---------------
«« Савол: Абу Довуд ривоят қилган ушбу ҳадисни ўқидим:
«لا يَحِلُّ لِاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ بَرِيْداً إِلَّا مَعَهَا ذُوْ مَحْرَمٍ»
«Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирадиган аёлнинг бир барид (22 км.га яқин масофа)га маҳрамсиз сафар қилиши ҳалол бўлмайди, фақат маҳрами билан бўлсагина ҳалолдир». Маълумки, бир барид масофани бир кундан озроқ вақтда босиб ўтиш мумкин. Шундай экан,
«لا يَحِلُّ لِاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ مَسِيْرَةَ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ إِلَّا مَعَهَا ذُوْ مَحْرَمٍ»
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган аёлнинг маҳрамсиз бир кун ва бир кеча юриладиган масофага сафар қилиши ҳалол бўлмайди, фақат маҳрами билан бўлсагина ҳалол бўлади», деган ҳадисни қандай тушуниб оламиз?
Жавоб: Бухорий ва Муслим ибн Аббос(р.а) орқали Расулуллоҳ (с.а.в)нинг:
«لا تُسَافِرُ الْمَرْأَةُ إِلَّا مَعَ ذِيْ مَحْرَمٍ»
«Аёл киши фақат маҳрами билан биргагина сафарга чиқади», деганларини ривоят қилдилар.
У аёлни сафардан - мутлақ сафардан - наҳий қилиш, қайтаришдир. Фақат маҳрами билан бўлсагина жоиздир.
Бу сафарни уч кун, икки кун, бир кун ва бир кеча билан чеклаб қўйиш тўғрисида ҳужжатлар ворид бўлган:
• Бухорий ибн Умар орқали «уч кун», деб ривоят қилган бўлса, Абу Саид Худрий орқали «икки кун», деб ривоят қилди. Бухорий Абу Ҳурайра орқали «бир кун ва бир кеча», деб ривоят қилган бўлса, ибн Аббос ва ибн Умар орқали ҳам «бир кун ва бир кеча», деб ривоят қилди.
• Муслим эса ибн Умар орқали «уч кун, уч кундан ортиқ», деб ривоят қилган бўлса, Абу Саид Худрий орқали «икки кун, уч кун, уч кундан ортиқ», деб ривоят қилди. Муслим Абу Ҳурайра, ибн Аббос, ибн Умар орқали эса «бир кун ва бир кеча», деб ривоят қилди.
• Термизий эса Абу Саид Худрий орқали «уч кун, ҳамда ундан ортиқ», деб ривоят қилган бўлса, Абу Ҳурайра орқали «бир кун ва бир кеча», деб ривоят қилди.
• Ибн Можа эса Абу Саид орқали «уч кун ҳамда ундан ортиқ», деб ривоят қилди.
• Аҳмад эса ибн Умар орқали «уч кун», деб ривоят қилган бўлса, Абдуллоҳ ибн Умар орқали «уч кун юриб ўтиладиган йўл», деб ривоят қилди. Абу Ҳурайра орқали эса «уч кун, тўла бир кунлик масофа», деб ривоят қилган бўлса, Абу Саид орқали «уч кун, икки кун, уч кун, икки кундан ошиқ, икки кун», деб ривоят қилди.
• Доримий эса Абу Саид орқали «уч кун ҳамда ундан ортиқ», деб ривоят қилди.
• Абу Довуд эса Абу Ҳурайра орқали «бир кеча», «бир кун ва бир кеча», деб ривоят қилди.
Сўнгра Абу Ҳурайра орқали «бир барид», деб нақл қилинди.
Яъни, сафар (муддати) Бухорий, Муслим, Термизий, Аҳмад, Доримий, Абу Довуд ривоятида замон билан (уч кун ёки уч кеча, икки кун, бир кун ва бир кеча, бир кеча, деб) муқаййад (чекланиб) келган.
Мутлақни муқаййадга ҳамл қилиш ва далиллар ўртасини жамлаш билан шаръий ҳукм шу бўладики, аёл киши озроқ масофага фақат маҳрами билан сафар қилади, яъни бир кечалик масофага ёлғиз ўзи сафар қилмайди. Чунки бир кечалик масофага сафар қилмаслигидан икки кунлик, уч кунлик... масофага сафар қилмаслиги ўз-ўзидан келиб чиқади. Луғатда араблар кечани комил кунга, яъни бир кеча ва кундузга нисбатан қўллайдилар. Аллоҳ Таоло деди:
}قَالَ آيَتُكَ أَلَّا تُكَلِّمَ النَّاسَ ثَلَاثَ لَيَالٍ سَوِيًّا{
– „(Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача одамларга гапира олмайсан»“.[19:10]
«Оли Имрон»да эса:
}قَالَ آيَتُكَ أَلَّا تُكَلِّمَ النَّاسَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ إِلَّا رَمْزًا{
– „(Аллоҳ) айтди: «Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан“,[3:41]
деди. Бу иккала оятдан кечалар кунлар эканлиги шундоқ аниқ кўриниб турибди. Араблар: «Унга фалон ойнинг фалон кечасида мактуб ёзиб юбордим», яъни фалон кунда ёзиб юбордим, дейишади.
Бинобарин демак, ҳаром қилинган нарса аёл кишининг бир кун ва бир кечалик масофага маҳрамсиз ёки эрининг ҳамроҳлигисиз сафар қилишидир. Биз олиб, қабул қилган нарса - шудир.
