Аёл жуда қийналганди. Вафот этган эридан қолган озгина мерос аллақачон тугаган, болалари эса катта бўлмоқда. Уларни кийинтириш, овқатлантириш кундан-кунга қийинлашиб борар, аёл боши билан топган пули ҳеч нарсага етмасди. У ниҳоятда содда, баъзи бир аёлларга ўхшаб савдо билан шуғулланишга қобилияти йўқ, бошини қаерга уришни билмас эди. Мана бугун ҳам шу аҳвол, уйдаги камчиликларни тўлдириш учун зарур пул унда йўқ эди. Автобус бекатида турар, атрофни кузатарди.
Бир пайт унга яқин жойда бир такси машинаси келиб тўхтади. Таксидан бир киши тушди. Унинг ноодатий кийими, орқасига осиб олган ғалати сумкаси ажнабий эканлигидан далолат берарди. Бундайлар йул кира ҳақига яхши пул беришини биларди ва умид билан такси ҳайдовчиси томон юрди. Ажаб эмас, озгина ёрдам қилса.
-Ука, мени тиланчи деб ўйламанг, илтимос. Аллоҳ розилиги учун менга ёрдам беринг, мен очликдан ўлимга розиман, аммо, болаларимнинг қийналишларига чидай олмаяпман.
Кутилмаган бу мурожаатдан ҳайдовчи бироз тараддудланиб қолди. Киссасида пул бор, йўқ эмас, аммо, бу пулларни тишининг кавагида асраб юрганди. Машинасининг шиналари анчадан буён эскирган, янгилаш оддий такси ҳайдовчиси учун осон эмас эди. Бу пулларни рўзғордан орттириб анчадан буён йиғиб келаётганди. Уйига борса, ҳар куни хотини жаврайди. -Ҳой, дадаси, қачон алмаштирасиз, бу қуриб кетгур балонларни. Сал кечга қолсангиз, хаёлимга нималар келмайди, дейсиз. Қачонгача бунақа хавотирда ўтираман. Шу тахлит гапларни дарров эслади ва "ўзинг оғир аҳволда бўлсанг, ёрдам беришинг шарт эмас” деган шайтоний ўй кечди хаёлидан. Аммо, дарров "Пулни мана шундай пайтда ишлатмасанг, қачон ишлатасан. Пулинг кўпайганда, мана шундай мухтож инсонни топа олмасангчи? Аллоҳнинг розилиги қаерларда яширинган эканлигини қаердан биласан”, деб ўнг тараф фариштаси қалбини юмшата бошлади.
У чўнтагидаги бор пулини чиқарди ва ҳалиги аёлга берди.
-Олинг синглим, бу пул анча вақтга етади, кейин яна Аллоҳ бир йўлга бошлар, - деди-да, пул кўплигидан аёл қайтариб бериши мумкинлигини сезиб, дарров газни босди. Кун бўйи қулоқлари остидан аёлнинг "сиз менга ёрдам бердингиз, Аллоҳ сизга ёрдам берсин” деб дуо қилгани кетмади ва қалбида "Омин” деб такрорларди.
Уйга келгач, хотинига: -Янги балонла р келмабди, келиши билан хабар қиламиз, дейишди, -деб қўя қолди ва бир неча кун учун бу савол-жавобдан қутулди. Орадан бир неча кун ўтди, бир куни у уйига келиб хотинини манзил ёзилган қоғоз ушлаб ўтирган ҳолатда кўрди. -Бир одам келди, мана шу манзилни бериб, эртага боришингизни айтди. Машинангизга янги балон қўйиб берар экан. У ҳайрон қолди, ахир, ҳеч кимга бу ҳақида оғиз очмаганди. Эрталабгача қандай ухлаганини билмади, биринчи қилган иши ўша манзилга бориш бўлди. Балон учун эмас, қизиқиш уни етаклаб борганди. Манзил ёзилган қоғозни кутиб олган кишига берар экан ҳайронлиги икки баробар ортди. Мезбон "ўша такси ҳайдовчиси сизми” деб қучоқлаб олди, кейин йиғлай бошлади.
-Уч кундан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушимга кирадилар ва менга, "мана шу манзилдаги бир такси ҳайдовчисининг балонларини алмаштириб бер ва бунинг эвазига менинг шафоатимга эга бўлгин”, дейдилар. Эй биродар, сиз қандай хайрли иш қилдингизки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч кундан бери мени бу ишга буюрмоқдалар. Энди йиғлаш навбати ҳайдовчига келганди. Кўзларини юмди, қалб кўзи билан пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ризолик тўла нигоҳларини ҳам, йўлдаги аёлн инг миннатдорчилик уфуриб турган кўзларини хам бир лавҳада кўриб, ҳис қилиб турарди. Қулоқлари мезбоннинг тинмай "Субҳаналлоҳ” деяётган сўзларини эшитмас, аёлнинг "Аллоҳ сизга ёрдам берсин” деган сўзларини қайта-қайта хаёлида жонлантирар, дуодаги "ёрдам” калимасини аёл қанчалик кичик маънода ишлатган бўлса-да, бу сўз нақадар кенг маънода самода қабул қилинганлигидан ҳайратда эди.
Ҳанифа
Насиб бўлса келар...
Ёш йигит Каъбада туриб фақат:
"Эй тўғриларнинг, ҳаромдан ҳазар қилган бандаларининг ёрдамчиси - Аллоҳим, Сенга ҳамду санолар бўлсин!" - дея такрорларди. Ёнидаги кишилардан бири ҳайратланиб сўради:
- Биродар, нега фақат 1 та жумлани қайтаряпсиз, бошқа сўрай
диган тилагингиз йўқми?
Йигит бир пас жим тургач, ўз ҳолатига шундай изоҳ берди:
- Бундан 7-8 йил олдин ҳам зиёратга келганимда, Каъбадан минг тилла танга солинган ҳамён топиб олдим. Ичимда васваса бошланди: "Олтинларни олу чўнтагингга сол.Энди улар сеники, истаганингча харжласанг бўлади..."
Лекин бу гаплар шайтондан эканлигини ўз - ўзимга уқтирдим: "Йўқ, бу пуллар меники эмас, улардан фойдаланишим ҳаром".
Шу асно: " Ҳамёнимни йўқотдим, топиб олган борми?" - деган овоз эшитилди. Ҳалиги одамдан ҳамённинг таърифини, ичида қанча пул бўлганлигини сўрадим. Гапларидан ҳамён унга тегишлилиги маълум бўлди - омонатни эгасига топширдим. У менга суюнчи деб 30 тилла танга берди. Қўлимда пул билан бозорга йўл олдим ва у ерда бир асир болани мақтаб ситишаётгани устидан чиқдим. Бояги боланинг тоза - покизалиги эътиборимни тортди. Нархини сўрадим, 30 тилла эканини айтишди. Пулни бериб, асир болани сотиб олдим. Орадан бир- икки йил ўтди. Бола менга одоб ва садоқат билан хизмат қилди. Бир куни у билан бирга кетар эканмиз, қаршимиздан уч киши чиқди.
Шунда бола менга:"Хожам, сизга бир сирни очай - мен Фас амирининг ўғлиман. Келаётган кишилар эса отамнинг одамлари. Улар мени сотишингизни сўрайдилар, сиз яхши одамсиз, 30 минг олтиндан камига кўнманг. Қўрқманг, улар сизга зарар етказишмайди", деди. Шундай қилиб асиримни ўттиз минг тиллага сотдим. Бу пуллар билан катта тижорат бошладим ва тез орада бойиб кетдим. Шундай кунларнинг бирида яқинларим: "Обрўли бир оиланинг қизи бор, отаси яқинда вафот этди. Сени шу қизга уйлантирмоқчимиз", деб қолишди. Мен рози бўлдим. Тўй бўлди, никоҳ кечаси келиннинг сеплари орасида бир ҳамён диққатимни тортди. Рафиқамдан: "Бу нима?" - деб сўрадим.
У: "Отамнинг ҳамёнлари, ичида 970 тилла танга бор. Отам бу ҳамённи бир йили Каъбада йўқотган, топиб берган кишига 30 тангасини берган эканлар. Қолганини эса менга ҳадя қилиб, сепимга қўшганлар".
Қарангки, ўшанда Каъбада мен топиб олган оилтинлар аслида ҳам ризқим экан. Агар эгасига бермаганимда ҳаром йўл билан келган бўларкан. Демак, тақдирдан ўзгаси йўқ, насибдан бошқаси йўқ...
Менга ёрдам бериб, ҳаромдан сақлаган, мўл - кўл ризқ, неъматлар ато этган Парвардигоримга ҳамду санолар бўлсин!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев