Болалигимда саратонни қўшни болалар қатори
қишлоғимизни кесиб ўтган ариқда чўмилиш билан
ўтказардим. Тенгдош дугоналарим соя-салқинда
«меҳмон-меҳмон», «мактаб-мактаб» ўйнашса, мен
ўғил болалар билан кўча чангитиб, толмасдим. На
ойимнинг, на бувимнинг танбеҳларига қулоқ солар,
томдан томга, дарахтдан дарахтга сакраб юрардим.
Ойим бизни ёзнинг жазирамасида офтоб «урмаслиги»
учун деразаларига қалин парда тутилиб, қоронғу
қилиб қўйилган уйда ухлатарди. Қоқ пешинда ҳамма
уйқуга кетгач, ошналарим (уларнинг бари ўғил бола
бўлгани учун шундай атардим) билан Нурулло
бобонинг боғига борардик. Борардигу, аммо киргани
қўрқиб, ортга қайтардик. Ҳали мактабга ҳам чиқмаган
биз, болаларнинг эшитишимизга қараганда, бу қария
фашист, деган катта аждарҳони енгганмиш. Унинг
терисини уйининг деворига осиб қўйганмиш. Чолнинг
шунақанги қуроли бор эканки, бир ўқ билан филни
ҳам қулатармиш. Бўйи барчамиздан, ҳатто мендан
ҳам паст, аммо бўғирсоққина ўртоғимиз Муроднинг
онаси унга бу киши бир пайтлар қишлоғимизни
душманлардан ҳимоя қилганини, йигитлигида унга бас
келадиган полвон бўлмаганлигини айтиб берибди. Ҳар
гапининг бирида ойим билсалар нима бўлади,
дейдиган Азиз эса онасидан бу киши пешинда
ухламайдиган, овқат емайдиган болаларни
ёқтирмасликларини эшитибди.
Хуллас, кунларнинг бирида йиғилган «маълумот»ларга
аниқлик киритиш учун Нурулло бобонинг боғига
кирмоқчи бўлдик. Унинг фарзандлари ва неваралари
шаҳарда яшашади, ҳафтада бир маротаба келишади.
Бу қария эса кунини шу боғида ўтказади. Оппоқ
соқоли кўкрагига тегиб турса-да, унинг ер чопишига
баъзи йигитлар ҳавас қилса арзийди. Тахминимизга
кўра у қоқ пешинда барча каби ухлайди, шунда боғ
деворининг Азамат биргадирнинг ери томондаги
нураган жойидан кириб, ҳалиги аждар териси ва
қуролни кўрсак бўлади. Ойимнинг уйқуси етгунча,
ўзимни ухлаганга солиб турдим-да, сўнг ҳар
доимгидек нафасимни ичимга ютиб ташқарига чиқиб
олдим. Ҳатто оёқ кийимингдан ҳам ўтиб, оёғингни
куйдирадиган тошкўчадан юриб, болалар билан
деворнинг ўша нураган жойида тўпландик. Кимдир
осонгина, яна кимдир қисилиб-сиқилиб боққа кирдик.
Ҳайҳотдек боғнинг бир четида нима қилишни билмай
бир муддат турдик-да, сўнг излаганимиз боғ
ўртасидаги мўъжазгина уйда бўлса керак, деган ўйда
ўша томонга йўналдик. Омонатгина илиниб турган
эшик дастасини қай биримиз тортишни билмай турган
эдик, кимнингдир:
– Келинглар, болаларим! Хуш келибсиз! – деган
сўзларидан сапчиб тушдик.
Қаршимизда турган Нурулло бобони кўриб, дамимиз
ичимизга тушди. Қўрқувдан на йиғлашни, на
бақиришни билмай, донг қотиб турардик. У киши эса:
– Қаранглар-а, худди келишингизни билгандек ўрик
териб чиқибман. Ҳозир буни қудуқнинг муздек сувида
ювамиз-у сўнг еймиз, – деди дўпписидаги ўрикларга
ишора қилиб. – Қани, келинглар-чи мана бу сўрида
ўтириб туринглар, мен ҳозир ўрикни бир чайиб олай.
Зап кепсизлар-да бир ўрикхўрлик қиладиган бўлдик!
Каптарини учуриб юборган боладек не қиларимизни
билмай, беихтиёр сўрига қатор тизилдик. Барча
бошини қуйи солиб олган, кимнингдир қўли, яна
кимнингдир оёғи титрайди. Ҳаял ўтмай муздек қудуқ
сувида ювилган ўрик ҳам келди.
– Ҳа болаларим-а, болаларим, зап кепсизлар-да. Қани
ўрикдан олинглар, тортинманглар. Сизларнинг насибангиз экан, – деди қария юзи билан бирга
кумушранг соқолларига ҳам табассум тошириб.
Нафсини тиёлмаганидан семиз Мурод биринчи бўлиб ўрикка қўл узатди. Баъзиларнинг ўқрайиб қарашига
эътибор ҳам бермай, ўрикни паққос тушира бошлади.
– Сизлар нега емаяпсизлар? Ёки ўрик егани келмадингизми? – сўради Нурулло бобо.
– Биз аждар терисини кўргани келганмиз, –
ҳаяжонланиб деди оғзида гап турмайдиган Комил.
Барчанинг нигоҳи унга қадалди. У эса мен нима
қилдим, дегандек елкасини қисиб қўйди.
– Қанақа аждар териси? – ажабланди бобо.
– Сиз фашист деган аждарҳони ўлдириб, унинг
терисини олиб келган экансиз, – дедим мен боядан
бери бир тўда ўғил болаларнинг орасида билинмай
турганимни кўрсатиб.
– Вой қақажон-е, сен нима қилиб юрибсан буларнинг
ичида? Ботир қассобнинг кенжасимисан? Қани, бери
кел-чи, – дея Нурулло бобо мени тиззаларига ўтқизиб
олдилар. – Қани, энди гапир, ким айтди буни сенга?
– Бувим айтганлар. Ёки ёлғонми? Сиз аждарни
ўлдирмаганмисиз?
– Йўқ, рост, ўлдирганман.
– Терисини ҳам олганмисиз?
– Ҳа, олганман.
– Унда қаерга қўйгансиз?
– Ёқиб юборганман.
– Нега?
– Номи бу дунёдан ўчиб кетиши учун, сизларга хавф
солмаслиги учун.
– Уни ўқ отадиган қурол билан ўлдирганмисиз? – дея
саволларимни бир-бирига улайвердим. У кишининг
тиззаларида ўтириб, юзимни қитиқлаётган
соқолларини ўйнаш менга ёқиб қолганди.
– Ҳа, шунақа
– Уни қаерга қўйгансиз?
– Уни ҳам ёқиб юборганман.
– Нимага?
– Сизларга бошқа керак бўлмасин, деб. Тинч ва озод
яшанглар, деб.
– Ҳмм... Агар ўшанақа аждар яна келса, бизни ким
ҳимоя қилади?
– У қайтиб келмайди. Унинг қайтмаслиги учун кўплар
қайтиб келмаган.
– Бу нима дегани?
– Катта бўлганингда тушунасан.
– Қачон катта бўламан?
– Мана бу ўрикдан кўпроқ есанг, – деди Нурилло
бобо менга ўрик тутиб.
Чиндан ҳам улғайганимда, китоблардан Нурилло бобо
олишган аждарнинг аслида ким бўлганини-ю у гувоҳ
бўлган урушнинг даҳшатини ўқиганимда англаб етдим.
Ўша воқеадан сўнг биз тез-тез у кишининг уйига
борардик, қизиқарли ҳикояларини тинглардик. Ҳозир
эса ўша ҳикоялар орқали Нурулло бобо бизни тинчликни қадрлашга, ҳурликни шарафлашга
ўргатганини ҳис этаман.
– Сизларнинг бу ердалигингизни биров биладими?
– Йўқ, – дедик бир овоздан.
– Вой, тинчликдан бошқасини кўрмагурлар-э, бу нима
қилганларинг. Шу жазирамада ухласаларинг
бўлмайдими?
– Сиз пешинда ухламайдиган, овқат емайдиган
болаларни яхши кўрмайсизми?
– Буни ким айтди?
– Азизнинг ойиси.
– Тўғри айтибди. Энди туринглар, мен сизларни уй-
уйларингга элтиб, эгаларингга топширмасам, кўнглим
жойига тушмайди...
гурухга ФАХРИДДИН киритди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4