Энди Абу Довуднинг масофа (барид) билан муқайяд бўлган (чегараланган) ривояти қолди. Барид тўрт фарсах, яъни 22 км.га яқиндир. Бу ривоят хусусидаги мулоҳаза қуйидагичадир:
1. Бу ривоятда сафарни масофа билан муқайяд қилиб қўйиш (чеклаб, белгилаб қўйиш) бор. Бу эса замоннинг қиймати йўқлигини англатади. Чунки аёл агар 22 км масофага сафар қилса - уни бир кунда кесиб ўтадими ёки икки кундами... бунинг фарқи йўқ - маҳрамга муҳтож бўлади.
Аммо бошқа ҳадисларда замон билан, яъни бир кун ва бир кеча билан муқайяд қилиб қўйиш бор. Бир кун ва бир кечада юз километрни босиб ўтадими ёки юзлаб километрларни босиб ўтадими, бунинг фарқи йўқ.
Яъни, масофага оид ҳадисни ишлатиш (қўллаш) замонни бекор қилса, замонга оид ҳадис масофани бекор қилади. Бунда бир-бирига зид келиш пайдо бўлади. Бундай пайтда эҳтимоли кучлироққа суянилади. Аниқ кўриниб турибдики, Бухорий, Муслим ривоят қилган ҳадислар ва қолган саҳиҳ ҳадислар, ҳатто Абу Довуднинг ўзи ривоят қилган кўплаб ҳадислар замон билан ривоят қилинган. Буларнинг барчаси Абу Довуднинг «барид» лафзи бор ривоятидан кучлироқдир.
2. Абу Довуднинг «барид» ҳақидаги ривояти қуйидагидир:
Бизга Юсуф ибн Мусо Жарирдан, у Суҳайлдан, у Саид ибн Абу Саиддан, у Абу Ҳурайрадан ҳадис ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар:
«لا يَحِلُّ لِاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ بَرِيْداً إِلَّا مَعَهَا ذُوْ مَحْرَمٍ»
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган аёлнинг бир барид масофага сафар қилиши фақат у билан маҳрами бирга бўлсагина ҳалол бўлади. Акс ҳолда ҳалол бўлмайди».
Абу Довуднинг ўзи Саид ибн Абу Саиддан у эса Абу Ҳурайрадан бир кун ва бир кеча дейилган тўрт ҳадис нақл қилади.
Шунингдек, яна Абу Довуд Саид ибн Абу Саиддан, у отасидан, у эса Абу Ҳурайрадан икки ҳадис нақл қилади. Биринчи ҳадисда «бир кеча», дейилган бўлса, иккинчи ҳадисда «бир кун ва бир кеча», дейилади.
Абу Довуднинг ҳамма ривоятлари Саид ибн Абу Саид орқали (гоҳ отасидан, гоҳ бевосита) Абу Ҳурайрадан нақл қилинган бўлиб, замон билан (бир кун ва бир кеча) муқайяд (чекланиш) зикр қилинади. Маълумки, Аҳмад худди шу йўл орқали Саид ибн Абу Саиддан, у отасидан, у эса Абу Ҳурайрадан ҳадис ривоят қилиб «тўла бир кун», деб зикр қилди.
Абу Довуд худди шу йўл орқали, яъни Саид ибн Абу Саиддан, у эса Абу Ҳурайрадан қилган битта ривоятда бир барид масофа дейилган.
Бу ривоятлар Абу Ҳурайранинг Саид ибн Абу Саидга (ёки отасига) бир кун ва бир кеча, деб ҳадис ривоят қилгани, унга бир барид, деб ҳадис ривоят қилмагани эҳтимоли кучлироқ эканини кўрсатяпти.
Демак, кучлироқ эҳтимол биз «Ижтимоий низом» китобида зикр қилган «бир кун ва бир кеча»дир, яъни:
«لا يَحِلُّ لِاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ تُسَافِرَ مَسِيْرَةَ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ إِلَّا مَعَ ذِيْ مَحْرَمٍ»
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган аёлнинг бир кун ва бир кечалик масофага сафар қилиши фақат маҳрами бўлсагина ҳалол бўлади, акс ҳолда ҳалол бўлмайди», деган ривоятдир.
Кўриб турганингиздек, биз кучлироқ эҳтимол деяпмиз, бизнинг раъйимизгина узил-кесил тўғри, демаяпмиз. Бу, биринчи томондан. Иккинчи томондан эса, биз аёл киши маҳрамсиз бир кун ва бир кечадан озроқ муддат сафар қилиши жоиз, деяпмиз, лекин вожиб, демаяпмиз. Шунинг учун демак, аёл киши ярим кунлик масофага фақат маҳрами билангина сафар қилмоқчи бўлса, бу унинг ихтиёри. Муҳими бир кун ва бир кечалик масофага фақат маҳрами билангина сафар қилишидир »». (6/10/2006).
Бу жавоб сафарга чиқиш тўғрисида эди. Аммо бирор жойга сафарга чиқиб, у юртда қолиб кетса ёки қиз бола ўқиш учун маҳрами билан бориб, кейин ўша ерда ёлғиз қолишлиги шаръан, аёлга эри, қизга валиси; ўша аёл ёки қиз қолиб кетаётган жойни ўрганиб, кейин руҳсат берсагина жоиз, чунки маҳрамни сафар учун шарт қилинган ва аёлнинг қаерда қолишини валиси қарор қилади.
Муттақий.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев