Асли гул сен учун яралган,
Кимлардир пойинга сочсин деб.
Мажнунтол сочлари таралган,
Висолда бағрини очсин деб.
Неча мард, неча алп қоматлар,
Тиз чўккан бир гўзал қошида.
Мен деган неча дев келбатлар,
Гиргиттон ҳур - пари бошида!
Сенмасми нотавон масканни,
Истаса бир зумда боғ этган.
Истаса йигитни чил-парчин,
Истаса кўксини тоғ этган.
Сенмасми сочлари мушк-анбар,
Тил билан лабида боли бор.
Кўргандан жон сўрар муқаррар,
Юзида бир дона ҳоли бор!
Сенмасми фаросат, онг билан,
Неча қалб риштасин боғлаган.
Сенмасми кафтдайин кўксига,
Оллоҳим икки жон жойлаган.
Пурвиқор тоғлар ҳам тиз чўкар,
Забт этса йигитнинг мардига.
Лек ўша марди ҳам дош бермас,
Тўлғоқнинг онийлик дардига.
Ўша сен ҳофизни сайратиб,
Шоирнинг сўзини шеър қилган.
Чин севса бағрингда яйратиб,
Алдаса қадрини ер қилган!
Ибосан, вафосан, ҳаёсан,
Сеҳрнинг қудрати сендан кам.
Не ажаб бир бўлак суякдан,
Оллоҳим мўжиза яратган!
Сен билан бу олам мунаввар,
Навосан, сабосан, ҳаёлсан.
Ҳамиша мукаррам, мўтабар,
АЁЛСАН азизам, АЁЛСАН!
Малика Тавфиқ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев