»
Лойиҳамизга бир эмас, икки жуфтликни таклиф этгандик. Қаҳрамонларимиз «Афруз» гуруҳи йигитлари Жамшид Умаров ва Музаффар Бобохонов ҳамда уларнинг рафиқалари. Бироқ интервьюдан бир кун аввал жуфтликларнинг биттаси келолмаслигини айтиб қолди. Иккинчи иштирокчиларимиз келишгач, сабабини билдик. Суҳбат бошланишидан бир неча дақиқа олдин Музаффар ўғил фарзандли бўлибди! «SUG‘DIYONA» газетаси номидан Музаффар ва Хуморани чин юракдан муборакбод этамиз. Умри узун, ризқи бутун бўлсин! Ана шундай кўтаринки кайфиятда бошланган суҳбатимизни Жамшид ва Камола билан қурдик.
— Эшитишимча, Камола «Афруз»нинг мухлисаси бўлган экан?
Жамшид: — Йўғ-ей, қўшиқларимизни тинглаган, аммо гуруҳимиз мухлисаси эмасди. Танишувимиз ҳамтасодифий бўлган. Бир куни дўконда нимадир харид қилаётиб, уни кўриб қолдим. Шу пайт хаёлим ёввойи каптардек учди-кетди. Камолани бир қарашдаёқ ёқтириб қолганман. Кейин дугонасидан телефон рақамини олганман.
Камола:— Аввалига телефонда гаплашардик, холос. Сўнг учрашганмиз. Бир-биримизга меҳримиз тушиб, муҳаббат қиссамиз бошланган.
— Жамшид, «Тамом, шу қизга уйланаман», деган қарорга келишингиз учун қанча вақт керак бўлди?
Жамшид: —Камола билан беш йил учрашиб юрдик. Бир-биримизни синаб, феъл-атворимизни ўрганиб, туйғуларимиз чиғириқлардан ўтди. Вақти-соати билан тўй кунимиз белгиланиб, турмуш қурдик. Уни учратганимдаёқ, ниятим жиддий эди. Яқиндан танишиб, севиб қолганимдан сўнг уйланиш қарорим янада мустаҳкамланди.
— Тўйдан аввал иккиланишлар бўлмаганми?
Жамшид: —Танловимдан ҳеч қачон иккиланмаганман. Тўғри, тўйгача Камола билан аразлашиб қолардик, тортишувлар, «айтишувлар» ҳам бўлган. Аммо буларсиз севги қиссамиз ҳам қизиқ бўлмасди-да.
— Бўлажак рафиқангизнинг кўнглини олиш учун қандай қахрамонликлар кўрсатгансиз?
Жамшид: —Осмондаги ойни олиб бермаганим рост(кулади).Лекин учрашадиган кунимиз, албатта, бирор совға билан борардим. Шу тариқа меҳримни, эътиборимни кўрсатишни истардим. Биласизми, муҳаббат бобида қаҳрамонлик кўрсатиш шарт эмас, агар туйғуларингиз ҳақиқий бўлса. Энг маъқули, суйганингизга муносиб ёр бўлиш.
— Сиз-чи, Камола, орзунгиздаги шаҳзодангизни шундай тасаввур қилганмидингиз?
Камола: —Албатта! Умр йўлдошимнинг жиддийлиги, оғир-вазминлиги, талабчанликни ҳам, ҳазил-ҳузулни ҳам ўрнида қўллаши ёққан. Ўзим оилада тўнғич фарзандман. Кичиклигимдан ўғил болаларга хос характерда улғайдим. Мен айнан Жамшид акадек, бир сўзли инсонга суянишни истардим. Хуллас, тасаввуримдаги шаҳзодамнинг ўзгинаси.
— Оилавий ҳаётнинг илк дамлари имтиҳондек гап. Іатто, бир-бирингизни яхши билган тақдирингизда ҳам, қайсидир тушунчаларингиз ўзгаради...
Жамшид: —Тўйгача оилани тўй, фарзандлар туғилиши лавҳалари билан хаёлан тасаввур қилардим. Аммо ҳақиқийси хаёлдагисидан фарқ қилишини тўйдан кейин билдим. Хонадонингда сени деб яшаётган инсон учун жавобгарлик, масъулият ҳисси пайдо бўларкан. Аввалари Камолага тинмай қўнғироқ қилаверардим, «Қаердасан?» «Нима қилаяпсан?» дея. Іозир у ёнимда, кўнгил хотиржам, бахтим бутун.
Камола:— Туйғуларимиз етарлича синовдан ўтгани учунми, турмуш қурганимиздан сўнг янги муҳитга мослашишга қийналмадим. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам 100 фоиз ўзгарди. Тўғриси, бундан ўзим ҳам ҳайрон қолгандим.
— Қизиқ-ку, ўзгаришлар яхши томонга бўлдими?
Камола: —Илгари сезмаган эканман, Жамшид ака оиласига жуда ғамхўр, эътиборли ва келажаги учун тинмай меҳнат қиладиган инсон экан. Ёрингнинг яхши фазилатларини кўриш унга бўлган меҳр-муҳаббатингни янада юксалтираркан.
Жамшид:— Сенга ваъда бергандим-ку, «Тўйдан кейин ўзгараман», деб. Мана, сўзимнинг устидан чиқдим.
— Бир-бирингизга нисбатан талабларингиз борми?
Жамшид: –Тўйдан кейин аёлимга бўлган асосий талабим уйга келганимда ҳамма жой саранжом-саришта бўлиши, ота-онамга, фарзандларимизга меҳр кўрсатиши тўғрисида бўлган. Шукр, аёлим барчасини кўнглимдагидек қилади.
Комола: –Меники эса ҳар доим ҳам бажарилавермайди-да, тўғрими? (кулади) Уйга эртароқ келинг дейман нуқул. Лекин хизматлар ёки яна бошқа ишлари чиқиб, ушланиб қоладилар.
— Севишиб оила қурган жуфтликнинг муносабатларида рашкка ўрин борми?
Жамшид: —Бор бўлганда қандоқ! Қаерга борса, имкониятга қараб, ўзим олиб бориб келаман. Иложи бўлса, ёлғиз кўчага чиқармасам.
Камола:— Рашким ўзимга яраша, бироқ мухлисаларидан қизғанмайман.
Жамшид:— Қўйсанг-чи, ростини айтавер. Сен рашк қилмайсанми?!
Камола:— «Афруз» гуруҳининг чин мухлисалари ҳам бор. Улардан рашк қилмайман. Аммо шундай қизлар ҳам борки, ўзини мухлисдек тутади-ю, аслида нияти бошқа бўлади. Улардан, шубҳасиз, қизғанаман.
— Аёл оиласида актриса бўлиши керак, деган қарашни маъқуллайсизми, Жамшид?
Жамшид: —Йўқ, бу фикрга қўшилмайман. Аёл самимий бўлсин. Шунда актрисалик қилишга эҳтиёж туғилмайди.
— Лекин шундай вазиятлар ҳам бўладики, аёл киши макр ишлатишига тўғри келади? Бунга нима дейсиз?
Жамшид: —Агар яхшиликка бўлса, майли. Аммо шунда ҳам роль ўйнашига қаршиман. Бошқаларни билмадим-у, лекин менинг рафиқамни атрисакликка уқуви йўқ.
— Кўринишингиздан жиддийсиз.Іаётда ҳам шундайми, Камола?
Камола: —Саҳнадаги қиёфаси билан ҳаётдагисининг фарқи бор. Ижодга ҳамиша жиддий ёндашади. Оилада эса хушчақчақ, яхши суҳбатдош.
— Қизалоғингиз ҳам олти ойлик бўлибди. Фарзанд туғилиши эр-хотин муносабатлари учун яхшигина синов дейишади. Бу сизларда қандай бўлди?
Камола: —Қизалоғимиз иккимизни ҳам ўзгартирди. Янада эътиборли, бир-биримизга нисбатан ғамхўр инсонларга айландик. Авваллари ҳам шундай эдик. Лекин Сафия дунёга келгач, фарзандимизнинг келажаги учун оиламизни асраб-авайлашимиз, тинч-тотув яшашимиз кераклигини билдик. Буни қарангки, яратганнинг мўъжизаси кап-катта одамларни бир зумда ўзгартириб қўяркан.
—Музаффарнинг ўғил фарзандли бўлгани билан табриклаётганингизни кузатиб, қизалоғингизнинг туғилиши ёдингизга тушиб кетди, деб ўйладим.
Жамшид: —Бу туйғуни унутиб бўлармиди?! Ўшанда ёз эди. Камолани туғруқхонага олиб бориб, ўзим пастда қолдим. Іар 10-15 дақиқада «Нима бўлди?», «Аҳволи яхшими?» дея онамга қўнғироқ қиламан. Онамнинг «Іали бор», «Сабр қил» дейишлари қулоғимга кирмайди. Яна қайтиб қўнғироқ қилдим ва онажоним «Қизалоқ!» деди... Ёнимда дўстим турганди. «Табриклайман, қиз муборак!» дегани ҳам, Музаффарнинг югуриб келиб, «Нима бўлди? Қиз туғилдими? Ўртоқ, ота бўлибсан!» дегани ҳам таъсир қилмайди. Тушунарсиз ва бир вақтнинг ўзида жуда ёқимли ҳислар оғушида қолгандим. Сафияни қўлимга олганимдан кейин эса туғруқхонанинг эшигига «ёпишиб» қолдим.
Камола:— Чиндан ҳам шундай бўлган. Эртаю кеч қўнғироқ қилиб, «Нима қилаяпти» , «Ухлаяптими» деб сўрайверарди.
— Қизингиз дадасининг эркаси бўлса керак?
Жамшид: —Мени кўриши билан эркаланиб йиғлайди. Қўлимга олиб, ўйнатсам, қиқирлаб кулишини айтмайсизми? Кўз тегмасин, жуда ширин. Іақиқатан ҳам қиз фарзанд бошқача бўларкан. Тунлари уйғониб қолса ҳам, йиғламайди. Кўзини очиб ётаверади. Тепасига келиб, «Іа, қизим ухламаяпсизми?» десам, кулиб қўяди.
— Бола парваришлашда рафиқангизга қарашасизми?
Камола: –Мен жавоб берай қолай. Бошқалардан эри ишдан келиб, боланинг йиғисидан жиғибийрон бўлиши ҳақида кўп этишаман. Бироқ Жамшид ака ундай эмас. Аксинча уйқуси келаётган ёки жуда толиққан бўлса ҳам, қизалоғимизга қарайди, баъзиларга ўхшаб «Бошқа хонага олиб чиқиб, ухлай олмаяпман демайди. Икковлашиб бирга ухлатадиган пайтларимиз ҳам бўлади.
— Демак, Камола бирор ёққа кетса, бемалол болага қараб туроласиз? Шундайми, Жамшид?
Жамшид:— Йў-ў-ўқ, йиғлаб қолса, нима қиламан. Ўзим овунтиролмайман. Ёнимда ё онам ёки аёлим бўлиши керак.
— Фаровон оила портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз?
Жамшид: —Мовий рангдаги осмон, ёрқин бўёқларда ишланган хонадон, ҳаммаёқда гуллар, қувноқ чеҳралар. Қуёш нури худди кўзингизни қамаштираётгандек. Чопқиллаб юрган болакайлар...
— Ана шу хаёлий тасаввурингиз, илоҳим, рўёбга чиқсин. Бахтингизга кўз тегмасин.
— Раҳмат!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев