўлсин.
- Кел бирга овқатланамиз.
- Сиз еяверинг. Менинг ҳозир иштаҳам йўқ,- "Менга ноқулай" дейишга ийманди Раъно
- Раъно, кеча менга қанча ёрдам бердинг. Энди тушликка таклиф қилсам илтимосимни қайтармагин. Ўйлайманки, биздан яхши дўст чиқади.
- Ҳақиқатда иштаҳам йўқ. Менга узр,- Раъно Нодир билан бир дастурхон атрофидан жой олишга юраги дов бермаётган эди.
- Раъно. Биласанми, шу кунларда бир кўнгилдошга жуда муҳтожман. Кимдир дардимни эшитса-ю, бирор бир йўл кўрсатса... Ота-онамга бу ҳақда гапириб юракларига шубҳа-ю гумон оралатгим йўқ. Дўстлар эса...Уларга ҳам бу ҳақда гапира олмайман...
-58-
Нодирнинг иқроридан сўнг Раъно унинг тўғрисидаги стулга оҳиста чўкди.
- Кўнглингизни нимадир ҳижил қиляптими, Нодир ака?
Нодир унга ҳомуш тикилиб бош силкиди :
- Ҳаа...
🔳 🔳 🔳
#январ_Дубай
- Ҳов, менга қара,- асабийлашганча Лайлога сўз қотди Зуля,- вақт тушдан ўтиб кетди. Шу пайтгача ўндан ортиқ эскиз чизиб бердим. Аммо бирортаси сенинг нозик кўнгилчангга ўтиришмади.
Энди бу ёғига менга дам. Қорним ҳам очиб кетди.
- Уфф, сабр деганни билмайсан сен, - бадтар асабийлашди Лайло, - ўзи кайфиятим тушиб турганда сени харҳашаларинг ортиқча.
- Бунақада иш битмайди,- деди Зуля,- сен бирорта яхшироқ мутахассисдан ёрдам олмасанг бўлмайди. Туззукроқ маслаҳат берадиган бирорта танишинг йўқми?
- Шу вақтда кимни топаман-у, кимга мақсадимни тушунтираман,- чўзиб уфф тортди Лайло,-бу ёқда вақт кетяпти, вақт.
- Мен хонага у бу егулик буюртирсаммикан? Ўлгудек қорним очқади.Сен нима ейсан?
- Илтимос, мени ўз ҳолимга қўй,- деди Лайло Зуляга жавобан,- иложи бўлса ташқарига чиқиб овқатланиб келсанг заб яхши иш қилган бўлардинг. Мен ўзим бироз ёлғиз қолсам дегандим.
- Как хочешь?! - бепарво елка қисди Зуля,- мен кетдим бўлмаса.
Лайло Зуляга жавоб қайтармади.
У Зуля хонадан чиқиб кетганда меҳмонхонадаги диванга ҳорғин чўзилди.
"Уфф,- ўйлади Лайло алам билан,- керакли ғояни юрагим билан ҳис қиляпман-у, аммо калаванинг учини топа олмаяпман. Нима қилсам экан!? Нима қилсам экан-ааа...
Бирдан Лайлонинг чеҳраси ёришиб кетди. У ўзи яқиндагина ўйлагани ўша "калавани учи" ни топган эди. Лайло дивандан ирғиб туриб ноутбуки турган столга интилди.
-59-
У Раънонинг "Соғинч дафтари" каналига уланиб тегишли постни топиш учун керакли сўзлардан "қидирув" берди.
-Ҳа! Мана топдим,- Лайло Раънонинг ёзганларини "ютоқиб" ўқий бошлади:
"Ҳар бир инсонда бўлгани каби ҳар бир мамлакатнинг ҳам ўзлигини англатишда ўз ташриф қоғози бўлади. Жаҳон саҳнида ўзбекнинг ўзбеклигини билдирадиган энг биринчи деталь бу ўзбек дўпписидир. Аёллар борасида эса адрас-у, атласларимизнинг умрбоқийлигини таъкидламасдан ҳеч бир илож йўқ" ...
Раъно ўз фикрини аниқ, лўнда қилиб ифода қилган экан. У каналга миллий либослар билан бир қаторда уларни тўлдирувчи аксессуарларнинг суратларини жойлаган экан. "Билмаган балоси йўқ бу эна қутининг,- лаблари бурилди Лайлонинг,- писмиқ бўлсаям ҳар соҳадан бир шингил бунда. Ҳали харф териб пул топади, ҳали кийим тикиб. Бир ҳисобдан шунисиям маъқул менга. Тўхта-чи, манави адрас чопон устидан елка ошириб илинган кўзасифат идиш алламбало эканми? Номи нима экан-а, буни? Қизиқ аввал аҳамият бермаган эканман бу расмга? Мана шу идишни кичик нусҳасини шаффоф шишадан ясатиб, тиқинини оч пушти гулли қилдирсам. Яна асосий қисмига атир номини ёздириб ўша ёзувни яшил баргчалар билан безаттирсам.Атир қутисини эса бирор миллий руҳда ясаттирсам. Ё кичкина чопонча шаклини бердиртирсаммикан. Ҳозир Ўзбекистонда адраснинг шунақанги кўп хиллари бор-ки. Қараб кўзи тўймайди кишининг. Шахсан ўзимга яшил-сариқ аралаш ранглиси жуда ёқади. Эссиз шу фикрлар нега аввалроқ хаёлимга келмадикан? Ахир бизнеснинг биринчи қоидаси маҳсулот кўринишининг ўзига хослигида эмасмиди? Майли ҳечдан кўра кеч яхши.Ҳали тақдимотга бироз вақт бор. Шу вақт ичида кўп нарсага улгурса бўлади. Демак, бошладик, Лайлошка" ...
-60-
#январ_Тошкент
- Кеча сиз билан ёзган тезисимизни аслида институтда эрталабдан кечгача ёзиб тугатган эдим,- деди Нодир бир нуқтага термулганча, -очиқроғи тугатай деб қолган эдим. Аммо институтда иш вақти тугай деб қолган бир вақтда менга нотаниш бир рақамдан қўнғироқ бўлиб қолди. Ана шунда...-Нодир кечаги воқеанинг давомини Раънога батафсил тушунтириб берди.
Раъно Нодирнинг ҳикоясини ажабланган ҳолда тинглар экан, чеҳрасида савол аломати зоҳир бўлди.
- Нодир ака,- деди у ўйчанлик билан,- сиз ишлайдиган кафедрада ёки институтда сизни кўролмайдиган бир ёки бир нечта кимса борлиги аниқ. Кимдандир шубҳангиз борми?
Нодир "билмасам" дегандек елкасини қисди:
- Бу ҳақда ўйладим. Аммо бирор кишидан шубҳа қилишга асосим йўқ.
- Анави сизга кофе олиб кирган йигит-чи? Исмини Амирхон деганмидингиз? Сиз билан муомаласи қандай?
- Ҳа Амирхон унинг исми. Аммо ундан гумоним йўқ. У мендан бир йил кейин илмий ишини бошлаган. Ишлариям анча силжиб қолган. Икковимиз анчадан буён дўстмиз.
- Айтинг-чи унинг илмий иши сизники каби оғизга тушиб қолганми?
- Бу нима деганингиз тушунмадим? - Раънога савол назари билан қаради Нодир
- Айтмоқчиман-ки, мана сиз ҳали илмий ишингиз тугалланмай туриб, унинг довруғи Польшагача етиб борибди. Қатор ҳамкорлик таклифлари билдириляпти. Бу ёшда шунчалик таниқли бўлиш, келажакда бундан ҳам ортиғига эришиш эҳтимоли баъзи инсонлар кўнглида ҳасад оловини ёқиши мумкин. Қолаверса Амирхон олиб кирган кофе кўп ўтмай қўлёзмангиз ва ноутбукингиз устига тўкилиб қолиши ғалати. Тўғри бу гумон. Гумонни иймондан айиради дейдилар. Бироқ шу билан бирга бундан бу ёғига эҳтиёт бўлиб қўяверганингиз яхши дейман-да.
Сизга яна битта савол берсам майлими?
- Беринг,- бетоқатланди Нодир
- Сиз бир кун ичида қўлёзма тайёрлашингиз ҳақида кимлар биларди?
Нодир елка қисди:
- Авваламбор устозим Яраш ака. Ундан кейин бу ҳақда Амирхонга тушлик вақтида айтгандим. Иш шошилинчликдан бошқаларга айтишга фурсат бўлмади ҳам. Яраш ака ҳам Амирхонга айтган бўлишлари керак. Сабаби улар менинг шу кунги икки пара дарсимни ўтиб туришни унга тайинлагандилар.
- Ҳамма жойдан Амирхоннинг номи чиқиб келавериши сизга ҳам қизиқ туюлмаяптими? Аммо олдиндан айтиб қўяй, бу бутунлай нотўғри гумон бўлиши ҳам мумкин.Ҳай майли, барчасини вақт кўрсатади. Сиз бу ёғига эҳтиёт бўлсангиз бўлгани.
-61-
Нодир ака, мен талабалик вақтимда кафедрамиздаги бир устозимга ёзув- чизув ишларига ёрдам бериб юрардим. Профессор Наима Фозиловна эди у кишининг исмлари. Мен у пайтлари орзулари бир олам, осмонларда учиб юрган қиз эдим. Ўзимча ўқишни битиргач яна олий таълимнинг кейинги босқичига ҳам ҳужжат топширмоқчи, келажакда университетда Наима опага ўхшаб дарс беришни ният қилиб юрардим.
Аммо орзу бошқа, ҳаёт бошқа экан. Кўриб турибсиз-ки, қаршингизда турган инсон университет ўқитувчиси эмас. Ҳозир сизга сўзлаб бермоқчи бўлган ҳикоямнинг кириш сўзлари эди бу.
Бир куни кафедрада ажаб гап-сўзлар тарқалди. Биласизми, четдан қараганда олийгоҳда ишлайдиган олимлар ҳар қандай қусурлардан ҳоли, ҳаётнинг энг пешқадам инсонлари ҳисобланишади. Мен ҳам илм аҳллари кўнгиллари пок, бошқаларга фақат яхшилик соғинадиган инсонлар деб ўйлар эканман. Илм излаш игна билан қудуқ кавлашга қиёсланади. Бу ишнинг заҳматини илм билан шуғулланадиган инсонлар яхши билишади. Ҳақиқатдан олганда ҳам шундай. Бироқ танганинг иккинчи томони бўлгани каби бу соҳага обрў, мансаб, пул илинжида қадам ташриф буюрганлар ҳам кириб қолиши мумкин экан.
Кафедрамизда Саттор Назаров исмли бир олим докторлик ишини ёқлаганда, унинг иши шов-шув бўлиб кетганди. У киши адабиёт соҳасидаги анча мунозарали бир мавзуни ёритиб, воқеаларни ўз ўрнида таҳлил қилиб, масалага ечим топиб берган эдилар. Иш кўлами тегишли соҳада жуда ҳайратланарли бўлганлиги учун шу мавзу юзасидан тез орада фан доктори илмий даражасини олган Саттор Назаровни ишлари нуфузли мукофот олиш учун тақдим этилади. Шунда кўролмаган бир гуруҳ ҳамкасблари қандай қилиб бўлмасин мукофотни йўлини тўсиш пайида бўлишади.Сабаби бу мукофотни олган ҳар қандай олим хизмат пиллапояларидан тез орада кўтарилар, нуфузли ташкилотлар назарига тушиши кафолатланар экан. Шунда бир гуруҳ ҳамкасблари Саттор Назаровнинг ёш аспирант шогирдига айтиб туриб бир хат ёздириб тайёрлатишади ва мукофот бериладиган кенгашга жўнаттиришади. Аслида ёшгина шогирд ҳам булар қўлида ўйинчоқ бўлаётганини билмайди. Мунофиқлар томонидан ёздирилган хатда шогирд тилидан "Мен ҳам Саттор Назаров билан бир қаторда сизлар мукофотламоқчи бўлган ишда теппа- тенг изланиш олиб борганман. Мазкур илмий ишнинг бир қисми бевосита менинг фан номзоди даражасини олиш йўналишидаги мавзуим ҳисобланади.Сиз кенгаш аъзолардан шуни илтимос қилиб сўраб қолардим-ки, ҳақли равишда каминанинг исм, фамилиясини ҳам мукофот олувчи устозим билан бир қаторда рўйҳатга қўшиб қўйсангиз. Ўйлайман-ки, сиз томондан қилинган бу саъй-ҳаракат келажакда илм-фан ривожи ва изланувчан менингдек ёшлар тақдирида ясалажак ижобий бурилишлар учун муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ҳурмат ва эҳтиром билан Фалончи" қабилидаги сўзлар ёзилган эди.
Шу хат орқали ғаламис дўстлар ўз мақсадларига етишни кўзлагандилар ва бунга эришадилар ҳам. Мукофот берувчи кенгаш аъзолари "Устоз ва шогирд ўртасида бундай келишмовчилик олиб чиқадиган илмий ишни тақдирламаган маъқул" деган хулосага келадилар ва унинг ўрнига бошқа олимнинг ишини тақдирлайдилар.
Ўшанда бу воқеа университетда жуда катта шов-шув бўлганди. Саттор Назаров ўз дўстларидан бу қадар тубанликни кутмаган эди. У мукофот олмагани учун эмас, балки эл-юрт олдида қадри бу таҳлит топгалгани учун кучли инсультни бошидан кечиради, тўшакка михланиб қолади. Кўп ўтмай оламдан ўтади.
Уни бу кўйга солган "ҳамкасб"лари эса ҳамон ишлаб юришибди. Ойнаи жаҳонда ҳамон оғзиларини тўлдириб меҳр, оқибат, инсон қадри ҳақида жўшиб, жўшиб маъруза ўқишмоқда.
Мана шунақа гаплар, Нодир ака. Бу дунёда ҳаммадан ҳам кучли истеъдод эгаларига қийин. Истеъдоди йўқлар эса ҳар қанақаси ўз йўлларини топиб оладилар.
Энди менга руҳсат. Кечки таомга бирон ширин таом ижод қилай мен ҳам, - Раъно юзига фотиҳа тортганча ўрнидан қўзғалди,- ҳадемай додажон, аяжонларим келиб қолишади.
Нодир эса ўрнида хаёл сурганча ўтириб қолди.
-62-
"Лайло Дубайда нима қилаётган экан? - Нодирнинг ҳомуш кайфияти уни Лайло томон бошлаб кетди,- кетганига бир неча кун бўлган бўлса ҳам уч марта ҳол сўрашиб хабарлашдик холос. Бу ёқда менинг илмий ишимда шунча ўзгариш. Кейинги икки кунни-ку айтмаса ҳам бўлади. Лайло бахтимга яхшиям Раънони қолдириб кетган экан.
Эҳ, Раъно, Раъно... Шу кунларгача бошингга не-не савдолар тушган экан-а? Очиғи сенинг кўнгил кундалигингни ўқиш менга жуда оғир ботмоқда. Бироқ кечмишингга шу қадар қизиқяпман-кии... У ерда мени энг қизиқтирган саволга ҳам жавоб топилишига умидворман, яъни Лайлонинг ўрнини эгаллаб туришга сени нима мажбур қилди экан?! Биламан-ки, сен бундай таклифга ўз ўзидан кўниб қўяқоладиган аёл эмассан...
Йўқ, сен бутунлай бошқачасан... Сендай кўнгил инсонлари ҳозирда жуда кам... Бойлик, мансаб, соҳта обрў илинжида, пул дардида юрган минглаб инсонлар ичида сенингдек кўнгил одамини учратишнинг ўзи бир мўъжиза мен сенга айтсам... Нима учунлигини билмадим-у, аммо мен сени жуда кўп вақтдан буён танийдигандекман. Лайло ҳам кетар чоғи "Сизни дугонамдан рашк қилмайман, у ҳам сиздек ўласи одамови, ичимдагини топ, камгап ва зерикарли аёл" деганди. Лайло бир нарсада адашган эди . Уммон сиртидан сокин кўрингани билан бағрида не дур-у жавоҳирларни асрайди... "
🔳 🔳 🔳
- Ўзиям ўн ёшга, йўқ ўн беш, йигирма ёшга ёшарган бўлдим, - кўча эшикдан кириб келган лўппи юзли Қалдирғоч амманинг кайфияти жуда чоғ эди, - тағин мен анойи акам "Юр, Қаддирғоч, санга Тошкандни бир кўрсатиб келай" десалар ўзимча ноз қилибман. "Қишни куни уйимда оёғимни узатиииб китобимни ўқиб ўтираман, сиз билан янгамни ўртасида Қоработир бўлиб менга нима бор?" дебман-а?! Яхшиям ҳоли жонимга қўймаган экансиз, ака? Бирам баҳри- дилим очилди-ей, бирам баҳри дилим очилди. Бир томонда Лайложон кунда юз бор аммажонлаб айланиб ўргилади, бир томонда сиз билан янгам мени ёнларизга солиб талтайтириб, эркалатиб олиб юрибсизлар. Қариганда роҳат кўриш деганлари шу бўлса керак-да.
- Ассалому алайкум, додожон, аяжон, аммажон. Яхши айланиб келдингларми?
- Ваалайкум ассалом раҳмат, болам,- Ҳомид ака савлатига яраша виқор билан жавоб қайтарди,- сен билан Нодиржонга майда-чуйда олиб келдик. Норин, кабоб , яна хўл мевалар...
- Раҳмат, додажон. Ичкарига киринглар,-жилмайди Раъно,- сал аввал термосга кўк чой дамлаб қўйгандим. Ҳозир айни тобига келиб қолгандир.
- Ниманинг ҳиди келяпти, қизим? - Раҳбар ая қўлидан егуликларни олаётган Раънодан сўради
- Келишингизга чўзма лағмон тайёрлаб қўйдим.
- Биз сенга дамингни олгин демабмидик,- норозиланиб боқди Раҳбар ая,- мундоқ қарасам ўзингга етгунча қулоқсиз экансан.
-Дамимни ҳам олдим, аяжон. Аслида мен ошхонада ижод қилиб дам оламан. Қани кийимингизни алиштириб чиқинглар-чи, бугунги ижодим баҳоингизни кутиб турибди.
- Умрингдан барака топ, қизим,- деди кечки таомланиш вақти Қалдирғоч амма лағмондан татиб кўрар экан,- анчадан буён бунақа ширин лағмон ичмагандим. Хамириям хамир эмас нақд кокилнинг ўзи бўпти.. Ростини айтсам "Нодиржон Тошканддан ўзига келин топибди" деган хабарни эшитганимдан буён кўнглим алағда эди. Ўзимча Тошкандни қизларини қўлини совуқ сувга уришга малолланадиган оқбилак, таннозхон, ойимча деб ўйларканман-да?!
-63-
Бу фикр бир мени хаёлимдан ўтмагани аниқ. Аммо бу ерга келганимдан буён Нодиржоннинг тоълеи кулиб, пешонаси ярқираганига тобора ишонч ҳосил қиляпман. Сени дунёга келтириб, вояга етказган, таълим-тарбия берган ота-онангга минг раҳмат. Агар улар чет элда бўлишмаганида бир мириқиб суҳбатларини олар эдик. Ҳай майли, униям мавриди келиб қолар.
Нодир кўз қири билан Раънони кузатар экан, Қалдирғоч амманинг сўнгги сўзларидан унинг рангги қип-қизариб кетганини кўриб ичидан зил кетди.
- Қизим, - ўсмоқчилаб сўради Қалдирғоч амма аёллар ёлғиз қолишгач, - сендан бир нарса сўрасам кўнглингга оғир олмайсанми?
- Сўрайверинг, аммажон,- Раъно шундай деди-ю, аммо ҳозир ўзига тегишли бўлмаган саволга жавоб беришини юраги сезиб, вужудини енгил титроқ босди.
- Ман мияси айниган момонгни кечирасан-да, болам. Шу саволлар ҳеч тинчлик бермаяптида. Биламиз-ки, бу турмуш сенинг ҳам, Нодиржоннинг ҳам иккинчи турмуши.Шу десанг аввалги эринг билан нимага ажрашгансан? Агар саволим малол...
- У киши оламдан ўтганлар,- деди Раъно нафаси бўғзига тиқилиб Қалдирғоч амманинг сўзларини бўлиб,- автоҳалокат туфайли...
- Во дариғ... Оҳирати обод бўлсин йигит шўрликнинг. Мен бўлсам шунча кундан буён "Қайси мияси билан урушган йигит сендек қизни қўлдан чиқарди экан?" деб юрибман-а? Гап буёқда дегин? Ҳа биз хом сут эмган бандалар ана шунақа турли гумонга бориб қўяр эканмиз-да? Билиб билмай ярангни тирнаб қўйганим учун мени кечир қизим. Аллоҳнинг тақдири олдида чорасизмиз...- Қалдирғоч амма шундай деб Раҳбар ая томонга киши билмас имлади,- қизим, бу дейман аввалги турмушингдан фарзандли бўлмабмидинг? Эринг билан қанча вақт турмуш қургандинглар?
- У киши билан уч йил бирга яшагандик. Улар оламдан ўтган куни... ҳомиламдан ҳам айрилганман.
- Вой, болам-а? Ман мияси айниган кампирни кечир. Бўлар бўлмас саволларим билан кўнглингни буздим.
- Ҳеч қиси йўқ, аммажон,- ўзини базўр қўлга олиб жилмайган бўлди Раъно,- мен сизларга ўрик қоқисидан ажойиб дамлама тайёрлаб қўйгандим. Ҳозир олиб келаман. Ухлашдан олдин ичилса юракка анча қувват бўлади.
Раъно оҳиста ўрнидан туриб ташқарига йўл олди. У даҳлизга чиқиб эшикни ёпди-ю, нафасини ичига ютиб бир зум тек қотди:
- Имм...
Шу пайт ичкаридан Қалдирғоч амманинг ўктам овозда шанғиллагани эшитилди:
- Ҳавотир олманг, янга! Келинингизни аввалам ҳам бўйида бўлган экан-ку? Мана мени айтди дейсиз, келаси йил шу ой, шу кунларга Нодиржонни ҳам боласини суйиб ўтирган бўласиз...
Раъно биров устидан бир челак яхдек сув қуйиб юборгани каби эти жунжукди:
- Ё худойим, -деди у зорланиб,- нима ишлар қилиб қўйдим-а?!...
-64-
Давоми бор