Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
КУНДАЛИК ЗИКРЛАР МАҚОЛАЛАР
Салавот нима?
Биз ҳар намозимизда Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот сўраймиз. Хўш, Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши деганда нима назарда тутилади?
Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши деганда нима назарда тутилиши ҳақда уламолар турли хил фикрлар билдиришган. Баъзилар Аллоҳ таолонинг салавотини Унинг раҳм-шафқати ва марҳамати, дейишса, баъзилар у зотни фаришталар ичида мақташи, шаънини улуғлаши, деб изоҳлашган. Бу ҳақда Абул Олия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиши у зотни фаришталар ўртасида мақташи, фаришталарнинг салавот айтиши эса у зотнинг ҳаққига дуо қилишларидир” (Бухорий “муаллақ” (6\120) ривоят қилган). Салавотларимизга Аллоҳ таолонинг мақтовга сазовор ва улуғ зот эканини айтиб якун ясашимизнинг сири шундаки, салавотда Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни фаришталар ичида мақташини сўраймиз. Шунинг учун салавотлар сўнггида Аллоҳ таолонинг мақтовга сазовор, барчадан улуғ ва ҳар турли санонинг ҳақиқий эгаси эканини айтишимиз ниҳоятда ўринли бўлади.
Салавот айтишнинг ҳукми нима?
Салавот айтиш баъзи ўринларда вожиб бўлса, баъзи ўринларда суннат ёки мустаҳаб бўлади. Масалан, ҳар бир мусулмон умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта салавот айтиши вожибдир. Шунингдек, Расулуллоҳнинг Расул, Набий, Пайғамбар, Мустафо каби сифатлари эмас, айнан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмлари айтилганида салавот айтиш вожиб бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилаётиб: “Омин, омин, омин”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч бундай қилмас эдингиз”, дейилди. Пағамбаримиз дедилар: “Менга Жаброил шундай деди: “Рамазон ойига етиб гуноҳлари кечирилмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омин”, дедим. Сўнг деди: “Ҳузурида исмингиз айтилганда сизга салавот айтмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омин”, дедим. Сўнг деди: “Ота-онаси ёки улардан бири кексайгунча бирга яшаб (лекин улар ҳаққини адо қилмай, оқ бўлиб), жаннатга киролмаган банданинг бурни ерга ишқалсин (яъни хор бўлсин)”. Шунда мен: “Омин”, дедим” (Аҳмад(“Муснад”: 2/254), Термизий (“Ал-жомеъ” (“Сунани Термизий”): 3539), Ибн Хузайма(“Саҳиҳи Ибн Хузайма”: 1888), Ибн Ҳиббон(“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон”: 2387), Бухорий “Адабул муфрад”да (“Адабул муфрад”: 646) ривоят қилган. Ҳадисни имом Аҳмад ва Термизий “минбарга кўтарилаётиб” қўшимчасисиз ривоят қилган. Мазкур матн Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга тегишли). Бундан бошқа ўринларда, масалан, азон ва иқоматдан сўнг салавот айтиш суннат бўлиб, бу ҳақда олдинги мақолаларимизда батафсил айтиб ўтган эдик. Қолган ўринлар ҳақида келгуси мақолаларимизда батафсил сўз юритамиз, иншааллоҳ. Намознинг охирги ракаатида салавот айтиш ҳам салавот айтишнинг суннат кўринишига бир мисолдир. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ҳузуримизга чиққанларида: “Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салом айтишни билиб олдик. Лекин қандай салавот айтамиз?”, деб сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига салавот айтганингдек Муҳаммад ва оиласига ҳам салавот айт. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан. Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммад ва оиласига ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан”, деб айтинглар” (Бухорий (6357) ривоят қилган).
Бу салавотинг арабча матни қуйидагича:
اللهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
Бу салавотинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадив ва алаа аали Муҳаммад, камаа соллайта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма баарик алаа Муҳаммадив ва алаа аали Муҳаммад, камаа баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд”.
Мазкур салавот ҳар намознинг охирги ракаатида, ташаҳҳуддан сўнг ва салом беришдан олдин ўқилади. Ушбу салавот ҳар намозда ўқилишининг ҳукми ҳақида уламоларимизнинг турли хил фикрлари бор. Тўғрироқ фикрга кўра, салавотни ўқиш намоздаги суннат амаллардан бири саналади. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қандай салавот айтиш ҳақида сўрашдан олдин: “Сизга қандай салом айтишни билиб олдик. Лекин қандай салавот айтамиз?”, деб сўраганларининг боиси улар “Аллоҳ ва фаришталари Пайғамбарга салавот айтади. Эй иймон келтирганлар, сизлар ҳам унга салавот ва салом айтинглар” оятида буюрилган салом ва салавотни намознинг охирги ракаатида айтиш деб тушунишган. Бунга Абу Масъуд Уқба ибн Амр розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадиси далил бўлади. Абу Масъуд шундай дейди: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб сўради: “Ё Расулуллоҳ, сизга қандай салом айтишни билиб олдик. Сизга қандай салавот айтамиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига салавот айтганингдек уммий (ўқиш ва ёзишни билмайдиган) пайғамбар Муҳаммад ва оиласига ҳам салавот айт. Аллоҳим, Иброҳим ва оиласига хайру баракот ато этганингдек уммий пайғамбар Муҳаммад ва оиласига ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан”, деб айтинглар”, деб жавоб бердилар” (Ибн Хузайма (711), Ибн Ҳиббон (1959) ҳамда Байҳақий “Кубро”да (2849) ривоят қилган. Насоий “Кубро”да (1209) ривоят қилган ҳадисда юқоридаги ҳадисда айтилган саҳобанинг исми Башир ибн Саъд экани айтилган). Мазкур салавотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак исмларидан олдин “уммий пайғамбар” қўшимчаси айтилган, бироқ салавотнинг биринчи қисмининг ниҳоясида “Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан” қўшимчаси айтилмаган. Шунга кўра, бу салавотнинг арабча матни қуйидагича бўлади:
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
Бу салавотнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадинин набиййил уммиййи ва алаа аали Муҳаммад, камаа соллайта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма ва баарик алаа Муҳаммадинин набиййил уммиййи ва алаа аали Муҳаммад, камаа баарокта алаа Иброҳийма ва алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд”.
Салавотнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор, жумладан:
Абу Ҳумайд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган кўриниши: “Аллоҳим, Иброҳимнинг оиласига салавот айтганингдек Муҳаммад ва у зотнинг хотинлари ҳамда зурриётига ҳам салавот айт. Аллоҳим, Иброҳимнинг оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммад ва у зотнинг хотинлари ҳамда зурриётига ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан” (Бухорий (3369) ривояти). Бу салавотнинг арабча матни қуйидагича:
اللهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَأَزْوَاجِهِ وَذُرِّيَّتِهِ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
Бу салавотнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва азваажиҳии ва зурриййаатиҳи камаа соллайта алаа аали Иброҳийма ва баарик алаа Муҳаммадин ва азваажиҳии ва зурриййаатиҳи камаа баарокта алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд”.
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган иккинчи кўриниши: “Аллоҳим, Иброҳим оиласига салавот айтганингдек Муҳаммад ва оиласига ҳам салавот айт . Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан. Аллоҳим, Иброҳим оиласига хайру баракот ато этганингдек Муҳаммад ва оиласига ҳам хайру баракот эҳсон айла. Албатта, Сен мақтовга сазовор ва улуғ зотсан” (Бухорий (4797) ривоят қилган).
Бу салавотинг арабча матни қуйидагича:
اللهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، اللهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
Бу салавотинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадив ва алаа аали Муҳаммад, камаа соллайта алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд. Аллоҳумма баарик алаа Муҳаммадив ва алаа аали Муҳаммад, камаа баарокта алаа аали Иброҳийма иннака ҳамийдум мажийд”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган кўриниши: “Аллоҳим, Иброҳим оиласига салавот айтганингдек банданг ва Расулинг Муҳаммадга ҳам салавот айт. Иброҳимга хайру баракот ато этганингдек Муҳаммад ва оиласига ҳам хайру баракот эҳсон айла” (Бухорий (4798) ривоят қилган).
Бу салавотнинг арабча матни қуйидагича:
اللهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ عَبْدِكَ وَرَسُولِكَ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ
Бу салавотнинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин абдика ва росуулика камаа соллайта алаа аали Иброҳийм, ва баарик алаа Муҳаммадив ва алаа аали Муҳаммад, камаа баарокта алаа Иброҳийм”.
Намоз ўқишда юқорида келтирилган зикрларнинг ҳаммасини бирлаштириб, салавотнинг “мукаммал” кўринишини ихтиро қилиш суннатга хилоф. Мазкур ҳадисларнинг барчасига амал қилиш истагида бўлганлар вақти-вақти билан ҳар намозда турли хил салавотларни айтишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Борди-ю, битта кўринишига чеклансалар, бунинг ҳам ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки мазкур кўринишларнинг ҳар бири саҳиҳ ҳадисларда келган. Шунингдек, мазкур салавотлар намоз охирида айтилиши керак бўлса-да, намоздан бошқа вақтда ҳам салавот айтмоқчи бўлган киши айнан шу кўринишларда айтса, салавоти янада мукаммал бўлади.
Фойда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишнинг маъноси Аллоҳ таолодан у зотни фаришталар ўртасида мақташини ёки у зотга раҳм-шафқат қилишини сўраш эканини юқорида айтиб ўтдик. Шунга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар ҳаққига ҳам салавот айтиш аслида жоиз бўлиши керак. Бироқ уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар учун алоҳида салавот айтишдан қайтаришган: баъзилари бу ишни ҳаром дейишган бўлса, баъзилари макруҳ санашган. Бунга сабаб қуйидагича:
Биринчидан: салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос хусусиятлардан бўлгани учун у зотдан бошқалар ҳаққига мустақил равишда салавот айтиш дуруст эмас. Исмоил ибн Исҳоқ роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Аҳкомул Қуръон” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган қуйидаги асар бунга очиқ далилдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққига салавот айтиш мумкин эмас. Мусулмонлар ҳаққига салавот эмас, истиғфор айтилади” (“Фатҳул Борий” (8\534)).
Иккинчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар учун алоҳида салавот айтиш шиа каби бидъатчи тоифаларга хос хислатдир. Шунинг учун ҳам бу ишдан сақланиш керак.
Танбеҳ: биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалар учун алоҳидасалавот айтиш мумкин эмас, дедик. Шунга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бошқаларни ҳам салавотга дохил қилиш дуруст. Масалан, юқоридаги салавотларда айтилганидек, Расулуллоҳга ва у зотнинг аҳли-оиласига, деб, аҳли-оиласини ҳам салавотга қўшиш мумкин. Лекин муайян бир кишини айтиб, “Али соллаллоҳу алайҳи ва саллам” ёки “Ҳасан соллаллоҳу алайҳи ва саллам” дейиш мумкин эмас, валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев