ҚЎҒИРЧОҚ. 2-ҚИСМ.
Кимсан Тошкентга олиб борармиди? Умрида
Тошкентга борганми ўзи? Бироқ новвос яхши пулланган куни қайнонамга инсоф кириб, деди:
– Зарнигор шу концертга бошқоронғи бўлган. Кимсан, шанба куни Тошкентга
жўнайсилар. Баҳонада синглингнинг «тўққиз»ига «Ипподром»дан материал
олиб келасилар. Ўзимам қўшилиб борай дейману…
Қувонганимдан «есть» деб
қийқириб юбордим.
– …ўзимам қўшилиб борай дейману узоқ йўлга бўлмайман, «давлениям»
чиқиб кетади, – деб менга
ачинганнамо қараб қўйди қайнонам.
Биз тонг-саҳар йўлга тушдик.
Хурсандлигимдан, ҳаттоки, ичимда қўшиқ куйлаб борардим. Бу қўшиқнинг
мусиқаси ҳам, шеъри ҳам ўзимники эди. Шарт-шароит бўлса, мусиқачилар
ва студия хизматимга шай турса, мендан тузуккина хонанда чиқишига
минг карра ишонч ҳосил қилдим.
Чиноздан ўтганимизда пойтахтга бир қадам қолганини айтишди, бироқ
ҳадеганда кириб келмадик. Ташқарини кузатиб борарканман, улуғ, афсонавий
шаҳарга етганимиздан даставвал нима далолат бераркан, деб ўйлардим.
Баланд-баланд иморатлар, дўконлар лоп этиб чиқадию шаҳарга кириб борамиз.
Постдан ўтганимиздан сўнг автобус тўхтади. «Ипподром» деган овозлар эшитилди, айрим йўловчилар туша
бошлашди. Кимсан бир кишидан «Собир Раҳимов»ни сўради.
«Кейингиси», деди…
Мана, Тошкентдаман! Кўзларимга ишонмайман! Қимматбаҳо хорижий
русумдаги машиналарга диққат қиламан: бу шаҳарда машҳурларни учратиш ҳеч гап эмас. Балки ҳозиргина
ўтган қора машинада халқ
артистларидан бири ўтиргандир?
Кечки концертга тушиб, сўнг
Кимсаннинг узоқ бир
қариндошиникига боришимиз керак эди. Эртага тонгдан «Ипподром»дан метериал харид қилиб, уйга қайтамиз.
Кимсан шу ҳақда ўнинчи марта
гапириб, йўл ёқасидаги ошхоналардан бирига бошлаб борди. «Тўйиб овқатланиб олайлик, концертда қорин оч
қолмасин», деди авомларча. Ошхона ниҳоятда гавжум экан, зўрға жой топдик. «DVD»га уланган телевизорда
машҳур хонандалардан бири жўшиб куйлар, раққосаси атрофида хиром айлаб ўйинга тушар эди. Қўшни столдаги эркаклардан бири тишини
ковлаб, хириллоқ овозда деди:
– Замон шуларники-да! Бир оғайним айтди, Ангренга уч минг долларга тўйга
борганмиш. Тасаввур қилаяпсизми, бир кунда уч минг доллар! Мен
эшакдай ишлаб, бир йилдаям
тополмайман!
– Ҳа, биз уларнинг олдида ғирт
шўрпешанамиз, – маъқуллади
ҳамтовоғи. – Шунақа бўлиб туғилдик, шунақа бўлиб ўламиз.
– Бизга ўхшаб оддий ошхонада
овқатланишмайди. Энг зўр
ресторанларда, энг сара овқатларни танлаб ейишади, энг қиммат кийимларни кийишади. Ўйинчи
қизларни айтмайсанми? Ҳар доим ўн етти-ўн саккиз ёшлиларни олиб юришади, ҳе-ҳе-ҳе… Бир нима деб кўр-
чи! Истеъдодим учун эришдим, дейди.
Нима, истеъдод фақат уларда борми?!
Эркакларнинг гапи менга ботиб
кетди, гўёки худди ўша санъаткор мен эдим ва улар ҳозир каминанинг
ғийбатини қилишмоқда эди. Бироқ… ҳақиқатан, бир кунда уч минг доллар ишлаш ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, орзулари
ушалмаётган кишилар қалбида
санъаткорга ғайирлик, ҳасад, нафрат ҳисси уйғонади. Мана, биз бир йил боқилган ҳўкизни, агар долларга
чақилса, мингга сотиб, Тошкентга келдик. Санъаткор эса минг долларни
бир соатда ишлайди, ҳатто
фонограмма қилса ҳам.
«Мен ҳам санъатор бўламан», деди ички овозим. Шундан сўнг ажиб енгилликни, мамнуниятни туйдим.
Залга оёқ қўйганимда, ўзимни
эртаклар дунёсига тушиб қолгандек ҳис этдим. Муҳташам зал, ғала-ғовур,
ўзгача ҳид, кишини ажиб ҳисларга чулғовчи босим… Адаша-адаша жойимизни топдик. Бутун вужудим
кўзу қулоққа айланди, дунёни
унутдим. Мен Маҳлиё Фозилованинг
концертидаман, мен унинг продюсери Чингиз Давронов билан битта бинодаман… Оҳ, бу онлар вақтинчалик
эканини, кўп ўтмай концерт залини тарк этиб, қишлоғимга равона бўлишимни, қайтиб яна келишим даргумонлигини ўйлаганимда, юрак-
бағрим пора-пора бўлди.
Бир пайт саҳнанинг четида Чингиз ака кўринди. Хизматдаги йигитларга
алланимани тайинлади, сўнг дарҳол кўздан йўқолди. Продюсер янада
тўлишган, қоматдор, янада шижоатга кирган, ўт-олов эди. «Ҳамма аёлларга ҳам ҳақиқий эркаклар насиб этмайди»,
деган дайди ўй кўнгил сўқмоғимдан ғивирлаб ўтди.
– Чингиз ака… – тилим беихтиёр ғўлдиради.
– Ким? – қулоғини тутди Кимсан.
– Маҳлиё Фозилованинг
продюсери… У киши биз томонлардаги Эсонбой ака деган артистнинг курсдоши. Бир дугонамнинг тўйида
кўрганман…
Кимсан нимадир деди, қулоғимга кирмади. Концерт бошланди. Маҳлиё
Фозилованинг ҳар бир ҳаракати, либослари, қошу киприклари – ҳеч
нарсасини назардан қочирмадим.
Дунёда шундай касб бор экан,
бошқасига қизиқишнинг ўзи тентаклик эди. Ҳар доим пардоз-андозда,
ажойиб либосларда, ҳар куни пул, пул, пул… Қаерга бормасин, ҳамма
танийди, ҳурматини жойига қўяди. «Эй Худо, мен ҳам санъаткор бўлармиканман?» дедим ичимда, аммо шу заҳотиёқ хўрлигим келиб,
кўзимга ёш қуйилди. «Қай гўрдан бўламан?! Қай гўрдан?..»
Вақт қандай хотима топганини
билмадим. О, вақтнинг тўхтаб
қолишини, концертнинг яна
чўзилишини қанчалар истаган эдим-а!
Ярим соат чироқ ўчмайдими, нимадир бўлиб, яна ўн-ўн беш дақиқа шу ерда
ўтирмайманми!.. Йўқ, ҳеч бундай бўлмади, бўлмайди ҳам. Чунки мен…
мен истаган воқеалар қачон юз бергандики, энди юз берса!
Бахтиқароман, шўрпешанаман… Бу –
Тошкентни сўнгги марта кўришим бўлса керак, энди бир этак бола-чақа билан ўралашиб, Чангакнинг
чангалида умрбод қолиб кетаман.
Умрим ўтгач, тепаликдаги сарғиш қабристонда сарғайган ўтлар қоплаган тупроқ остида ётаман. «Ҳаётга келиб
нима кўрди?» дейишса, «Бола-
чақасининг бахтига соғ-саломат, узоқ
умр кўрди, армони йўқ», деб жавоб беришади. Мен эса аслида бундай яшамоқчи эмасдим, деёлмайман.
Юракдаги орзу-армонларини, ҳатто фарзандларига ҳам айтолмай кетганлар қанча! Мен ҳам шундай бўламан.
Концерт якунида бошловчи саҳнага иштирокчи ва ташкилотчиларни бир-
бир чақира бошлади. Навбат мен кутган одамга келди:
– Продюсер Чингиз Даврон-о-о-ов!..
Кўзим ўнгида Чингиз ака намоён бўлди. Келишган гавдасига ёпишиб
турган қора костюм уни янада кўркам, барно қилиб кўрсатарди. Айниқса, ним
кулимсираб, кафт учида оҳиста қарсак чалиб, киборлардек сафдан жой олгани-чи. Энди ундан бошқа ҳеч
кимни кўрмаётган эдим.
Ҳаммага сўз берилмади, аммо
Чингиз ака гапирди: Маҳлиё
Фозилованинг истеъдоди, мухлислари кўпайгандан кўпаяётгани, шу йил
мукофотга ҳам сазовор бўлгани, хорижий гастроллари, юртда санъат равнақ топаётгани… Қовоқ-тумшуғим
баттар осилиб кетди. Илк бор кўнглимда Маҳлиё Фозиловага ғайирлик ҳиссини туйдим. Чингиз аканинг
мақтовларига жавобан дарҳол
микрофонни оғзига тутиб, бир-
биридан жимжимадор
миннатдорчиликларни қалаштирди.
Нақадар бахтли эканини ҳадеб
таъкидлашига ўлайми! Бундай
мақомда ким ўзини бахтсиз
ҳисоблайди? Ким ҳам ич-ичидан севиниб жилмаймайди! Бир
интервьюсини ўқигандим: оилавий ҳаётим сир, дебди. Рисоладагидек бўлса, сир тутармиди. Мана, ёши,
қадди-басти Чингиз акага мос,
ўрталарида нимадир бор. Шубҳасиз!
Эркак ва аёлнинг шунчаки бирга ижод қилиб юришига, худди ҳамқишлоқларим каби, аслида мен ҳам ишонмаслигимни англадим. Бироқ санъат ҳар қандай «майда- чуйдалар»дан устун кўринди. Агар ўзимни Маҳлиё Фозиловага таққосласам, кампир, ҳа, менинг
олдимда қари кампир у! Фарқимиз шуки, унинг «танка»лари бор, пули бор,
жазманлари бор, холос. Иккимизнинг моддий имкониятларимиз тенг бўлсаю
мусобақалашсак, ютқазиши
муқаррар…
Шунда шайтон кўнглимга
«имконият» ҳақида ҳар хил ўйлар сола бошлади. Пешанамни совуқ тер босиб,
ҳамон саҳнадан кўз узмай ўтирардим.
Кимсан: «Эртароқ чиқиб олайлик, ҳозир эшик тиқилинч бўп қолади», деб
турткилаганди, силтаб ташладим.
«Қандай қилиб шуларнинг даражасига эришишим мумкин? Кимсан ўз
ҳолимга қўярмиди! Балки Кимсан билан эртароқ ажрашиб, Тошкентга
кўчиб келишим керакдир?.. Йўқ-йўқ, отам тикка сўяди! Бошқа чора топишим керак. Бироқ қандай чора у?»
– дердим ичимда.
Чингиз ака гапи охирида:
– Биламан, ораларингизда санъатга, Маҳлиё Фозиловага ҳавас қилиб ўтирганлар кўп! – деди. – Санъат эшиги ҳамиша очиқ бўлган, очиқлигича
қолаверади. Бу эшикдан Маҳлиё ҳам бемалол кирган, сиз ҳам кира оласиз.
Фақат жон куйдириб ишлаш, тинимсиз изланиш, энг камида ижодкор ўз олдига Осиёни забт этаман, деган
мақсад қўйиши керак! Шахсан мен чекка қишлоқларда ҳам ёш-ёш талантларни кўрганман. Ҳеч бир устозсиз, ҳеч бир тайёргарликсиз
шундай жўшиб куйлашадики…
Қулоқларим битиб, оғзим ланг
очилиб, ҳайкалдек қотдим. Ўша – мен!
У мен ҳақимда гапираяпти! Ахир дугонамнинг тўйида куйлаганимда, лол қолганини яширмаган эди-ку!
Наҳотки, мени бутун элга мисол қилиб кўрсатаяпти? Воҳ, шу ерда ўтирганимни билармикан-а?!
Шунда қизиқ воқеа юз берди. Ўзим ҳам англамаган ҳолда ўрнимдан туриб,
қўл силкиб, қичқирдим:
– Чингиз ака-а-а!..
– Ўтир! – Кимсан қўлимдан тортди. – Нима қилаяпсан, Зарнигор? Калланг
ишлайдими?!
Ранги қув учганини кўриб,
тушунтирдим:
– У киши мен ҳақимда гапираяпти!
Ҳозирги гапларини тўйда шахсан ўзимга айтганди… Эшитаяпсизми, ўша
менман!
– Қанақасига сенсан?! Одамни
шарманда қилдинг! Улар ҳар куни тўйга боришади. Сен ҳақингда гапириб
тентак эмас-ку!
Чингиз Давронов мени кўрди, аммо юзлаб одамлар ичида, айнан шу муҳташам залда учратаман деб ўйламаган чоғи, танимади. Боз устига
келинчак либосида эканим ҳам
чалғитди.
Кетар вақт бўлган эди. Кимсан
судрагудек қўлимдан тортқилади.
Кўзларим эса саҳнада. Саҳна ширин ҳаёт эди, эрим мени нариги дунёга – жаҳаннамга судраб борарди гўё.
Қовоғидан қор эмас, дўл ёғарди унинг.
Йўлакда одам тирбанд экан, бир муддат туриб қолдик. Шунда ўзимни
тиёлмай, ялиндим:
– Кимсан ака… Кимсан акажон,
илтимос, Маҳлиё Фозилова билан учрашайлик! Илтимос сиздан! Нега мендан хафасиз? Нима қилдим ахир?!
Продюсернинг исмини айтиш шунчалик шармандаликми? Ҳеч ким эътибор
бергани ҳам йўқ. Концертга келган томошабин қарсак чалади, гул беради,
ўйинга тушади. Нима, сизнингча, ҳайкалдек келиб, ҳайкалдек кетиш
керакми?.. Кимсан акажоним, гапиринг...
Турмуш қурганимиздан буён
биринчи марта эркаланишим, биринчи марта ноз-карашма қилишим, ялиниб-
ёлворишим эди.
– Йўқ, – деди Кимсан қатъиятсизлик уфурган оҳангда. – Маҳлиё
Фозилованинг ёнига яқинлашиб бўпсан! Ўзларича юлдуз бўлса! Нима керак итдай дум ликиллатиб!
– Ростдан ҳам юлдуз-да! Илтимос…
– Нега бунча қизиқиб қолдинг-а?
Менга қолса, умуман келмасдим!
Шуям концертми? Шуям артистми?
Фонограмма, бачкана қўшиқлар, қилиқлар… Тезроқ кетайлик, кеч бўлди!
– Шунақа қиласизми? – деб нозли аразладим, аммо мустаҳкам қалъани
маҳв этолмайдигандек, жаҳлим чиқиб кетди. – Одам эмас экансиз!.. Мужмал!
Бўш… Қўрқоқ…
– Зарнигор! – деди Кимсан
кўзларимга ғазаб-ла тикилиб. – Шунча йўл босиб, Тошкентга келиб, шу ерда бир тийин қилиб… – Бояқиш гапидан
адашиб, қалтираб-қақшаб, қулт этиб ютинди. Хотини томонидан ҳақоратланган, хўрланган, устидан бир
тоғора мағзава ағдарилган эр деб билмоқда эди ўзини.
– Бўпти, кетамиз… – Юзим буришиб, қовоқларим пир-пир учганини, кўзларимдан нафрат қайнаб чиққанини ҳис
этдим. – Ҳеч нарса керакмас…
Қариндошингизникига ҳам бормаймиз, тўғри уйга қайтамиз, кечқурун вилоятга
машиналар бўлади…
Тасодифни қарангки, шу пайт
эшиклардан бири очилиб, Чингиз ака шошилганча чиқиб, кўча эшик олдидаги кишига алланимани тайинлай бошлади. Издиҳом бизни
суриб, унинг ёнига олиб келди. Халқ учун Давронов шунчаки фуқаро эди, холос, ақалли бирор йигит ёки қиз
тўхтамас, бирга суратга тушишга, даст-
хат олишга қизиқмас, айримларигина
бир қараб қўярдию йўлида давом этишарди. Аразимдан асар ҳам қолмай
бутун вужудим яшнаб, у кишига талпиндим.
– Чингиз ака, – дедим, эрим
қўлимдан тутиб қололмади. – Бу мен – Зарнигорман!
У ялт этиб ўгирилди: бир менга, бир Кимсанга қаради.
– Тўйда учрашгандик, дугонамнинг тўйида!.. Эсингиздами, Гуллоланинг
қўшиғини айтгандим… Курсдошингиз
Эсонбой ака бизни таништирганди.
Роса мени мақтагандингизу…
– Қайси Эсонбой? – таажжубланди у.
– Эслолмаяпсизми, Чингиз ака? Мен Зарнигорман... – Шундай дея яна Эсонбой акани, туманимизни, ўша
тўйни қайта тилга олдим.
– Зарнигор! – Бечора эрим аламдан йиғлаб юбораёзди.
– Эсонбойми?.. Э-э!.. – дедию Чингиз аканинг юзи ёришди. – Эсладим, нега эслолмас эканман! Қандай, Эсонбой
яхши юрибдими? Бу дейман, турмушга чиқибсиз-да? Куёвми? Бахтли бў-
линглар, бахтли бўлинглар! Одатда ўзбекларда бир кўрган таниш деб, тўйга айтишарди?
– Маҳлиё Фозилова билан
учраштиролмайсизми? – дедим етдим деганда эрим ишнинг пачавасини
чиқаришдан қўрқиб шошилар эканман.
– Кимни? Сизларними? Гап йўқ.
Қани, кетдик... Нима гап ўзи?
Тинчликми? Ижодни
бошламоқчимисиз?
Концертхонанинг менга номаълум қандай жойлари борлигини ўшанда кўрдим. Рақс ўрганиладиган кўзгуванд
хона, либосхона, гриммхона, дам олиш хоналари…
Торгина йўлакдан чапдаги хонага кираётиб, димоғимга сигарета ҳиди урилди, қулоғимга шанғи аёлнинг
сўкиниши эшитилди:
– Эй иплос, концертим санинг
ташвишинг эмас девопману!.. Сан ўзинг шаллақисан! Етти минг долларингни ҳозироқ жўнатвораман!..
Коззёл! Туршак!
Чингиз ака бизни остонада бирпас ҳаяллатди, сўнг киришимизга ишора
қилди. Мен остона ҳатладим,
ҳафсаласи пир бўлганиданми,
довдираганиданми, Кимсан йўлакда қолиб кетди. Ичкарида Маҳлиё
Фозилова ва мен танимаган икки аёл, бир хўппасемиз эркак ўтирарди.
Дастлаб лол қолдирган нарса Маҳлиё Фозилованинг оддий аёлларга ўхшаган
шунчаки бир хотин экани эмас, бир қўлида сигарета, иккинчисида телефон, сўкингани эди. Чингиз ака
гапни кўпиртириб, олис қишлоқдан атайин уни кўришга келганимни,
санъаткор бўлиш орзуйим борлигини, бунинг учун ҳамма нарсадан, жонимдан ҳам кечишим мумкинлигини айтган эди, хонанда
сигарета чекиб, деди:
– Яхши. Хурсандман. Лекин Чингиз ака у сизни кўришга келган, менимас.
Боринг, хонангизда гаплашинг.
– Маҳлиё, балки бир-икки оғиз тилак билдирарсиз?
– Нима?.. Ўзиям «таранг нарса» экан, доим шунақасини орзу қилиб юрардингиз. Боринг, тилакларни ме-
нинг номимдан айта қолинг. Ахир, продюсерсиз!
– Маҳлиё… – деди Чингиз ака
эзилиб.
– Бундай соҳибжамол хонимни
умрим бино бўлиб кўрган бўлсам, шу ердаёқ тил тортмай ўлай, – деди хўппасемиз қилт этмай ўтирган кўйи. –
Актрисалик уқуви бўлса, Чингизбой, кастингимизга олиб келинг, янги фильмимга жуда мос шекилли.
– Ўртангизда нимадир бўлмаса, минглаб мухлислар ичидан уни ҳузуримга олиб кирармидингиз?! –
деди Маҳлиё Фозилова. – Отингиз нима, синглим? Узр, шунақа асабий, қўполманки, бу менинг айбим эмас! –
Хонанда менга энди тик боқди. – Исмингиз деяпман?
– Зарнигор.
– Зарнигор, чекасизми?
– Йўқ, – деб довдирадим.
– Ичмайсиз ҳам, юрмайсиз ҳам, минг хил мақомга кирмайсиз ҳам!
Шундоқми? Жуда яхши-да! Ҳойнаҳой эшик орқасида куёвингиз турган бўлса
керак? Маслаҳатим, куёв йигитни санъат деб тасаввур қилинг! Оила эса
ижод маҳсулингиз! Мухлислар эса ҳамиша топилади, ғам еманг! Бу дунёда бир оғиз ғийбатингизни қилган
ҳам, ҳавасу ҳасаддан ёнган ҳам бирдек мухлисингиз! Мухлис деганда ана
шунақа тоифаларни тушунаверинг. Сиз
ҳақингиздаги энг бадбўй миш-мишни ҳам мухлислар тарқатади.
Тушунарлими?.. Келинчакмисиз?
– Ҳа.
– Халқнинг эмас, куёвингиз билан қайнота-қайнонангиз нинг хизматини қилинг! Ўшалар сиз учун халқ!.. Омон
бўлинг, сингилжон!
Чиқиб кетаётгандик, Маҳлиё
Фозилованинг яна бир қўпол гапи юрагимни тешиб юбораёзди:
– Чингиз ака, кейинги сафар
сўкиниб, сигарета чекаётганимда эмас,
душда ювинаётганимдами, кийим алмаштираётганимда ми, одам олиб киринг, майлими?!
Йўлакда Чингиз ака минғиллади:
– Жуда қўпол-да шу Маҳлиё! Сал этикага риоя қилса бўларди. Эшакка
ўхшаб, тумшуғи кўтарилдими, фақат ҳанграйди. Юргандинг ўн йил аввал маданият уйларида пианино чалиб!
Кимсанни тополмай аланглагандим,
бино қўриқчиси йўлак бошига ишора қилди:
– Куёвингиз анави ерда.
– Зарнигор, – деди Чингиз ака, – кўрдингиз, ҳамма санъаткорлар ҳам сиз
ўйлаганча эмас. Менимча, куёв билан Тошкентга келиб, санъат ҳақида ширин хаёллар суриб юрибсиз. Санъаткор бў-
лиш учун қанча ҳаракат, қанча пул, мустаҳкам асаб, қаттиқ меҳнат керак.
Маҳлиёдек хотинлардан
шаллақиликни ҳам бир чимдим ўрганиш зарар қилмайди. Буларга
чидармикансиз?
– Жон деб чидайман, Чингиз ака, лекин мен… афсуски, қишлоқда яшайман. Сиз борган қишлоқ туман
маркази биқинида эди, шаҳардай гап.
Эримнинг қишлоғи эса ўттиз километр ичкарида, тоғ орқасида, одам оёғи
етмаган жойлар… Тошкентга биринчи марта келишим, балки шу охиргиси ҳам бўлар. Шунчалик орзу қилгандим
Тошкентда яшашни, хонанда
бўлишни…
– У ҳолда… энди нима қилмоқчисиз?
– узрхоҳ жилмайди продюсер. – Сизни Тошкентга кўчиб келмоқчи, ишламоқчи деб ўйлабман.
– Йўқ, кўчиб келолмаймиз...
– Манави хонага кирайлик.
Кирдик. Бошқа ҳеч ким йўқ эди.
– Агар куёвингиз рози бўлса, – деб сирли оҳангда гап бошлади Чингиз ака,
– сизга баъзи йўл-йўриқларни
кўрсатаман. Куёв қаерда ишлайди?
– Ҳеч қаерда. Уйда мол-қўйлари бор, чорва билан тирикчилик қилади.
Йўл-йўриғингизга у ҳам, қайнонам ҳам ҳеч қачон кўнишмайди. Қайнонам
магнитофон эшитишга, тўйда аёллар билан ўйнашга зўрға рухсат берадию, артист бўлишимга қўядими! Жудаям
қийналиб кетдим, Чингиз ака. Ўша тўйда маст эркаклар пул қистиргани учун отам куёвга узатиб юборди,
Камчаткага тушдим! Энди нима қилсам экан, деб бошим қотаяпти. Шундай
яшайвераманми хор бўлиб? Ё
ажрашиб кетсаммикан?
– Дарров-а? – деди Чингиз ака.
Назаримда, у қувонгандек бўлди.
– Санъатнинг кучини ҳис қилаяпман, кўзимга оила ҳам кўринмаяпти.
– Кўп сиқилманг. Биласизми,
ютуғингиз нима? Сиздан ажойиб тўйбоп артист чиқади! Дугонангизнинг
тўйида кўриб, оғзим очилиб қолган!
Ўшандан бери сизни ўйлайман! Боя саҳнада ҳам сиз ҳақингизда гапирдим!
Лекин бизнинг қизларнинг ҳаммаси ҳам эркин қуш эмас, эгалари бор: отаси, тоғаси, ака-укаси, эри! Сиз ҳам
шундай!.. Агар санъатга кирсангиз борми, миллионер бўлиб кетишингиз
ҳеч гап эмас! Шундай санъаткорларни
кўраяпмиз, аслида халқ артисти, лекин
тўйи йўқ. Мана, Маҳлиё! Унинг ҳам даври ўтмоқда, одамлар тўйга кам чақираяпти! Қанийди куёвни
кўндириб, Тошкентга келсангиз, студияда икки-учта қўшиғингизни ёзиб, радиоларда «айлантириб», кейин тўйларга одамларнинг ўзлари чақирадиган қилиб олсак.
Санъаткорнинг тирикчилиги тўй билан!
Тўйдан пул топиб турсангиз,
телевидениега чиқасиз, клиплар ишлайсиз, янги-янги қўшиқлар ёздирасиз. Пул бўлгандан сўнг у ёғи ўз-
ўзидан юришиб кетаверади.
– Уй-чи? – соддадиллик билан
сўрадим.
– Уйдагиларми? Уларни
кўндирмоқчимисиз ё ажрашиш ниятингиз қатъийми? Санъаткор учун
оила керак, лекин, тўғрисини айтсам, Зарнигор, ҳали ёшсиз, оила жуда катта
роль ўйнамайди…
– Тошкентдан уй олишни айтаяпман.
Ижара ҳақи жуда қиммат деб
эшитганман, уй сотиб олишга пулимиз йўқ…
– Ўзингиз ҳам шоколодсиз, гапингиз ҳам! Оббо сиз-ей!.. – кулиб юборди
Чингиз ака ва қўлларимдан тутди. – Отангиз қаториман, қўлингизни ушлаб
гапираётганимни нотўғри тушунманг.
Агар санъатга кираман, десангиз, телефон рақамимни бераман, устозлик
қиламан. Бу масалада бир тўхтамга келсангиз, фақат менгагина қўнғироқ
қилинг, хўпми? Эсонбой курсдошимга ҳам бир оғиз гапирманг! Улар бизни
тўғри тушунмаслиги аниқ! Шоу- бизнесда ҳеч кимга ишониб бўлмайди.
Ҳеч қайси бири артист бўлиб ном қозонишингиз учун бекорга пул тикмайди. Бу гапни умуман ёддан
чиқарманг, тушундингизми?.. Уй дейсиз-а! Ҳар куни бир минг-икки минг
доллар тушиб турса, данғиллатиб
ҳовли қурасиз, Чорвоқдан дала ҳовли оласиз, «Ласетти», «Мерс» – нима хоҳласангиз, минасиз. Мен кафолат
бераман, Зарнигорхон!
Йўлакдан Кимсаннинг овози келди:
– Улар қайси хонада, ака?
Қўриқчи йигит жавоб берди:
– Бу хонада шекилли.
– Хўжайиним… – дедим юмшоқ ва илиқ қўллардан оҳиста суғурилиб
чиқарканман. – Хайр, Чингиз ака.
– Гаплашамиз. Телефон қилинг.
Чингиз ака телефон рақамлар
ёзилган қоғозчани узатиб, кўз қисдида, боравер, дегандек имо қилди.
Ширин жилмайиб бармоқ учларини қимирлатиб, хайрлашдим.
Ишонасизми, шунда юрагим ғалати энтикиб кетди. Чингиз акани аввалгидан беш баравар ёқтириб қолгандим. Шу кеч Кимсаннинг
қариндошиникида тунадик. Намозхон одамлар экан, оиламизда ҳеч ким
ибодат қилмаслигини эшитиб, панд- насиҳатлар билан миямни ачитиб
юборишди. Ёстиққа бош қўяр эканман, на панд-насиҳатни, на шаҳри азимда
таҳсил олаётган синфдошим Шоҳрухни ўйладим. Тушимга саҳна кириб чиқди.
Концертдан сўнг либослар хонаси олдида бир неча басавлат эркак
қўлларида машина калитларини ўйнатиб турганмиш. Чингиз ака
қувончдан терисига сиғмай дебди:
«Бойваччалар тўйга айтиш учун
навбатда турибди, Зарнигор! Икки минг доллардан!.. Биласанми, агар
санъат йўлини танлаб, кўп нарсадан воз кечолмага нингда, икки минг
долларни умр бўйи қўлингга ҳам ушламасдинг!.. Бу ҳафта тушган пулларга қайси бирини оласан: уйми, машинами?..»
Она қишлоғи Чангакка келгунча Кимсан қовоғини очмади. Мендан
ёмон аразлади. Яхшиям, синфдошлари каби қаҳри қаттиқ эмас. Йўқса,
Тошкентдан тобутда қайтармидим.
Ҳар ҳолда анойи эмасдим. Чингиз ака билан хонада ёлғиз қолганимни, қўшиқчилик касби ҳақида гаплашганимни, ташриф қоғози берганини сир тутдим. Тушимни-ку
сувга ҳам айтмадим. Шу-шу Тошкент сафари ҳаётимни ағдар-тўнтар этиб, эсу дардим санъат бўлиб қолди.
Бурунги кунларда рўзғор ишларига эпсиз эдим, энди эса қўлимни совуқ
сувга ҳам урмай қўйдим. Яхшиям, иккиқат эканман, баҳона бор: бошқоронғилик.
💥 Уйга қамалиб олиб, яширинча қўшиқ
хиргойи қилардим. Гулчеҳра ҳамма юмушларни дўндириб, мени бало- қазолардан бирмунча вақт сақлаб
турди. Узунқулоқ гапларга қараганда,
қайнонам қўни-қўшниларга: «Қариндош билан қуда бўламан деб, мен
шўрлик энди улардан бутунлай жудо бўлмасам эди. Бу келин роса куйдираяпти! Умуман келинлиги йўқ!
Чиройига нон ботириб емайман-ку!»
деб нолиётган эмиш.
Бошимга шармандалик тушмасидан бир ойча аввал қайнонамнинг хонасига
кириб, шундай дедим:
– Эна, сезиб юрибман, мени нотўғри тушунаяпсиз. Сиз ўйлаганчалик эпсиз
келин эмасман. Отамнинг ҳам
эркатойи бўлмаганман. Айбим – яхши яшашга интилиш, бошқа айбим йўқ менинг!
Қайнонам дарров қовоқ уйиб,
кўзимга ташвишманд тикилди. Бу нигоҳда ғазаб ўти гуриллаб ёнмоқда эди.
Чангак аҳлининг шу тахлит феълига на йиғлашни, на кулишни билардим. Танқид
ёки бошқа бир аччиқроқ ҳақиқатдан оғиз очдингизми, ўзларини худди
уриш эшитаётгандек ҳис этишарди.
– Сени қачон эпсиз келин, отасининг эркаси дебман? Ҳали туҳматларинг
ҳам бормиди? Кун бўйи бекорчиликда нима қилади десам, гап кавлаб
ўтираркансан-да?
– Туҳмат қилмадим-ку, эна, сезиб юрибман, деяпман. Илтимос, мени бекорчи ҳам деманг. Сиз билан нима
учун бирор нарсани бемалол
гаплашишнинг иложи йўқ? Дарров одамнинг ёмон томонини кўриб, гапни
ҳам ёмонликка оласиз. Олдингиздан бир ўтай, маслаҳатлашай, гапим
ичимда ётмасин, деб кирдим.
– Гапни ўшшакдан бошлама! Тўғри гапир, тушунаман! Мен одамман, тоғнинг бошида юрган девона эмасман… – Қайнонам эзмалик билан
эътирозлар билдиргач, ип йигиришдан тўхтаб, урчуғини тиззасига қўйди. –
Гапир, нима дейсан?
– Иғво қўзғаш ниятим йўқ.
Яшашимиз ҳақида сизга гапирадиган гапларим бор…
– Яшашимизга нима қилибди? Қани, эшитайлик-чи.
– Тонг-азонда сигир соғишим, енг шимариб таппи қилишим, қўл куви пишишим, уйдаги ҳамма шарт- шароитга «аввалдан шундай эди,
бундан кейин ҳам шундай бўлади», деб чидашим, кўникишим шарт эмас.
Бутун умрни шунақа ҳаётга
бағишлашим ҳақида ўйласам, тўғриси, қўрқиб кетаман. Эна, хафа бўлмангку-я, ҳаммаларингиз: сиз ҳам, шу
қишлоқдаги одамлар ҳам қотиб қолгансизлар, ҳаёт шу деб ўйлайсизлар. Саҳарлаб турмасдан, эртадан қора кечгача ишламасдан,
жонни кўп қийнамасдан ҳам яхши яшаш мумкин-ку. Урчуқ йигиришнинг эса умуман кераги йўқ. Нариги
қишлоқдаги тўйларга эшакда борасиз, эшак миниб юриш уят эмасми? Ўз кунимизни ўзимиз таппига қолдираётганимиз-чи? Нима, дунёда газбаллон деган нарсалар йўқми?
Балки шаҳарга, район марказига кўчиб кетиш керакдир? Бутун дунёда
одамлар шаҳарга интилиб яшайди. Бир вақтлар мол-қўйдан бошқа
тирикчиликни билмаган одамларгина бунақа жойларга ўрнашган…
– Тўхта! Камбағалсизлар,
уйларингизда яшаб бўлмайди,
демоқчимисан? Авваламбор, Худойга шукр қилсанг, биринг икки бўлади.
Кейин ўнг қулоғинг билан ҳам, чапи билан ҳам эшитиб қўй: бева бошим билан икки фарзандни ҳеч кимдан кам
қилиб қўйганим йўқ. Қишлоқнинг бойи
бўлмасак-да, энг яхши
оилалариданмиз. Ҳм, ана шунақа!
– Туғилган жойим деб бир умр шу ерда яшаш шарт эмас. Балки шаҳарда
яшаса, одам ўзидаги…
– Кимсанжон айтганди, – гапимни шартта кесди қайнонам, – шаҳарда
яшаш азалдан орзуйинг экан. Мен тирик эканман, ҳеч қачон шаҳар-паҳар
деган гап кетмайди.
– Ундай деманг, шаҳарда аввал бир яшаб кўринг. Ҳаёт бутунлай бошқача.
– Сен шаҳарда яшадинг дейлик, кунингни қандай кўрардинг? Кўчада
писта сотармидинг?
– Олдингиздан бир ўтай, деб шу ҳақида гапирмоқчийдим-да. эна.
Тошкентга, концертга борганимизда
катта артистлар, артистларнинг
продюсери билан учрашдим…
– Эшитдик. Сағана қолгур, аёл боши билан сўкиниб гапираркан, сигарет
чекаркан.
Кимсан кўзимга яна бир марта
хотинмижоз бўлиб кўринди. Ҳамма гапни онасига айтадиган йигитларни
жинимдан ортиқ ёқтирмасдим.
Писмиқ! Мижғов!
– Улар менда талант бор, дейишди…
– тишимни тишимга босиб сўзладим.
– Ё Баҳовуддин!.. – Қайнонам
ёқасига туфлади. – Ростдан Тошкентга бориб, артистлик қиламан, деб ўйлаб
юрибсанми? Вой, шарманда!
Шўргинам бор!.. Бу гапни бир айтдинг, иккинчи айтма-е, калланг қурсин!
Отангга бир арз қилмасам, юрган эканман ана тузалар, мана тузалар,деб!
– Тошкентга демаяпман-ку…
– Тошкентдами, бошқа гўрдами, артист бўламан, деяпсан, шундайми? –
тутаб кетди қайнонам. – Шунинг учун миямни қотириб ўтирибсанми?
– Ўзимизнинг районга кўчиб борсак, ижодни бошласам, ўғлингиз доим ёнимда бўлади, мен билан бирга ишлайди. Кун-кун ора сиздан хабар
олиб турамиз. Нимаси ёмон?
– Биттаю битта келиним отарчи, яллачи, Худо қарғаган ўйинчи…
– Эна, қўйинг шунақа гапларни!
Артист дегани ўғри-ғар дегани эмас!
Бировнинг касбини билмасдан
ёмонлаш гуноҳ, намозхонсиз ахир!
Уларнинг орасида пок юрганлари кўп!
Нега бунча гур-р этиб
оловланаверасиз-а?! Кўрасиз, тез орада машҳур бўп кетаман. Бир кунда уйга икки минг долларлаб пул
тушадиган бўлади ҳали! Бу – ҳар куни тўртта сигирнинг пули дегани! Тўртта сигир ҳар куни-я! Бир ойда қанча
бўлишини биласизми? Ўйлаб кўринг!
– Ўйлаб кўрмайман! – қичқириб юбораёзди қайнонам. – Эсингни ****,
тентак бўп қопсан! Эртагаёқ отангга бориб, ҳамма кирдикорингни бир
бошидан айтаман!
Ростдан ҳам эртасига отамнинг
олдига бордик. Бироқ аҳмоқона даъво юзасидан эмас, отам инфаркт бўлиб,
шифохонага тушиб қолганди. Қўни- қўшнилар: «Ойдеккина хотинга айланибсан, чақалоғингни эсон-омон
қўлингга оливол», деб ўргилиб-
эврилиб парвона бўлишди. Кечки овқатдан кейинги суҳбатда қайнонам
онамга деди:
– Зарнигордан хафа эмасман,
бизнинг қишлоққа, рўзғорга энди-энди ўрганаяпти. Лекин… шу бир орзуси бор, ҳеч ташламаяпти-да.
– Муштдайлигидан артист бўламан, деб куйдирарди, – деди онам. – Яна
бошламадими ишқилиб?
Мен эса миқ этмай алам билан бош эгдим. Ҳарҳолда қайнонамнинг
олдида онамни қопишга бурунгидек журъат этолмадим.
– Келиним, қизим ёки синглим тугул, – деди қайнонам, – ҳатто қўшнимнинг қизи артист бўлса, эл орасида
бошимни кўтариб юролмайман.
Зарнигор эса шаҳарга кўчайлик, районга кўчайлик, артистлар кунига
фалон пул топади, дейди. Ўзингиз ҳам бир нима деб қўйинг. Бегона эмасмиз.
Томир бойлашайлик деб қуда бўлдик, у эса… ҳеч тушунмайман шу орзусига.
Қиз нарсанинг… келиннинг артист бўлиши… Худойнинг бизга раҳми келсин, деб намозларимда илтижо
қиладиган бўп қолдим. Эл-юрт олдида юзимиз ерга қарамасин дейман.
– Зарнигор, – пешонаси ажинга
тўлган онам менга ўгирилди, –
отангнинг ҳолини кўраяпсан, инфаркт ўйинчоқ эмас. Агар шу гапларни эшитса, ўлдирасан-қутуласан! Ўлмаган
тақдирда ҳам… – онамнинг овози қалтиради. – …ўлмаган тақдирда ҳам сени… сени оқ қилиб юборади!
Эшитаяпсанми?.. Бир гал менга шундай деганди… Энди тўйда қўшиқ айтмайди, деб йиғлаб-ёлворганман.
Нима етишмайди сенга?
– Вой ўлмасам! – қайнонамнинг
кўзлари ола-кула бўлди. – Аввал тўйларда қўшиқ айтармиди?
– Худо сақласин-е, опа! – соддагина онам ёқасини ушлади. – Бир
дугонасининг тўйида қизлар
ялинавериб, ҳоли-жонига қўймаган, шундан сўнг бир жуфтгина айтган.
Отаси эшитибоқ эрга бериб қутуламан, деб эди. Мана, қизим энди сизники!
Маҳкам ушланг-да-қўйинг! Қўшиқ айтаман деса, айтгизманг. Ўлса ўлсин,
қўшиқ айтмасин!
Қайнонамни ўй босди.
– Мактабда фаол эди, – деди онам ранг-рўйи оқаринқираб. – «Қувноқлар ва зукколар»ми, Янги йил, Наврўзу
линейками, ўртага шу чиқарди. Мактаб билан тўйнинг фарқига бормаган-да ёш қиз! Агар ҳамма шаҳарда яшаса,
ҳамма артист бўлса, ҳамма кунига жарақ-жарақ пул ишласа, дунё дунё
бўладими, опа?!
Кутилмаганда шайтон қитиқлаб,
кулиб юбордим.
– Нега куласан? Жийда-пийданинг
тагидан ўтдингми? – аччиқланди онам.
– Энг яқин қариндошларимизнинг
тўйида битта-битта қўшиқ айтай, илтимо-о-с, – дедим қувлигим тутиб. –
Икковингиз икки ёнимда қўриқчи бўлиб турасизлар. Майлими? Қўшиқ
мен учун ҳаво, бўғиб қўймангизлар!
Ахир, икковларингиз ҳам радиодан аёл
артистларнинг қўшиқлари берилса, ёнбошлаб эшитасизлар-ку! Шунчаки
мени элнинг кўзидан
қизғанаяпсизлар…
– Сенга кулги бўлса, бас, – деди онам баттар хафа бўлиб.
Бироқ мавзу ўзгарди, гўёки уларни ўз шартимга кўндиргандек хурсанд
эдим…
Кун ўтган сайин қорним қаппая
бошлади. Кимсан тўнғичи ўғил
бўлишини жон-дилидан истарди. Мол- қўйларни боқишга дастёр бўлармиш.
Менинг ўғлим подачи-я?! «Бекор айтибсан, сўтак! Барибир сен билан
ажрашаман!» – дердим ичимда.
Қайнонам «ўғилми, қизми, фарқи йўқ, фарзандми, фарзанд», деса ҳам,
аслида ўғилдан мудгар эканини бекитолмасди. Бир куни алам билан дедим:
– Мен эмас, ўғлингиз санъаткор бўламан, деганида, ижозат берармидингиз? Албатта, ҳеч қандай
қаршиликсиз артистлик қиларди. Энди билдим айбим нималигини! Қиз бола
бўлиб туғилганман! Ҳаммангиз ўғил орзу қиласиз! Қизим туғилсин, санъат
институтида ўқитиб, артист қилмасам...
– Э, жағингни юмасанми, йўқми?! – портлаб кетган қайнонам қўлидаги
урчуқни отди, юзимни тўсишга зўрға улгурдим. – Артист, артист, ўл артист!
Бор, катта кўча! Чиқ-да, дуч келган эркакка осилиб қўшиқ айт! Бошимга битган бало бўлдинг-ку, ер ютгур!
– Қарғаманг мени! Тирноқдай ҳам ҳаққингиз йўқ қарғашга! Бу ерда яшаганимдан кўра ўлганим минг марта
яхши!
Аввал Гулчеҳра чопиб кирди,
хонамга етаклади, кейин Кимсан ранги гезариб остона ҳатлар-ҳатламас менга
бақира бошлади. Роса бақир-чақир бўлди. Нарсаларимни бир сумкага
солдим-да, жўнавордим. Йўл бўйи кўз ёшларимни тиёлмадим. Эрдан
ажрашиш оғир эканини илк бор юракдан туйдим, аммо тарозининг иккинчи палласида санъат турарди,
ялтироқ ва қимматбаҳо. Тезроқ ажрашиб, тезроқ санъатга кирсам эди,
бундай аросат даврининг чўзилишидан эзилиб кетдим.
Автобуснинг орқа ўриндиғида бир эркак билан ёнма-ён ўтирдим.
Раҳмдиллик билан ҳол-аҳвол сўраган эди, қўлидаги телефонга кўзим тушди.
– Бир одамга қўнғироқ қилсам
майлими, амаки?
– Жоним билан, – деди у телефонни узатиб.
Сумкамдан Чингиз Давроновнинг ташриф қоғозини титкилаб топдим ва
рақамларни тердим. Назаримда, телефон эгаси ҳар бир ҳаракатимга,
ҳатто бармоқ учларимгача сер
солаётгандек туюлди. Чингиз ака ҳадеганда кўтаравермаганидан зиқ
бўлдим. Телефон эгаси баҳонада бунча зимдан қарамаса-я. Шунда хаёлимдан
«агар инсон енгил йўлдан юраман деса, қанақа оиладан эканию касбидан
қатъи назар юради, юрмайман деса, хиёнат жарлиги ёқасида қад ростлаган санъат қасрининг энг хавфли, энг чекка айвонида турса ҳам жарликка қулаб
тушишдан ўзини сақлай олади» деган
дабдабали ўй ўтди.
– Алло, ким бу? – деди Чингиз ака.
Телефондан шовқин-сурон, қаҳқаҳ кулгилар эшитилиб турарди.
– Мен… Зарнигор…
– Эшитилмаяпти!.. Зулхумор?
Кечирасан, мен «кампания» билан ўхшаб чекинар эканман, дедим ўзимга-ўзим.
Декабрда қуёш чарақлаб, кунлар илимлиқ бўлиб қолди. Қор Янги йил байрамидан сўнг ёғармиш, деган
мишмишлар тарқалди. Шундай кунда Чангакда ҳам катта келин тўй белгиланди. Тўй эгаси шинаванда
инсон эди, обрў ҳам талашарди.
«Ўғлимнинг уйланиши тарихда қолади,
Чангакда ҳали бунақаси бўлмаган, бўлмайди ҳам», деб Тошкентдан санъаткор чақиришга қарор қилди.
Бироқ пули етмади чоғи,
Самарқанддан хонанда ва раққосалар келишди. Бу тўйга қўшни келинлар
билан мен ҳам бордим. Раҳматли қайнотамнинг узоқ қариндошларидан
бири вафот этган бўлиб, қайнонам ўша ёққа кетган эди. Чангакда тўйлар кундуз ўтказилиш русум эди.
Куёвнавкарлик, ФҲДЁдан ўтиш, фотосалонга бориш кабилар бажо этилгач, келинни пешинга яқин куёвникида кутиб олишар, болқон
тутилар, ҳовлига кираверишда гулхан ёқилар эди. Тўй томошасига ҳам ёш-
яланглар асосан пешинда боришарди.
Бўш жойлар бор экан, хотин-халаж,
келинчакларни стол-стулга таклиф этишди. Ҳамманинг диққат-эътибори
давра тўридаги келин-куёвда эди, мен эса санъаткорларга, раққосаларга тикилдим. Тикилдиму улар ҳам тез-тез
менга кўз ташлаб қўйишаётганини
кўрдим. Мен учун завқли эди бу. Тез орада фикру хаёлим буткул уларга боғланди-қолди. Ҳар гал кўз ташлаганимда қувончдан кулгим
қистарди. Шу пайт орқада турган қизларнинг бири – шаддотроғи деди:
– Намунча ҳановлар бизга қарайди?
Нима, одам кўрмаганми?!
– Артист ҳам одам, – жавоб берди бошқаси, – қарайди-да!
Қизлар кулишди. Кўп ўтмай ўйинчи иккала қўлини пулга тўлдириб, давра
айланиб ёнгинамизга етди ва менга қўли кўксида салом берди.
– Ваалайкум! – қишлоқ қизлари мазах қилишди.
– Шунақа чекка қишлоқда
маъбудани учратамиз деб
ўйламагандик, – деди ўйинчи жувон.
– Маъбудаларнинг нимаси гўзал?! – гап отди шаддот қиз. – Улар ҳаттоки
пешанасига каптар гўнг ташлаб кетса ҳам тозалашга жони йўқ. Мулла бобом шундай деган, ҳа-а! Янгам эса
маъбудалардан минг чандон гўзал, билдингизми? Тенглаштирманг уларга!
– Мабодо телевизорга
чиқмаганмисиз? – деди қизларнинг гапига парво қилмаган ўйинчи.
– Йўқ, – беихтиёр қўлимни кўксимга қўйиб, жилмайиб бош чайқадим, –
чиқмаганман, опажон.
Очиғи, ўйинчининг гапи ҳайрону лол
қолдирган эди.
– Шу қишлоқда яшайсизми?
– Ҳа. Келин бўлиб тушганман, – деб жавоб бердим.
– Сиз, тўғриси… ҳайрон бўлмангку-я,
Дилижон эмасмисиз? Жуда
ўхшаркансиз.
– Қайси Дилижон? Хонандани
айтаяпсизми?
– Ҳа. Икки йил аввал «Кўзларингда
муҳаббат…», «Беоргина ёрим маним»,
«Сен, сен…» қўшиқлари билан машҳур бўлиб, шоу-бизнес оламидан бирдан
йўқолиб қолган қиз! Бировлар ўлган, бировлар чекка қишлоққа эрга тегиб,
санъатдан умрбод воз кечган
дейишганди. «Ўлган» деган гаплар ёлғонлигини билардим.
– Исмим Зарнигор. Икки йил аввал эмас, яқинда турмушга чиққанман. Сиз айтган хонандани эшитганман, лекин,
афсуски, у эмасман.
Қўшиқ тугаб, бир дам жимлик чўкди.
Ғафлатда қолган ўртакаш бир қўлида дафтар тутиб, микрафонга шошилди.
– Юринг, акаларнинг ёнига
борайлик, – деди ўйинчи. – Ўзингиз айтмасангиз, улар барибир менга ишонишмайди… Юрсангиз-чи! Нега
қўрқасиз? Қишлоғингиз-ку!
Қиз-жувонлар сафидан сирғалиб чиқдим. Бир пайт санъаткорлар ёнида
ҳаммаси билан кулиб-кулиб ҳол сўрашаяпман, «мен Дилижон эмас-
ман», десам, улар баттар ишонишади,
гоҳ чиндан, гоҳ ҳазилдан «йўғ-е, бизни алдаманг, ахир ашаддий мухлисларингизмиз», дейишади.
– Уни-буни қўйинг, қўшиқ
айтасизми? – деб сўради қўшиқчи ака.
– Биз энди сиздек телевизорга
чиқадиган даражадамасмиз,
машҳурлар ҳаётидан ҳам тўлиқ хабардор эмасмиз. Агар бу ерда яшашингизни билганимизда, аввалроқ
келиб зиёрат-пиёрат қилиб кетардик.
Ҳозир қўшиқ айтмай, илтимосимизни
ерда қолдирсангиз, қаттиқ хафа бўламиз.
– Майли, жон деб куйлардим! – дедим жўшиб. – Лекин қайнонам ҳам,
эрим ҳам рухсат бермайди. Ҳеч иложим йўқ.
– Э, мен рухсат олиб бераман!
Шундай бир юлдузни учратдик, нега рухсат ололмас эканман?! Бу қишлоқларда бирор келинга, қизга
ҳаддимиз сиғиб гапиролмаймиз,
одамлари тошбўрон қилиб
ташлашади-я! Сизни кўриб эса ҳамма қўрқинч унутилди!
Сўзга чиққан меҳмон тўй эгасини ҳам эргаштириб олганди. Айни шу он
тўй эгаси нечундир биз томонга кўз ташлади. Кўз ташладию юзи янада
чарақлаб, нима гаплигини
суриштирди. Кейин менга таъзим қилгудек алфозда:
– Келинжоним! – деди сузилиб. – Бир умр садағангиз кетай, шу одамлар
ҳам қўшиқчи эканингизни сезибди!
Қалбида санъат бор инсон ҳеч қачон уни пинҳон тутолмайди. Битта куйланг!
Биттагина!
– Ахир мен… – дея туйқус Кимсанни эслаб, тилим айланмай қолди. У
қаердадир – шу атрофда менга
қанчалар даҳшат билан тикилиб турганини тасаввур этдим. Эртага қайнонам ҳам хабар топади, кейин
отам!.. Ҳолимга маймунлар йиғламаса эди!
– Бир бошга бир ўлим, – кўз қисди тўй эгаси. Мастликдан қип-қизариб кетган эди у. – Шу келиним куйламаса,
тўйим бузилади, тамом-вассалом!
– Биламан, сиз Дилижон эмассиз, – қулоғимга шивирлади қўшиқчи, –
лекин сизни зўр куйлайди, дейишди, илтимос, эшитайлик. Бир жуфт қўшиқ
билан ҳеч ким ейилиб-кемтилиб
қолмаган, нега уяласиз?! Одатда хизматга келган санъаткор ҳеч қачон
нонини бировга бериб, ялинмайди. Кўраяпсиз-ку, мен ҳаваскорлар мухлисиман!
Тўй эгаси ўзи микрофонни олди.
Мени тўй аҳлига таништиргач, деди:
-- Чангакни кўпчилик чекка қишлоқ дейди, лекин бир ҳақиқат бор: санъат
чекка қишлоқларда ҳам барибир санъат! Яна шуни айтмоқчиманки,
санъат шаҳарда туғилади, деган қоида дунёнинг бирор жойида йўқ! Мен тўй
қилаётган эканман, тўйимда
қишлоғимнинг санъаткорлари ҳам куйлайди, раққосу раққосалари даврага чиқади… Ҳов Кимсан! Кимсан
қани? Чақиринглар бу ёққа! Эшитдим, келинимиз жудаям талантли экан,
уйдагилари эса рухсат бермасмиш!
Ҳой Рухсат чеча!.. Шу ердамисиз?
Исмингиз жисмингизга мос бўлсин-да, чеча!.. Келмаганми? Кимсан ҳам йўқми? Нима бало бўлган уларга?
Эримни ҳеч ким тополмади.
Кўнглимда ловиллаётган ҳадик ўти кучайди. Бироқ тўй эгаси қўлимдан тутиб, бир неча қадам олдинга бошлади, аввал санъаткорлар, сўнгра
тўй аҳли чапак чалиб, олқишлашди.
– Бунинг ҳеч уят жойи йўқ! – деди тўй эгаси томоғи йиртилгудек баланд
овозда. – Зарнигор келин куйлайди,
бошқалар ҳам навбати билан чиқади!..
Чангакликлар! Қолоқмисизлар?
«Йўқ» деган овозлар эшитилди.
Микрофонни олдим. Эй кўнгиллари санъатдан сув ичганлар! Мен маст эдим!
Олов ичига кириб бораяпманми, сув
ичигами, англолмасдим. Ҳамманинг кўзи
менда эди, мен эса ҳеч кимни кўрмасдим.
Яна микрофон қўлимда, яна давра меники, яна куйлаш сўралмоқда...
– Қайси қўшиқ? – пичирлади
кимдир.
– Дилижоннинг «Беоргина ёрим маним»…
Карнайларни ёрган куй тўлқини ҳаммани қалқитиб юборди.
Назаримда, рақсга тушмаган, ҳеч бўлмаганда, қарсак чалиб турмаган бирор ким қолмади. Гўё мисли кўрилмаган истеъдодли хонанда эдим,
қўл етмас юлдуз эдим, афсунгар қўшиқчи эдим. Куйладим, куйлайвердим!.. Гуноҳим учун
Кимсанга тўй эгаси жавоб беради, қишлоқнинг энг обрўли одами, дедим
ичимда. Яна бир кўнглим эса «ҳаммаси ёниб-кул бўлиб кетмайдими, отам оқ
қилса ҳам қўшиқ куйлайман», дерди.
Ҳар ҳолда дугонамнинг тўйидаги хатони такрорламасликка уриндим.
Пул узатганларга бош чайқаб,
қўлларини қайтариб ташладим, ёнимга
ҳеч зоғни йўлатмай куйладим,
куйлайвердим.
Учинчи қўшиққа ҳам талаб тушди.
Шунда ўша шармандали воқеа юз берди: бир қарасам, рўпарамда басавлат эркак бир сиқим пул узатиб
турибди. «Олмайман! Нари туринг!» деб ишора қилдим, мен томон яна бир
қадам ташлади, чекиндим. У бегона эркак эди, тўй эгасининг узоқ
қариндошларидан ёки
курсдошларидан шекилли. Нигоҳлари бунчалар совуқ, бунчалар беҳаё бўлмаса! Ахир шу қишлоқ келини эканим, отарчиларга алоқам йўқлиги
айтилди-ку, қайси калла билан хиралик қилмоқчи?..
Ва устимга пул сочиб юборди!
Чангак болалари пулларга
чумчуқлардек дув этиб ёпирилишди.
Тўсатдан эркак белимдан қучиб, кўтарди, оёғим ердан тизза бўйи узилди. Нақоратни айтиб бўлган эдим,
шўх куй карнайлардан сочилиб, тоғларни ҳам ларзага келтириб турарди, қанчалик шўх куй бўлмасин,
бир зумда бахтсизлик келтирувчи шовқин-суронга айланиб қолди.
Қичқирдим, қарғадим. Оёқларимни типирчилатиб, қўлларим ила унинг
елкаларига ура бошладим, қани қўйиб юборса! Без бўлиб тиржайганча мени
кўтариб ўйнай бошлади. Балки бу ўн сония давом этгандир, балки йигирма,
аммо асрларга чўзилиб кетгандек туюлди. Ҳеч ким қутқармади, ҳатто
Кимсан ҳам! Ширакайф эркак мени бир айлантириб, ерга қўйди. Тимдаламоқчи
бўлган қўлларимдан маҳкам қисиб, белимга қайириб олди-да, ёноғимдан
ўпди. Тўйхона кулгига тўлганини кўрдим,
одамлар учун мен томошага қўйилган ошқовоқ эдим гўё. Бировнинг устидан
ҳеч бир виждон азобисиз кулиш уларга жўн бир эрмак эди.
Ғала-ғовур, кулги, тўполонни ортда қолдириб, кўчага йиғлаб чиқдим.
Қайнсинглим ортимдан қувиб, зўрға етиб олди. Юпатмоқчи бўлди, аммо жуда-жуда кеч эди, қандай ҳам
юпатсин! Йўл-йўлакай эркакни қарғаб бордим. Энг ёмони, ҳозир қаерга қочишни билмасдим. Шундай бир
қопқонга тушган эдимки, ўлибгина қутулиш мумкин эди. Бироқ эримнинг
уйидан бошқа қаёққа ҳам қочардим?
Ҳар бир шармандаликдан сўнг ўлиб кетилаверса, саноқли одам қолади-ку
бу дунёда.
Ҳовлига яқинлашганимда рангим бўзарганини сездим. Изтироблар
исёни мени тез орада ****-битиришини
ўйлаб, қадамимни секинлатдим. Ким-
сан биздан аввалроқ етиб келиб, ниманидир бор кучи билан тарақлатиб
уриб синдирмоқда эди. Гулчеҳра ҳолимга қараб акасининг жазавасидан
қўрққанга йўйди чоғи, деди:
– Янга, юраверинг, акамга ўзим
тушунтираман.
– Нимани? – дедим талмовсираб.
– Қўшиқ айтганингизни, анави
песнинг қилиғини…
– Йўқ, қиз бола, тушунтирманг… Мен
барибир қўшиқ айтавераман… Бунақа қўрқиб яшагандан ўлганим яхши…
Қучоқласин, дебманми?! Устимдан пул сочсин,
дебманми?! Энди ҳаммалари
«қўшиқ айтмаса, шу иш бўлмасди», деб мени ейишади!.. Лекин мен
ейилиб қолмайман! Тўйдим!
Ҳаммасидан тўйдим!..
Кимсан болтанинг орқа томони
билан альюмин тоғорани кучи борича уриб, пачоқлаётган эди. Бизни кўриб,
болтани ошхона эшигига отди.
– Йўқол! Сен билан яшамайман,бузуқи! – деб бўкирди менга.
Тоғорага қарадим: тўйга боришдан аввал унга шимларини ивитиб
қўйгандим, ҳозир кийиб олганига эса лой сачраб, расво бўлган эди.
– Гулчер! – қичқирди Кимсан
синглисига. – Амакимникига шу кийимда ҳам кетавераман! Уйга қараб ўтир, энам билан келгунимизча уни
уйга киргизма! Энамни чақириб келиб, шу бугун ажрашаман! Бу ифлос энди
янганг эмас, эшитдингми?!
– Ҳимоя қилиш ўрнига ҳақорат… – дедиму гапиришдан фойда йўқлигини
тушуниб, гапимнинг яримини ютиб юбордим.
– Телефон қилайлик, ака, бориб юрасизми! – ялинди қайнсинглим. – Энам келгунича сизга тушунтириб
бераман…
– Телефон ишламаяпти!!! – Кимсан шундай бақирдики, бўғзидан чиққан
овоз бегона ва ёввойи эди. Кейин энг қўланса сўзлар билан сўкинди-да,
ҳовлидан югуриб чиқиб кетди.
Давоми бор.....
#ҚЎҒИРЧОҚхикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев