Ҳакима кўримсизгина эди ва буни ўзи биларди. Ҳакима эпсизгина эди буниям ўзи биларди.
Музаффар ўктам эди, келишган эди, аёл буни биларди.
Музаффар уддабурон, омадли, ишчан эди. Аёл буниям биларди.
Иккисини ёнма- ён кўрганлар бир-бирига муносиб эмас дерди, шунданми аёл орқароқда юрарди...
Буни қарангки, йигит аёлига севги изҳор қилар, унинг гўзал эканлигини айтиб чарчамасди.
Аёлнинг гоҳ шўр, гоҳ тузи паст овқатларини мақтаб ичар, сира ёмон демасди. Ҳакима турмуш ўртоғининг олдида ўзини қарздордек ҳис қиларди.
Фарзандлар дунёга келди, улғайди. Эркак ҳамон аёлининг гоҳ табассумини, гоҳ кўзларини мақтаб, севишини айтиб қўяр, шу бир оғиз сўз учун хизматида югуриб юрарди аёли. Шу бир оғиз сўз билан уйи жаннатнинг бир парчаси эди.
Вақт- соати етиб чол-кампирга айланди улар.
Чол оғриб қолди. Аёли тепасидан силжимас, жуфтини ўзи овқатлантирарди. Ўша куни чолнинг ақли ҳар доимгидан тиниқ эди
—Сафо қорини чақир, иймонимни ўгириб қўйсин, —деди ўғлига.
Домла келди. Чол қори билан иккисини ёлғиз қолдиришини сўради.
—Кетишим аниқ бўлиб турибди. Сўнг нафас ростлаб давом этди
— Ман бир умр ёлғон гапирдим, хотимам нима бўлади?
—Кимга ёлғон гапирдингиз?-сўради мулла.
—Аёлимга. Бечора ишониб яшади. Яхши кўраман, десам қувониб қоларди. Аммо қалбим уни ҳеч суймади, шунда ҳам ҳар куни алдадим, паҳмоқ сочини ипак дедим, қисиқ кўзини шаҳло дедим... Энди нима бўлади, болам?
— Нима бўларди, отахон,-деди Сафо қори ўзини йиғидан аранг тўхтатиб,—Сизни юзлаб ҳурлар кутиб олади, талаш бўласиз ҳурлар орасида... Кейин ўзини тутиб давом этди:
—Уч ўринда ёлғон ишлатишга рухсат бор. Шулардан бири— эр-хотиннинг бир-бирига муносабатида, оиланинг аҳиллигини сақлаб қолиш учун айтилган ёлғондир.
Музаффар чол кўзларини юмди. "Алҳамдулиллаҳ"...
Ҳакима хола ҳам чолидан кейин кўп яшамади. Бир тонг уйқудан турди-ю:
—Отангиз мени чақиряпди, —деди.
Ўша куни асрга етиб бормади кампир...
Фарзандлари йиғилиб қолсалар ота-онасининг муҳаббатини, болаликлари ҳеч қандай оғриқларсиз кечганини гапириб чарчамайдилар. Меҳр ичида ўсган болаликлари ўлароқ иноқ эди улар. Омадли бўлди барчаси...
Феруза Салходжаева.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1