Ёнингга шошардим кунда, кунора,
Кўзингга термилгим келарди бот-бот.
Бирга яшар эдик севинч, мунг аро,
Гўёки айрилсак, тугарди ҳаёт.
Ғишт каби терилган кунлардан девор
Тикладими уста қисмат бўш жойда –
Ҳафтада кўриша бошладик бир бор,
Кўриша бошладик сўнгра бир – ойда.
Фасллар алмашди қувноқ ва маъюс,
Мавсумлар ўзгарди мағзи тўқ ва пуч.
Ниҳоят, зорланиб келдик юзма-юз,
Тақдир бизни йилда бир бор қилди дуч.
Парранда, дарранда шаклига кириб,
Ҳижрон юкин тортди сўнг неча мучал.
Қанотли ҳисларга узоқ тикилиб,
Сездик, севгимиз ҳам самога учар.
Ҳолимизга ҳайрон дўст-да, душман-да:
Нечун торлик қилди бизга бу олам?
Учраша бошладик кейин тушларда,
Сўнгра… тарк айлади бизни тушлар ҳам.
Эски тақвим узра умр сарғариб,
Бузуқ соат ичра ғойиб бўлди вақт.
Ҳувиллаган қалбга сиғмасдан ғариб,
Замону маконсиз қолди етим Бахт.
Тириклик эрмакка айланди нафсиз,
Хотира лавҳини қоплади ғубор.
Исминг нима эди – унутдим, афсус,
Исмим нима – билсанг, эслатиб юбор…
© Нодир Жонузоқ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев