13-қисм.
Хабис кул ва номард йигит баёнида.
Савдогарнинг Худодан сўраб - сўраб олган ўғли бор эди. Ҳали ёшига етмаган ширинтойини у еру кўкка ишонмас эди. Қул шу боланинг бошини узди. Мўмина тонгда таҳорат олаётганда ичкари кирди-да, жувоннинг тўшак устида қолган чапонига қон суртиб, қонли пичоқни унинг ёстиғи остига яшириб қўйди. Сафардан қайтган савдогарни машъум хабар билан қаршилардилар. Қул хожазоданинг ўлимидан ғоят куйганини кўрсатиш учун ўзини уриб-уриб йиғлади. Йиғи орасида Мўминадан гумони борлигини билдирди. Қон теккан чопон билан ёстиқ остидаги пичоқни кўрган савдогарга бошқа далилнинг кераги йўқ эди. Ваҳшат гирдобига тушиб, жувонни ура кетди.
Мўминанинг ўлишини истаган қул унга қўшилди. Мўмина яна туҳмат тўрига тушганини фаҳмлади. Урувчиларга ялиниб омонлик тиламади. Уларнинг чангалидан жонҳолатда суғурилиб чиқди-да, қўлларини баланд кўтарганича Аллоҳга муножат қилди:
- Ё Аллоҳ!
Қотил эмаслигим Ўзингга аён.
Ўзинг халос эт!
Ўзинг ҳамма нарсани билгувчисан! Додимга ет!
Бу марҳаматли зот менга яхшилик қилиб савоб топган эди. Туҳмат гапга учиб, гуноҳга қолишидан уни Ўзинг асра, ё Раббим!
Бу муножот қабул бўлди. Аллоҳ савдогарни ғазаб тўридан чиқарди, юрагидаги меҳр ўтини ёқди. Савдогар бошини чангаллаб ўтириб қолди, сўнг қулни чиқариб юбориб деди:
- Эй Мўмина, саховатимни унутмаганинг ҳолда не учун менинг зурриётимга кас қилдинг?
Мўмина "Мен ўлдирганим йўқ", деб қасам ичгач, қул воқеасини айтиб берди. Савдогар жувоннинг рост гапираётганига ишонди. Унинг қўлига тўрт юз дирҳам тутқизди-да:
- Уйимдан тезлик билан чиқиб кет. Мен сендан гумон қилмаганим билан, боланинг онасини ишонтириб бўлмас, ҳозироқ қочмас экансан, сўнг унинг қаҳридан қочиб қутулмоғинг имконсиздир, - деди.
- Менинг қочмоғим, қотиллигимга бир исботдур, алал-оқибат янгамни ҳақиқатга ишонтирмоқ мумкин бўлмай қолур.
- Жаноза кунлари ўтгач, ҳақиқат ўз ўрнини топур. Гуноҳкор мендан беркинса-да, Аллоҳнинг қаҳридан қочиб қутула олмас.
Бу гапдан сўнг Мўмина савдогарни дуо қила-қила уйини тарк этди. Шаҳардан чиқиб бир қишлоққа етганида тўпланиб турган одамларни кўриб, ўша томон юрди. Оломонга яқинлашгач, майдонга тикилган дорни, дор остида чўк тушиб, бош эгиб ўтирган йигитни кўрди. Яна бир неча дақиқалардан сўнг йигит бошига сиртмоқ илинишини англаб, четда турган аёлдан гуноҳкорнинг айбини сўради.
- Шаҳримиз амирининг бир одати бор, - деди аёл, - кимда-ким хирож тўламас экан, аяб ўтирмай, дорга остиради. Кўриб турганингиз йигит ҳам хирож тўламабди экан, ҳозир уни дорга осажаклар. Бу йигитнинг ўлим топиши бир бахтсизлик, ҳоланки, бечора, бемор онасининг ҳимоясиз қолуви ундан-да баттар бахти қароликдир.
- Хирожи тўланса омон қолдирарларми? - деб сўради Мўмина.
- Ҳақ рост, - деди аёл. - Шундай саховат эгасини бир муддат кутарлар. Ким тўрт юз дирҳам берар экан, йигитнинг жони омон қолур.
Бу гапни эшитиб Мўминада бир бечора жонни қутқариб қолиш истаги туғилди. "Менинг тўрт юз дирҳамим бор, - деб ўйлади у, - савоб учун бу йигитнинг қарзини бериб, уни ўлимдан халос қилайин. Менинг ризқимни Аллоҳнинг Ўзи етказади..."
Аёл рост гапирган эди, олтин эвазига йигитнинг жони қутқариб қолинди. Йигит халоскори ким эканини билгач, Мўминага яқинлашиб, миннатдорлик билдирди-да, деди:
- Бу ҳимматингиз эвазига муҳтож эмасман, - деди Мўмина. - Онангиз хаста эмишлар, чиройли хизматингиз ила, рози қилар бўлсангиз кифоядир. Зотан, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам, демишларки, "Жаннат оналар оёғин остидадир".
- Ҳамонки, онамнинг хасталикларидан хабардор экансиз, бир зиёратингиз ила қувонтирсангиз, беҳад сарафроз этган бўлардингиз.
Мўмина бемор кўнглини хушнуд қилиши мумкин бўлган зиёрати эвазига эришажак савоби учун бу таклифга кўнди.
Ўғлидан айрилганига ишонган аёл ўз ҳаётининг шами ҳадемай ўчажагига амин бўлиб, дунёдан умидини узиб, ҳушсиз ётган эди. Қулоғига фарзандининг овози эшитилгач, "Аллоҳ жонимни осон олди, боқий дунёга кўчдим, унда ўғлим билан топишгайман", деб ўйлади. "Онажоним, жоним онам!"деган сўзлар қайта-қайта такрорланди, бетларини ўғлининг қадоқли дағал қўли силади. Юзига унинг иссиқ нафаси урилиб, сесканди-ю, кўзларини очди. Кўраётгани туш эмаслигига дарров ишона қолмади. Ўғил бўлиб ўтган воқеани қисқа тарзда баён қилгач, она Яратганига шукрлар айтди. Қаддини кўтарди, қулочини ёйиб, худди ўз қизини қучоқлагандай халоскорни бағрига босди. Мўмина ҳам ўз онасининг юрак тафтини ҳис қилгандай бўлди.
- Азиз меҳмоннинг ҳурмати учун туя сўйсак ҳам камлик қилар, не афсуским, имкон чўнтаклари тор, аммо меҳр бағримиз кенг, - деди бемор аёл.
Йигит оловга қумғонни қўйиб уйга қайтганда, Мўмина рўмолини ечиб ўтирган эди. Йигитга гўё уйида қуёш порлаётгандай туюлди. Жувоннинг чиройини кўрди-ю, ҳушидан айрилди. Якиндагина жон талвасасида бўлган юрак энди ишқ ўтида куя бошлади. Яқиндагина "Ё Раббим, золимлар қўлида ўлишимдан асра", деб фиғон қилган кўнгилга энди "Шу гўзалга етиштир!"деган илтижо эгалик қилди. Мўмина унинг қарашидаги ўзгаришни сезди. Манзили йироқ эканини баҳона қилиб, кетишга ижозат сўради. Бемор "бир кеча минг кеча эмас, сиз хонадонимиздаги бахт чироғини ёқдингиз, мен билан бир кеча қолиб, бу чироқни янада нурафшон қилиб кетинг", деб ялингач, уни инжитишни истамай, ноилож кўнди.
Йигитнинг қарашларида, ҳаракатларида бир шумлик сезган Мўмина ухламади. Вужуди ишқ эмас, ҳирс ўтида куяётган йигит ҳам мижжа қоқмади. Мўмина бемор ёнида ётгани сабабли ичкари кирмоққа журъат этолмади. Пайт пойлади. Бу шаҳарда таҳажжуд намозига чорлаб, ярим кечада азон чақириш одати бор эди.
Йигит пойлаб ўтирганини хаёлига ҳам келтирмаган Мўмина ташқарига чиқиб унга рўпара бўлди-ю, қўрқув ҳамласида ҳушидан кетаёзди. Бундан фойдаланган йигит чайқалиб кетган жувоннинг белидан ушлаганича, арзи ҳол қила кетди. Мўмина унинг қучоғидан юлқиниб чиқишга эришди. Ортига қайтмоқчи эди, йигит йўлини тўсди. Висол талаб қилди. Мўмина иймон ва номусдан сўз очса ҳам тийилмади. Шунда Мўмина бир ҳийла ишлатишга мажбур бўлди. Йигит яна висол талаб этганида қаҳрли эмас, нозли оҳангда бир оз сабр қилишини сўраб, "Тунги ибодатимизни қилиб олайлик", деди.
- Ҳамонки, гуноҳдан қайтмас эканмиз, икковимиз тунги ибодатимизни қилиб, Роббимиздан раҳм қилмоғини сўрайлик, токи бу ишимиз учун бизларни дўзах ўтида куйдирмасин.
Йигит ноилож кўнди. У таҳорат олаётганида Мўмина шарпасиз юриб, ҳовлидан чиқди. Яқин атрофдан оқиб ўтувчи дарё соҳилида бандаргоҳ борлигини эшитган эди. Юлдузларга қараб йўлни чамалаб юраверди. Алданиб, ғазаб оловида куяётган йигит эса унинг изидан тушди. Тонг отарда Мўмина бандаргоҳни топиб борди. Кема аҳли эндигина уйқудан уйғона бошлаган эди. Жувон дарғани чақириб аҳволини баён этишга улгурмай, йигит етиб келди-ю, уни ҳақоратлай бошлади. Бу ҳам камлик қилиб, ура кетди. Дарға жувонни калтаклар зарбидан ҳимоя қилиб, йигитдан бу жазонинг сабабини сўради:
- Бу менинг канизагимдир, - деди йигит. - Пулларимни ўғирлаб қочиб кетаётган эди, изидан етиб келиб, сизнинг гувоҳлигингизда тутдим.
Мўмина калтакланаётганида бошидаги рўмоли сирғалиб тушиб, юзи очилиб қолган эди. Кема дарғасининг кўзи унга тушди-ю, бир нафасдаёқ ошиқ бўлиб қолди. Йигитнинг билагидан тутиб, "канизагингни менга сот", деб туриб олди. Мўминанинг "мен канизак эмасман", деган фарёдига қулоқ ҳам солмади. Йигит тортиша-тортиша астойдил савдолашгач, Мўминани ўн минг дирҳамга сотиб, уйига қувонган ҳолда қайтиб кетди.
Кема дарғаси шу оннинг ўзида Мўминадан висол талаб қилди.
- Мен озод аёл эмасман, менинг эрим бор, Худодан қўрқингиз, - деди Мўмина тисарилиб.
Дарға Унинг билагидан маҳкам ушлади:
- Сен чўрисан, мен эсам хожангман. Кўз олдингда тилла тангаларни санаб бердим-ку, яна не дерсан? Нима истасам шуни қилгум!
- Сотиб олган бўлсангиз ҳам иддани кутмайсизми?
Қутилиш чорасини излаётган мазлуманинг тилига бундан ўзга сўз келмади. Ниятига етиш қасдида тирай бошлаган дарға эса эшитишни ҳам истамади:
- Идда кутишга тоқатим йўқ!
Дарға "бошқа гапга ўрин йўқ!"деб жувоннинг сочига чанг солиб, судради. Мўмина жон аччиғида эмас, руҳ азобида нола чекди. Кемадагилар нолани эшитиб у томон қарадилар, раҳм қилдилар, дарға чангалидан қутқариб олдилар. Лекин...
Мўминанинг ҳусни жамоли уларнинг ҳам ҳушларини олди. Ҳар бирларида висол истаги туғилди, унинг билан бирга бўлишга қасд қилдилар. Шайтон чалаётган ноғора оҳангига барчалари бирдай нест бўлиб, сўнг эса бирдай иблис рақсига туша бошладилар. Висолга аввалроқ эришиш истаги ҳар бирида устун келиб, жанжал бошланди. Мўмина эса қўлларини боши узра баланд кўтариб Аллоҳга муножот қилди. Яратган холиқ номусли бандасини хорлик балчиғига ташлаб қўярмиди?! Банданинг ноласи эшитилди. Осмонда бир чақин чақди-ю, кемадагиларнинг барчаси яшин оловида куйди. Сўнг шамол эсиб, кемани суриб кетди. Кечга бориб, дарё оқими кемани куйи бандаргоҳ томон бурди. Мўмина эркаклар либосини кийиб, кемадан тушди-да, шаҳар амири қароргоҳига йўл олди. Ўзини савдогарнинг ўғли, деб таништиргач, муддаосини баён қилди:
- Улуғ амир, кема ҳам, ундаги молу мулк ҳам сизники. Йўлда келар эканмиз, бир хасталик илашиб, отам ҳам, хизматчилар ҳам вафот топдилар. Аллоҳ мени ибодат учун омон сақлаб қолди. Бундан буён ота касбини қилмасман, билакс, узлатга чекиниб, туну кун ибодат билан машғул бўлмоқни Аллоҳ кўнглимга солди. Амр этинг, дарёнинг кимсасиз соҳилида менга бир ҳужра бино этсинлар, токи унда сизнинг ва раиятингизнинг ҳақига дуода бўлайин.
Бу чиройли йигитнинг нияти амирга маъқул келиб, истаги бажарилди. Дарё бўйидаги ҳужрада бир зоҳид макон тутиб, бандалар ҳаққига дуо қилаётгани ҳақидаги хабар тез кунда ён-атрофга тарқалди. Муҳтожлар келишиб, Мўминадан дуо сўрадилар. Зоҳиднинг дуоси ижобат бўлиб, тилагига етганлар кўпайди. Зоҳиднинг шуҳрати таралиб, қўшни шаҳарларга қадар етиб борди.
Дарё бўйидаги ҳужрада яшаётган Зоҳид дуоталаблар билан кўриша турсин, унинг эридан хабар топайлик.
14-қисм.
Кўзлари кўр уч гуноҳкор банда баёнида.
Қайинбобоси билан биргаликда ҳаж амалларини тўла адо этган Абдуллоҳ бу саодатга еткургани учун Аллоҳга шукрлар қилди. Хайрлашув ибодатидан сўнг қайинбобосини юртга олиб кетиш истаги борлигини маълум қилди. Шайх унинг гапларини маъсум жилмайиш билан эшитди-да:
- Меҳрибон Аллоҳдан бу муборак ерда яшашимни сўраганман, шукр, етказди, - деб гапни мухтасар қилди.
Абдуллоҳ истагини такрорламади, Аллоҳнинг марҳамати билан келгуси йили Мўмина билан биргаликда келиш ниятини билдириб, дуо сўради. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб, бу муқаддас диёрга кела-келгунича кўнглида ғашлик бор эди. Қайтар маҳалида бу ғашлик кўтарилди. Худди қуш қанотида учгандай енгил келди. Бироқ уйини кимсасиз кўрди. Ташландиқ уйнинг шифти ўргумчак тўрлари билан тўлган, пасти эса каламушлар маконига айланган эди. Не воқеа юз берганини билмай турганида укаси келди-ю, айтган гаплари билан унинг юрагини гўё тилиб-тилиб, туз сепиб қўйгандай бўлди. Янгасининг тошбўрон қилингани, ўзининг эса номус азобида юрганини ука кўз ёшлари тўкиб айтар экан, руҳ қийноғига банди бўлган ака ишонмасинми? Кўнгил ғашлиги бекорга бўлмаганини шундан кейин англади. Абдуллоҳ зиёратга келганлар билан кўришар экан уларнинг кўзларига қарашдан уялди. Ҳамма унга "беномуснинг эри", деб маломат қилаётгандай бўлаверди.
Янгасининг бузуқлигини кўз ёшлари билан айтган уканинг кўзлари ўша тун уйқуга юмилди-ю, эрта тонгда очилмади. Кўзларидан нур қочганини билиб фиғон чекай деганда тилдан қолгани ҳам аён бўлди. Укасининг бир кечада ҳам кўр, ҳам соқов бўлиб қолгани Абдуллоҳ учун яна бир сир эди. "Худойимнинг бу синовида қандай хизмат бор экан", деб кўп ўйланди, бироқ жўяли жавоб топа олмади. Уйни тозалаб чиққан бўлса-да, ичкари қадам босиши билан юраги сиқилаверди. Айниқса, тунлари Мўминанинг аламли ўрсиниши қулоқлари остида жаранглайверди. Яқинлари унга ачиниб, руҳ азобидан тезроқ қутулишнинг ягона йўли, уйланиш эканини такрор-такрор айтсалар-да, ҳозир энг муҳими укасини даволаш эканини баҳона қилиб, тақдирини бирон-бир қиз билан боғлашга шошилмади. Укасини бу атрофдаги барча табибларга кўрсатди, шифодан умид бўлмади. Шунда қуйи дарё ёқасидаги бир ҳужрада яшаётган зоҳиднинг дуолари билан шифо топганларнинг ҳикояларини эшитиб, укаси билан ўша томон йўл олди.
Икки кунлик йўлдан сўнг бир шаҳарга кириб келишди. Қош қорайиб қолган эди, кўчада учраган кишидан карвонсаройни сўраган эди у "кеча карвонсаройга ўт тушиб, барча мусофирлар бошпанасиз қолганлар. Сиз яхши одамга ўхшайсиз, бу кеч меникида тунай қолинг, хайрли қадамингиз ила хонадонимизни нурафшон қилинг", деди. Абдуллоҳ саховат эгаси ҳақига дуо қилиб, унга эргашди. Меҳмонларга мезбоннинг ўзи хизмат қилди. Абдуллоҳ бундан ажабланиб, "қулингиз йўқми"деб сўради.
- Қулим бор, хизматни яхши қилгувчи эди бироқ, бир кечада кўр булиб қолди. Ҳайдаб юбориш гуноҳ, унга ўзим қараб турибман. Тижоратдаги ишларимга Аллоҳ барака берса, бошқа бир қул сотиб олгайман, - деди мезбон.
Бу мезбон Мўминага меҳр кўрсатган савдогар эди. Лекин жаноза ўтган кечаси кўзи кўр бўлиб қолди. "Агар айбдор бўлса, Худонинг жазоси шудир, мен томонимдан жазога энди ҳожат йўқдир", деб ўйлаб, уни қийин-қистовга олмади. Абдуллоҳнинг дуолари ижобат бўлаётган зоҳид ҳақидаги гапларини эшитгач, "биз ҳам сизга йўлдош бўлурмиз, зора Аллоҳ шифо берса", деб қулни етаклаб, уларга қўшилди.
Қуёш ботар чоғида йўллари қишлоққа тушди. Тупроғи кўпчиб ётган кўчадан борар эканлар, бир уйдан аёлнинг "Эй Худойим, берган дардингга шукр қилдим, сабр этдим, ёлғиз таянчим ўғлимнинг қандай гуноҳлари бор эдики, кўзларини кўр қилдинг?!"деган ноласини эшитиб тўхтадилар. Бу уйда дор остидан қутулган йигит яшарди, фиғони кўкка учаётган аёл унинг онаси эди. Абдуллоҳ ичкари кириб, онанинг ҳасратини эшитди. Кўз ёшларини тиёлмаётган жабрдийдага яхшилик қилгиси келди. Кўр йигитни етаклаб, сафига қўшди.
Йўл юра-юра зоҳид макон тутган ҳужрани топиб бордилар. Зоҳид ичкаридан туриб овоз берди:
- Тунни нафл намози билан ўтказиб, беморлар истиғфор айтсинлар. Дардни бергувчи Аллоҳдир, шифо ҳам ёлғиз Ўзидандир. Бомдоддан сўнг шаҳар амири зиёратга келгач, дуони унинг ҳузурида қилурмиз.
Зоҳиднинг айтганини қилдилар. Тавбалар қабул бўлмади, кўрларда ўзгариш сезилмади. Бомдоддан сўнг шаҳар амири мулозимлари кузатувида етиб келгач, Абдуллоҳ эшик ўрнига тортиб қўйилган пардага яқинлашиб, яна муродини баён қилди. Зоҳид парда ортидан туриб жавоб қилди:
- Аллоҳ ас-Самиъ, ал-Басир, ал-Ҳакам, ал-Адл, ал-Карим, ат-Таввоб, ал-Мунтаким ва ар-Рауфдир. Марҳаматидан умид қилмоқ керак. Агарчи астойдил тавба қилган бўлсалар, ҳозир ҳар бирлари гуноҳларини ўз оғизлари билан айтсинлар, токи барча эшитсин.
- Укам гапиролмайди, тилдан қолган, - деди Абдуллоҳ.
- Бу кеч Аллоҳ марҳамат қилиб, укангизга тилни қайтарган, гапирсин.
Аллоҳ тилини қайтариб бергани билан уканинг гапиргиси келмади. Ака учинчи марта талаб қилганидан сўнг бўлган воқеаларни баён этди. Ундан сўнг қул қилмишига иқрор бўлди. Кейин йигитнинг кечмишини тингладилар. Уларнинг сўзларини эшитган амир ғазабланиб, "Худонинг бу берган жазоси сенларга кам. Асосий жазони менинг қиличим тиғидан олажаксанлар!"деб шу ернинг ўзидаёқ чопиб ташлашга шайланди. Парда ортидаги Зоҳид хитоб қилиб уни тўхтатди:
- Шошилманг, улуғ амир! Аввал дуо қилайлик. Қирқ кеча-кундуз давомида булар тўхтовсиз истиғфор айтсинлар. Қирқ биринчи куни кўзлари очилмас бўлса, у ҳолда жазо сизнинг ҳукмингиз ила бўлур.
Кунлар ва тунлар умид ва тавба ёшлари билан ўтди. Қирқ биринчи кун тонгида шаҳар амири келди. Шунда ҳужрадан барчани ҳайратга солиб, Зоҳид эмас, бир аёл чиқиб келди.
- Билингларки, исмим Мўминадир, бу киши- ҳожи Абдуллоҳ менинг эримдир. Бу акасига хиёнат қилган укадир. Бу одам хожасининг фарзандини ўлдирган қотилдир. Бу йигит эса яхшиликни билмаган ношукрдир. Аллоҳ менга улуғ ажр берди. Гуноҳкорларни бир ерга тўплади. Улар тавба қилдилар. Мен сизларнинг гувоҳлигингизда гуноҳларини кечирдим. Энди умид Аллоҳдан.
Шундай деб яна дуо қилди. Шу он кайинука билан йигитнинг кўзлари очилди. Қул кўрлигича қолаверди. Чунки савдогар қотилни кечирмаган эди. Буни англаган амир "Қотиллигинг учун жазо олажаксан!"деб шу ернинг ўзида унга қилич уриб, бошини узди...
* * *
Кейинги йил ҳаж мавсуми арафасида Абдуллоҳ ниятига кўра, Мўмина билан йўлга чиқди. Мўмина огироёқ эди. Икковлари ҳам Аллоҳга таваккул қилдилар. Мўмина бобоси билан кўришди, лекин бошидан ўтган савдоларни айтмади. Айтмаса-да, Шайх буларни биларди. Билса-да, билганини набирасига билдирмади. Абдуллоҳ қайинбобосини опичиб олиб, ҳаж арконларини биргаликда адо этди.
Зулҳижжанинг ўн бешинчи куни Мўмина билан Абдуллоҳга Аллоҳ қиз фарзанд берди. Яхши ниятлар билан унга Робиаъ деб исм қўйдилар. Шайх Каъбатуллоҳ ёнида ўтириб, қизчанинг қулоғига азон айтди. Аллоҳ бу оилага яна уч қиз-у тўрт ўғхил берди. Ровийлар гувоҳлик беришларича, бу оиланинг барча зурриётлари ҳофизи қуръону алломалар бўлиб етишибди ва бу хайрли анъана то Қиёматга қадар давом этар экан...
Ва ниҳоят...баён аввалида айтилганидек, бу воқеалар қачон ва қаерда содир бўлгани, кимлар ривоят қилгани номаълум. Биз эшитганларимизни баён қилдик. Ривоятларини асрлар ва йиллар оша биз-авлодларга етказган ҳакимлар ҳақига дуо қиламиз. Одатда афсона ёки эртаклар"ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг", деб якунланади. Биз ундай демаймиз. Чунки баёнимиз эртак ҳам, афсона ҳам эмас. Шу боис деймизки: "Ишонинг, покдомонларни Аллоҳ севишига ва ҳамиша Ўз паноҳида асрашига, охиратда жаннат боғларидан жой беришига албатта ишонингда уларнинг ибратларини азиз фарзандларингизни етказиб, уларни жаннат гуллари каби тарбия қилингиз", деймиз.
Яқинда бир киши каминага шажараси ёзилган ҳужжатни кўрсатди. Аждодлари қаторида Абдуллоҳ ва унинг завжаси Мўмина исмларини кўриб, бунда ҳам бир ҳикмат кўринадир, деган хаёлда қўлга қалам ва қоғоз олдим. Натижасини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Роббимиз Аллоҳ оқибатни хайрли қилгай, амийн.!
Тамом.
ТОҲИР МАЛИК.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6