Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Гулнора Каримовага нисбатан очилган жиноят ишлари юзасидан очиқлаган хабари юртимизда жуда катта шов-шув келтириб чиқарди.
Бу ҳолатда Г.Каримованинг бевосита раҳбарлигида юритилган «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ, «Gamma Promotion» МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши 2013 йил 24 октябрда — деярли 4 йил муқаддам қўзғатилганига алоҳида эътибор бериш лозим.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги (!) ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятлар — жумладан, 2 трлн. 91,4 млрд. сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлашни содир этишда айбдор, деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга яна айрим жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Яъни, бу ҳали ушбу жиноят иши учун алоҳида суд бўлиши ва яна жазо қўлланилиши мумкинлигини англатади.
Бош прокуратура хабарига кўра, ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллари, 26,1 млн. евро — миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўмни ташкил этади.
Гулнора Каримовага тегишли компанияларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилгани ва суд ўтказилгани ҳақидаги илк хабарлар 2014 йилда пайдо бўлган эди. 2014 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси «Terra Group» МЧЖ, «Prime Media» МЧЖ ва «Gamma Promotion» МЧЖнинг 10 дан зиёд мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очгани маълум қилинган эди. 2014 йилнинг 17 февралида ушбу жиноят иши доирасида Гулнора Каримованинг яқин сафдошлари — Рустам Мадумаров, Гаянэ Авякян ва Екатерина Клюева ҳибсга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2014 йил 18 июль куни ўша йили май ойи охирларида 13 нафар шахсга нисбатан эълон қилинган ҳукм ҳақида хабар берган эди.
«2014 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан Рустам Мадумаров, Гаянэ Авакьян ва бошқалар (жами 13 шахс) га нисбатан улар содир этган деб қаралаётган жиноий ишлар бўйича айбдор деб топилган ва уларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган», — дейилган Бош прокуратура хабарида.
Г.Каримованинг қамоққа олиниши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин мунозарани келтириб чиқарди.
«Ким нима дейишидан қатъи назар, бу ҳолат И.Каримовнинг шахсига заррача соя сололмайди. Умуман 3 минг йиллик давлатчилигимиз тарихида И.Каримовдек аскет раҳбар бўлмаган ва бундан кейин ҳам энди бўлмаса керак. Ҳеч ким унутмасинки, Г.Каримовага жиноий иш очиш масаласи шахсан И.Каримовнинг топшириғи билан амалга оширилган. Тарихни титкиланг: ким қайси давлат раҳбари бундай қилган, журъат этган? Шу маънода И.Каримовнинг уни сайлаган халқдан ҳам, атрофидагилардан ҳам, тарихдан ҳам тили қисиқ жойи йўқ ва бўлмайди», деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
«Энди унинг чет элларда музлатилган маблағларини ўзимизга қайтариш учун расмий асос бўлди. Марказий банк бекорга «ХВЖдан қарз олмасдан конвертацияни очамиз», демаган экан», дейди Кун.узнинг Фейсбукдаги саҳифасидаги хабар остида шарҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири.
«Мана, сизга очкўзлик! Ўзи тўйса ҳам кўзи тўймаган-да. Бу ерда инсонлар ўртача 100$ атрофидаги маош-нафақаларини бир-бирига зўрға улаб, кун кечириб юришибди. Қанчадан қанча забардаст ака-укаларимиз иш йўқлигидан чет элларда сарсон-саргардон юришибди. Қанча касалхоналар, мактаблар ҳали ҳам абгор ҳолатда ишламоқда. Шуларнинг уволи тутмайдими ахир?! Э, хуллас, гапирсангиз гап жуда кўп. Буларнинг ўмарган суммасини эшитиб, тилинг лол қолар экан», деган бошқаси.
Ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик Бош прокуратура маълумотида тилга олиб ўтилган давлатга ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарар миқдори — 3 трлн. 746,8 млн. сўмни нималарга ишлатиш мумкинлиги ҳақида фикр юритишган.
Рақамдаги кўриниши 3.746.800.000.000 бўлган 3 триллион 746 миллиард 800 миллион сўм жами зарар — уни қай тартибда шакллантирилгани ва таркибидаги валюта бойликлари қайси кунги, расмий ё бозор курсида ҳисоблангани аниқ кўрсатилмаган эса-да — унга бугунги расмий курс ва нархлар билан нималар қуриш ёки сотиб олиш мумкинлиги ҳақида қисқача тадқиқот ўтказдик.
Демак, бу пулларга қуйидаги ишларни амалга ошириш ёки қуйидаги мол-мулкларни харид қилиш мумкин:
- 34 минг кам таъминланган оилага 2 сотихли намунали уй-жой харид қилиш;
- 20 минг 200 оилага 4 сотихли 4 хонали намунали уй-жой харид қилиш;
- Тошкент пропискасини қўлга киритиш имконини берувчи янги уйлардан – 10.008 та харид қилиш;
- 12,5 минг км қишлоқ йўлларини асфальт қилиш;
- 1 миллиард сўмлик замонавий қишлоқ мактаблардан 3746 та барпо этиш;
- 1441 та Миробод туманидаги Ш.Рашидов номидаги замонавий маҳалла маркази сингари янги маҳалла гузарлари бунёд этиш;
- Умумий қиймати 254,5 млн. АҚШ доллари бўлган «Саломатлик-3» лойиҳасини тўлиқ 3,5 марта амалга ошириш мумкин: бунда республикамиздаги 172 та туман ва шаҳарлардаги тиббиёт бирлашмаларига ўртача қиймати 700-750 минг АҚШ долларни ташкил этадиган жиҳозлар 3,5 мартадан етказиб берилади.
- «Машъал» ёки «Бухоро» каби бюджетга эга 178 та футбол клубларини бир йилга молиялаштириш ёки Олий лиганинг 14 клубини тўхтовсиз 25 йил молиялаштириш;
- Маргарин, қуюлтирилган сут ва майонез ишлаб чиқарувчи заводдан 918 та қуриш;
- Туркиянинг DAL Teknik Makina компанияси томонидан «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида қуриладиган саноат аҳамиятига эга металл конструкциялар заводига ўхшаш заводдан 91 тасини барпо этиш;
- 4 та Boeing-787-800 Dreamliner самолётини харид қилиш;
- 17 мингта сўнгги авлоддаги Chevrolet Malibu автомобили сотиб олиш;
- 551.000 та iPhone 7 харид қилиш мумкин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4