Умр бўйи рўза тутмоқ хусусида
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос ривоят қиладирлар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ номи бирла қасам ичурменким, бутун ҳаётим бўйи кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қила олғайдирмен!»,— дедилар. Шунда мен Жаноб Расулуллоҳга: «Отам-онам фидойингиз бўлсин, хўп яхши айтдингиз-да!» — дедим. Жаноб: «Сен бундоқ қилмоққа қодир эрмассен, шунинг учун рўза ҳам тутғил, оғиз ҳам очғил, кечаси туриб, ибодат ҳам айлағил, ухлағил ҳам! Ҳар ойда уч кун рўза тутсанг бўлғайдир, чунким ҳар бир қилган яхшилиғингга ўн баробар савоб теккайдир, бу эрса, умр бўйи сенга рўза тутганлик савобини берғайдир»,— дедилар. Мен: «Бундан ҳам кўпроқ рўза тутмакка қодирмен»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Бир кун рўза тутиб, икки кун тутмағил!»— дедилар. Мен: «Бундан кўпроғига ҳам қурбим етғайдир»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмағил, Довуд пайғамбар шундоқ рўза тутганлар, рўза тутсанг, шундоқ рўза тутғил!»—дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, бундан ҳам яхшироқ рўза тута олғаймен»,— дедим. Жаноб Расулуллоҳ: «Бундан яхшиси йўқдир»,— дедилар».
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу ривоят қиладирлар:
«Менинг узлуксиз рўза тутмоғимдан, туни бирла ибодат қилмоғимдан Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар топибдирлар. Ўшанда, Жаноб менинг олдимга бир кишини юбордиларми ёким ул кишига ўзим учрадимми, ёдимда йўқ. Шунда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айтишларича, сен муттасил рўза тутар эмишсен, тун бўйи ухламай, ибодат қилар эмишсен. Рўза тутғил, бироқ вақтида овқатланғил, кечаси ибодат айлағил, аммо вақтида ухлағил, чунким, сенда ўзингнинг ҳам, аҳлу аёлингнинг ҳам, кўзингнинг ҳам ҳаққи бордир (кўзингни деганларида, «уни уйқусиз қолдирмоққа ҳаққинг йўқдир»,— демоқчилар)»,— дедилар. Мен: «Менинг бундан ҳам кўпроқ ибодат қилмакка қувватим етғайдир»,— дедим. «Ундоқ бўлса, сен Довуд алайҳиссаломнинг тутган рўзаларини тутгил!» — дедилар. Мен: «Ул нечук рўзадир?» — деб сўрадим. «Довуд пайғамбар, бир кун рўза тутиб, бир кун тутмас эрдилар, жангларда душман бирлан юзма-юз келсалар ҳам, қочмас эрдилар (яъни, «Рўза ул кишини заифлаштирмас эрди»,— демоқчилар)»,— деб жавоб бердилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, менинг душмандан қочмаслиғимга ким кафил бўла олур?»—дедим».
Ато разияллоҳу анҳу:
«Мен Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муттасил рўза тутмоқ тўғрисида не деганларини билмадим. Бироқ, шуни эсларменким, узлуксиз рўза тутган кишига рўзанинг ҳеч қандай савоби бўлмағайдир, деб икки марта такрорлагандирлар»,— дейдилар.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев